Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Таслим бўлишни истаб Украинага мурожаат қилаётган россиялик аскарлар сони ошиб бормоқда

Ольга Чепил

Таслим бўлган россиялик аскарларнинг умумий ётоқхонасидаги кроватлар, Украина. 28 март куни лагердаги кузатув миссияси маҳбуслар билан муомала қилишда халқаро стандартларга риоя қилинаётганини текширди, деди Украина омбудсмани Дмитри Лубинец. [Дмитрий Лубинец Телеграм канали]

Таслим бўлган россиялик аскарларнинг умумий ётоқхонасидаги кроватлар, Украина. 28 март куни лагердаги кузатув миссияси маҳбуслар билан муомала қилишда халқаро стандартларга риоя қилинаётганини текширди, деди Украина омбудсмани Дмитри Лубинец. [Дмитрий Лубинец Телеграм канали]

КИЕВ – Таслим бўлишни истаган Россия аскарлари учун мўлжалланган веб-сайтда сўнгги етти ой ичида 15 миллиондан ортиқ ташрифчи қайд этилган, дейди Украина расмийлари.

2022 йилнинг февралида Украинага бостириб кирган Россия ўзидан анча кичик қўшнисини мағлуб этишга қодир бўла олмади.

Украинанинг ҳарбий асирлар билан муомала қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи штабига (КШВОВ) қарашли «Мен яшашни истайман» веб-сайтига ташкил этилганидан буён жуда кўп одам ташриф буюрди. Бу ҳақда Карвонсаройга ташкилот ходимлари маълум қилишган.

Таҳлилчиларга кўра, бу тенденция катта эҳтимол билан давом этади, зеро фронтга жўнатилаётган россияликлар орасида ихтиёрий таслим бўлишни энг яхши йўл деб ҳисоблайдиганлар кўпаймоқда.

Украина омбудсмени Дмитрий Лубинец 28 март куни россиялик ҳарбий асирлар сақланаётган лагерларининг бирида мониторинг миссиясини ўтказди. [Дмитрий Лубинец Телеграм канали]

Украина омбудсмени Дмитрий Лубинец 28 март куни россиялик ҳарбий асирлар сақланаётган лагерларининг бирида мониторинг миссиясини ўтказди. [Дмитрий Лубинец Телеграм канали]

Бахмут теварагида бир неча ой давом этган жанглар эса чорасизликдаги «инсон тўлқини» ҳужумлари муқаррар ўлимга тенг эканини исботлаган.

Бу орада «Мен яшашни истайман» ишонч телефонига Россия ичкарисидан ёки Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан Россия режими учун ўлишни истамаётган ва таслим бўлишни хоҳлаётганлардан кунига ўртача 80 га яқин қўнғироқлар келиб тушмоқда.

«Сайтни 2022 йил 18 сентябрда, [Россия президенти Владимир] Путиннинг сафарбарлик эълон қилишидан бир неча кун олдин ишга туширганмиз», дейди «Мен яшашни истайман» лойиҳасининг матбуот котиби Виталий Матвиенко Карвонсаройга.

«Ўшандан бери бизга келиб тушаётган қўнғироқлар ва хабарлар сони кун сайин кўпаймоқда», деди КШВОВ штабида ишлаётган Матвиенко.

Дастлаб Украина миллий полицияси ихтиёрида бўлган ишонч телефони кейинчалик КШВОВга ўтказилган.

Ҳозирда «Мен яшашни истайман» марказида қўнғироқларини қабул қиладиган ва бир нечта мессенжерлардан келган хабарларни қайта ишлайдиган операторлар кечаю кундуз ишламоқда.

«Бизга аллақачон 12 мингта сўров келиб тушди, яъни булар биз билан турли каналлар орқали боғланган ва ҳақиқатдан ҳам таслим бўлишни хоҳлаган одамлардир», деди Матвиенко.

«Улар ҳали таслим бўлгани йўқ, лекин ўз ниятида қатъий, зеро улар қандай мамлакатда яшаётганликларини тушунадилар», деди у.

«Илтимос, мени бу ердан олиб кетинг»

Матвиенконинг сўзларига кўра, аскарлардан ташқари, тез орада ҳарбий хизматга чақирилишдан қўрқаётган фуқаролардан ҳам кўплаб қўнғироқлар олинмоқда.

Қўнғироқлар асосан Москва ва Ленинград вилоятларидан, шунингдек, Челябинск, Новгород ҳамда босиб олинган Донецк, Луганск ва Қримдан келиб тушмоқда.

«Улар биздан асирлар қандай шароитларда сақланиши ҳақида сўрашади», деди Матвиенко марказ ходимлари баъзида йиғи аралаш гапираётган россияликларга телефон орқали тасалли беришини таъкидлаб.

