https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/08/13/feature-02
Тўлиб-тошган камералар: Суриядаги «Ислом давлати» қамоқхонасига назар
| Жамият

Қирғизистон Жаҳон кўчманчилар ўйинларини ўтказишга тайёрланмоқда

Канат Алтйнбаев

image

Иккинчи Жаҳон кўчманчилар ўйинлари давомида кўпкари беллашувига чиққан Қозоғистон (кўк) ва АҚШ (қизил) жамоалари, Иссиқкўл, Қирғизистон, 2016 йил, сентябрь. (Жаҳон кўчманчилар ўйинларининг расмий сайти)

БИШКЕК – Қирғизистон ҳукумати 2-8 сентябрь кунлари Иссиқкўл бўйидаги Кирчин дарасида бўлиб ўтиши режалаштирилган учинчи Жаҳон кўчманчилар ўйинларига жиддий ҳозирлик кўрмоқда.

Қирғизистон ҳукумати ташаббуси билан ташкил этилаётган мазкур тадбирда Марказий Осиё кўчманчиларининг ўйинлари ўтказилиши кўзда тутилган. Уларда истаган мамлакат иштирок этиши мумкин.

Бундан аввалги ўйинлар 2016 йил сентябрь ойида худди шу ерда ўтган, унда дунёнинг 62 мамлакатидан вакиллар иштирок этган.

Масалан, 2016 йилдаги ўйинларда Қозоғистон ва Қўшма Штатлар жамоалари чавандозлик спорти бўлган кўпкарида ўзаро рақобатлашган эдилар. Бу ўйинда икки жамоа очко йиғиш учун тўп ўрнида эчки танасидан фойдаланадилар. Сўнгги йилларда баъзи жамоалар ҳайвон жасади ўрнига ҳайкал ёки қолипдан фойдаланганлар.

image

Иккинчи кўчманчилар ўйинлари давомида барпо этилган этник шаҳарча, Иссиқкўл, Қирғизистон, 2016 йил, сентябрь. (Жаҳон кўчманчилар ўйинларининг расмий веб-саҳифаси)

Бу йилги ўйинларда 80 давлатдан спортчилар ва 15 мамлакатдан келган кўнгиллилар иштирок этиши кутилмоқда, деди Жаҳон кўчманчилар ўйинларининг координаторларидан бири Союзбек Надирбеков Карвонсарой нашрига.

Илк ўйинлар 2014 йилда бўлиб ўтган эди.

Кенгайиш

24.kg нашри хабарига кўра, ўйин ташкилотчилари аввалги ўйинларни ўрганиб чиқдилар ва бу сафарги мусобақаларда ҳудуд ва ҳажмни сезиларли даражада оширишга қарор қилдилар деди бишкеклик кинорежиссёр Алтинбек Максутов.

Ўйинлар учун барпо этилган ўтовлар сони режалаштирилганидек 400 та эмас, 1000 та бўлади. Унинг айтишича, ҳар куни 100 га яқин тадбирлар ва мусобақалар бўлиб ўтади.

Чет эллик делегацияларга «этник уй» хизмат кўрсатади, алоҳида бозорда қўл меҳнати билан яратилган маҳаллий маҳсулотлар сотилади. 40 гектар майдонда автомашиналар учун тураржой ташкил этилади, бу ўтган йилги ҳудуддан анча кенг, деди Максутов.

Учинчи Жаҳон кўчманчилар ўйинлари иштирокчиларни 8-9 асрларга, Қирғиз ҳоқонлиги даврига олиб ўтади.

Ташкилотчилар ҳоқонлик давридаги муҳитни аниқ ифодалаб бериш учун иштирокчилар учун кийимларни пухталик билан тайёрладилар.

«9-асрда Қирғиз ҳоқонлиги ўзининг тараққиёт чўққисига эришган эди», деган Максутов 24.kg нашрига кўра. «Бу кўчманчиларнинг олтин даври ҳисобланган. Кирчин этник шаҳрининг очилишида биз Қирғизистон тарихини кўрсатамиз.»

Ўйинларда 1200 та иштирокчи қатнашади, деди у.

Эътиборлиси, нуфузли меҳмонларнинг стенди қурилаётган вақтда археологлар милоддан аввалги 4-5 асрларда яшаган жангчи қолдиқларини топганлар, деб хабар берган 24.kg нашри. Иштирокчи давлатларнинг президентлари ўйинларни айнан шу ердан томоша қилишади.

Меҳмонларни жалб қилиш

Жаҳон кўчманчилар ўйинлари Қирғизистон учун даромадли лойиҳа, деди иқтисодчи ва Бишкекдаги «Global Technology Solutions» корхонаси раҳбари Искендер Шаршеев Карвонсарой нашрига.

«Расмий маълумотларга кўра, 2016 йилда ўтказилган аввалги ўйинлар 45 мингга яқин одамни жалб этиб, мамлакатга билвосита 157 миллион АҚШ долларига (10,8 миллиард қирғиз сўми) тенг фойда келтирган. Бу йил меҳмонлар сони 60 минг киши ва билвосита фойда миқдори 200 миллион АҚШ доллари (13,8 миллиард қирғиз сўми) бўлиши кутилмоқда», деди Шаршеев.

Тадбир Қирғизистоннинг хориждаги нуфузини мустаҳкамлайди, деди у. 2016 йилда ўтказилган ўйинлардан сўнг Яқин Шарқ мамлакатлари Қирғизистон ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлдилар ва бу ҳудудлардан келадиган сайёҳларнинг сони ортди.

«Араблар лочинлар билан ов қилишни ва от чоптириш мусобақаларини ёқтирадилар», деди у. «Меҳмонларнинг сони ортишидан Кўчманчилар ўйинлари иқтисодимиз ва давлатимизнинг маданий ривожланиши учун муҳим эканлиги англашилади», деди у.

Жаҳон кўчманчилар ўйинлари кўчманчилик маданиятига эга давлатлар учун Олимпияда ўйинларининг муқобилига айланиши ва туркийзабон давлатлар цивилизациясини бирлаштирувчи асос бўлиб хизмат қилиши керак, деб қўшимча қилди у.

«Бу 37 та кўчманчи спорт турлари бўйича ўтказиладиган мусобақаларни кўриш учун жуда яхши имкониятдир», деди қозоғистонлик кўнгилли Русан Акматов Карвонсарой нашрига. «Бу йилги ўйинлар кўлами аввалгиларидан каттароқ бўлишига ишонаман, рақамлар буни тасдиқлаб турибди. Тадбир ҳиссиётлар ва таассуротларга бой бўлади.»

Сизга мақола ёқдими?
3
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha