КИЕВ – Украинада ҳарбий талафотлари ортиб бораётганидан хавотирга тушган ва қурбонларнинг ҳақиқий сонини яширишга уринаётган Кремл далилларни йўқотиш йўлларини изламоқда, дейди кузатувчилар.
Россия армияси қўллаётган усуллардан бири жасадларни ёқиш бўлиб, айнан шу мақсадда вақтинча босиб олинган ҳудудларга махсус мобил крематорийлар олиб келинган.
Кўчма крематорийлар шаҳар ташқарисида фронт яқинидаги ҳудудда ўрнатилган, бироқ ўткир ва бошқа нарса билан адаштириб бўлмайдиган ҳид ўша ердан ҳам келиб турибди, дейди херсонлик фаоллардан бири Володимир Молчанов.
«Харитага қарасангиз, руслар диққатни жалб қилмаслик учун крематорийни Днепр дарёсининг ўнг қирғоғига, шаҳардан анча узоқда жойлаштирганини кўрасиз. «Бироқ, ҳамма нима бўлаётганидан хабардор ва куйган жасадларнинг ўзига хос ҳидидан шикоят қилмоқда.»
Донецкдаги вазият янада таҳликалироқ, чунки Россия қурбонлари сони анча юқори, дейди кузатувчилар.
«Аввалига руслар жасадларни ўзлари олиб келган кўчма крематорийларда куйдирдилар», дейди Стратегик тадқиқотлар ва хавфсизлик институти директори, киевлик Павло Лисянский. «Аммо уларнинг сиғими жуда кичик. Масалан, бир вақтнинг ўзида 10 та жасадни куйдириб бўлмайди, шунинг учун мобил крематорийлар уларга тўғри келмади».
Украина шарқи, хусусан, Россия армияси томонидан вақтинча ишғол қилинган Донецк ва Луганск вилоятларидаги ҳуқуқ фаоли Лисянскийнинг айтишича, у жасадларни «утилизация» жойларига олиб борган тез ёрдам машиналарининг ҳайдовчилари билан гаплашган.
«Тасаввур қилинг, улар ҳалок бўлган аскарларининг жасадларини Донецкдаги металлургия заводида ёқишган. Бу даҳшат», дейди Лисянский.
Унинг сўзларига кўра, Донецк вилоятида ҳам кўплаб номаълум қабрлар пайдо бўлган, аммо уларда кимлар дафн этилганини ҳатто маҳаллий аҳоли ҳам билмайди.
«Улар айрим жасадларни куйдириб, айримларини номсиз қабрларга дафн қилишяпти», деди Лисянский. «Хусусан, бўлинмалар қўмондонлари жанговар талафотларни яшириш учун шундай қилмоқдалар. Талофатлар қанча кам бўлса, командир шунчалик юқори унвонга эга бўлади».
«Йўқ жасадга иш ҳам очилмайди»
Россия аскарларининг жасадларини куйдириш юқоридан берилган қисқа муддатли буйруқ эмас, балки Россия армиясидаги мавжуд йўриқномадир, дейди Молчанов.
Агар «200-юкни» (аскарлар жасадлари учун ишлатиладиган ҳарбий жаргон) олиб кетадиган машиналар бўлмаса, (масалан, ҳозир Херсонда устидан техника ўта оладиган кўприклар муаммога айланган) улар кўчма крематорийлардан фойдаланади», деди у.
«Кўприклар билан боғлиқ муаммо» украиналиклар уларни юк машиналарини ушлай олмайдиган даражада мўрт бўлиб қолиши учун қайта-қайта ўққа тутгани туфайли юзага келган.
«Улар [Россия армияси] жасадларни кўмиш ўрнига шунчаки ёқиб юбормоқда», деди Молчанов.
Қурбонларни яширишнинг яна бир усули – қўмондонлар «аскар разведкага кетиб, қайтиб келмаган» деган даъвони тасдиқлаш учун орқа сана билан сохта буйруқлар чиқаради, деди Лисянский.
«Жасад бўлмаса, иш ҳам очилмайди», деди у. Шу тариқа қўмондонлар «жангларда бедарак кетган» ҳолатини расмийлаштириши мумкин.
