Карвонсарой
Жамият

Қозоғистонда янги қонун: ташқи ёзув ва ахборот матнлари рус тилида бўлиши шарт эмас

Канат Алтинбаев

Олмаотадаги ресторанлардан бирининг қозоқ тилидаги пешлавҳаси. Тилга оид қонун лойиҳаси қабул қилинадиган бўлса, бундай ёзувларнинг рус тилидаги таржимаси ихтиёрий бўлади. [Канат Алтинбаев]

Олмаотадаги ресторанлардан бирининг қозоқ тилидаги пешлавҳаси. Тилга оид қонун лойиҳаси қабул қилинадиган бўлса, бундай ёзувларнинг рус тилидаги таржимаси ихтиёрий бўлади. [Канат Алтинбаев]

ОЛМАОТА – Қозоғистон парламенти ташқи визуал ахборот мантларининг қозоқ тилида бўлишини мажбурий, уларнинг рус тилига таржимасини эса ихтиёрий қилиб белгиловчи қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда.

Парламент қуйи палатаси – Мажлис 6 октябр куни амалдаги қонунга ўзгартишларни иккинчи ўқишда маъқуллаган. Қонун кучга кирадиган бўлса, ташқи визуал ахборот, реклама, йўл белгилари ва кўрсаткичлари, меню, нарх ёрлиқлари ва бошқа ёзувлар давлат тили – қозоқ тилида бўлиши керак.

Қонун лойиҳасида бундай белгиларнинг русча таржимаси бўлиши ҳақидаги аввалги талаб бекор қилинган.

Айни вақтда Сенат ушбу қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. У кучга кириши учун парламентнинг иккала палатаси ва президент тасдиғидан ўтиши лозим.

Олмаотадаги дўконлардан бирининг тўлиқ рус тилидаги пешлавҳаси, 17 октябр. Тилга оид қонун лойиҳаси қабул қилинадиган бўлса, бундай ёзувларнинг қозоқ тилида бўлиши мажбурий қилиб қўйилади. [Канат Алтинбаев]

Олмаотадаги дўконлардан бирининг тўлиқ рус тилидаги пешлавҳаси, 17 октябр. Тилга оид қонун лойиҳаси қабул қилинадиган бўлса, бундай ёзувларнинг қозоқ тилида бўлиши мажбурий қилиб қўйилади. [Канат Алтинбаев]

Қозоғистоннинг амалдаги қонунларига кўра, ҳар қандай визуал ахборот икки тилда: қозоқ ва рус тилларида жойлаштирилиши зарур.

Қонун лойиҳаси маъқулланадиган бўлса, барча турдаги ташқи ахборот биринчи навбатда қозоқ тилида берилиши шарт бўлади, рус ва бошқа тиллардаги таржимаси эса ихтиёрий бўлади.

«Бугунги кунда давлат тили барчани ташвишга солаётган масаладир», дейди Мажлис ва унинг ижтимоий-маданий ривожланиш қўмитаси аъзоси Берик Абдигалиули.

Унинг айтишича, «визуал ахборотнинг қозоқ тилида хатолар билан берилиши, айрим ҳолларда эса умуман қозоқ тилидаги маълумотларнинг йўқлиги – cайловчилар томонидан тез-тез кўтариладиган муаммолардан бири».

«Бизнингча, бу таклифлар ҳар бир фуқаро, хусусан, тадбиркорларнинг масъулиятини оширишга имкон беради», деб қўшимча қилди у.

Расмий маълумотларига кўра, 2021 йил бошида этник қозоқлар мамлакат аҳолисининг қарийб 70 фоизини ташкил этган.

Мамлакатда кўплаб этник озчиликлар, жумладан, руслар, қирғизлар, украин ва немислар бор.

Совет Иттифоқи парчаланганига ўттиз йилдан ошар экан, Қозоғистонда қозоқ тили тобора оммалашиб бормоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, қозоқ тилида сўзлашувчи фуқаролар улуши йилдан-йилга ошиб бормоқда ва 2018 йилда 86 фоизни ташкил этган.

Келажакка қадам

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев 1 сентябр куни халққа ҳар йилги анъанавий мурожаатида таъкидлаганидек, бу чоралардан кўзланган мақсад – қозоқ тили мавқеини мустаҳкамлаш ва таъсирини кенгайтириш.

«Қозоқ тилини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда», деди Тўқаев бунинг табиий жараён эканини таъкидлаб. «Умуман олганда, давлат тилининг қўлланиш доираси кенгаймоқда.»

«Қонун бўйича Қозоғистонда давлат тили – битта.»

