Инсон ҳуқуқлари

2019 йилда Қозоғистонда аксил-Хитой кайфияти кучайди

Канат Алтинбаев

image

2019 йил 26 октябр куни Олмаотада Қозоғистон полицияси Хитойнинг иқтисодий экспансияга қарши норозилик намойиши иштирокчиларини ҳибсга олди. [Руслан Пряников / AFP]

ОЛМАОТА – Ўтган йили Қозоғистонда Хитойга қарши норозилик кайфияти кучайиб, намойишлар, маҳаллий ва хитойлик ишчилар ўртасидаги тўқнашувлар, шунингдек, ижтимоий тармоқларда Пекиннинг иқтисодий таъсири туфайли хавотир ва эътирозларга сабаб бўлди.

Икки мамлакат қарийб 1800 км узунликдаги умумий чегарага эга, бундай шароитда Қозоғистонни дунёдаги иккинчи энг йирик иқтисодиёт бўлмиш Хитой ва унинг авторитар ҳукумати таъсиридан ҳимоялаш деярли имконсиз.

Сентябрь ойида Жанаўзенда Пекинга қарши митинглар бўлиб ўтди, деб хабар беради Lada.kz. 500 га яқин намойишчилар марказий майдонда тўпланиб, Хитойга қарши шиорларни ҳайқирганлар.

Аксари Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларидан келган намойишчилар Қозоғистонда Хитой заводлари қурилишини қоралаб, иш ўринларининг аксариятини хитойликлар эгаллашидан хавотир билдирганлар.

image

Аксари қозоқлардан иборат мусулмон этник озчилик вакиллари ҳибсда сақланадиган қайта тарбиялаш маскани яқинидаги қўриқхона минораси, 31 май куни Хитойнинг Шинжон вилоятида олинган сурат. [Грег Бейкер / AFP]

image

Суратда: Хитойлик этник қозоқ аёли Сайрагул Сауйтбайнинг суд жараёни, Жаркент, 2018 йил, июл ойи. Хитой ҳукуматининг таъқибидан сўнг, Қозоғистон унга Швецияга қочишга рухсат берган. [Канат Алтинбаев]

«Хитой заводлари барпо этиладиган бўлса, қозоқлар қулга айланадилар – биз энг машаққатли ишни бажариб, ўн баробар кам маош оламиз. Ўзимизникилар учун заводлар қуришимиз керак. Аввал ҳам хитойликларсиз яшаганмиз, бундан кейин ҳам яшай оламиз», дейди Оқтовдан митингга келган Нурияш Абдиреева Lada.kz нашрига.

Ўша ойнинг ўзида жанаўзенликлар Хитой билан яқин иқтисодий ҳамкорликка қарши навбатдаги намойишни ўтказиб, «Хитой экспансияга қаршимиз!» деган шиорларни кўтариб чиқдилар.

Қозоқ жамоатчилиги орасида Хитойга нисбатан ишончсизлик кучаймоқда, дейди коммуникациялар бўйича мутахассис, олмаоталик Николай Грач. Сабаби, кўпчилик қозоқлар бугун катта кредитларни бераётган Пекин эртага қарзни қимматбаҳо ресурслар билан тўлашни талаб қилади, деб ҳисоблайди.

Қозоғистон нефть, олтин, уран ва бошқа хомашёларга бой.

«Бу нафақат углеводородлар ёки фойдали қазилма конлари, балки ер бўлиши ҳам мумкин», деди Грач.

Хитой манфаатлари

Қирғизистоннинг Бишкекдаги иқтисодчиси Искандар Шаршеевнинг айтишича, Хитойнинг қарз сиртмоғи Марказий Осиё мамлакатлари учун реал таҳдиддир.

«Хитой ҳукумати Марказий Осиё давлатларининг қарзни тўлашга қодир эмаслигини билса-да, йирик кредитларни беришга тайёр», деди у.

«Шу билан бирга, у мазкур мамлакатларнинг судда ўзини ҳимоя қилиш ва шартнома бўйича мажбуриятларини бажармаслик каби суверен ҳуқуқини тан олмайди», деди у.

«Агар Марказий Осиё мамлакатлари қарзларни қайтара олмаса, конлар ва ер ҳудудлари Хитойга топширилиши мумкин», деди у. «Минтақадаги айрим мамлакатлар шундай қилиб бўлди.»

Ўз навбатида Қозоғистон ҳам бу таҳдидни яхши англаётган кўринади.

Ўтган йилнинг сентябр ойида Қозоғистон ҳукумати Хитой тараққиёт банкига (ХТБ) 343 миллион АҚШ доллари (133 миллиард тенге) тўлаб, Нур-Султонда енгил рельсли транспорт (LRT) йўлини барпо этиш учун тақдим этилган кредитни ҳисобланган фоизлари билан муддатидан аввал ва тўлиқ ҳажмда қайтарди. Бу ҳақда Inbusiness.kz нашри пойтахт транспорт мутасаддиларига таяниб хабар берган.

Лойиҳа 2019 йилнинг декабрида тугалланиши керак эди, аммо ўтган йилнинг апрель ойида Нур-Султоннинг ўша вақтдаги ҳокими Бахит Султонов Хитой тараққиёт банки ва шаҳар ҳокимияти кейинги кредит траншининг шартлари бўйича келишувга эриша олмаганидан сўнг, қурилиш ишлари тўхтатилганини маълум қилган.

Олмаотада жойлашган Рискларни баҳолаш гуруҳи директори Дўсим Сатпаевнинг таъкидлашича, Хитой инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш масаласида энг аввало ўз манфаатларини кўзлайди ва Қозоғистон манфаатларини инобатга олмайди.

