Карвонсарой
Хавфсизлик

Афғонистон ҳукумат кучлари Толибонга қарши ҳужумга тайёрланар экан, Марказий Осиё мамлакатлари жанговар шайликни кучайтирмоқда

Карвонсарой ва AFP

Тожикистон тезкор ҳарбий кучлари, Тожикистоннинг Чорухдарон полигони. [Неъматулло Мирсаидов]

Тожикистон тезкор ҳарбий кучлари, Тожикистоннинг Чорухдарон полигони. [Неъматулло Мирсаидов]

КОБУЛ – Толибон бутун Афғонистон бўйлаб ҳужумни давом эттирар экан, қўшни Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўз чегараларини ҳимоялаш ва Афғонистон миллий мудофаа ва хавфсизлик кучларини (ANDSF) қўллаб-қувватлаш чораларини кўрмоқдалар.

Сешанба (6 июл) куни Афғонистон ҳукумати мамлакат шимолида толибларнинг ҳужумига қарши туриш учун юзлаб махсус қўшинлар ва ҳукуматни қўллаб-қувватловчи сафарбарлик кучларини жалб этар экан, юзлаб афғон аскарлари қўшни Тожикистонга қочиб ўтган.

Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) душанба куни Афғонистон қўшинлари тунда Толибон билан тўқнашувлардан сўнг мамлакатга ўтганини тасдиқлади.

«Яхши қўшничилик тамойилларини инобатга олган ва Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик позициясига риоя қилган ҳолда, Афғонистон ҳукумат кучлари ҳарбий хизматчиларига Тожикистон ҳудудига киришга рухсат берилди», дейилади Тожикистон давлат ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган баёнотда.

Кобулдан 70 км шимолда жойлашган Бағромдаги АҚШнинг собиқ авиабазаси ҳудудидаги касалхона дарвозаси олдида қўриқчилик қилаётган Афғонистон миллий армияси (АМА) аскари, 5 июл. [Вакил Кохсар/AFP]

Кобулдан 70 км шимолда жойлашган Бағромдаги АҚШнинг собиқ авиабазаси ҳудудидаги касалхона дарвозаси олдида қўриқчилик қилаётган Афғонистон миллий армияси (АМА) аскари, 5 июл. [Вакил Кохсар/AFP]

Бунга жавобан Тожикистон президенти Имомали Раҳмон «Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегарани янада мустаҳкамлаш учун 20 минг нафар захира қўшинини сафарбар этиш тўғрисида» буйруқ берди, дейилади президент идораси баёнотида.

AKIpress хабарига кўра, Раҳмон хавфсизлик кенгаши аъзолари ҳамда куч ва мудофаа тузилмалари раҳбарларига Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара хавфсизлигини таъминлаш бўйича аниқ чоралар кўришни буюрган.

Шунингдек, душанба куни Раҳмон Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали суҳбатлашди, дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Икки давлат раҳбарлари Тожикистон-Афғонистон муносабатлари ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар, шу билан бирга Афғонистондаги зиддиятларнинг кучайиши минтақага қандай таъсир қилиши мумкинлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

«Зўравонлик ва террор билан тинчликка эришиб бўлмайди»

Афғонистоннинг бир неча вилоятларида жанглар авж олган бўлса-да, исёнчилар асосан шимолдаги қишлоқ ҳудудлари бўйлаб ҳаракатларга зўр берганлар.

«Бой берилган ҳудудларни душмандан қайтариб олиш учун йирик ҳужум уюштиришни режалаштиряпмиз», деди Афғонистон мудофаа вазирлиги вакили Фавод Омон AFPга.

«Жойларда кучларимиз мазкур операцияга ҳозирлик кўрмоқдалар.»

Таҳор ва Бадахшон вилоятларига юзлаб қўшинлар ва ҳукуматни қўллаб-қувватловчи сафарбарлик кучлари жойлаштирилди.

