https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/11/18/feature-01
| Иқтисодиёт

Қозоғистон тўлов шартларининг оғирлашиб кетгани сабабли Хитойнинг молиялаштирувидан воз кечди

Канат Алтинбаев

image

Қозоғистон кредит юки сабабли енгли рельсли транспортга оид инфратузилма лойиҳасини Хитой орқали молиялаштиришдан воз кечди. (Pexels)

ОЛМАОТА – Нур-Султондаги узоқ кутилган енгил рельсли транспорт (ЕРТ) дастурининг давом этиши учун Пекинга қарзларни тўлаш қийинлашгач, Қозоғистон ҳукумати Хитой томонидан молиялаштириш вариантларидан воз кечишга мажбур бўлган.

Таҳлилчилар Хитойнинг «Бир камар - бир йўл» ташаббуси Марказий Осиё давлатларининг Пекинга катта миқдорда қарздор бўлиб қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириши ортидан шундай қарор қабул қилинган.

Йирик молиявий қадам ҳақидаги батафсил маълумот 8 ноябрь куни эълон қилинди.

2015 йилда Қозоғистон ҳукумати Хитой тараққиёт банки (ХТБ) билан Нур-Султонда енгил рельсли транспорт (ЕРТ) лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома имзолаган.

Лойиҳа ҳар куни бир неча соат давомида тирбандликда ёки 20 даражалик қаҳратон қиш кунлари кўчада автобус кутиб вақтини ўтказувчи аксар маҳаллий аҳоли томонидан олқишланган эди.

ЕРТ тизимини барпо этиш лойиҳаси тендерга қўйилган пайтда, унда Хитой билан бир қаторда Испания, Франция ва Туркия компаниялари ҳам пудратчи сифатида иштирок этишган эди. Якунда Хитой корхонаси танловда ғолиб чиқди, деб хабар берган Tengrinews.kz нашри 2018 йил май ойида.

Тахминий қиймати 2 млрд. АҚШ долларига тенг лойиҳа шаҳарнинг бир нечта туманини қамраб олиб, 18 та бекат, ер усти ва ер ости ўтиш йўлларига эга бўлиши кўзда тутилган эди.

Лойиҳа 2019 йилнинг декабрида тугалланиши керак эди, аммо шу йилнинг апрель ойида Нур-Султоннинг ўша вақтдаги ҳокими Бахит Султонов Хитой тараққиёт банки ва шаҳар ҳокимияти кейинги кредит траншининг шартлари бўйича келишувга эриша олмаганидан сўнг, қурилиш ишлари тўхтатилганини маълум қилган.

Моддий қийинчиликлар кучайгани сари амбициялар ҳам қисқариб борди. Қайта кўриб чиқилган лойиҳада энди харажатларни тежашга оид бошқа ўзгаришлар қаторида 18 та эмас, 11 та бекат таклиф қилинмоқда.

Сентябрь ойида Қозоғистон Хитой тараққиёт банкининг 343 миллион долларлик (133 миллиард теңге) қарзини қайтариб, кредитни фоизлари билан муддатидан аввал ва тўлиқ ёпди, деб хабар берган Inbusiness.kz бизнес янгиликлар сайти Нур-Султон транспорт мутасаддиларига таяниб.

Қарзни ёпиш учун, лойиҳа оператори – Астана LRT облигацияларни чиқариш орқали 420 миллион доллар (162 миллиард тенге) маблағ жалб этишга мажбур бўлган.

Ишчилар кўтариб турувчи устунларни ўрнатиб бўлишган.

«Молиявий юкни сезиларли камайтиради»

Апрель ойида Нур-Султон шаҳар ҳокимлигининг матбуот котиби Элвира Жургенбаева «ўзаро талабларга ойдинлик киритиш учун» хитойликлар билан «навбатдаги молиялаштириш траншлари» юзасидан келишилаётганини айтган эди.

Жургенбаева «лойиҳага босимни камайтириш ва молиялаштириш шартларини енгиллаштириш мақсадида, шаҳар ҳокимияти ҳукумат билан биргаликда лойиҳани миллий валютадаги ички молиялаштириш манбаларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш вариантларини кўриб чиқаётганини» қўшимча қилган эди.

Охир-оқибат, май ойида, Қозоғистоннинг иқтисодиётни модернизациялаш масалалари бўйича давлат комиссияси лойиҳани қайта молиялаштиришга қарор қилди ва Астана LRT ҳукумат кафолати билан таъминланган 1,5 миллиард долларлик облигацияларни чиқарди.

«Облигациялар чиқариш эвазига Хитой тараққиёт банки берган кредитдан воз кечиш ... мамлакат бюджетига молиявий юкламани сезиларли даражада камайтиришга имкон беради», деб ёзган Inbusiness.kz нашри.

8 октябрь куни журналистлар билан учрашган Нур-Султоннинг амалдаги ҳокими Алтай Кулгинов халқаро мажбуриятлар шартлари – Хитой олдидаги мажбуриятлар ЕРТ лойиҳасини осонликча тўхтатишга имкон бермаганини тан олди.

«LRT лойиҳасидан воз кечишнинг оқибатлари молиявий мажбуриятлар масаласида анча жиддий бўлади. Шу боис биз оптималлаштириш йўлидан бориб, Хитой кредитидан воз кечдик» деди у.

«Якунда биз умумий суммага нисбатан 800 миллион тенгедан (2,1 миллион доллар) кўпроқ маблағни қайтаришга мажбур бўлар эдик, шунинг учун ундан воз кечдик», деб қўшимча қилди у.

Олмаотада жойлашган Рискларни баҳолаш гуруҳи директори Дўсим Сатпаевнинг таъкидлашича, Хитой инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш масаласида энг аввало ўз манфаатларини кўзлайди ва Қозоғистоннинг манфаатларини инобатга олмайди.

«Қозоғистоннинг хатти-ҳаракатлари Хитой манфаатларига зид келиб қолгудек бўлса, Пекин кескин сиёсат юрита бошлайди», деди Сатпаев.

Сизга мақола ёқдими?
2
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha