Карвонсарой
Сиёсат

Россиялик депутатларнинг ахлоқ кодекси Марказий Осиёда истеҳзо билан қарши олинди

Канат Алтинбаев

Мосвалик полициячи Россия давлат думаси ва Устунли зал биноси ташқарисида патрул назорати олиб бормоқда, 8 апрел. [Наталья Колесникова/AFP]

Мосвалик полициячи Россия давлат думаси ва Устунли зал биноси ташқарисида патрул назорати олиб бормоқда, 8 апрел. [Наталья Колесникова/AFP]

ОЛМАОТА – Марказий Осиёдаги кузатувчилар яқинда тақдим қилинган Россия парламенти аъзоларининг хулқ-атвор кодексини уларнинг ақлий ва маънавий таназзулга учраганининг далолати сифатида баҳоламоқда.

Ҳукмрон «Ягона Россия» сиёсий партияси Давлат думаси депутатлари учун ахлоқ кодекси лойиҳасини ишлаб чиқди, деб хабар берган Россиянинг РБК ахборот агентлиги декабр ойи охирида. Ҳужжат аллақачон депутатлар орасида тарқатилган.

Кодекс жуда содда ва тушунарли тилда ифодаланган 11 та асосий банддан иборат бўлиб, парламент аъзоларининг масъулиятсиз хатти-ҳаракатлари оқибатларини акс эттиради.

Ҳужжатда «Ягона Россия» депутатлари учун «ҳаракат, сўз ёки матн билан партиянинг қонун билан белгиланган ахлоқий меъёрларини бузмаслик» ва «ўз позицияси ва баёнотларини партиянинг асосий низоми қадриятлари, дастурий кўрсатмалари ва асосий қонунчилиги билан боғлаш» каби элементар қоидалар белгиланган».

2020 йил 10 декабрда Россия давлат думасининг Таълим ва фан қўмитаси раиси Вячеслав Никонов Қозоғистон ҳудудини «Россиянинг катта совғаси» деб атаган «Большая игра» телекўрсатувидан олинган кадр. [Файл]

2020 йил 10 декабрда Россия давлат думасининг Таълим ва фан қўмитаси раиси Вячеслав Никонов Қозоғистон ҳудудини «Россиянинг катта совғаси» деб атаган «Большая игра» телекўрсатувидан олинган кадр. [Файл]

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, табиий равишда савол туғилади: бундай асосий партиявий меъёрларга амал қилмас экан, улар парламентда нима қилишмоқда?

Аммо кейинги йўриқлар муаммонинг чуқурроқ эканлигини кўрсатади.

Кодекс «Ягона Россия» депутатларини кейинчалик аҳмоқона кўринмаслик ва кечирим сўрашга мажбур бўлмаслик учун ижтимоий тармоқлар ёки оммавий ахборот воситаларида «биринчи бўлиш» мақсади билан гапирмасликка чақиради. Ҳужжатда ўтмишдаги воқеаларга оид турли вариантларни келтирилган: «Мен адашдим, алданиб қолдим, шунчаки «тўлқинда бўлишга ҳаракат қилдим» ва ҳоказо».

Ҳужжат, агар фикр-мулоҳазалар Россиянинг расмий позициясига зид бўлса, халқаро масалалар ёки бошқа мамлакатлардаги ҳарбий ёҳуд ички можароларни шарҳламасликни «қатъиян тавсия қилади». Депутатларга партия кўрсатмаларига амал қилиш ёки Россия ташқи ишлар вазирлигининг расмий позициясини кутиш тайинланган.

Кодексда депутатларнинг ўзлари тушунмайдиган долзарб муаммоларни муҳокама қилиш одати танқид остига олинган. Уларга биринчи навбатда мутахассислар билан маслаҳатлашиш тавсия этилади.

Айрим бандлар ҳам кулгили, ҳам ачинарли – россиялик сайловчилар ва солиқ тўловчилар кўз ўнгида ҳукмрон партия депутатларининг нопрофессионаллигини ошкор қилади.

