Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Чақирилувчилар ови: Сафарбарлик мутасаддилари ўз ўлжаларини пайт пойлаб қўлга туширмоқда

Олга Чепил ва AFP

Москвадаги уйсизларни озиқ-овқат билан таъминловчи «Food Not Bombs» ташкилотининг 9 октябр куни Телеграм каналида ёзишича, полиция уйсизлар исиниб, овқатланадиган жойларнинг бирига чақирув қоғозлари билан келиб, рейд ўтказган, эркакларни фургонларга солиб, ҳарбий комиссариатга олиб кетган. [Food Not Bombs]

Москвадаги уйсизларни озиқ-овқат билан таъминловчи «Food Not Bombs» ташкилотининг 9 октябр куни Телеграм каналида ёзишича, полиция уйсизлар исиниб, овқатланадиган жойларнинг бирига чақирув қоғозлари билан келиб, рейд ўтказган, эркакларни фургонларга солиб, ҳарбий комиссариатга олиб кетган. [Food Not Bombs]

МОСКВА/КИЕВ – Россия полицияси ва ҳарбийлар президент Владимир Путиннинг «қисман» сафарбарлиги учун одам топиш мақсадида гавжум кўчаларга чиқишган.

Бир қатор ҳарбий муваффақиятсизликлар ортидан Москванинг Украинадаги қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш учун 21 сентябрда қисман сафарбарлик эълон қилинганидан бери биринчи марта Путин пайшанба (20 октябр) куни ҳарбий хизматга жалб этилган россиялик аскарларнинг тайёрлов марказига ташриф буюрди.

Давлат телевидениесида Путиннинг Москвадан жануби-шарқда жойлашган Рязандаги отиш машқлари майдонига ташрифи намойиш этилган. Унда янги ишлаб чиқилган снайперлар милтиғидан ўқ отган қора кийимдаги Путин аскарларни бағрига босганини кўриш мумкин эди.

Мудофаа вазирлигига кўра, Путин сафарбарлик эълон қилганидан бери 200 мингдан ортиқ одам армия сафига жалб қилинган.

24 октябр куни Москвадаги автобус бекатларининг бирида «Россия қаҳрамонларига шон-шарафлар» деб ёзилган россиялик аскар тасвирланган плакатни тозалаётган ишчи. [Юрий Кадобнов/AFP]

24 октябр куни Москвадаги автобус бекатларининг бирида «Россия қаҳрамонларига шон-шарафлар» деб ёзилган россиялик аскар тасвирланган плакатни тозалаётган ишчи. [Юрий Кадобнов/AFP]

Путин Россияда сафарбарликни тугатишни «ҳали» режалаштирмаяпти, аммо мамлакатнинг айрий ҳудудларида бу жараён якунланди, деб хабар берган Кремл 18 октябр куни.

Чақирилувчилар ови

Бунга қадар ижтимоий тармоқларда полиция ва ҳарбий комиссариатлар ходимлари метро ва кўп қаватли биноларга кираверишда эркакларни «овлаш» учун ўтириб олгани акс этган видео ва суратлар тарқалган эди.

Масалан, 14 октябр куни Россиянинг BAZA телеграм каналида бир аёл иккита фуқаролик кийимидаги эркак ва полициячи аёлни Санкт-Петербургдаги кўп қаватли бинолардан бирида эркакларни кузатаётганликда айблагани акс этган видео тарқаган.

«Инсофингиз борми ўзи?», дейди видеога олаётган аёл.

Унинг саволи жавобсиз қолган.

Шу куни каналда эълон қилинган бошқа бир видеоёзувда Москвадаги «Митинский радио бозори» савдо мажмуасида сотувчиларнинг рухсатномаларини текшираётганини даъво қилган бир неча полициячи акс этган.

«Натижада савдо марказидан қирққа яқин эркак олиб кетилган: уларни иккита автобусга солиб, Ички ишлар вазирлигининг (МВД) милиция бўлимларига жўнатилган. Шундан сўнг улар сафарбарлик марказларига олиб борилган», дейилади канал хабарида.

