Карвонсарой
Таълим

Қирғизистон таълим тизимидаги Россиянинг «юмшоқ куч» сиёсати маҳаллий аҳолини хавотирга солмоқда

Канат Алтинбаев

Чуй вилояти, Панфилов тумани, Курпулдўк қишлоғи, К. Ибраималиев номидаги мактабнинг «1-Б» синфи ўқитувчиси Зарина Капарова 1 сентябр кунги дарсни Қирғизистон ҳақида кўргазмали материаллар намойиши билан бошлади. [Максат Осмоналиев/Карвонсарой]

Чуй вилояти, Панфилов тумани, Курпулдўк қишлоғи, К. Ибраималиев номидаги мактабнинг «1-Б» синфи ўқитувчиси Зарина Капарова 1 сентябр кунги дарсни Қирғизистон ҳақида кўргазмали материаллар намойиши билан бошлади. [Максат Осмоналиев/Карвонсарой]

БИШКЕК – Москванинг Қирғизистонда «юмшоқ куч» сиёсатига оид бир қатор таълим лойиҳаларини амалга оширишга интилиши маҳаллий аҳоли ва кузатувчилар орасида хавотирга сабаб бўлмоқда.

Бу йил Совет Иттифоқи парчаланганига 30 йил тўлади, аммо Россия ўз манфаатларини илгари суриш ва таъсирини кучайтириш мақсадида бутун минтақа бўйлаб маданий ва маърифий лойиҳаларни амалга оширишда давом этяпти.

Ушбу «юмшоқ куч» сиёсати – маданият ва сиёсий ғоялардан таъсир ўтказиш воситаси сифатида фойдаланиш Россиянинг Марказий Осиёда рус тили ва маданиятини оммалаштиришни ўз ичига олувчи 2016 йилда қабул қилинган ташқи сиёсат стратегиясининг муҳим қисмидир.

Босим ўтказиш

Таҳлилчиларга кўра, Россиянинг Қирғизистонда янги мактаблар қуриш режалари ушбу стратегиянинг бир қисмидир.

Россия таълим вазири Сергей Кравцов (ўнгда) 15 март куни Бишкекда Қирғизистон президенти Садир Жапаров (суратда кўрсатилмаган) билан учрашувда янги мактаблар қурилишини муҳокама қилди. [Қирғизистон президентининг матбуот хизмати]

Россия таълим вазири Сергей Кравцов (ўнгда) 15 март куни Бишкекда Қирғизистон президенти Садир Жапаров (суратда кўрсатилмаган) билан учрашувда янги мактаблар қурилишини муҳокама қилди. [Қирғизистон президентининг матбуот хизмати]

2018 йил июнь ойида Бишкекдаги мактабларнинг бирида таниқли рус шоирига бағишланган «Менинг Пушкиним» тадбирида иштирок этаётган ўқувчилар. [Бишкекдаги Россия фан ва маданият маркази]

2018 йил июнь ойида Бишкекдаги мактабларнинг бирида таниқли рус шоирига бағишланган «Менинг Пушкиним» тадбирида иштирок этаётган ўқувчилар. [Бишкекдаги Россия фан ва маданият маркази]

Қирғизистонда 2000 йилдан бери қирғиз тили – давлат тили, рус тили эса расмий тил сифатида белгиланган. Мазкур қонун иккала тилдан барча ижтимоий-ҳуқуқий соҳаларда ва миллатлараро мулоқотда фойдаланишга рухсат беради, аммо қирғиз тили техник жиҳатдан рус тилидан устунроқ.

Москва постсовет ҳудудда Россиянинг мақомини сақлаб қолиш учун турлича, жумладан, иқтисодий босимлар қўллаб келади. У ўтган йили маҳбусликдан президентликкача кўтарилган Садир Жапаровга бир неча бор ўз истакларини баён қилган эди.

Ўтган йили октябрда Жапаров ҳам бош вазир, ҳам муваққат президент вазифасини ўтаётганида Бишкекда Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Николай Удовиченко билан музокара ўтказиб, рус тили Қирғизистонда расмий тил бўлиб қолишини айтган эди.

Феврал ойида у президент сифатидаги илк хорижий сафарини Россиядан бошлади. Бунинг натижасида Қирғизистонда рус тилидаги таълимни кучайтириш бўйича бир қанча мажбуриятлар олинди.

Кейинчалик иккала ҳукумат Қирғизистон бўйлаб, жумладан Бишкек ва Ўш шаҳарларида 44 та рус мактабини очишга келишиб олдилар, деб хабар берган қирғиз оммавий ахборот воситалари.

«Мактаблар Россия кўмагида барпо этилади. Россиялик ўқитувчилар ишга ёлланади», деб ёзади 5 март куни «Вечерный Бишкек» нашри.

Кремл бу борада иккилангани йўқ – Россия таълим вазири Сергей Кравцов 15 март куниёқ Бишкекка етиб келди. Кравцов Жапаров билан музокара ўтказиб, «бу соҳада тажриба алмашувини кучайтириш учун» россиялик ўқитувчиларни Қирғизистон мактабларидаги таълимга жалб этиш таклифини билдирди.

Қирғизистондаги россиялик ўқитувчилар

Қирғизистон ҳукумати маълумотларига кўра, айни вақтда Ўшнинг 23 мактабида 29 нафар россиялик ўқитувчи фаолият олиб бормоқда.

«Хориждаги Россия ўқитувчиси» лойиҳасига кўра, Россия таълим вазирлигидан ташриф буюрган ўқитувчилар делегацияси 16-18 феврал кунлари Ўшга етиб келган, деб хабар беради Жапаровнинг матбуот хизмати.

