Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Электрон чақирув қоғозлари ва ёпиқ чегаралар: Россия ўз фуқароларини ҳарбий «крепостнойларга» айлантирмоқда

Олга Чепил

Россия фуқароларига паспорт олиш учун онлайн ариза бериш каби хизматларни тақдим қилувчи «Госуслуги» («Давлат хизматлари») иловаси ва веб-сайтининг расмлари. Эндиликда ушбу хизмат электрон чақирув қоғозларини юборишда қўлланиши мумкин. Кремлнинг Украинага ҳужум бошлаганига бир йилдан ошар экан, 14 апрел куни Россия президенти Владимир Путин россияликларни армияга сафарбар этишни сезиларли даражада осонлаштирувчи рақамли лойиҳа тизимини яратиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади. Қонун лойиҳаси ҳарбий хизматдан қочишга уринаётган фуқароларга нисбатан кескин чораларни кўзда тутади. Қонун ҳужжати ҳукуматнинг расмий ахборот порталида эълон қилинган, деб хабар бермоқда Россия ахборот агентликлари. [AFP]

КИЕВ – Россия ҳукумати келгуси сафарбарликларга тайёрланиш мақсадида ҳарбий хизматга чақирувга оид қонунларни кучайтириши ортидан электрон повесткаларни синовдан ўтказа бошлаган.

Украинага босқинда улкан талафотларга учраётган Россия армияси қўшимча кучга муҳтож бўлиб турибди.

Санкт-Петербург мудофаа идоралари Россияда баҳорги муддатли ҳарбий хизматга чақирув доирасида тест режимида электрон повесткалар юборишни бошлади, деб хабар беради «Украинска правда» пайшанба (20 апрел) куни.

Аввалроқ, 14 апрел куни Россия президенти Владимир Путин чақирув қоғозларини интернет орқали тақдим этишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини имзолаган эди.

Москвада россияликлар аскар ва «Россия қаҳрамонларига шон-шарафлар» шиори акс этган реклама баннери ёнидан ўтиб кетаётган машиналар, 28 сентябр. [Александр Неменов/AFP]

Москвада россияликлар аскар ва «Россия қаҳрамонларига шон-шарафлар» шиори акс этган реклама баннери ёнидан ўтиб кетаётган машиналар, 28 сентябр. [Александр Неменов/AFP]

27 сентябр куни Москвадаги чақирув пунктида турган одамлар. [Александр Неменов/AFP]

27 сентябр куни Москвадаги чақирув пунктида турган одамлар. [Александр Неменов/AFP]

Илгари Россияда 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган эркаклар учун чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга жалб қилишнинг ягона қонуний усули – қўлдан-қўлга топшириладиган чақирув қоғозлари эди.

Янги қонунга кўра, энди Россияда «Госуслуги» давлат хизматлари сайтидаги ҳисобига билдиришнома келган шахс қонуний равишда ҳарбий хизматга чақирилган деб ҳисобланади.

Қонун ҳарбий хизматга мажбур фуқаролар шахсий маълумотларининг электрон реестрини яратишни кўзда тутади, у чақирилувчиларнинг очиқ рўйхатини ўз ичига олади.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, 11 апрел куни Россия Думаси янги тузатишларни бир овоздан маъқуллаган, жараённинг ўзи эса шошилинч тарзда ўтказилган.

Депутатларнинг аксарияти қонун мазмуни билан овоз беришдан бироз аввал танишган, деди киевлик ҳуқуқ фаоли, Украина фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро лигаси раҳбари Эдуард Багиров.

«Давлат Думаси депутатларининг 90 фоизи ушбу тузатишлар тўпламини овоз беришдан икки соат аввал олди, аслида улар буни камида икки ёки уч ой кўриб чиқишлари керак», деди у Карвонсаройга.

«Бу Россия қонунчилик тарихидаги мисли кўрилмаган қонун лойиҳаси, чунки у кўриб чиқилмаган, ўрганилмаган ва ратификация қилинмаган. Тўғрироғи, у бошга ёққан қор каби юқоридан тушган».