Сафарбарлик давомида айрим ёқимсиз ҳодисалар ҳам кузатилган.

Уфа аэропортидан учаётган рейс тўққиз соатдан кўпроққа кечиктирилган, чунки самолёт кабинасида ўтирган иккинчи учувчи ҳарбий хизматга чақирилди, деб хабар беради Бошқирдистоннинг MKSET.RU нашри 14 октябр куни.

«Бундай ҳодисалар жуда кўп. Улар кўпинча норозилик ва хавотир уйғотади», дейди Санкт-Петербурглик жамоатчилик фаоли Анна Рапопорт Карвонсаройга.

«Ҳукуматнинг хатти-ҳаракатларини ўз халқига қарши жиноят дейиш мумкин. Кечагина бизнинг турар-жой биномиз яқинида ҳам шундай воқеа кузатилди. Улар фуқароларни дўппослаб, чақирув қоғозларини топширишга ҳаракат қилишди», деди Рапопорт.

Одамлар ҳатто иш жойларида ҳам чақирув қоғози олишди, деди у 18-аср қуроллари бўйича тарихчи мутахассиснинг чақирилганини назарда тутиб.

«Бу бемаънилик. Мен Россия қишлоқларининг бирида ягона фермерни хизматга чақиришгани ва энди 30 та эчкини боқадиган кўнгиллини қидиришаётгани ҳақидаги хабарни ўқидим», деб қўшимча қилди у.

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари давлатга қарашли интернатлар ва уйсизлар масканларида ҳам рейдлар ўтказган.

Москвадаги уйсизларни озиқ-овқат билан таъминловчи «Food Not Bombs» ташкилотининг 9 октябр куни Телеграм каналида ёзишича, полиция уларга қарашли бошпаналарнинг бирига чақирув қоғозлари билан келиб, рейд ўтказган.

«Эркакларнинг паспортлари олиб қўйишди ва фургонларга солиб, ҳарбий комиссариатга олиб боришди. У ерда ҳаммага чақирув қоғози бериб, чақирилувчиларни тайёрлаш марказига олиб кетишган», дейди ташкилот вакиллари.

«Кечга бориб 50 ёшдан ошганлар қўйиб юборилган (Бу сафар офицерлар сафарбарликка жалб қилишга уринган 60 ёшли одам ҳақида айтиб беришди). Қолганларнинг тақдири номаълум. Улар, катта эҳтимол билан урушга юборилади.»

«Полициячилар уйсизлар учун емакхоналар, вокзалларга ва ҳоказоларга боришда давом этишларини айтишган», деб қўшимча қилди у.

Кичик танлов мезонлари

Сафарбарликнинг ваҳшиёна ва ўзбошимчалик билан олиб борилаётган унинг Кремл даъво қилганидек яхши кечмаётганидан далолат беради, дейди кузатувчилар.

«Кўрганларимдан хулоса қилиб айтадиган бўлсам, уруш учун ҳеч қандай танлов мезонлари мавжуд эмас. Бошқача қилиб айтганда, ҳарбий комиссариат ёши ва мавқеидан қатъи назар, ҳаммани тутиб келяпти», дейди Россия томонидан аннексия қилинган Қримдаги севастополлик журналист Владимир Иваненко Карвонсарой билан суҳбатда.

Сафарбарлик бошланиши ортидан Иваненко фронтга жўнатишларидан қўрқиб, акаси билан Қозоғистонга чиқиб кетган.

«Сентябр ойининг охирида Қозоғистонга чиқиб кетдим. Энг асосийси, ўшанда акамни олиб чиқиб кетишим кераклигини сездим, чунки мен ҳарбий хизмат ўташи керак бўлганлар рўйхатида турмайман, акам эса бор. У ногирон», дейди у.