Масалан, бандларнинг бирида «руҳан ва жисмонан ожиз ҳолатингизда ижтимоий тармоқларда умуман ёзманг», дейилган.

Яна бирида: «Тил одобларига риоя қилинг. Икки хил талқин қилиниши мумкин бўлган ёки рақибларга троллинг учун йўл очадиган беҳаё сўзлар ва лаҳжаларни ишлатманг», дейилади.

Шунингдек, кодексда Ягона Россия депутатларининг муваффақияти ва бойлиги билан мақтаниш одатларига жавобан жорий қилинган банд ҳам бор, уларнинг бундай ҳаракатлари қашшоқ омманинг ғазабини келтиради.

«Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларингизда сизни «имтиёзли табақа» аъзоси қилиб кўрсатадиган – ҳашаматли буюмлар, экзотик саёҳатлар ва ресторанларнинг суратини жойлашманг», дейилади кодексда.

Ҳужжат депутатларга уларнинг хатти-ҳаракатлари ҳукмрон партия ва умуман «бутун ҳокимият» нуфузининг пасайишига олиб келишини эслатиш билан якунланади.

«Бундай қилманг!»

Шунингдек кодексда «Бундай қилманг!» деб номланган бўлим ҳам бор.

Ҳаётдан олинган ҳолатлар орасига «Ягона Россия» депутатларининг халқаро шов-шувга сабаб бўлган ғазаблантирувчи баёнотлари киради.

Жумладан, 2022 йил январ ойида «Ягона Россия» партиясидан депутат Султон Ҳамзаев ижтимоий тармоқларда «Марказий Осиё – Россия замини!» деб ёзган ва Қозоғистонда республикани Россияга қўшиб олиш бўйича референдум ўтказишни таклиф қилган эди.

Кодексда шунингжек, партиянинг бошқа бир аъзоси Олег Матвейчев билан боғлиқ ҳолат ҳам келтирилган бўлиб, у 2022 йил январда Қозоғистондаги оммавий тартибсизликлар пайтида намойишчиларни Олмаотадаги уяли телефон дўконлари эгаларига қарши зўравонликка ундаган.

Матвейчев айрим уяли алоқа салонлари эгалари Фейсбукда собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг бошқарув тизимидан чиқиш тарафдори бўлганидан ғазабланган. Кейинчалик Матвейчев постни ўчириб ташлаб, узр сўраган.

Ўтган йил июн ойида ҳатто Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам россиялик депутатларнинг ноўрин гап-сўзлари нишонига айланган эди.

Тўқаев 17 июн куни россиялик ҳамкасби Владимир Путин ҳам иштирок этган Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида журналистларга Қозоғистон Украина шарқида ўзини мустақил деб эълон қилган, Россия қўлловидаги иккита республика – «Донецк халқ республикаси» (ДХР) ва «Луганск халқ республикаси»ни (ЛПР) ҳеч қачон тан олмаслигини айтди.

Бир кун ўтиб, Давлат думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Константин Затулин Тўқаевнинг сўзларини «унинг ёнидаги президентга [Путин] қарши чиқиш» деб атади.

«Улар [қозоқлар] асосан руслар истиқомат қиладиган бир қатор вилоят ва шаҳарларнинг Қозоғистон деб аталган ҳудудга умуман алоқаси йўлигини жуда яхши билишади», деган эди у ўтмишда россиялик сиёсатчилар тарафидан тарихан Россияга тегишли экани даъво қилинган Шимолий Қозоғистон вилоятига ишора қилиб.

Агар иттифоқчилар Россия билан «дўст, ҳамкор ва шерик» бўлса, улар «ҳудудий муаммоларга дуч келишмайди», деб қўшимча қилган у.

«Агар ундай бўлмаса, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Худди Украинадаги каби.»

Қозоғистон россиялик сиёсат арбобларининг агрессив риторикасига учраган ягона давлат эмас.

Масалан, ноябр ойи охирида Давлат думаси депутати Светлана Журова Украинадаги уруш баҳонасида Бишкекнинг тўрт тумани номини русчадан қирғизчага ўзгартириш ташаббуси учун Қирғизистон парламенти спикери Нурланбек Шакиевга таҳдид қилган эди.

