Карвонсарой
Хавфсизлик

Теҳрон Украина самолётини уриб туширганига оид далиллар ортаётган бир вақтда терговга тўсқинлик қилмоқда

Карвонсарой ва AFP

Теҳрон яқинида ерга қулаган Украина самолёти қурбонларининг жасадлари, 8 январь. (ISNA)

Теҳрон яқинида ерга қулаган Украина самолёти қурбонларининг жасадлари, 8 январь. (ISNA)

ТЕҲРОН – Эрон ҳукумати шу ҳафта Украина самолётининг Теҳрондаги ҳалокатига алоқадорлигини рад этишда давом этаётган бўлса-да, видеолавҳалар, фотосуратлар ва ишончли далиллар самолёт «ер-ҳаво» туридаги ракета билан уриб туширилганини тасдиқламоқда.

Самолёт чоршанба (8 январь) куни ҳавога кўтарилганидан бир неча дақиқа ўтиб ҳалокатга учраган, учувчи ҳеч қандай носозликлар ҳақида хабар бермаган, дейилади Эрон фуқаролик авиацияси ташкилоти хабарида.

176 йўловчи ва экипаж аъзолари, жумладан 82 та Эрон, 63 та Канада, 11 та Украина, 10 Швеция фуқароси ҳамда тўрт нафар афғонистонлик, учта немис ва уч британиялик ҳалок бўлган.

Пайшанба (9 январь) куни самолётга зарба берилган лаҳзалар акс этган видео пайдо бўлди.

Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманаий 9 январь куни Теҳронда Ислом инқилоби посбонлари корпуси раҳбарларини қарши олмоқда. (Эрон мудофаа вазирлиги)

Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманаий 9 январь куни Теҳронда Ислом инқилоби посбонлари корпуси раҳбарларини қарши олмоқда. (Эрон мудофаа вазирлиги)

«The New York Times» томонидан тасдиқланган видеолавҳада бурчак остида шиддат билан ҳавога кўтарилаётган жисм, сўнгра ёруғ чақнаш кўринган, сўнг ёруғлик сўниб, жисм учишда давом этган. Бир неча сониядан кейин портлаш овози янграган.

Ижтимоий тармоқларда чоп этилган шу ва бошқа лавҳалар Теҳроннинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими мудҳиш хато туфайли Украина халқаро авиалиниясига қарашли PS752 самолётини уриб туширганига ишора қилмоқда.

Эроннинг ҳодисани яширишга уриниш билан боғлиқ шубҳали хатти-ҳаракатлари, жумладан, самолётнинг қора қутисини кўришга муайян шахсларгагина рухсат берилишини айтаётган ва тўлиқ терговга тўсқинлик қилаётган бир вақтда, далиллар сони ҳам ортиб бормоқда.

Ҳодиса Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) «Ал-Қудс» бўлинмаси қўмондони, генерал-майор Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилганига жавобан Теҳрон Ироқдаги АҚШ ҳарбий объектларига қарата ракета учирганидан бир неча соат ўтиб юз берган. Сулаймоний 3 январь куни Бағдодда АҚШ дрони ҳужуми билан ўлдирилган эди.

Ҳарбий танглик кучайиб бораётгани кўпчилик расмийлар ва таҳлилчиларни Эрон ҳаво мудофааси фожиали хатога йўл қўйган, деган шубҳа томон етаклади.

Ҳалокатли хато

Эрон Россияда ишлаб чиқарилган ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимига эга, бу тизимнинг эскирган дастури ҳарбий ва йўловчи самолётларни фарқлай олмайди.

2019 йилда Россиянинг эскирган ҳарбий техникаси билан боғлиқ бошқа ҳалокатли воқеалар ҳам юз берганди. Масалан, март ойида Россияда ишлаб чиқарилган Mi-8 вертолётининг Қозоғистонда ҳалокатга учраши, июль ойида чуқур сув тубида сузувчи Россия кемасида юз берган ёнғин ва декабрь ойида Россиянинг ягона авиаташувчисига ўт кетиши шулар жумласидандир.

9 январь куни Канада бош вазири Джастин Трюдонинг бир нечта разведка манбаларга таяниб айтишича, Теҳрондан ҳавога кўтарилган самолётни Эроннинг «ер-ҳаво» ракетаси уриб туширган.

