КОБУЛ – Москвада афғон муаммосига оид тинчлик анжуманини ўтказиш бўйича Афғонистон ва Россия ўртасида олиб борилган сўнгги музокаралар муваффақиятсиз якунланди, сабаби Россия ҳукумати Афғонистоннинг тинчлик жараёнидаги раҳбарлигини тан олишдан бош тортмоқда.
Москва раҳбарлиги остида ўтиши кўзда тутилган анжуман 4 сентябрь кунига белгиланган, аммо Афғонистон ва Қўшма Штатлар вакиллари унда иштирок этишдан бош тортгани сабаб, бошқа санага қолдирилганди. Толибон ҳаракати учрашувда қатнашишга розилик билдирган.
Афғон делегацияси бўлажак саммит тафсилотларини муҳокама қилиш учун 19 сентябрь куни Москвага келди.
«Ўтган ҳафта Россияга ташриф буюрган Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги вакиллари Россия расмийлари билан Москва саммитини ўтказиш тафсилотларини муҳокама қилди. Аммо, учрашув муваффақиятсиз якунланди», деди вазирлик матбуот котиби Сибғатуллоҳ Аҳмадий 25 сентябрь куни Салаам Таймс нашрига.
«Афғон делегацияси Россия расмийларига ўз талаблари ва қарашларини баён қилди, ўз навбатида руслар ҳам биз билан ўз фикрларини ўртоқлашдилар. Аммо делегациямиз руслар билан бир тўхтамга келолмади», деди Аҳмадий.
«Москва Афғон ҳукуматининг тинчлик жараёнига эгалик ҳуқуқини ва етакчилигини тан олиши керак эди, бу бизнинг шартларимиздан бири эди», деди у.
Саммит олдидан «руслар билан ўзаро тушунишга эришиш зарур. Ҳали ечимини топмаган муаммолар бор. Москва саммити қачон ва қай тарзда ўтказилиши ҳозирча аниқ эмас», деб қўшимча қилди у.
«Биз Афғонистонда тинчлик ўрнатишга кўмаклашмоқчи бўлган ҳар қандай мамлакатни олқишлаймиз, аммо шартимиз шуки, музокаралар афғон ҳукумати ташаббуси билан ва унинг раҳбарлиги остида ўтиши лозим», деди Аҳмадий. «Тинчлик жараёнида иштирок этишни истаган ҳар қандай мамлакат Афғонистон Ислом республикасининг қонуний ҳукумати орқали ўз ёрдамини тақдим этиши керак.»
Кобул ва Москва ўртасида «анжуманга ким раҳбарлик қилиши, унинг қачон ўтказилиши ва қайси муаммолар муҳокама қилиниши» борасида кўплаб ихтилофлар борлиги сабабли, тадбир ҳанузгача амалга ошмади», деди у.
Ҳал этилмаган зиддиятлар
«Кобул ва Москва ўртасида асосий масалалар борасида зиддиятлар мавжуд», деди кобуллик сиёсий таҳлилчи Туриали Ғиёсий Салаам Таймс нашрига.
«Афғонистон раҳбарлари бошқа давлатлар, шу жумладан, Россиянинг ҳам Толибонларни тўғридан-тўғри музокараларда қатнашишга кўндиришини истайди, аммо бу давлатларнинг тинчлик жараёнига раҳбарлик қилишига қарши», деди у. «Шунингдек, Афғонистон ҳукуматининг шартига кўра, Толибонларга халқаро анжуманларда иштирок этиш ҳуқуқи берилмаслиги керак, сабаби бу билан уларнинг легитимлиги тан олинган бўлади.»
«Баҳсли мавзулардан яна бири – Кобул учрашувда тинчликка оид масалаларни муҳокама қилишни истайди», дейди Ғиёсий. «Аммо, шу билан бирга, учрашувга раҳбарлик қилишни, уни бошқаришни ҳам хоҳлайди. Руслар эса бу талабларга рози эмас.»
Афғон сиёсатчилари ва таҳлилчиларининг таъкидлашича, Россиянинг «тинчлик саммитини ўтказишдан мақсади – Афғонистонда тинчлик ўрнатиш эмас, балки ўз манфаатларини илгари суриш .
«Россия саммитга мезбонлик қилиш орқали Афғонистондаги тинчлик жараёнига ёрдам беришни кўзламаган», деди кобуллик сиёсий таҳлилчи Саид Ҳамид Анварий Салаам Таймс нашрига.
«Аксинча, Россия ўз мақсадларини илгари сурмоқчи , улардан бири – Толибонларни қўллаб-қувватлагани сабаб Москвага нисбатан бўлган танқидларни йўқотиш», деди у.
«Руслар Москва анжуманини ўтказиш талабида қатъий турибдилар, боиси улар Афғонистон ҳукумати ва Қўшма Штатларнинг тинчлик йўлидаги саъй-ҳаракатларини шубҳа остида қолдирмоқчи», деди Анварий.
«Тинчлик музокаралари афғонлар учун миллий жараёндир. Россиянинг бу музокараларни ўтказиш ва уларга раҳбарлик қилиш талабида туриши Афғонистоннинг ички ва ташқи сиёсатига зиддир», деб қўшимча қилди у.
Афғонистон манфаатларига зид талаблар
«Руслар асос солган блокда Эрон ва Покистон бор, улар Толибонларнинг қўллаб-қувватлови ва ҳамкорлиги ёрдамида Афғонистон ҳукумати ва АҚШнинг тинчлик йўлидаги саъй-ҳаракатларига путур етказишни кўзлайдилар», дейди бир вақтлар президент Ашраф Ғанининг матбуот котиби муовини бўлиб ишлаган Нажибуллоҳ Озод Салаам Таймс нашри билан суҳбатда.
«Русларнинг Толибонларни қўллаб-қувватлаши кундек равшан бўлди . Саммит ўтказишга уриниш каби сохта ҳаракатлар билан эса улар бутун дунёга «Москва Афғонистонда уруш эмас, тинчлик тарафдори эканлигини» кўрсатишни истайдилар. Айнан шу мақсадда улар Толибонлар билан алоқа ўрнатганлар», деди у.
«Ҳақиқат эса бунинг акси. Москванинг Толибонлар билан алоқалари ҳам, бундай учрашувларни ўтказиши ҳам тинчликка олиб бормайди», деди Озод.
«17 йил давомида террорчиликка қарши курашда афғон ҳукуматини қўллаб-қувватлаб келган халқаро ҳамкорлар тинчлик музокаралари Афғонистонга тегишли бўлиши ва унинг раҳбарлиги остида ўтиши кераклигини доим таъкидлашган», дея ўз сўзида давом этди у.
«Афғонистоннинг террорга қарши курашини қўллаб-қувватлашга ёрдам бермаган руслар энди саммит ўтказишни ва унга етакчилик қилишни истамоқдалар», деди Озод. «Бу Афғонистон халқига ҳам, ҳукуматига ҳам маъқул келмайди.»
«Афғонистон тинчлик анжуманини ўтказишга ва унга етакчилик қилишга русларнинг ҳаққи йўқ. Бундай саммит ўтказилса ва Афғонистон ҳукумати унда иштирок этса ҳам, у фойдасиз бўлади», деб таъкидлади Озод.
«Афғон ҳукумати ва халқаро ҳамкорлар талабларини инобатга олмайдиган ҳар қандай саммит ёки анжуман тинчлик жараёнига ёрдам бермайди», деди у. «Аскинча, афғон урушига янги иштирокчилар ва фронтларни олиб кириб, жараённи янада мураккаблаштиради.»