Саломатлик

Путин БМТдаги нутқини Россиянинг жиддий танқидга учраган COVID-19 вакцинасини тарғиб қилишга бағишлади

Карвонсарой ва AFP

image

22 сентябр куни Россия президенти Владимир Путин БМТ бош ассамблеясида видеоалоқа орқали нутқ сўзлади. (Кремль)

МОСКВА – Россия президенти Владимир Путин сешанба (22 сентябрь) куни БМТдаги нутқида Россиянинг биринчи бўлиб коронавирус вакцинасини яратгани билан мақтанган бўлса-да, дунё ҳамжамиятининг катта қисми Кремлнинг фаол тарғиб қилинаётган вакцинаси шошма-шошарлик билан ишлаб чиқилгани ва COVID-19 вирусининг ўзидан ҳам хавфлироқ эканини айтган.

Бош ассамблеядаги нутқида Путин Россия бошқа давлатлар билан «дунёдаги биринчи вакцина – Спутник V» бўйича ҳамкорликка тайёр, деб айтган.

Шуниси аниқки, Путин халқаро минбардан маҳсулотнинг тарғиботи учун фойдаланди – бу вакцина давлатга алоқадор ташкилотларга миллиардлаб даромад келтириши мумкин.

«Биз ўз тажрибамиз билан ўртоқлашишга тайёрмиз», деб айтган Путин бошқа мамлакатларга «ишончлилиги, хавфсизлиги ва самарадорлигини тасдиқлаган Россия вакцинасини» таклиф қилиб.

image

Ҳамшира 36 яшар кўнгилли Иля Дубровинни Россиянинг янги коронавирус вакцинаси билан эмламоқда, Москва, 10 сентябр. (Наталья Колесникова/AFP)

У Россиянинг «коронавирус учун тест тизимлари, уни ташхислаш ва даволашга оид тиббий воситалар ишлаб чиқаришдаги» тезкорлиги билан мақтанган.

Дастлабки синовларда вакцина умидбахш натижаларни кўрсатган бўлса-да, ишлаб чиқувчилар клиник синовларнинг якуний босқичини якунлаганича йўқ. Бу босқичда синовда иштирок этаётганларнинг катта қисми ё вакцина, ёки плацебо қабул қилишади.

Вакцинага йигирма мамлакат аввалдан буюртма берган, деб хабар берган ўтган ойда Россиянинг бевосита инвестициялар жамғармаси. У вакцинани ишлаб чиқиш ишларини молиялаштирган.

Жиддий хавотирлар

Вакцинани ишлаб чиқарган давлат бошқарувидаги Гамалея институти тадқиқотчилари бир неча ой аввал дори намунасини ўзларида синаб кўрганлар, мутахассислар бу қадамни одамлар устидан ғайриоддий ва шошилинч синов ўтказиш дея баҳолаган.

Кузатувчилар россиялик тадқиқотчиларнинг натижа кўрсатиш учун пала-партиш иш олиб бораётгани ва ҳукумат босими остида ҳаракат қилаётганидан хавотир билдирганлар.

«Россия ҳукуматида фойдаланишга тайёр маҳсулот борлиги тўғрисидаги баёнотга унчалик ишонмайман», деган эди Нур-Султондаги ихтисослаштирилган COVID-19 касалхонаси шифокори Асел Салиева август ойида.

«Илк синовларда вакцина хавфсиз бўлиб туюлиши, лекин асоратлари кейинроқ юзага чиқиши мумкин», деди у. «Биз миллионлаб одамларнинг соғлиғи билан таваккал қила олмаймиз, ҳатто бу хавф ўзини оқлайдигандек туюлса ҳам.»

«Россия вакцинасини ишлаб чиқарганларнинг ўзлари вакцинанинг таъсир қилиш муддати қанча эканлигини билишмайди, чунки улар узоқ муддатли ва кенг миқёсли тиббий тадқиқотлар ўтказишмаган», деб огоҳлантирди Қирғизистондаги Марказий Осиё Америка университети молекуляр генетиги Болот Калмирзаев.

Қўшимча синовлар ўтказилмас экан, келажакда кўп «сюрпризлар» юз бериши мумкин, деб қўшимча қилди у.

«Вакцина ҳомиладор аёллар, эмизикли оналар, сурункали касалликдан азият чекувчилар, шунингдек 18 ёшдан кичик ва 60 ёшдан ошган одамлар учун хавфли бўлиши мумкин», деб айтган Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Марат Шоранов 3 сентябр куни онлайн брифингда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0
Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500