Карвонсарой
Сиёсат

Қозоғистонликлар Россия давлат думасининг тил масаласига аралашувини рад этмоқдалар

Ксения Бондал

Олмаотада қозоқ тилидаги мини-маркет номи лотин имлосида, бошқа маълумотлар эса рус тилида ёзилган, 19 декабр. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

Олмаотада қозоқ тилидаги мини-маркет номи лотин имлосида, бошқа маълумотлар эса рус тилида ёзилган, 19 декабр. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

ОЛМАОТА – Россиялик депутатларнинг Қозоғистонда тилга оид қонун борасида фикр билдириши мамлакатнинг ички ишларига жиддий аралашувини акс эттиради, дейди қозоғистонлик сиёсий таҳлилчилар ва фуқаролар.

6 декабр куни Қозоғистон сенати ташқи белгилар, реклама, йўл белгилари, кўрсаткичлар, менюлар, нарх ва бошқа белгиларнинг давлат тили – қозоқ тилида бўлишини кўзда тутувчи қонун лойиҳасини тасдиқлади.

Қонун лойиҳасида бундай белгилар рус тилига таржима қилинган бўлиши кераклигига оид аввалги талаблар бекор қилинган.

Аввалроқ, 6 октябр куни лойиҳани парламент қуйи палатаси – Мажлис маъқуллаган эди. Лойиҳа қонун сифатида кучга кириши учун иккала палата ва президент тасдиғидан ўтиши керак.

Коронавирус пандемияси вақтида қозоқ ва рус тилларида ёзилган ижтимоий масофа сақлаш ҳақидаги огоҳлантириш, Олмаота, 20 декабр. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

Коронавирус пандемияси вақтида қозоқ ва рус тилларида ёзилган ижтимоий масофа сақлаш ҳақидаги огоҳлантириш, Олмаота, 20 декабр. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

2020 йил 10 декабр куни Россия телевидениесининг «Большая игра» кўрсатувида бошловчи Вячеслав Никонов Қозоғистон ҳудудларини «Россиянинг улкан совғаси» деб атаган. [Файл]

2020 йил 10 декабр куни Россия телевидениесининг «Большая игра» кўрсатувида бошловчи Вячеслав Никонов Қозоғистон ҳудудларини «Россиянинг улкан совғаси» деб атаган. [Файл]

Жорий қонунчиликка кўра, Қозоғистонда ҳар қандай визуал маълумот қозоқ ва рус тилларида бўлиши керак.

Агар лойиҳа қонун сифатида тасдиқланса, ҳар қандай оммавий ахборот энг аввало қозоқ тилида, сўнг ихтиёрий равишда рус ва бошқа тилларда кўрсатилиши керак бўлади.

«Нозик мавзуларни бўрттириб кўрсатиш»

Қарор россиялик сиёсатчиларнинг норозилигига сабаб бўлди, қозоғистонликлар эса буни мамлакат ички ишларига аралашув деб ҳисобламоқда.

Давлат думасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ишлари бўйича Евроосиё интеграцияси ва хорижлик ватандошлар билан алоқалар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Константин Затулин бу масалани парламентга олиб чиқишга ваъда берган.

«Аслида бу қарор рус тилидан фойдаланиш даражасининг пасайишига олиб келади», деб айтган у 11 декабр куни Gazeta.ru нашрига.

«Бу ҳолат, жумладан муносабатларда ҳам нималарга олиб келишини биламиз», деди у. «Бу масалани келаси ҳафта қўмита учрашувида муҳокама қилсак керак.»

Россия «бундай қарорни ҳеч қанақасига олқишлай олмайди», деб айтган Затулин. Аммо Москва бу борада нима қилиши ёки қила олиши муҳокама мавзуси бўлиб қолмоқда.

«Менимча биз бу ерда оқилона ҳаракат қилишимиз, муносабатларни кескинлаштирмаслигимиз ва бир вақтнинг ўзида аниқ позицияни эгаллашимиз керак», деб айтган у.

Қозоғистонликлар наздида эса Затулиннинг позицияси Қозоғистон ички ишларига номуқобил аралашувни билдиради.

Россия давлат Думасининг айрим депутатлари ўз зиммаларига ортиқча юк олиб, бошқа мамлакатларнинг ўзларига тааллуқли бўлмаган ички ишларига аралашадилар, дейди Олмаота шаҳар кенгаши аъзоси Қайрат Қудайберген.

«Улар (россияликлар) Қозоғистондаги рус тили масаласи борасида хавотир олмасалар ҳам бўлади», дейди у. «Биз русийзабон фуқароларимизни ҳурмат қиламиз, аммо айни вақтда ўз тилимиз ва маданиятимиз ҳам биз учун жуда муҳим.»

«Давлат тилини ривожлантириш – ҳар қандай суверен давлат учун ички сиёсатнинг муҳим қисми», дейди у. «Россия депутатларининг бундай баёнотлари жуда нозик мавзуни бўрттиришга уринишдир.»

«Қозоғистонда нафақат рус, балки ўзбек ва уйғур тилларида дарс берадиган мактаблар ҳам бор», дейди Қудайберген.

«Аммо хорижлик депутатлар бошқа мамлакатларнинг ички ишларига бурун суқар экан, ўз давлатларида ҳам етарлича муаммолар борлигини унутиб қўйишмоқда», дейди у.

Қудратли давлатнинг такаббурлиги

Қозоғистон қонунларига ҳужумлар Россия империал психозининг яна бир кўриниши, дейди олмаоталик сиёсатшунос Дос Кошим.