«Бу нега манфаатли бўлишининг сабаблари кўп, лекин асосийларидан бири, албатта, қўшинларнинг руҳий тушкунликка тушмаслиги учун қурбонлар сонини яшириш», деди у. «Агар Украинада қанча россиялик аскар ҳалок бўлаётгани очиқ айтилса, ҳарбий комиссариатларга янги аскарлар тўплаш анча қийин бўлади – одамлар урушга бормай қўядилар.»
Украинада 43 мингга яқин россиялик аскар ҳалок бўлди, деб хабар берган Украина Қуролли кучлари штаби пайшанба (11 август) куни Фейсбукда.
Душанба куни Пентагоннинг юқори мартабали мулозими Украинада уруш бошланган 24 февралдан бери 80 мингга яқин россиялик ҳалок бўлган ёки жароҳатлангани ҳақидаги тахминларни билдирган эди.
«Уруш бошланганидан бери Россия президенти Владимир Путин кўзлаган мақсадлардан бирортасига ҳам эришилмагани ҳисобга олинса, бу йўқотишлар анча салмоқли», деди у журналистларга.
Ўтган ой АҚШ ва Британия разведка хизматлари раҳбарлари урушнинг дастлабки беш ойида камида 15 минг Россия аскари ҳалок бўлганини тахмин қилган эди.
Россия фақат икки марта (охирги бор 25 март куни) қурбонлар сонини расмий равишда эълон қилган бўлиб, уларнинг сони 1351 тани ташкил этган.
Товон пули тўлашдан қочиш
Украина бош вазири ўринбосари, вақтинча босиб олинган ҳудудлардаги реинтеграция масалалари вазири Ирина Верешчукнинг сўзларига кўра, ҳалок бўлган россиялик аскарларни муносиб тарзда дафн қилиш ўрнига, жасадларни шунчаки «утилизация» қилинаётганининг молиявий сабаби ҳам бор.
Россия қўмондонлари аскарларнинг оилаларига товон пули тўламаслик учун шундай қилишяпти, деди у.
«Йўқотишларни яшириш – товон пуллари билан боғлиқ», деди Верешчук 8 июл куни Украина телевидениеси эфирида. «Агар улар жасадни ёқиб юборишса, демак у [расман] ўлдирилмаган, балки «бедарак йўқолган» бўлади. Руслар ҳали ҳам шундай қилишда давом этмоқда, чунки қурбонлар сони кўпаймоқда ва буни яшириш қийинлашмоқда».
Ҳар бир боқувчисини йўқотган оила учун 7 миллион рубл (116 минг доллар) тўланади, Россия қонунчилигига кўра, бу пуллар жангларда ҳалок бўлган аскарнинг оиласига берилиши керак.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Олег Николенко 27 июл куни The Irish Times нашрига берган интервюсида шундай деди: «Улар [руслар] ўз аскарлари ҳақида қайғурмайдилар. Аскар бедарак йўқолган бўлса, жасаднинг йўқлиги пул берилмаслигини англатади».
Одессадаги Шарқий ҳуқуқбон гуруҳ раҳбари, адвокат Вера Ястребова ишғол қилинган ҳудудлардаги аёллар билан ишлайди ва турмуш ўртоғи ёки ўғли Россия армияси олиб кетиладиган бўлса, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатади.
Кўпчилик оналар ва аёллар қариндошларини топа олмаяпти, дейди у.
«Бедарак йўқолганлар кўп. Ўликхоналар тўлиб кетган, аммо жасадлар камдан-кам ҳолатларда берилмоқда», деди Ястребова.
Бедарак йўқолган қариндошлари ҳақида маълумот олишга уринган аёлларни қаттиқ қўрқитиб, омматан норозилик билдирмасликлари учун назоратга олишади, деб айтган у.
«Уларнинг дафн маросимларида ҳам баланд овоз чиқариб бўлмайди. Россия босиб олган Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикасидаги маҳаллий КГБ буни назорат қилади», деб айтган у.
«Дафн маросимида энг кўпи билан ўн киши иштирок этиши мумкин. Ҳаммаси жуда қатъий. Агар бирор аёл эрига ёки ўғлига нима қилгани ҳақида савол беришга ёки аниқлашга уринса, бунга дарров тўсқинлик қилинади», деб айтган Ястребова.
