Карвонсарой
Дипломатия

Хитойда таъқиб қилинаётган этник қозоқлар Қозоғистондан бошпана сўрамоқдалар

Канат Алтинбаев

Атрофи тиканли тўсиқ билан ўралган Хитойнинг ғарбий Шинжон ҳудудидаги тураржой мажмуасига ўрнатилган Хитой байроғи, 2019 йил 4 июнь куни олинган сурат. Бу ҳудудда видеокузатувлар ва оммавий ҳибслар авж олган. (Грег Бейкер/AFP)

Атрофи тиканли тўсиқ билан ўралган Хитойнинг ғарбий Шинжон ҳудудидаги тураржой мажмуасига ўрнатилган Хитой байроғи, 2019 йил 4 июнь куни олинган сурат. Бу ҳудудда видеокузатувлар ва оммавий ҳибслар авж олган. (Грег Бейкер/AFP)

ОЛМАОТА – Қозоғистон Хитойдаги этник озчиликларга қарши босимдан қочиб келаётган ва паноҳ излаб чегарадан ўтган этник қозоқларни ўз ҳудудига қабул қилмоқда.

30 октябрь куни Қозоғистон ҳукумати Хитойдан қочиб келган икки нафар этник қозоқ – Кастер Мусаханули ва Мурагер Алиулига бошпана берди. Бу ҳақда адвокатлардан бири – Бауржон Азановга таяниб, Озод Европа/Озодлик радиоси хабар берган. Уларнинг аризалари бўйича якуний қарор ҳали эълон қилинмаган.

30 яшар Мусаханули ва 25 яшар Алимулининг 14 октябрь куни Олмаотада бўлиб ўтган матбуот анжуманда айтишича, улар октябрь ойи бошларида Хитойнинг Шинжон вилояти Эмин округидан йўлга чиқишган ва бир неча кун ичида чегарани кесиб ўтишган. Йигитлар шарқий Қозоғистоннинг Зайсан туманига келиб, у ердан Олмаотага қараб йўл олганлар.

Қочоқлар депортация хавфи остида чегарани ноқунуний кесиб ўтганини тан олгач, Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) уларни қўлга олди.

Сайрагул Саутбай Жаркентдаги суд жараёнига етиб келди, 2018 йил 13 июль куни олинган сурат. (Канат Алтинбаев)

Сайрагул Саутбай Жаркентдаги суд жараёнига етиб келди, 2018 йил 13 июль куни олинган сурат. (Канат Алтинбаев)

Саутбайнинг судидан кейин журналистлардан ёғилган саволларга жавоб бермасдан кетаётган хитойлик дипломат, 2018 йил 13 июль куни Жаркентда олинган сурат. (Канат Алтинбаев)

Саутбайнинг судидан кейин журналистлардан ёғилган саволларга жавоб бермасдан кетаётган хитойлик дипломат, 2018 йил 13 июль куни Жаркентда олинган сурат. (Канат Алтинбаев)

Улар Пекин ҳукумати Шинжондаги маҳаллий туркийзабон мусулмон аҳолини таъқиб қилиши оқибатида ўз оила аъзоларини ташлаб қочишга мажбур бўлганини айтмоқда.

Ҳукумат «касб-ҳунар таълими марказлари» деб атайдиган Шинжондаги лагерларда аксарияти мусулмон бўлган этник озчиликлардан иборат бир миллион одам сақланмоқда, деб хабар беради AFP.

Уларга Хитой давлат мадҳияси, Хитой тили ва давлат мафкураси мажбуран ўргатилмоқда. Пекиннинг иддао қилишича, Шинжондаги чоралар терроризмга қарши кураш ва минтақавий хавфсизликни кучайтиришга қаратилган.

Мусаханулининг сўзларига кўра, у «лагерда сақланган» ва соқчилар томонидан калтакланган. Алимули эса, у ердаги қўрқув ва хорлик муҳитини тасвирлаб берган.

Шинжондан даҳшатли фактлар

Мазкур ҳолат 2018 йилда қалбаки ҳужжатлар билан Қозоғистон чегарасини кесиб ўтган 42 яшар Хитой фуқароси Сайрагул Саутбайнинг ҳикоясига ўхшаб кетади.

Этник қозоқ, Хитой коммунистлар партияси аъзоси, болалар боғчаси мудири бўлган Саутбай 2018 йил апрель ойида Хитойдан Қозоғистонга қочиб ўтган ва Қозоғистон расмийлари томонидан қўлга олинган.