«Бу иш қасддан қилинмаган бўлиши мумкинлиги тушунамиз», деди у мухбирларга. «Канадаликларнинг саволларига жавоб берилиши керак.»

Уни бошқа Ғарб етакчилар қўллаб-қувватладилар, жумладан Британия бош вазири Борис Джонсонга кўра, тобора кўпайиб бораётган далиллар ракета зарбаси эҳтимолини тасдиқлайди, аммо бу «тасодифан юз берган» бўлиши мумкин.

АҚШ президенти Дональд Трампга кўра, Вашингтон расмийлари Теҳрон яқинида портлашидан аввал Киевга йўл олган Боинг-737 самолётига бир ёки бир нечта ракета келиб урилган деб ҳисобламоқда.

Эрон далилларни рад этмоқда

Эрон далиллар борлигига қарамай, самолёт қулашига ракета зарбаси сабаб бўлганини рад этмоқда.

«Бир нарса аниқ, бу самолётга ракета урилмаган», деди Эрон фуқаролик авиацияси раҳбари ва транспорт вазири ўринбосари Али Обидзода жума (10 январь) куни Теҳронда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

«Биз айрим видеоларни кўрдик. Самолёт 60-70 сония давомида ёнганини тасдиқлаймиз», деди Обидзода. «Унга нимадир келиб урилгани илмий жиҳатдан тўғри бўла олмайди.»

«Бундай миш-мишлар асоссиз», деди у.

«Самолётга ракета келиб урилгани ҳақидаги воқеа мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди», дейилади транспорт вазирлиги баёнотида.

Эроннинг расмий манбалари кўп вақтдан бери ишончсизлиги билан ажралиб турган.

Жумладан, Эрон давлат оммавий ахборот воситаси 8 январь куни Ироқдаги АҚШ ҳарбий базаларига уюштирилган ракета зарбаларида камида 80 та америкалик аскар ҳалок бўлганини хабар берган. Аммо, АҚШ ва Ироқ расмийлари ҳужумда ҳеч қандай қурбонлар бўлмаганини билдирганлар.

Украина ва иттифоқчилар ҳақиқатни изламоқда

10 январь куни Украина хорижлик ҳамкорларидан воқеани ўрганаётган терговчиларга ёрдам бериши мумкин бўлган ҳар қандай далилни тақдим этишни сўраган.

«Ҳалокатни шаффоф ва объектив тергов қилишга ёрдам берадиган маълумотга эга ҳар қандай давлатдан уларни қабул қилишга, улар билан ҳамкорлик қилишга ва далилларни тасдиқлашга тайёрмиз», дейилади Украина президентининг инглиз тилида чиқарилган баёнотида.

«Украина ҳақиқатнинг юзага чиқишидан манфаатдор», дейилади баёнотда.

Қисқа фурсатдан сўнг, АҚШ расмийлари Киевга ҳалокатга оид «муҳим маълумотни» топширди, деди жума куни Украина ташқи ишлар вазири Вадим Пристайко.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео «ҳалокат сабабларини ўрганувчи ҳар қандай тергов билан тўлиқ ҳамкорлик» қилишга чақирувчи баёнот билан чиққан.

10 январь куни Европа Иттифоқи «мустақил ва ишончли» текширув олиб борилишини талаб қилган.

Канада ҳукумати «канадаликлар саволларига жавоб олмагунларига» қадар «пухта тергов» олиб борилишини таъминлайди, деди Трюдо.

Борис Джонсон Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон орқали суҳбатлашди, Украинанинг фактларни аниқлашдаги саъй-ҳаракатлари борасида маълумот олди ва ҳалокатни «тўлиқ, ишончли, шаффоф» тарзда тергов қилишга чақирди.

«Биз олган хабарлар жуда ташвишли, уларни зудлик билан кўриб чиқмоқдамиз», деди Британия бош вазирининг вакили.

9 январь куни кечқурун АҚШ Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши Эрондан ҳалокат ҳақида расмий хабар олганини ва уни текшириш учун ўз вакилини юборишини айтди.

Авиация мутахассисларининг фикрича, қора қутиларни фақат бир нечта давлат, хусусан Британия, Франция, Германия ва АҚШ таҳлил қила олади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Эрон Боингни уриб туширганини тан олиб бўлди

Жавоб бериш