Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Ўзбекистонда вояга етмаганларга нисбатан жиноятларнинг кўпайиши ортидан жинсий зўравонларга қарши чоралар кучайтирилмоқда

Рустам Темиров

Ўзбекистонда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар учун судланганлар сони сўнгги тўрт йилда икки баробарга ошган. Жадвалдан кўринадики, 2019 йилда жами 151 та шундай ҳолат қайд этилган. 2022 йилда уларнинг сони 311 тага етган. Ёрқин яшил рангдаги устунлар 16 ва ундан кичик ёшдаги барча болаларга нисбатан, тўқ яшил рангдаги устунлар эса 14 ва ундан кичик ёшдаги болаларга қарши жиноятлар учун чиқарилган ҳукмларни билдиради. Бундай очиқ ҳисоботлар ва суд таъқиблари Совет давридаги ўтмишдан кескин фарқланади. [Карвонсарой]

Ўзбекистонда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар учун судланганлар сони сўнгги тўрт йилда икки баробарга ошган. Жадвалдан кўринадики, 2019 йилда жами 151 та шундай ҳолат қайд этилган. 2022 йилда уларнинг сони 311 тага етган. Ёрқин яшил рангдаги устунлар 16 ва ундан кичик ёшдаги барча болаларга нисбатан, тўқ яшил рангдаги устунлар эса 14 ва ундан кичик ёшдаги болаларга қарши жиноятлар учун чиқарилган ҳукмларни билдиради. Бундай очиқ ҳисоботлар ва суд таъқиблари Совет давридаги ўтмишдан кескин фарқланади. [Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қатъий позицияни эгаллаган ҳолда ўзининг совет ўтмишидан билвосита воз кечмоқда.

2023 йилнинг биринчи ярмида мамлакатда вояга етмаганларга нисбатан жинсий характердаги жиноятларни содир этганликда айбланган 257 нафар гумонланувчи жиноий жавобгарликка тортилган.

Статистик маълумотларга кўра, сўнгги тўрт йил ичида жинсий характердаги жиноятлар сони икки баравар ошган. Бу рақамлар ҳукуматнинг бундай жиноятлар қурбонларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенгайтирилган чора-тадбирлари ва яқинда оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликка тортиш қарори фонида кузатилмоқда.

Бундай юқори кўрсаткичлар жинсий характердаги жиноятлар ҳақида тегишли органларга кўпроқ мурожаат қилинаётганидан дарак беради, дейди NeMolchi.uz сайти асосчиси Ирина Матвиенко.

11 ёшли қиз зўрлаб ўлдирилган Фарғона шаҳридаги Янги аср кўчаси, 5 август куни олинган сурат. [Тимур Йўлдошев/Карвонсарой]

11 ёшли қиз зўрлаб ўлдирилган Фарғона шаҳридаги Янги аср кўчаси, 5 август куни олинган сурат. [Тимур Йўлдошев/Карвонсарой]

Совет даврига хос яширинлик сиёсатидан воз кечиш

Бундай ошкоралик «тизимга салбий таъсир қилади» деган фикр билан жиноятлар, офатлар ва бошқа негатив ҳодисаларни яширган Совет тузумидан қолган сиёсатдан фарқ қилади.

Бундай зеҳният 1986 йилда, Кремл икки кун давомида Чернобил АЭСдаги ҳалокат ҳақида сукут сақлаганида яққол намоён бўлган эди.

Ҳозирда Россиянинг Украинага босқини вақтида ҳам бу яққол сезилмоқда. Москванинг урушга оид негатив хабарларни яшириши билан боғлиқ бошқа кўплаб мисоллар қатори, у 2022 йил апрел ойида Қора денгиз флотига қарашли «Москва» байроқдор кемаси Украина тарафидан чўктириб юборилганини тан олишдан бош тортган эди.

«Агар ўтмишда, дейлик, мамлакатда болаларга нисбатан 10000 та жинсий зўравонлик 10 ҳодисаси юз берган бўлса, статистик маълумотлар ортидан уларнинг атиги 100 таси ошкор бўлган, чунки фақат 100 киши тегишли органларга хабар берган», деди Матвиенко.

«Эндиликда статистик маълумотлардан 200 та ҳолат юз бергани ойдинлашмоқда, аммо бу ўша 10000 тадан 200 таси», деди у. «Рақамларнинг ошиб бораётгани одамлар тез-тез ёрдам сўраб мурожаат қила бошлаганини англатади.»