«Бир сафар 30-35 ёшлардаги йигит қўнғироқ қилди», деди у. «У ҳали хизматга чақирилмаган эди, лекин аввал ҳарбий хизматни ўтаганини ва исталган кун чақиришлари мумкинлигини айтди. У «илтимос, мени бу ердан олиб кетинг», деб айтган.

«Бизга яхши маълумки, Россияда 20 йиллик ташвиқотдан сўнг у ердаги одамларнинг мияси обдан заҳарланган, аммо танқидий фикрлай оладиган оқил одамлар ҳам йўқ эмас», деди Матвиенко.

«Улар жанг қилмоқчи эмас. Улар таслим бўлиб, ўз ҳаётини сақлаб қолишни истайди», деб қўшимча қилди у. «Бу яхши муқобил йўл.»

«Яшашни истайман» лойиҳаси Россия армияси учун хавф туғдираётганини сезган «Роскомнадзор» цензори Россия ҳудудида сайтни блоклаган.

Огоҳлантирувчи чора ўлароқ, 21 март куни Россия Олий суди ихтиёрий равишда таслим бўлган ҳарбий хизматчилар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлиги ҳақида қарор чиқарди.

Қочиб ўтганлар учун пул мукофотлари

Шу билан бирга, Украина россиялик аскарларни таслим бўлишга ундаш учун янги стратегияларни ишлаб чиқишга ижодкорлик билан ёндашмоқда.

Украина армияси ўзига хос реклама кампанияларини ўйлаб топган, дейди тез-тез фронтда бўлиб турадиган ҳарбий мухбир Константин Мелников.

Жумладан, Украина қўшинлари махсус рисолалар чоп этиб, уларни снарядларга жойлаб, «Град» ракета ташувчиси ёрдамида Россия томонидан босиб олинган ҳудудларга қарата отган.

«Рус тилидаги рисолаларда россияликлар ўз ихтиёри билан таслим бўлиши кераклиги ҳақида ёзилган бўлиб, Россиянинг йўқотишлари бўйича Бош штабнинг аниқ статистик маълумотлари келтирилган», дейди у.

«Уларда таслим бўлишни истаганлар қўнғироқ қилиши мумкин бўлган телефон рақамлари ҳам бор», деб қўшимча қилди у. «Ускуна билан таслим бўлсангиз, қанча пул олишингиз мумкинлигини кўрсатадиган прейскурант ҳам келтирилган.»

Танк билан таслим бўлган ҳарбий хизматчилар 10000 доллар пул олиши мумкин.

Таҳлилчилар Украина Россиядан фарқли ўлароқ, ҳарбий асирлар ҳуқуқларини ҳурмат қилишда Женева конвенцияларига риоя қилишини таъкидлаб, тобора кўпроқ россияликлар таслим бўлишини тахмин қилмоқдалар.

«Ортга қайтишни истамаймиз»

28 март куни россиялик асирлар сақланадиган лагерларнинг биридаги мониторинг миссияси маҳбуслар билан муомала қилишда халқаро стандартларга риоя қилинаётганини тасдиқлади, деди Украина омбудсмани Дмитрий Лубинец.

Ушбу миссияни Лубинец ва унинг ходимлари амалга оширган.

«Биз россиялик ҳарбий асирлар Женева конвенцияси талабларига мувофиқ сақланаётганини қайд этдик», деб ёзган Лубинец ўзининг Телеграм каналида.

«Иншоотлардаги ҳарорат, шароит ва кундалик тартиб конвенциянинг барча талабларига жавоб беради», деб айтган у.

«Ҳарбий маҳбусларнинг даврий қўнғироқлар орқали яқинлари билан алоқага чиқиш, шунингдек ишлаш ҳуқуқи бор», деб қўшимча қилган у. «Улар ҳарбий рационга кўра овқатланади.»

«Асирга олинган россияликлар у ердаги шароитлари хўрлайдиган даражада эмаслигини кўришмоқда», деб айтган ҳуқуқбон ва ижтимоий фаол Татьяна Иванова Карвонсарой нашрига.

«Албатта, у ер дам олиш маскани эмас, аммо ҳамма нарса тартибли», деди Иванова.

«Албатта улар қўриқланади, ва албатта хоналарда жиноятчилардан алоҳида сақланади. Улар жиноят содир этган шахслар билан битта камерага қўйилмайди.»

Айрим ҳарбий маҳбуслар эркинликка чиққанидан кейин Россияга кетмасликка ваъда бермоқда.

«Улар шу ерда қурилишда ишлаймиз, вайрон қилганларимизни тиклаш учун қоламиз, аммо Россияга қайтиб кетмаймиз, дейишяпти.»

«Уларни ватанда нима кутаётганини билганликлари сабаб қайтишни истамайдилар.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Мен эса «руслар таслим бўлишмайди» деб ўйлагандим...

Жавоб бериш

Яшасин Украина!!

Жавоб бериш