LRT лойиҳаси Қозоғистонда Хитой товарларини экспорт қилиш учун мўлжалланган халқаро йўлаклар яратишни кўзловчи «Бир камар – бир йўл» ташаббуси доирасида Қозоғистонда Хитойнинг молиявий кўмагида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирларнинг бири эди.

Хитой катта фойдаларни ваъда қилиш билан давлатларни «Бир камар – бир йўл» ташаббусига жалб қилмоқда. Аммо, лойиҳага қўшилган Марказий Осиё мамлакатлари олдида кўп миллиард долларлик қарзга ботиб қолиш хавфи бор, деб огоҳлантирмоқда таҳлилчилар.

«Мезбон давлатлар учун харажатларга сабаб бўладиган барча нарсалар – назорат ва шаффофликнинг йўқолиши, қарздорлик ва коррупция кўп ҳолларда Пекин учун стратегик автивларга айланади», дейилади Вашингтонда жойлашган Янги Америка хавфсизлиги марказининг (CNAS) ўтган йил апрель ойидаги ҳисоботида.

Таъқиб

Хитойнинг ижтимоий сиёсати, шу билан бирга этник қозоқларнинг бошпана сўраб қочиш ҳолатлари қозоғистонликларни ғазаблантирмоқда.

Минглаб этник озчиликлар вакиллари, жумладан қозоқлар Хитойдаги сиёсий қайта тарбиялаш масканларида сақланади.

АҚШ давлат департаменти баёнотига кўра, 13 март куни Женевадаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қароргоҳида Қўшма Штатлар «2017 йил апрель ойидан бери бир миллиондан ортиқ уйғурлар, этник қозоқлар, қирғизлар ва бошқа мусулмон озчиликлар вакиллари сақланаётган Шинжонда давомли ва шафқатсиз инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолати бўйича» огоҳликни кучайтириш мақсадида қўшма тадбир уюштирган эди.

Ўтган йил охирларида расмий Остона Пекиннинг Хитойдан Қозоғистонга қочиб ўтган этник қозоқ Каиша Аканни депортация қилиш талабини рад этди.

Бунинг ўрнига, 23 декабрь куни Олмаота вилоятининг Жаркент суди Каиша Аканни «чегарани ноқонуний кесиб ўтишда» айблаб, олти ойлик шартли қамоққа ҳукм қилди. Бу ҳақда Озод Европа/Озодлик радиосининг қозоқ хизмати хабар берган.

Ўтган йил июнда Хитойда туғилган этник қозоқ Сайрагул Саутбай Қозоғистондан Швецияга қочиб ўтган ва у ерда қочқин мақомини олган.

42 яшар Хитой фуқароси Саутбай 2018 йил апрель ойида сохталаштирилган ҳужжатлар билан Қозоғистонга ўтган ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлган олинган эди.

У 2018 йил ёз ойларида Жаркентда бўлиб ўтган суд жараёнида Хитойнинг Шинжон вилоятидаги мусулмон озчиликлар учун мўлжалланган қайта тарбиялаш масканларига оид мудҳиш тафсилотларни очиқлади.

Расман ўқув маркази деб аталадиган лагерда Хитой мафкураси ўргатилади, аслида эса у «ҳақиқий қамоқхона» ва у ерда 2500 дан ортиқ этник қозоқлар сақланади, деб айтган у.

Суд Саутбайга шартли ҳукм чиқариб, уни қамоқдан озод қилди ва Хитойга депортация қилинмаслигини айтди. Охир-оқибат, Саутбай Швецияга кўчиб кетган.

Хитой кузатуви

Бу орада Қозоғистон бўйлаб Хитойда ишлаб чиқарилган кузатув камераларининг ўрнатилиши Хитойнинг бу ерларга кириб келишига оид хавотирларни кучайтирмоқда.

Ўтган бир неча йил давомида Қозоғистон «Ақлли шаҳар» лойиҳасини амалга ошириб келмоқда. Унга кўра, жамоатчилик тартибини сақлаш ва йўл ҳаракати қоидалари риоясини таъминлаш мақсадида кўчаларга кузатув камералари ўрнатилмоқда.

Қозоғистон ҳукумати кўрилаётган чораларга қарамай, ўсиб бораётган жиноятчиликка қарши курашиш ва ЙТҲ қурбонлари сонини камайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Ўтган йил кузда Олмаота шаҳрига Хитойда ишлаб чиқарилган 400 дона видеокузатув камералари ўрнатиб чиқилган.

1 январдан бошлаб улар йўл ҳаракати қоидабузарликларини қайд эта бошлади, деб ёзган Liter.kz нашри шаҳар полиция идорасига асосланиб. Олмаота ҳокимияти жорий йилда яна 307 та «Сергак» камерасини ўрнатишни режалаштирмоқда.

Қозоғистонликлар мамлакатда Dahua ва Hikivision компаниялари кузатув камералари ишлаб чиқараётганидан хавотирда. Бу икки компания Хитойдаги мусулмон озчиликларга нисбатан инсон ҳуқуқларининг бузилишига кўмаклашгани учун АҚШ санкциялари остига тушган.

Ўзининг кучли технологик имкониятлари билан Хитой Қозоғистондаги аҳоли ҳаракатларини кузатиш имконига эга бўлиши мумкин, деб огоҳлантирди Нур-Султонлик ИТ таҳлилчи Егор Мельников.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1
Сиёсат * Мажбурий 1500 та белги қолди (1500 max)

Бориб турган сафсата!

Жавоб бериш