Карвонсарой
Таълим

Қирғизистон жамоатчилиги тилга оид янги қонун бўйича Россиянинг танқидини рад этди

Канат Алтинбаев

Чуй вилояти, Панфилов тумани, Курпулдўк қишлоғи, К. Ибраималиев номидаги мактабнинг 1-синф ўқитувчиси Зарина Капарова 1 сентябр кунги дарсни Қирғизистон ҳақидаги кўргазмали материаллар намойиши билан бошламоқда. [Максат Осмоналиев/Карвонсарой]

Чуй вилояти, Панфилов тумани, Курпулдўк қишлоғи, К. Ибраималиев номидаги мактабнинг 1-синф ўқитувчиси Зарина Капарова 1 сентябр кунги дарсни Қирғизистон ҳақидаги кўргазмали материаллар намойиши билан бошламоқда. [Максат Осмоналиев/Карвонсарой]

БИШКЕК – Қирғизистонда давлат тили ҳисобланган қирғиз тилининг қамровини кенгайтириш бўйича яқинда қабул қилинган қонуннинг Россия тарафидан танқид қилингани ушбу Марказий Осиё мамлакатидаги кўпчиликни ғазаблантирди.

17 июл куни президент Садир Жапаров Қирғизистонда давлат хизматчиларига ўз ишида қирғиз тилидан фойдаланиш мажбуриятини юкловчи янги қонунни имзолади ва бу россиялик сиёсатчиларнинг норозилигига сабаб бўлди.

Парламент ушбу қонунни май ойининг охирида қабул қилган эди.

Янги қонун давлат идоралари, маҳаллий ҳокимиятлар, тадбиркорлик ва бошқа ташкилотларга ўз фаолиятини қирғиз тилида юритиш мажбуриятини юклайди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 3 июн куни пойтахт Бишкекдан 250 км узоқликдаги Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтаётган йиғилишда нутқ сўзламоқда. 17 июл куни у мамлакатдаги барча давлат хизматчиларидан давлат тили ҳисобланадиган қирғиз тилини билишни талаб қилувчи янги қонун лойиҳасини имзолади. [Вячеслав Оселедко/AFP]

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 3 июн куни пойтахт Бишкекдан 250 км узоқликдаги Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтаётган йиғилишда нутқ сўзламоқда. 17 июл куни у мамлакатдаги барча давлат хизматчиларидан давлат тили ҳисобланадиган қирғиз тилини билишни талаб қилувчи янги қонун лойиҳасини имзолади. [Вячеслав Оселедко/AFP]

Бундан ташқари, Қирғизистон телерадиокомпаниялари (улар хоҳ давлат, хоҳ хусусий бўлсин) дастурларининг камида 60 фоизи қирғиз тилида бўлиши шарт. Қўшма ва хорижий ташкилотларнинг номлари энди давлат тилига транслитерация қилинган ҳолда ёзилиши керак.

Давлат тилини билмайдиган мансабдор шахслар ишдан бўшатилади, деб маълум қилди ҳукумат.

Қирғиз тилини билмайдиган давлат хизматчиларига уни ўрганиш учун етарлича вақт берилди, чунки давлат тили мақомини мустаҳкамлаш бўйича ишлар бир неча йиллардан бери олиб борилмоқда, деди Давлат тили миллий қўмитаси раиси Қанибек Осмоналиев 27 июл куни журналистларга.

«Уларда қирғиз тилини ўрганиш учун 3-4 йил вақт бор эди, [ҳафсала қилишганида] олти ойда ўрганган бўлар эдилар», деди Осмоналиев Карвонсаройга. «Энди барча муддатлар ўтиб бўлди. Қирғиз тилини билмайдиган амалдорлар ишдан бўшатилади».

Россиянинг эътирози

Қирғизистон парламенти қирғиз тилига давлат тили мақомини берган 1989 йилда мамлакат ҳали ҳам совет республикаси эди.

Шундай бўлса-да, рус тили ҳам расмий мақомга эга бўлиб, Қирғизистонда одамлар орасидаги мулоқот, иш юритиш, қонунчилик ва бизнеснинг асосий тили сифатидаги ҳукмронлигини сақлаб қолган.

