Карвонсарой
Таҳлил

Путиннинг постсовет мамлакатларга нисбатан ҳудудий даъволари қозоқларни ғазабга солди

Канат Алтинбаев

Путин «Россия-1» давлат телеканалига интервью бермоқда, 21 июнь куни «Россия. Кремль. Путин» кўрсатувидан олинган кадр.

Путин «Россия-1» давлат телеканалига интервью бермоқда, 21 июнь куни «Россия. Кремль. Путин» кўрсатувидан олинган кадр.

ОЛМАОТА – Постсовет республикалар Совет Иттифоқи таркибидан чиқиб кетгани учун Россиядан «қарздор» эканлиги ҳақидаги Россия президенти Владимир Путиннинг баёноти Қозоғистонда ғазаб билан қарши олинди.

Собиқ совет давлатлари «рус халқининг ҳадяларини» ер шаклида қайтаришлари керак, деб айтган Путин 21 июнь куни берган интервьюсида.

Унинг бу баёноти «Россия-1» давлат телеканалининг «Россия. Кремль. Путин» дастури орқали намойиш этилди.

Унинг сўзларига кўра, Совет Иттифоқини таъсис этишга оид (1922 йилги) келишувда иттифоқдан чиқиш ҳуқуқи эътироф этилган бўлса-да, бу жараён тартиби белгиланмаган.

«Анъанавий, қадимий ва тарихий туҳфаларни излаб» – олмаоталик рассом Мурат Дилмановнинг Путинга чизилган карикатураси.

«Анъанавий, қадимий ва тарихий туҳфаларни излаб» – олмаоталик рассом Мурат Дилмановнинг Путинга чизилган карикатураси.

«Демак, савол туғилади: агар у ёки бу республика Совет Иттифоқига қўшилган бўлса-ю, тарихан, азалдан Россияга тегишли ерларни қўлга киритган бўлса, кейинроқ Совет Иттифоқи таркибидан чиқишга қарор қилган бўлса-чи? У ҳолда, нима билан келган бўлса, шу билан кетиши, рус халқининг ҳадяларини қайтариши керак эди», деди у.

Интервью эфирга узатилгандан бир кун ўтиб, Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга Путин бу гап-сўзлари билан «ўтмишда Совет Иттифоқи конституциясида йўл қўйилган тизимли хатоларни» назарда тутганини айтаркан, шу тариқа Россия конституциясини ислоҳ қилиш заруриятига эътибор қаратган.

Коронавирус билан боғлиқ хавф-хатарларга қарамай, 1 июлга белгиланган конституциявий ислоҳотлар бўйича овоз бериш жараёни Путинга Кремлда чекланмаган муддатга қолиш имконини беради.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Путин 2024 йилдан кейин президент бўлиб қололмайди, чунки у кетма-кет икки муддатга сайланиши мумкин, холос. Ўзгаришлар кучга кирадиган бўлса, унинг барча президентлик муддатлари нолга тенглаштирилади.

Жанговар миллатчилик

Путиннинг бу баёноти биринчи галда Украинага тааллуқли эканлигини эътироф этган қозоқ таҳлилчилари бу таҳдид Қозоғистонга ҳам қаратилганини айтмоқдалар.

Қозоғистон – бошқа собиқ Совет республикаларидан фарқли ўлароқ, Россия билан чегарадош бўлиб, нефть, газ ва бошқа табиий ресурсларга бой.

Кремль 2014 йилда Қримни Украинадан ноқонуний равишда тортиб олган.

Қозоғистон чегаралари муайян келишувлар ва халқаро ҳужжатлар билан ратификация қилинган бўлиб, ҳеч ким уларни Россиянинг ҳадяси деб атай олмайди, дейди олмаоталик сиёсатшунос Ислом Кураев.

«Путиннинг бу баёноти Қозоғистон миллий хавфсизлигига бевосита таҳдид ўлароқ баҳоланиши мумкин», деди Кураев.

Путиннинг бу сўзлари тажовузкор миллатчиликни ифодалайди, деди Нур-Султон шаҳар кенгаши депутати Мирас Шекенов.

«У ўз халқи орасида айнан шундай мафкурани – Совет Иттифоқидаги ҳаётни идеаллаштириш, Германияга қарши урушдаги ғалабани улуғлаш кабиларни тарғиб қилади», деди у.

