Карвонсарой
Сайловлар

Сайлов «Янги Ўзбекистон» ислоҳотларининг давом этишини таъминлайди

Рустам Темиров

9 июл куни пойтахт Тошкентда овоз бераётган ўзбекистонликлар. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

9 июл куни пойтахт Тошкентда овоз бераётган ўзбекистонликлар. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Ўзбекистоннинг қайта сайланган президенти Шавкат Мирзиёев 14 июл куни ўз ваколатларининг учинчи муддатини «Янги Ўзбекистон» ислоҳотлар сиёсатини давом эттиришга ваъда бериш билан бошлади.

9 июл куни 13,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик Мирзиёевнинг қайта сайланиши учун овоз берди, бу эса сайловчиларнинг 87 фоиздан кўпроғи Ўзбекистон ҳукумати 2016 йилдан буён амалга ошираётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётганидан дарак беради. Сайловда 15 миллиондан ортиқ одам овоз берган.

Ўзбекистон Мирзиёев раҳбарлигида хорижий инвестицияларни жалб қилиш, яшил энергияга ўтиш ва туризм соҳасини ривожлантиришга интилмоқда.

Мирзиёев уч миллионга яқин ёшларни қашшоқликдан олиб чиқиш, 2030 йилга бориб мамлакат ялпи ички маҳсулотини (ЯИМ) 160 миллиард долларга етказиш ва барча шаҳарларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш каби муҳим ислоҳотларни амалга оширишга ваъда берган.

Ўзбекистонликлар 9 июл куни бўлиб ўтган президент сайловида овоз беришди. 13,5 миллиондан ортиқ одам амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг қайта сайланиши учун овоз берди. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

Ўзбекистонликлар 9 июл куни бўлиб ўтган президент сайловида овоз беришди. 13,5 миллиондан ортиқ одам амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг қайта сайланиши учун овоз берди. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2022 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 80,4 миллиард долларни ташкил этган.

«Ушбу сайловда халқимиз ўз хоҳиш-иродасини намоён этиб, Янги Ўзбекистон учун овоз берди, деб айтишга барча асослар бор», — деди Мирзиёев ўзининг инаугурация маросимида сўзлаган нутқида.

«Мамлакатимиз ҳаётидаги ушбу ўта муҳим ва масъулиятли сиёсий жараён биз танлаган ва ҳаётга татбиқ этган миллий тараққиёт йўлининг тўғрилигини яна бир бор тасдиқлади», деди у.

Ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш

Ўзбекистонда конституцияни янгилаш бўйича ўтказилган умумхалқ референдумидан сўнг бўлиб ўтган сўнгги сайловлар Ўзбекистон президенти ва унинг ислоҳот сиёсати қўллаб-қувватланаётганини кўрсатди, дейилади Европа Иттифоқи (ЕИ) баёнотида.

«Европа Иттифоқи Ўзбекистонни демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга, хусусан, ушбу ва олдинги ЕХҲТ/ДИИҲБ [Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик Ташкилоти/Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг] сайловларни кузатишга оид тавсияларини тўлиқ амалга оширишга содиқ қолади», дейилади хабарда.

«Ўзбекистон Европа Иттифоқининг муҳим ва қадрли ҳамкоридир», дейилади баёнотда.

«2024 йилда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўрар эканмиз, ҳамкорлигимизнинг мустаҳкамланишига умид қиламиз».

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам ўзбекистонлик сайловчиларни қўллаб-қувватлашини ва янги муддатга сайланган Мирзиёевга унинг режаларини амалга оширишда ёрдам беришга тайёр эканини айтди.

Қўшма Штатлар [Мирзиёевнинг] ислоҳотлар ва бошқарув тизимини такомиллаштириш, жумладан, қонун устуворлиги, ҳокимият тармоқлари ўртасидаги ўзаро назорат ва мувозанатни таъминлаш, шахсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш каби кун тартибида турган масалаларни илгари суришда ёрдам беришга тайёр», дейилади баёнотда.