«Россия ҳали ҳам ўзини қудратли давлат, бизни эса ўзининг мустамлкаси деб билади», дейди у. «Мустақил давлатнинг тил сиёсатига аралашув Россиянинг сиёсий такаббурлигидан.»

«Бундай баёнотлар одатда урушдан аввал қилинади», дейди Кошим. «Бир иттифоқ –Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо эканлигимизга қарамай, баъзида Россия қандайдир амалий ҳаракат, иқтисодий санкция жорий қилиши, ҳатто ҳарбий ҳаракатни амалга оширишидан хавотирдаман.»

«Биз Россиянинг ички ишларига аралаша олмаймиз, Россия ҳам бизнинг ички ишларимизга аралаша олмайди», деб айтган олмаоталик лойиҳа раҳбари Магжан Сулейменов.

«Россиянинг жорий ҳукумати ўз фуқаролари орасида обрўсини йўқотаётгани сабабли, вазиятни тўғирлаш учун империал сиёсатни қайта тирилтирмоқда деб ўйлайман», дейди у.

«Агар русийзабонлар ўз тилида гапиргани учун калтакланганида ёки Россия Федерацияси фуқароларига қозоқ тилини ўрганиш мажбурланганида Давлат Думасининг хавотирини тушунган бўлар эдим», дейди Сулейменов. «Бундай бўлаётгани йўқ. Россия Давлат Думаси депутатлари жиннилик қиляптилар.»

Қозоғистоннинг ички ишларига бурун суққандан кўра, Россия депутатлари ўзларида етарли бўлган муаммоларини ҳал қилишлари керак, деб айтган у Россияга қарши Ғарб санкцияларини, россиялик ёшлар орасида сиёсий мухолифатнинг кучайиб бораётгани ва сўз эркинлиги йўқлигини назарда тутиб.

Қозоқлар учун икки тилдан фойдаланиш муаммо бўлмаган.

Сулейменовга кўра, у қозоқзабон оилада ўсиб катта бўлган ва русийзабон мактабда таҳсил олган.

«Менда ҳеч қачон муаммо ёки диссонанс бўлмаган», дейди у. «Уйда ўз она тилимда, мактабда эса рус тилида сўзлашганман.»

«Ҳозир эса ишхонада рус тилида, кўча-кўйда эса қозоқ тилида гаплашаман. Дўкон ходими рус тилида мурожаат қилса, тинчгина рус тилига ўтаман», дейди у. «Бу мени умуман ташвишлантирмайди.»

Тил даъволари ҳудудий даъволар ортидан янграган

Москвада беш йилдан кўпроқ яшаган семипалатинсклик (Семей) Арайлим Ибраевага кўра, хорижий Давлат думаси суверенитет, этика ва умуман соғлом фикрни ҳурмат қилган ҳолда Қозоғистон ва умуман бошқа мамлакатларнинг тил масаласини муҳокама қилмаслиги керак.

Аммо сўнгги йилларда Кремлнинг қўшниларига нисбатан сиёсати, рус тилининг қўлланилиши ва сақланишига жуда эътиборли экани ҳисобга олинса, депутатларнинг Қозоғистондаги бу масалани муҳокама қилмаслиги ғалати бўлар эди, дейди у.

«Россия қандай салмоқли позицияни эгаллашини тасаввур қила олмайман», дейди Ибраева. «Фақат ўша кремлпараст масхарабозлар Қозоғистонга шимолдаги акасидан берилган совға ҳақида яна гапира бошлаши мумкин. Россия бундан ортиғига қодир эмас».

Сўнгги йилларда кремлпараст сиёсатчилар ва журналистларнинг бир қатор ҳудудий даъволари Қозоғистонда хавотир ва норозилик келтириб чиқарган.

Масалан, 2020 йилнинг 10 декабр куни Россия давлат думасининг таълим ва фан бўйича қўмитаси раиси Вячеслав Никонов «Биринчи» давлат телеканалида чиқиш қилар экан, Қозоғистон суверенитетига бевосита дахл қилувчи сўзларни айтган.

«Қозоғистон мавжуд эмас эди. Шимолий Қозоғистонда (руслар келгунига қадар) одамлар яшамаган. Қозоғистон ҳудуди – Россия ва Совет Иттифоқининг улкан совғасидир», деб айтган Никонов ўзи бошловчилик қиладиган «Большая Игра» (Катта ўйин) телешоусида.

«Биринчи канал» кўрсатуви ортидан Россия Федерациясининг муваққат ишончли вакили Александр Комаров 2020 йил 12 декабр куни Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган.

Учрашув давомида Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Марат Сиздиков «вазирликнинг Никонов баёноти юзасидан таажжубда эканини» билдирган.

Сиздиков ушбу баёнот муносабати билан Комаровга Қозоғистон ҳукуматининг позицияси билдирилган нотани топширган.

Вазирлик баёнотида айрим рус сиёсатчиларининг Қозоғистонга нисбатан тез-тез провокацион ҳужумлари давлатлар ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларига жиддий зарар етказаётгани қайд этилган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бутун илғор ҳамжамият, МО Россия, энг аввало, Россия ҳудудидан ташқарида бўлган барчага нисбатан шовинизм ва тажовузкорлик эканлигини аниқ тушуниши керак! АҚШга кўпроқ эътибор қаратган маъқул! Ҳукумат тепасида муддатига нолга тенглаштирилган безори ўтирар экан, бу яхшиликка олиб келмайди! Путин - бу глобал ёвузлик, доимий шантаж ва шовинизм!

Жавоб бериш

Тайга иттифоқидан кетиш вақти келди

Жавоб бериш