Москва кўп йиллар давомида рус тилини «юмшоқ куч» воситаси сифатида қўллаб келган ва маданий-маърифий лойиҳалар ёрдамида Россиянинг Қирғизистондаги таъсирини кенгайтиришга уринган.

Янги қонун россиялик сиёсатчилар, жумладан, ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг эътирозига сабаб бўлган.

19 июл куни Москвада Россиянинг нодавлат ташкилотлари раҳбарлари билан учрашувда Лавров хорижда рус тили ва маданиятини тарғиб қилиш зарурияти ҳақида сўзлаган.

«Бир неча ой аввал Қирғизистонда [парламент томонидан] қонун қабул қилинган эди. Бу ғоя илк бор пайдо бўлганида қирғиз дўстларимизни у асло демократик эмаслиги ҳақида огоҳлантирган эдик», деди Лавров.

«Биз [қирғизларни] бир неча бор огоҳлантирдик, аммо бошқа йўналиш устун келди», деди у ва Россия расмийлари бу борадаги «ишларни давом эттиришини» таъкидлади.

Жапаров 24 июл куни «Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида Лавровнинг позициясини рад этаркан, янги қонун рус тилини дискриминация қилмаслигини, чунки у конституцияга кўра расмий (лекин давлат эмас) тил бўлиб қолаётганини таъкидлади.

«Лавров қонунни батафсил ўрганиб чиқмаган кўринади», деб айтган Жапаров.

«Бу ерда бошқа нарсага урғу берилган: биз тилимизни тўлиқ ривожлантирмоқчимиз», деди у кўплаб қирғиз расмийлари, жумладан, парламент депутатлари «русча-қирғизча аралаш» гапиришидан афсусда эканини таъкидлаб.

Қирғизистон ишларига «очиқдан-очиқ аралашув»

Қирғизистон фуқаролари ҳам Лавровнинг янги қонун ҳақидаги танқидини рад этишган.

Бишкеклик инфлюенсер ва блогер Улан Кадирбаев Россия очиқдан-очиқ Қирғизистоннинг ички ишларига аралашётгани ва унга нималар қилиш кераклигини буюраётганидан ғазабда.

«Биз Қирғизистонда йилдан-йилга кам қўлланилаётган она тилимизни том маънода сақлаб қолишга ҳаракат қиляпмиз», деб айтган Қодирбоев Карвонсаройга.

«Бу бизга мажбуран сингдирилган ва ҳар бир ижтимоий соҳада ҳукмронлик қиладиган рус тилидан фойдаланишнинг бевосита натижасидир.»

«Ҳукуматимиз 30 йилдан бери давлат тилини ривожлантириш масаласини эътиборсиз қолдирди, бунинг натижаси эса шундай бўлди», деб айтган Бишкекдаги «Қирғиз тили» газетасининг бош муҳаррири Дуишон Керимов Карвонсарой нашрига.

«Озод миллат эканимизни, ўз тилимиз борлигини, унда гапириш ва ёзишга ҳақли эканимизни унутмаслигимиз керак.»

Керимов Лавровнинг танқидини асоссиз дея рад этди.

«Ўз соҳасида жуда катта тажрибага эга одам сифатида бундай баёнот беришини кутмаган эдим», дейди Керимов.

«Қирғизистонда рус тилига нисбатан улар даъво қилаётган хатар йўқ, аммо қирғиз тилига хавф бор», деб айтган шоир Токтосун Самудинов Карвонсарой нашрига.

«Кўпчилиги Россияда ишлайдиган ёшларимиз рус тилида жуда яхши гапиришади, она тиллари эса ундай эмас.»

«Биз шунчаки ўз тилимизни қўллаб-қувватлашимиз керак», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Рус ҳарбий кемаси – энангникига йўқол!!! Қирғизистондан даф бўлларинг !!! Яшасин УКРАИНА ! УКРАИНАга нацист Россия устидан ҒАЛАБА тилаймиз !!!

Жавоб бериш

Россия ҳамма жойга тумшуғини суқиб юрибди, калталатиб қўйишимиз керак.

Жавоб бериш