Эри ва фарзандлари Қозоғистонга кўчиб кетганидан кейин Хитой ҳукумати уни Қозоғистон фойдасига жосуслик қилаётганликда айблаб, лавозимидан озод қилган, ҳужжатларини олиб қўйган ва унга қарши тергов бошлаган.

Саутбайнинг сўзларига кўра, Хитой ҳукуматининг таъқиби туфайли унинг ҳаёти хавф остида қолган.

Ўтган йил ёз ойларида Жаркент суди унга нисбатан шартли ҳукм чиқарди, ҳибсдан озод қилди ва Хитойга депортация қилинмаслигини айтди. Суд вақтида Саутбай бир неча ой давомида ишлаган лагерь ҳақида кутилмаган маълумотларни ошкор қилган.

Расман таълим маркази деб номланган лагерда Хитой мафкураси ўргатилади, аслида эса у «ҳақиқий қамоқхона», деди у.

У ерда 2500 дан ортиқ этник қозоқлар сақланади, ҳудудда эса шу каби бир нечта муассаса мавжуд, деб қўшимча қилди у.

Охир-оқибат Қозоғистон ҳукуматидан оиласи билан Швециядан бошпана топган Саутбайнинг сўзларига кўра, миграция ходимлари унга бошпана берилиши Хитойни ғазаблантириши мумкинлигини айтишган. Бу ҳақда AFP нашри хабар берган.

Денгизга чиқиш йўли бўлмаган Қозоғистон Пекиннинг триллион долларлик «Бир камар - бир йўл» деб номланган савдо ва инфратузилмавий лойиҳасида ўзини «тугун» сифатида кўрмоқда.

Халқаро танқидлар

Хитой нафақат қозоқларга, балки қирғизларга нисбатан ҳам репрессив сиёсат олиб бормоқда, деди ўзи ҳам бир неча йил аввал Хитойдан қочиб келган, айни дамда Олмаотада яшовчи инсон ҳуқуқлари фаоли Серикжан Билаш.

«Бу икки халқ зинҳор ўта диндор бўлмаган, аммо бу Хитойнинг аксилтеррор саъй-ҳаракатлар доирасида уларни ҳибсга олишига тўсиқ бўлмади», деди у.

Қозоғистон фуқаролигини олган ва Шинжонга қариндошларини кўргани борган собиқ хитойликлар ҳам ҳибсга олинган, деб қўшимча қилди Билаш.

Халқаро ҳамжамият Пекиннинг Шинжондаги сиёсатини мунтазам равишда танқид қилиб келмоқда.

13 март куни Қўшма Штатлар БМТнинг Женевадаги қароргоҳида «Шинжонда инсон ҳуқуқларининг давомли ва қўпол равишда бузилаётгани тўғрисида хабардорликни оширишга қаратилган» тадбирни ташкил этган. 2017 йил апрель ойидан бери Хитойнинг ушбу минтақасида бир миллиондан ортиқ уйғурлар, этник қозоқлар, қирғизлар ва бошқа мусулмон озчиликлар вакиллари ҳибсга олинган», дейилади АҚШ давлат департаменти баёнотида.

Америка Қўшма Штатлари Канада, Германия, Голландия ва Буюк Британия билан биргаликда Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ушбу ҳуқуқбузарликларга устувор масала сифатида эътибор қаратишга чақирди.

Буюк Британиянинг БМТдаги 23 давлат томонидан қўллаб-қувватланган 29 октябрь кунги баёнотида ҳам Пекиндаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият танқид остига олинган.

Баёнотда «оммавий ҳибсларга оид ишончли хабарлар, маданий ва диний маросимларни чеклаш чоралари, этник уйғурларга қаратилган номутаносиб равишдаги оммавий кузатувлар ва инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниши билан боғлиқ бошқа ҳолатлар юзасидан» хавотир билдирилган.

«Хитой ҳукумати уйғурлар ва бошқа мусулмон жамоалари аъзоларини ўзбошимчалик билан ҳибсга олишни зудлик билан тўхтатиши лозим» дейилади баёнотда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Фашистлар, нацистлар, буларнинг ҳаммаси 90-йилларда бошланган. Нацизмдан нафратланаман. Бу кетишда мусулмонлар қуллар каби бир-бирларини йўқ қиладилар. Гўё хитойликлар фариштадек оқ, жин урсин!!!​

Жавоб бериш