Карвонсарой
Таҳлил

«Яхшироқ ҳаёт» ваъда қилаётган сафарбарлик рекламаси россиялик эркакларни ўлимга юбормоқда

Тенго Гоготишвили

Украинадаги рус қўшинларининг тактик белгиси бўлган «Z» ҳарфи ва «Нацизмсиз дунё учун» ёзуви акс этган реклама баннери ортидан кўриниб турган Россия ташқи ишлар вазирлиги биноси, Москва маркази, 2022 йил, 13 октябр. [Александр Неменов/AFP]

Украинадаги рус қўшинларининг тактик белгиси бўлган «Z» ҳарфи ва «Нацизмсиз дунё учун» ёзуви акс этган реклама баннери ортидан кўриниб турган Россия ташқи ишлар вазирлиги биноси, Москва маркази, 2022 йил, 13 октябр. [Александр Неменов/AFP]

ТБЛИСИ, Грузия – Омади чопмаган эркакларни Россия армиясида кўнгилли бўлиб қўшилишга ўтишга чақираётган рекламада чуқур маъно бор, дейди таҳлилчилар.

Аниқроқ қилиб айтсак, икки метр чуқурликдаги, лекин бироз торроқ. Бу заминда, бошқача қилиб айтганда ер тагида бу эркаклардан қоладиган нарса шу, холос.

Чорасиз қолган Россия Украинага муваффақиятсиз босқин учун янги тўп еми билан излашда давом этар экан, қурбонлар сони ортиб боряпти.

Албатта, рекламалар ачинарли ҳақиқат ҳақида лом-мим демайди, аксинча ҳарбий хизматнинг афзалликлари, энг муҳими, уларнинг молиявий шартлари таъкидланади.

Сафарбарлик пунктида навбат кутаётган эркаклар, Россия ишғол қилган Украинанинг Донецк шаҳри, 2022 йил, феврал. [AFP]

Сафарбарлик пунктида навбат кутаётган эркаклар, Россия ишғол қилган Украинанинг Донецк шаҳри, 2022 йил, феврал. [AFP]

Совет даври етакчиси Иосиф Сталиннинг 137 йиллигига бағишланган маросимда намойишчилар «Она ватан чақирмоқда» деган плакат ва Сталиннинг суратини кўтариб кетишмоқда, Гори, Грузия, 2016 йил, 21 декабр. [Вано Шламов/AFP]

Совет даври етакчиси Иосиф Сталиннинг 137 йиллигига бағишланган маросимда намойишчилар «Она ватан чақирмоқда» деган плакат ва Сталиннинг суратини кўтариб кетишмоқда, Гори, Грузия, 2016 йил, 21 декабр. [Вано Шламов/AFP]

«Кремл ўлими мамлакатга ҳеч қандай таъсир қилмайдиган эркакларни урушга жалб қилишга уриняпти», дейди дезинформацияга қарши курашувчи «Stratcom Georgia» нодавлат ташкилотининг асосчиси, тбилисилик Георгий Молодини интернетга чиққан кўнгиллилар ҳақидаги видеоларни томоша қилиб.

«Булар қуйи ижтимоий табақага мансуб эркаклар. Бу видеоларни юзаки таҳлил қилиб чиқсангиз ҳам, ташвиқотчиларнинг мақсадини кўришингиз мумкин: 20-50 ёшлар орасидаги пулдан қийналган, оиласи ва ишида мушкул вазиятга тушган ва иложсиз қолган эркакларни топиш», дейди у.

Интернетда Россия армияси сафига қўшилиш жозибаси ҳақида 10 тача видео бор.

Рекламаларнинг саёз ишлангани ҳисобга олинса, россиялик реклама ишлаб чиқарквчилар професионаллик томонидан жуда паст кетишган ёки бунинг акси, улар ўзининг мақсадли аудиториясини яхши билади ва уни нишонга олган: бутун кампания фақат пул ҳақида. Агар армияга қўшилсангиз, мисли кўрилмаган катта пул ишлаб топасиз.

«Ҳақиқий эркак» мақоми

Видеоларнинг биридаги Саша барча маънода омадсиз мултипликацион қаҳрамон. Унинг Петя исмли дўсти бор. Петя ақллироқ. Рекламага кўра, у «шафқатсиз ҳаёт чангалидан чиқиб, ўз ҳаётини ўзгартиради. Петя армияга кетади».

Саша унга қулоқ солади ва «у хаёлига келмаган миқдорда пул ишлаб топади, энди унинг янги карьераси, янги дўстлари, ҳаёт поғоналаридан кўтарилиш учун имкониятлари, тиббий имтиёзлари бор. Шунингдек, унда ветеран мақоми ва у билан бирга келадиган ҳурмат-иззат бор», дейилади видеода.

Шўрпешонанинг ўзгариши хақидаги таъсирли воқеа асосий хабар билан якунланади: «Саша ҳақиқий эркак!»

Кейин эса Гриша, уни қўлларини синдириш билан таҳдид қилган коллекторлар излаб юришибди, аммо улардан бир парча қоғоз: армия шартномаси билан қутулиш мумкин.