Қозоғистондаги «Хавф-хатарларни баҳолаш гуруҳи» таҳлил маркази раҳбари, олмаоталик Досим Сатпаевнинг айтишича, одатда, сиёсатчилар тарихни титкилай бошлаганида кўнгилсизликлар юзага келади.

«Мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви сабабли Путиннинг рейтинги яна тушиб кетган бир пайтда, у аллақачон йўқотилган ва талон-тарож қилиб бўлинган «Буюк Россия» ролини ўйнашга қарор қилган кўринади», деб ёзди у Facebook саҳифасида.

«Cобиқ Совет республикалари президентларини фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган парадга таклиф қилиш... ва бутун дунёга бу республикалар Россиядан қарздор эканлигини эълон қилиш билан айирмачилик кайфиятидаги ахборот тўлқинини юзага келтириш – беъманиликнинг чўққисидир», деди Сатпаев.

Маънисиз ғоялар

Путиннинг баёноти қозоғистонликларнинг кескин қаршилигига учраган.

Олмаоталик ОАВ таҳлилчиси ва Жамоатчилик ишончи миллий кенгашининг собиқ аъзоси Арман Шораев ўзининг Facebookдаги видеомурожаатида «Қозоғистон Россияга дўст бўлган кам сонли мамлакатлардан бирини эканлиги, агар Путин «ўз хаёлидаги ҳудудларга даъвогарлик қилишни» тўхтатмаса, яқин орада у ҳам Москвадан юз ўгиришини» айтади.

«Қозоғистон Совет Иттифоқи таркибидан чиқаётганида қуриб қолган Орол денгизи, Семипалатинск (Семей) ядро полигони, даштларимизни вайрон қилган ва аёлларимиздан ногирон болалар туғилишига сабаб бўлган ўнлаб ядровий ракета портлашларини «совға» сифатида қабул қилиб олган, деди Шораев.

«Бойқўнғирдан (Россия фойдаланувидаги Қозоғистон космодроми) чиққан ракета ёқилғиси эса барча тирик мавжудотларни заҳарлаб, фуқароларимиз ва Қизил китобга киритилган ҳайвонларни ўлдирмоқда», деди у.

Путин «Наполеон ва тўлиқсизлик комплекси» таъсирида доимий равишда бемаъни ғояларни сўзлаб келади, деб қўшимча қилди у.

Шораев Путинни «Қариялар нон-сув билан кун кўраётган» фаровон Москва ташқарисида нималар бўлаётганига эътибор қаратиш ва Россия ичидаги долзарб муаммолар ҳақида жиддий бош қотиришга ундаган.

«Қозоқлар ҳам, Путин Донбасс ва Қримни тортиб олган украинлар ҳам, Путин ҳудудларининг бир қисмини тортиб олган грузинлар ҳам, Путин томоқларидан тутиб турган молдаванлар ҳам Россиянинг душманлари эмас. Россиянинг барча душманлари Кремлга ўрнашиб, ҳокимиятни эгаллаб олган», деди Шораев.

Олмаоталик рассом Мурат Дилманов эса ўз карикатураси билан Путинни ҳажв қилган.

Суратда айиқ минган Путин ракета ва гурзи ушлаган ҳолда узоқларга қараб, айиқ эса юзини панжаси билан тўсиб турган (фейспалм) ҳолатда акс этган.

Расмнинг изоҳида «анъанавий, қадимий ва тарихий туҳфаларни излаб» деб ёзилган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 7

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Тутуриқсиз мақола. Рус халқи – Европадаги энг тарқоқ халқ. Ва биз Қримда бўлгани каби бирлашишимиз керак.

Жавоб бериш

Россия – нацист ва фашистлар ўзини қулай ҳис қиладиган дунёдаги ягона мамлакат. Ҳатто камера олдида мен фашистман, десанг ҳам сенга ҳеч нарса бўлмайди, ҳатто одамлар буни қораламайди.

Жавоб бериш

Қўшни давлатлар ерлари ҳақида ҳаёл қилгандан кўра, рус халқи бир умрлик президентликни сенга совға қилармикан, шуни ўйла...

Жавоб бериш

Аввал унинг рус халқи ўзига тегишли бўлмаган ҳамма нарсани қайтарсин.

Жавоб бериш

Сафсата!!

Жавоб бериш

Путиннинг рейтинги қулади. У ўз рейтингини одатда урушлар орқали кўтаради

Жавоб бериш

Ёки терактлар билан

Жавоб бериш