Таҳлилчиларнинг фикрича, она тилига ўтиш ҳар қандай давлат учун табиий жараёндир.

Ўз давлат тилига эга бўлган Қозоғистон каби унитар давлат тил масаласига жиддий эътибор қаратиши лозим, дейди Alma Club қозоқ сўзлашув тили клуби асосчиси, олмаоталик сиёсатшунос Ислом Кураев.

Унинг сўзларига кўра, визуал ахборотга ўхшаган оддий нарсалар ҳар кун «тилни оммалаштиришга бутун бошли давлат лойиҳаларидан кўра фойдалироқ бўлади».

Қозоғистондаги демографик тенденциялар қозоқ тилининг мавқеини мустаҳкамлашни тақозо этмоқда, айниқса қозоқ тилидаги ахборот майдони сезиларли кенгаймоқда, деб қўшимча қилди у.

«Менимча, барча таассублардан воз кечиб, келажак томон ҳаракатланиш керак. Қозоғистонда яшашни хоҳлар эканмиз, оддий ҳақиқатни англаб етишимиз керак – айнан давлат тили ҳар қандай фуқаро ҳаётининг асосий омилига айланади», деб ёзган Кураев.

Янги тузатишлар рус тилининг мавқеини пасайтираётганга ўхшаб кўриниши мумкин, лекин аслида кўп нарса ўзгараётгани йўқ, дейди Нур-Султонлик сиёсий шарҳловчи Газиз Абишев Карвонсаройга.

Давлат фақат қозоқ тилининг таъсири камайган соҳалардагина зарур қонунчилик ёрдамини кўрсатмоқда, деди у.

«Русийзабон аҳоли яшайдиган ерларда белгилар ва ёзувлар рус тилида бўлади, аҳолисининг кўпчилиги қозоқ тилида сўзлашувчилардан иборат жойларда эса шундоқ ҳам рус тилида ҳеч қандай маълумот йўқ», деб айтган Абишев.

Давлат тилинининг ҳимояси

Москвадаги сиёсатчилар ўз сайловчилари ва Қозоғистондаги этник рус озчиликни тўлқинлантиришга урингани сабаб ўтмишда қозоқ ва рус тилларидаги ёзувлар халқаро муаммога айланган эди.

Август ойида қозоғистонлик фаол Куат Аҳметов Қозоғистон шаҳарларидаги муассасаларда мижозларга умуман қозоқ тилида хизмат кўрсатилмаётгани ҳақида бир қатор видеолавҳаларни эълон қилган эди.

Бу воқеадан кўп ўтмай, Ахметов унга нисбатан миллатлараро низо қўзғашга оид тергов бошлангани туфайли Украинага қочиб кетган бўлса-да, таъсирга эга россияликлар уни рус тилини Қозоғистон ижтимоий ҳаётидан сиқиб чиқариш ҳаракати аъзоси деб баҳолаганлар.

Россия парламентининг юқори палатаси – Федерация Кенгаши спикери ўринбосари Константин Косачев ғазабнок танбеҳ билан чиққан.

«Қозоғистон ҳукуматидан мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги қўшничилик муносабатларига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган бу жайдари миллатчиларнинг шармандали қилмишларига баҳо беришини талаб қиламиз», деб айтган Косачев 11 август куни РИА Новости ахборот агентлигига.

Асоссиз айбловлар

Россия оммавий ахборот воситалари яқинда эълон қилинган қонун лойиҳасига нисбатан ҳам худди шундай жавоб қайтарган. Уларга кўра, гўёки Қўшма Штатлар манфаати кўзланиб, рус тилига қарши «уруш» эълон қилинган.

«Қудратдаги америкапараст миллатчилар томонидан олиб борилаётган республикани қозоқлаштириш ҳаракатлари икки мамлакат ўртасидаги тил алоқаларини узишга қаратилган ва Қўшма Штатларга мамлакатнинг ички жараёнларига таъсир қилиш имконини бермоқда», деб ёзган Lenta.ru сайти 3 октябр куни.

Россия ОАВ рус тилининг гўёки сиқиб чиқарилишига қарши ҳужумлар уюштириб келмоқда, дейди Евроосиё интеграцияси институтининг раҳбари, Нур-Султонлик Уразгали Селтеев.

«Афсуски, ОАВдаги бундай хуружлар Қозоғистонда ижтимоий тангликка сабаб бўлмоқда», деб айтган Селтеев Карвонсарой нашрига.

«Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Бундай таҳдидларга муносиб жавоб қайтариш керак», деб қўшимча қилар экан, у Қозоғистон жамияти бирлашиши кераклигини таъкидлаган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500