Шакиев ўз таклифини тарихда рус тили ҳукмрон бўлган шароитда қирғиз тили яхши ривожланмагани билан изоҳлаган.

«Украинада ҳам ҳаммаси шундай бошланди», деган эди Журова «Москвадан гапирамиз» радиостанциясига берган интервьюсида украин тилини ҳимоя қилиш ва аста-секин рус тилидан узоқлашиш чораларига ишора қилиб.

У кўча номларининг ўзгартирилиши Қирғизистонда яшовчи «русларнинг ҳуқуқларини поймол қилишини» айтган.

Қирғизистон жамоатчилиги хорижий давлат мулозими уларнинг ички ишларига аралашиб, мамлакат суверенитетини шубҳа остига қўйганидан ғазабга тушган.

Қирғизистон парламенти депутати Дастан Бекешев ўзининг Телеграм каналида Бишкек туманлари номини ўзгартиришга шаҳар ҳокимияти ва фуқаролар масъул экани, уларга хорижликларнинг рухсати керак эмаслигини таъкидлади.

«Давлат думасидаги муҳтарам ҳамкасбларим бевосита ўз сайловчиларининг муаммоларини ҳал қилиш билан шуғулланишса яхши бўларди», деб қўшимча қилган у.

Масхарабозлар каби

«Ягона Россия»нинг янги ахлоқ кодекси Марказий Осиё жамоатчилигида асосан кинояли муносабат келтириб чиқарди.

«Россия ҳукумати олий мансабдор шахсларга мактабдаги безориларга бўлгани каби оддий ахлоқ қоидаларини ўргатувчи бундай кодексни ишлаб чиқишга мажбур бўлгани шармандали», дейди Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон Миллий университети талабаси Нурлан Асилхонов.

«Единая Россия депутатларига ноадекват ҳолатда ижтимоий тармоқларда ёзишни тақиқлаганини қандай тушуниш мумкин? Нима, улар гиёҳвандми?» деди у.

Хулқ-атвор кодексини ишлаб чиқиш ташаббуси ғалати кўринса-да, бунинг ажабланарли жойи йўқ – россиялик депутатлар «бундай бемаъниликка» ўзлари сабаб бўлишган, дейди Олмаотанинг «Деловая неделя» нашри мухбири Жилдиз Алиева.

«Улар бошқа давлатларга нисбатан баландпарвоз, агрессив ва номақбул баёнотлар билан чиқишди ва бу кўп ҳолларда халқаро можароларни келтириб чиқарди», деди у. «Улар мансабдор шахс сифатида ўзларини мутлақо масъулиятсиз... масхарабозлар каби тутдилар.»

Ҳукмрон партия депутатларининг бундай номуносиб хатти-ҳаракатлари Путин режимининг маънавий таназзулини акс эттиради, деб қўшимча қилди у.

Олмаотадаги «Драккар» нашриёти матбуот котиби Санжар Искандеровнинг айтишича, россиялик депутатларнинг ахлоқ кодекси Россиянинг пасайиб бораётган халқаро имиджини тиклашга уринишдир – Давлат думаси аъзолари Марказий Осиё мамлакатларига хуружлари билан бу тенденцияни янада кучайтирмоқда.

«Бугунги кунда Россиянинг дўстлари кам қолган. Аслида уларни қадрлаш керак, аммо россиялик депутатлар уларнинг сонини камайтиришга ҳаракат қилаётгандек.»

«Ҳукмрон партия раҳбарияти вазиятни ўнгламоқчига ўхшайди, аммо кодекс бунга ёрдам бера олмаса керак», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия думаси депутатларининг кодекси??? У ерда фақат империалистик амбицияларга эга шовинистлар ўтирибди! Қўполлик ва ахмоқлик бу чала империалистларга хос хусусият!!!

Жавоб бериш

Бутун дунё уларнинг устидан куляпти

Жавоб бериш