«Бу тамойилларга риоя қилиш вакиллик бошқарувининг асоси ҳисобланади.»

Қўшма Штатлар «АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий, таълим, гуманитар ва хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги алоқаларни янада чуқурлаштиришни режалаштирмоқда», дейилади хабарда.

Ғарб Ўзбекистоннинг янги сиёсатини қўллаб-қувватлаётгани «кўриниб турибди», дейди тошкентлик иқтисодчи Ойбек Кимсанбоев Карвонсарой билан суҳбатда.

«Европа Иттифоқи ва АҚШ томонининг қўллаб-қувватлови тушунарли, чунки ҳеч ким Марказий Осиёда беқарор бўлишини истамайди», деди у. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барқарорликнинг асосий кўрсаткичидир».

«Бу шунингдек, Россия ва Хитойнинг минтақадаги мавқеини заифлаштириш учун ажойиб имконият», деди Кимсанбаев.

Ўзбекистоннинг трансформацияси

Мирзиёев президентликка келганидан бери Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотлар амалга оширилмоқда, дейди ўзбекистонлик тарихчи Равшан Назаров Карвонсарой нашрига.

Улар иқтисодиёт, сиёсат, қонун устуворлиги ва ижтимоий, маданий ва гуманитар соҳаларни қамраб олган, деди у.

Унинг қайд этишича, ҳукумат COVID-19 пандемиясининг оқибатлари ва чекловларига қарамай, 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини тўлиқ амалга оширган.

У «Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик камарини яратишга» қаратилган, дейилади Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг 2017 йилги хабарида.

«Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026-йиллардаги тараққиёт стратегияси» 2022 йилдан бери амалга оширилмоқда, деб қўшимча қилди Назаров. Бу ижобий ўзгаришлар даврини янада мустаҳкамлайди.

Хорижий валютани эркин конвертация қилиш йўлга қўйилди, бутун молия тизими тубдан қайта кўриб чиқилди, хорижий инвестициялар ҳажми ошди ва холисроқ статистика юритила бошланди, деди Назаров.

Шунингдек, фаол маъмурий ислоҳотлар амалга оширилди, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кенгайтирилди, деб қўшимча қилди у.

«Қишлоқ хўжалигида катта ўзгаришларни кўряпмиз», дейди тошкентлик иқтисодчи Азиз Мелибоев. «Масалан, қишлоқ аҳолиси ижарага ер олиб, фермерлик билан шуғулланиши мумкин. Бу борадаги ўйин қоидалари ошкора бўлиб бормоқда, аҳоли эса молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда».

«Ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда», деб қўшимча қилди у. «Фермер ва деҳқонлар ерга ишлов бериши ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириши учун бир қатор имтиёзлар ва субсидиялар мавжуд».

Яна очиқроқ жамият

Сўз эркинлиги ҳақида гап кетар экан, Қарши шаҳридан журналист Шоира Нусратова Мирзиёевдан олдинги президент (2016 йилда вафот этган) Ислом Каримов томонидан қабул қилинган ОАВ сиёсатидан фарқли ўлароқ олға силжиш борлигини юқори баҳолади.

Журналистлар энди танқид қилиши ва суриштирув олиб бориши мумкин, дейди Нусратова.

Умумтаълим мактаблари ва олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг маошлари оширилди, ўнлаб хорижий университетлар очилиб, ёш талабаларга Ўзбекистондан чиқмасдан таълим олиш имконияти яратилди.

«Мамлакатда ҳали коррупция ва ишсизлик каби муаммолар кўплигини ҳаммамиз тушунамиз», дейди Нусратова.

«Аммо асосийси, расмийларнинг ўзи бу ҳақда очиқ гапирмоқда ва фуқаролардан коррупцияга қарши курашда ёрдам сўраяпти».

Бошланган ислоҳотларни давом эттириш учун инвестициялар ва сиёсий дастак зарур, деб қўшимча қилди Нусратова. Бу борада АҚШ, Европа Иттифоқи аъзолари ва бошқа ривожланган давлатлар муҳим рол ўйнайди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500