Тўп еми
Россия ўз аскарларини, улар хоҳ тирик, хоҳ ўлик бўлсин, ҳеч қачон ҳурмат қилмаган, дейди украиналик сиёсий таҳлилчи ва тарихчи Олександр Палий.
Бу ўз халқидан тўп еми сифатида фойдаланадиган «буюк» давлатнинг ўзига хос хусусиятидир, деди у.
«Россияликлар Чеченистонда ҳам қурбон берилган аскарларнинг жасадларини йўқ қилишган, ўшанда бу кенг миқёсда ёритилган эди», деди у. «Россияликлар ҳалок бўлган рус аскарларининг мурдаларини вертолётдан дарага ташлаб юборгани ҳақида хабарлар тарқалган. Жасадларни ташишга вақт ва пул тежаш учун шундай қилган бўлишлари мумкин.»
Қурбонлар сони ортар экан, Россия Сурия ва турли Африка мамлакатларидаги жангарилардан фойдалангани каби, Яқин Шарқдаги ёшлар, Марказий Осиёликлар ва Россиянинг чекка ҳудудларидаги этник озчиликлардан тўп еми сифатида фойдаланишда айбланиб келмоқда.
Бу стратегия, айниқса Москва ва Санкт-Петербург каби сиёсий нуфузга эга шаҳарларда Россия қурбонлари сонини камайтириш ва тартибсизликларнинг олдини олишга қаратилган, дейди кузатувчилар.
Кремл қўлловидаги ёлланма жангарилар Москванинг Украинадаги босқинига Марказий Осиё фуқароларини жалб қилишга уринмоқда, деб хабар берган ҳукуматдаги манбалар ва ҳудудий ОАВ.
Улар «алдов билан тузоққа илинтириш» тактикасини қўлламоқда.
Вагнер гуруҳи ёлловчилари интернетда ойига камида 100 минг рубллик (1600 доллардан ортиқ) маош ҳамда сафар харажатлари компенсацияси ҳақидаги иш эълонларидан алдов йўлида фойданмоқда, деб хабар берган суриштирувлар билан шуғулланувчи MediaHub қирғиз ахборот агентлиги.
Иш хусусий қўриқлаш компаниясида экани айтилади – одатда бу қўриқчиликка оид фуқаролик лавозимларидир.
Кўрсатилган телефон рақамига қўнғироқ қилинганида, дастлаб эълон қилинган иш ўринлари тугаганини айтишади. Бунинг ўрнига уларга «мукофот пуллари»дан ташқари ойига 240 минг рубл (3907 доллар) эвазига «Украинадаги махсус операция ҳудудида топшириқларни бажариш» билан боғлиқ иш таклиф қилинади.
Бу каби эълонлар ҳам қирғиз, ҳам ўзбек аудиториясига қаратилган.
Эълонларда жароҳатланиш ёки ўлим ҳолатларида компенсация тўланиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, лекин ишга янги қабул қилинганлар ўзи истаса, уларнинг ўрнига иш ҳақини олиш учун бошқа шахснинг (масалан, қариндошининг) паспорт маълумотларини тақдим этиши мумкин.
Россия доим ўзининг фуқароларини ортда қолдиради ва уларга сотқинлик қилади.
Жавоб беришФикрлар 5
Бу жирканч ифлослар тирик бўлганида ҳеч ким бўлмаган, шунга ҳам «бедарак йўқолган» деб ўлиб кетади, оиласига ҳам бир тийин қолдирмайди.
Жавоб беришФикрлар 5
Нимани кутишган эди? Улуғ ватанлари ҳалол эканми - яна нима.
Жавоб беришФикрлар 5
«Россияликлар аскарларнинг мурдаларини Украинадаги мағлубиятларини яшириш учун ёқишмоқда», оилалар қариндошларининг тақдири ҳақида ҳеч нима билмасликлари даҳшатли. Ахмоқ қариндоши тинч давлатга ҳужум қилишга жўнаб кетган бўлса ҳам, яхши эмас.
Жавоб беришАжаб бўлибди, тинч ҳаёт яшаб ривожланаётган халққа ҳужум қилгани келишган эди.
Жавоб беришФикрлар 5