«Туйнукларни» ёпиш

Багировга кўра, ўзгартиришлар кўплаб федерал қонунларга тааллуқли бўлади ва Россияда инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузувчи янги ҳарбий хизматга чақирув тизимини яратади.

«Инсон ҳуқуқлари нуқтайи назаридан, бу ҳолат Россияни моҳиятан крепостной давлатга айлантирмоқда. Бу Россияда 19-аср охиригача амалда бўлган асосларга қайтиш... энди руслар Россия мудофаа вазирлигининг крепостнойларига айланади», деди у.

«Илгари ҳарбий комиссариатдан жисмонан повестка олмаган ва унга имзо чекмаган бўлсангиз, сафарбарликдан қутулиб қолишингиз мумкин эди. Энди бу туйнук ёпилмоқда», дейди Украина қуролли кучлари бош штабининг собиқ матбуот котиби, ҳарбий мухбир Владислав Селезнев Карвонсарой билан суҳбатда.

Ўтган йил ҳолатига кўра, ушбу порталда деярли 100 миллион россиялик – мамлакатнинг деярли барча катта ёшли аҳолиси рўйхатдан ўтган.

«Бу россияликларнинг сафарбарликдан қочиб қутулишига имкон бермайдиган шароитларни яратади... Улар Россия ҳарбий тизими олдида тиз чўкишга – қўпол қилиб айтганда, тўп еми сифатида фронтга кетишга мажбур бўладилар», дейди Селезнев.

Янги чора Россиянинг йирик шаҳарларида яшовчи ҳарбий хизматдан қочишга уринаётган шахсларга қарши қаратилган бўлиб, ундан мақсад – эҳтимолий норозиликларнинг олдини олишдир.

«Улар смартфон ишлатадиганлар орасидан имкон қадар кўпроқ эркакларни қамраб олишга уринмоқда. Бу илғор, ёш, айниқса катта шаҳарлардаги аҳоли», дейди Украина келажак институти таҳлилчиси, Украина хавфсизлик хизматининг (СБУ) собиқ ходими Иван Ступак Карвонсаройга.

«Сарф материали»

Электрон чақирув қоғози юборилганидан сўнг ҳарбий комиссариатга бормаганларга автомобил ҳайдаш, компанияни рўйхатдан ўтказиш, ўзини иш билан таъминлаш, кредит ёки ссуда олиш, мулк харид қилиш ёки сотиш ёхуд ижтимоий нафақалар олиш тақиқланиши мумкин.

Янги қонун, шунингдек, ҳарбий хизматни ўтаган шахсларга «военкомат»га бормагунича мамлакатдан чиқишни ҳам тақиқлайди.

«Ҳарбий комиссариатга келмаганларни жиноий жавобгарлик билан қўрқитишлари мумкин. Қатъиян урушга боришни истамайдиган эркакларга эса максимал даражада босим ўтказишади, қамоқ жазоси билан таҳдид қилишади», деди Ступак.

«Россияда урушга боришга тайёр одам қолмаган. Одамлар пул учун ҳам боришни истамаяпти. Зеклар қолмаяпти, аскарлар қолмаяпти, шунинг учун ҳукумат одамларни урушга мажбуран жўнатмоқчи», деди у.

Россияда муддатли ҳарбий хизматчилар жанговар ҳудудларга, шу жумладан Украинага юборилмаслиги керак. Бироқ, мажбурий ҳарбий хизматни ўтаётганлар бошлиқлар томонидан уларни фронтга жўнатиш ҳуқуқини берувчи шартномаларни имзолашга мажбурланмоқда.

Ғарб давлатларининг ҳисоб-китобларига кўра, ўлдирилган ёки яраланган россиялик аскарлар сони 200 мингга яқинлашган.

«Путин ва унинг генераллари учун одамлар шунчаки сарф материаллари», дейди ҳарбий таҳлилчи Селезнев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Крепостной ҳуқуқ россияликлар учун таниш муҳит.

Жавоб бериш

Улар қулликка ўрганиб қолишган.

Жавоб бериш