Бу видео қулоғигача қарзга ботганларни нишонга олади. Улар янги қонунга кўра, Россия армияси билан шартнома имзолаган хар қандай киши кредит таътилини олиши айтилмоқда.

«Армияга қўшилсангиз, қарзлар гирдобидан аниқ қутуласиз», дейилади рекламада.

Бошқача айтганда, тажовузкорлик урушида ҳаётингизни хавф остига қўяр экансиз, ҳеч ким қарзингиз ёки фоизини талаб қилиб келмайди.

Омон қолсангиз, қарзни тўлашингизга тўғри келиши шама қилинган. Ўлсангиз, қарзларингиз оила аъзоларингизга қолади, аммо улар қарзни тўлаш учун каттагина товон пули олишади.

Камида битта видеода бойликдан кўра инсоний қадриятларга кўпроқ эътибор қаратилган.

Бу рекламада, ёш банк ходими сентябрда Россия президенти Владимир Путин буйруқ берган сафарбарликдан Грузияга қочиб кетади. Унинг доно қўшнилари эса «ёш болалар қочиб кетишди, аммо ҳақиқий эркаклар қолди», деб айтишади.

Бу ердаги маъно шуки, «ҳақиқий эркаклар» урушдан қочмайди. Улар масофадан ишлаш учун Грузия, Қозоғистон ёки Монголияга кўчиб кетишмайди. Келажакда она ватани уларни кўкрак нишонлари, шунингдек «махсус ҳарбий операция» ҳақида бутун умрга татигулик хотиралар олишлари учун жангга юборади.

Бу урушда омон қолишни кутмаётганлар эса, агар давлат уларни «бедарак йўқолган» деб эмас, балки уларнинг ўлганини тан олса, оила аъзоларига оқ Лада берилишидан кўнгиллари ҳотиржам бўлиши мумкин.

Россия ва Совет ташвиқоти

Россия ташвиқоти доим ҳам бундай содда бўлмаган.

Совет режими остида яшаганлар унинг ташвиқот машинаси, айниқса армиясини улуғлаганлигининг кўлами ва қудратини эслашади.

Масалан, Иккинчи жаҳон уруши давридаги машҳур «Она ватан чақирмоқда» деган плакат ҳали хам ватанпарварларни жунбушга келтиради.

Собиқ Совет ҳудудида яшовчиларнинг кўпчилиги уни чизган рассом, грузиялик Иракли Тоидзе (1902-1985) ҳақида эшитишган.

Унинг жияни Коммуникация ресурслари маркази нодавлат ташкилоти раҳбари Давид Амиреджиби Карвонсарой сўровига кўра бу рекламаларни кўриб чиқди. Кампаниянинг умумий кайфияти уни ажаблантирмади.

«Россия ва бошқа собиқ республиклардаги Совет иттифоқи даври элитаси йўқ бўлмас экан, у ҳам парчаланмайди», деб айтган у.

Видеорекламаларнинг хеч бирида уларга ким буюртма бергани хақида ҳеч қандай маълумот йўқ, аммо ўз томошабинларини ўлимга чақираётган реклама ортида Россия ҳукумати турганини тасаввур қилиш қийин эмас, дейди у.

«Россиянинг замонавий уруш ташвиқоти ўз халқига нисбатан беадаблиги билан ажралиб туради», дейди профессионал психолог Америджиби.

«Бундай реклама асосий мақсад Совет даври элитасини қутқариш бўлган урушда қурбон бўлишларига олиб келади. Бу золим империяни қайта тиклашга ҳаракат.»

Аудиторияга мос реклама

Рекламанинг жўнлиги кўп нарсадан дарак беради, деди Молодини.

«Бунлай рекламаларнинг аудиториясига креативлик керак эмас», деди у. «Асослар келтириш ёки ижтимоий психологияга чуқур киришнинг ҳожати йўқ. Ҳаммаси оддий: тирик қолсанг, пул ва обрўга эга бўласан.»

«Бошқа тарафдан, яхши реклама учун вақт ва пул керак,» дейди у. «Украинанинг ҳарбий ютуқлари бу устунликни Россиядан тортиб олмоқда».

Рекламага кўра, кўнгилли хизмат контракти ўз фикрини дадил ифодалаш ёки қалбдаги кечинмаларни тўкиб солиш имконини беради.

«Сергеич, мен сенга бир нарсани анчадан бери айтмоқчи бўламан: сен очкўз разилсан!», дейди бошқа бир рекламанинг қаҳрамони ўзининг менежерига.

Бу рекламаларда айрим баҳсли қаҳрамонлар бор. Улардан бири Серёга, у бепарволик билан подасини ва отасининг уйини сотиб юборади. Фронтдан қайтганидан кейин эса болаликдаги дўстларининг ҳавасини келтириб, Россияники бўлмаган Форд русумли машина сотиб олади.

Яна бир рекламада заводдан ойлигини ололмаган ота қизига энг сўнгги русумдаги iPhone телефонини олиб бериш учун кўкрагини НАТО ўқларига тутади.

Дарвоқе, бир неча ой аввал iPhone ҳам, Форд ҳам Россия бозоридан чиқиб кетаётганини эълон қилган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

НаZизмсиз дунёда яшашни истар эканмиз, РоZZия йўқ қилиниши керак

Жавоб бериш