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев апрел ойида аёллар ва вояга етмаганларни оилавий зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонунни имзолаган эди. Бунгача оиладаги зўравонлик жиноят эмас, балки маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланган.

2023 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда аёллар ва қизларга нисбатан 20 мингга яқин оилавий зўравонлик ҳолатлари қайд этилган, яна 2,7 минг нафар аёл турли жиноятлар қурбонига айланган.

Мирзиёев оғир вазиятда қолган хотин-қизларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатишни кенгайтириш, ҳар бир туманда «ягона дарча» тамойили асосида фаолият юритувчи ижтимоий хизмат марказларини ташкил этиш бўйича топшириқ берган.

Шунингдек, у зўравонлик қурбони бўлган аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида психологлар, ҳуқуқшунослар ва ижтимоий соҳа ходимларидан иборат сайёр гуруҳлар, колл-марказлар ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

28 июл куни Фарғонада ИИВ мутасаддилари билан учрашган Мирзиёев яқинда содир бўлган 11 ёшли қизнинг зўрланиши ва ўлдирилиши билан боғлиқ ҳодисани «вазиятнинг нақадар оғирлашганига» мисол қилиб кўрсатди.

22 июл куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Фарғонада бир неча кун аввал жасади топилган қизни зўрлаб ўлдиришда айбланаётган 17 ёшли фуқаро ҳибсга олинганини маълум қилди.

Аввалроқ, 26 май куни Тошкент суди 12 ёшли қизни зўрлаган ва ўлдирган қотилни бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Қиз 31 январ куни ғойиб бўлган, бир кундан кейин унинг жасади топилган эди.

Жинсий характердаги жиноятларнинг олдини олиш

Ўзбекистонликлар бу каби жиноятчиларни қандай қилиб тўхтатиш ва жазолаш мумкинлигини муҳокама қилмоқдалар.

Болаларга нисбатан жинсий характердаги жиноят содир этганларнинг рўйхати, уларнинг суратлари ҳам оммага ошкор қилиниши керак, дейди Фарғонада кўп йиллардан бери ўқитувчилик қиладиган Индира Худойшукурова.

Вояга этмаганларга нисбатан зўравонлик қилувчиларга қаттиқроқ жазо қўллаш зарур, дейди у.

Бундан ташқари, унинг айтишича, мактаб ўқувчиларига жинсий тарбия, гигиена ва шахсий хавфсизликни мактабгача бўлган ёшидан бошлаб ўргатиш керак.

«Бу дарсларнинг методикасини ишлаб чиқишда психологлар, педагоглар ва шифокорлар ҳамкорликда иш олиб боришлари лозим», деди Худойшукурова.

«Бошқа нарсалар қатори, биз болаларга нотаниш одамларнинг уларга тегинишига ёки конфет олиб бериш учун олиб кетишига йўл қўймаслик кераклигини тушунтиришимиз керак.»

Фарғоналик журналист Тимур Йўлдошев ҳам бундай жиноятчилар рўйхатини эълон қилиш тарафдори эканини айтди.

«Ушбу жиноятчиларнинг исм-шарифлари, фотосуратлари ва қонунга хилоф қилмишлари ҳақида ҳикоя қилувчи реестр яратилиши керак. Уларни ҳамма кўрсин ва таниб олсин.»

Бу жинсий характердаги жиноятлар сонини камайтиришга ёрдам бериши, уларнинг олдини олиши мумкин, деди у.

11 июлдан бошлаб Ўзбекистонда қатор жиноятлари учун судланган шахсларнинг Вазирлар Маҳкамаси томонидан юритиладиган реестри жорий қилинди.

Ушбу рўйхатга киритилган жинсий характердаги жиноятчилар болаларга мўлжалланган таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа турдаги муассасаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Ўзбекистон қонунлари тўғри йўналишда, лекин болаларни жинсий эксплуатация қилиш билан боғлиқ кибержиноятлар масаласида ҳали кўп ишлар қилиниши керак, дейди NeMolchi.uz асосчиси Матвиенко.

«Масалан, Ўзбекистонда болалар порнографиясига оид алоҳида модда йўқ», деди у мамлакат Жиноят кодексини назарда тутиб.

«Бу порнографик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва тарқатиш ҳақидаги умумий модданинг 3-банди, холос», деди у. «Турли оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳам баён қилинган болалар порнографияси ҳақида алоҳида, тўлақонли модда бўлиши керак. Бу – алоҳида жиноят тури».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500