Жанубий Қирғизистондаги россиялик ўқитувчилар маошининг бир қисми қирғизистонлик солиқ тўловчилар ҳисобидан тўлаб берилади. Мамлакат бюджети ўқитувчиларнинг сафар, уй-жой харажатлари, коммунал тўловлари ва тиббий суғуртасини қоплайди. Шу билан бирга, россиялик ўқитувчиларга бир марталик «кўчиб ўтиш ҳаражатлари» тўлаб берилади, аммо бу банднинг аниқ маъноси жамоатчиликка маълум эмас.

Бу лойиҳа Қирғизистонда 2019 йилда – Россиядан 17 нафар математика, рус тили ва адабиёти ҳамда бошланғич синф ўқитувчисининг Ўшга ташрифидан сўнг бошланган эди, деб ёзади «Вечерный Бишкек».

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ҳудудида ёрдам лойиҳаларини амалга оширувчи Россиянинг «Россотрудничество» агентлиги ўтган йили Иссиқкўл вилоятидаги мактабларга рус тили ва адабиёти, тарих дарсликлари ва рус грамматикаси қўлланмаларини тарқатган.

Шунингдек, маҳаллий боғчаларга нутқни ривожлантирувчи ўқув қўлланмалари ва болалар адабиётлари тақдим этилган.

«Россотрудничество» – постсовет ҳудудда Россиянинг юмшоқ куч сиёсати воситаларидан бири сифатида танилган. Шундай бўлса-да, агентлик геосиёсий жиҳатдан манфаатли мамлакатларда Россия таъсирини кучайтиришга оид миссиясини яширмайди.

Кузатувчилар ва ота-оналар хавотирда

Қирғизистондаги рус таълими чекловларга эга ва бошқа хорижий давлатлар таклиф қилувчи таълим билан тенглаша олмайди, дейди Россиянинг янги мактаблар қуришга оид режаларини кузатиб бораётган мутахассислар.

Йиллар ўтиши билан Марказий Осиёда рус тилида сўзлашувчилар сони тобора камайиб бораётганига қарамай, ёши катта авлод орасида ва йирик шаҳарларда рус тили ҳамон ўз кучини йўқотмаган.

Қирғизистонда Россия маданиятининг таъсири керагидан ортиқ, дейди бишкеклик Назира Кулуева.

У ҳатто ҳозир ҳам Бишкекда яшовчи маҳаллий қирғизларнинг аксари қирғиз тилида гаплаша олмаслигини айтади.

«Кўпчилик қирғизлар, СССРда туғилиб ўсганларгина эмас, балки совет мактабларида ўқимаган ёшлар ҳам ўз она тилини билмайди. Улар фақат рус тилида сўзлашадилар», дейди Кулуева.

«Улар қирғизча урф-одатларимизга амал қилишмайди. Бу нормал ҳолатми?»

«Ҳукуматимиз келажак авлодга қадриятларимизни сингдириш учун ёшлар орасида миллий ўзликни англаш сиёсатини олиб бориши керак», деб қўшимча қилди у.

Бунинг устига, Россия тақдим этаётган таълим жараёни талабга жавоб бермайди, дейди кузатувчилар.

Қирғизистондаги Россия таълими Туркия ва Американики билан тенглаша олмайди, дейди Бишкек стратегик таҳлил ва прогноз институти сиёсатшуноси, таҳлилчи Замира Мураталиева 2015 йилда Марказий Осиё таҳлил ва ҳисобот бюроси учун ёзган мақоласида.

Турк лицейлари ва Марказий Осиёдаги Америка университети (МОАУ) инновацион таълим услубларини қўллайди, чинакам билим беради ва юқори даражадаги илмий анжуманлар ўтказади, Россия таълим муассасалари раҳбарияти эса бундай тадбирлар ўтказиш имкониятига эга эмас, деб ёзган у.

«Кўп ҳолларда Россия илмий анжуманлари ташкилотчиларининг ўзи пул ўмариш билан банд бўлиб, тадбирнинг мақсадини англамайди», деб таъкидлаган у.

Бишкекдаги Қирғизистон Россия славян университети (ҚРСУ) абитуриентлар орасида унчалик машҳур эмас, дейди МОАУ талабаси, бишкеклик Азамат Асакеев.

«Ота-онам ҚРСУ 1990-йилларда нуфузли бўлган дейишади, аммо кейинчалик университетнинг таълим даражаси пасайиб кетган», дейди Асакеев. «Ўқитувчилар орасида коррупция кучайган. Кейинроқ у ерда ўқитувчилардан бирининг жинсий тегажоқлиги билан боғлиқ можаро келиб чиққан.»

«Ўша университет дипломига эга бўлганимда, етакчи халқаро корпорацияларнинг менга талаби юқори бўларди, деб ўйламайман», деб қўшимча қилди у.

Россия таълим лойиҳалари «талабаларга вақт билан ҳамнафас ва муваффақиятли бўлишга ёрдам бермайдиган анъанавий, жуда эскирган билимни таклиф этади», дейди Жалолободдаги ҳуқушунослик, бизнес ва таълим академиясининг иқтисодий назария бўйича маърузачиси Мирлан Қудайбергенов.

«Ҳозирги кунда бу каби таълимга қизиқувчилар жуда кам», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Москвада қирғиз мактабларини очиш керак

Жавоб бериш

У ерга Россия мактаблари нега керак?

Жавоб бериш