«Унинг хизматга яроқлилиги шартли, лекин мен бу ҳеч кимни тўхтата олмаслигини тушундим. Биз чиқиб кетдик, бир ҳафта ўтгач, унинг почта қутисига чақирув қоғози келди. Шахсан мен қандай қилиб ногирон одамни хизматга чақириш мумкинлигини тушунмаяпман», дейди Иваненко.

«Агар ўқув машғулотлари ўтказилиб, рўйхатлар янгилаганида, бу сафарбарликни осонлик билан амалга ошириш мумкин эди. Лекин рўйхатлар бўлмаса... дастлаб улар вилоятлар губернаторлари орқали эркакларни сафарбар қилишга уриндилар», дейди Киевдаги армия, конверсия ва қуролсизланишни ўрганиш маркази директори, ҳарбий таҳлилчи ва депутат Михаило Самус Карвонсарой билан суҳбатда.

«Кейин улар, ташкилотлар, ҳатто хусусий корхоналарга ҳам боришган. Охирги йўли, эркакларни кўчада қувиб юриш қолди, чунки бажариш шарт бўлган ҳарбий комиссариат режаси бор», дейди у.

«Сафарбарлик шунчаки йигитларни олиб кетиш учун эмас, балк жанговар бўлинмаларни тузиш учун амалга оширилади. Айни вақтда Россияда халқни алдашмоқда. Натижада улар бўлинмалар ташкил қилишмаяпти, фронт чизиқларини одам таналари билан тўлдиришяпти, холос», деб айтган Самус.

«Сафарбарликка жалб қилинганларнинг ҳаммаси ҳам аскар бўла олмайди. Улар махсус вазифаларни бажариши керак. Оддий ўқ отишни ҳам ўрганиш керак. Кўраётганимиз эса сафарбарлик имитацияси холос, шунчаки Путиннинг инжиқликлари», деб қўшимча қилган у.

«Ҳақиқий буғу ови»

Сафарбарликка жалб қилинганларнинг ҳақиқий сони 300 мингдан анча паст, улар 100 мингдан ошмайди, чунки ҳарбий хизматга мажбур эркакларнинг тўлиқ рўйхати мавжуд эмас, дейди инсон ҳуқуқлари фаоли ва Украина фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро лигаси раҳбари, киевлик Эдуард Багиров.

«30 йил ичида (1991 йилда Совет Иттифоқи тугатилганидан бери) Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматга мажбур бўлган Россия фуқароларининг кўп миллионли базасини тизимлаштира олмади.»

«Электрон маълумотлар базаси йўқ. Ўтган 20 йил давомида улар ҳарбий учётда турганларни рўйхатга олишмаган», дейди Багиров.

Чақирув қоғози олганлар орасида 70 яшар қария ҳам бўлган, деб қўшимча қилган у.

«Ҳозир эса улар 100 минг одамни ҳам сафарбар қила олишмади. Вақт кам қолган, бу сафарбарлик билан боғлиқ алғов-далғов яна бир неча ҳафта давом этади», деб айтган у.

Багиров сафарбарликни буғулар овига ўхшатди.

«Бу ерда ҳам, метро, кўп қаватли бинолар, бозорлар яқинида улар «буғуларни» қуршаб олиб, Россиянинг энг катта буғучисининг буйруғи билан овлашмоқда, ҳақиқий буғулар сафариси.»

«Ҳарбий комиссарлар ва полициячилар ўз мақсадларини «зарурат» деб оқламоқдалар, аммо буларнинг бари норозилик келтириб чиқармоқда.»

«Қўлга олинган ва фронтга боришга мажбурланаётган россияликларга у ерга боришдан бош тортишни маслаҳат берган бўлардим. Бош тортганлик учун қамоққа оладиган бўлишса, демак, қамоққа ўтириш керак», деб айтган у.

«Улар ҳаммани қамай олишмайди. Шунингдек, суд қарор чиқариши учун қўшимча олти ой ўтиши керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сиз тирик қоласиз. Путиннинг ўлимидан кейин эса амнистияга тушишингиз мумкин», деб айтган у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500