Афғонистон мудофаа вазирлиги мутасаддилари Толибон ҳужуми таҳдиди шароитида йирик шаҳарлар, йўллар ва чегара ҳудудлари хавфсизлигини таъминлашга эътибор қаратишини маълум қилган. Бу орада АҚШ ва НАТО қўшинларининг 11 сентябрга белгиланган якуний чиқиш жараёни май ойида бошланган бўлиб, режага мувофиқ давом этмоқда.

ANDSF кучлари мамлакат шаҳарлари устидан назоратни сақлаб қолган бўлса-да, аҳолиси кам қишлоқ ҳудудларининг аксарияти бой берилган.

«Аксарият таслим бўлган туманлар осон ўлжага айланди – улар олис, қўшин юбориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган ва катта стратегик аҳамиятга эга эмас», дейди Халқаро инқироз гуруҳининг Афғонистон бўйича катта таҳлилчиси Эндрю Уоткинс.

Толиблар тинчлик ва сиёсий келишувга эришишга оид музокараларда иштирок этиш ўрнига, ўз қўшинларини ҳарбий истило учун қўшин ҳозирлашга эътибор қаратган кўринади.

АҚШ президенти Жо Байден ўтган жума куни Оқ уйдаги хавотирларни аритишга уринган.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ ҳарбийлари «узоқ истиқболда» ҳукумат ва унинг кучларига ёрдам бериш учун ҳарбий қудратни ишга солиш салоҳиятини сақлаб қолади.

ОАВ хабарига кўра, Пентагон АҚШнинг Кобулдаги улкан дипломатик қароргоҳини қўриқлаш учун Афғонистонда 600га яқин аскарини қолдириши мумкин.

АҚШнинг Кобулдаги юқори лавозимли элчиси Росс Уилсон исёнчиларни қаттиқ танқид остига олган.

«Зўравонлик ва террор билан тинчликка эришиб бўлмайди», деб ёзган у шанба куни ўз Твиттерида.

«Таслим бўлмаймиз»

Афғон қўмондони, ҳозирда Бағром авиабазасини (бу ердан Америка ҳарбий самолётлари 20 йил давомида Толибон яширинган жойларини бомбардимон қилган) бошқараётган генерал Мир Асадуллоҳ Кўҳистоний афғон кучлари жангарилардан ҳимояланишга тайёрлигини айтди.

Кўҳистонийнинг сўзларига кўра, толибонлар база атрофидаги «қишлоқ ҳудудлари бўйлаб ҳаракатланаётгани» ҳақида хабарлар олинган.

«Душманнинг қарори қатъий, улар албатта шу ерга ҳужум уюштиради», дейди Бағромдаги аскарлардан бири Рафиуллоҳ.

Ортида афғон ҳарбийларининг икки вертолёт осмонга кўтарилар экан, «уларга имкон бермаймиз», деб айтган у.

«Бу ерга ухлагани келмаганмиз. Бу ердаги ҳамма Бағромни ҳимоя қилиш учун келган. Жанговар руҳиятимиз юқори», деб таъкидлаган Рафиуллоҳ.

Аскарлардан яна бири намойишкорона тарзда толибларга қарши курашишга тайёрлигини билдирди.

«Биз чекинмаймиз, аммо қурол ва етакчиларимизнинг қувватловига муҳтожмиз», деб айтган у.

Сўнгги 24 соат ичида ҳукумат кучлари билан тўқнашувда 300 дан ортиқ толибон жангарилари йўқ қилинган, деб хабар берган шанба куни мудофаа вазирлиги.

Олиб борилган бир қатор ҳаво зарбалари, жумладан исёнчилар ва ҳукумат аскарлари мунтазам тўқнашиб келган Ҳелманд вилоятида шанба куни эрта тонгда амалга оширилган ҳужумда кўпчилик одам ҳалок бўлган.

«Охирги кунларда афғон ҳаво кучлари толибонлар яшириниб олган жойларга қарата ҳаводан зарба бериши натижасида исёнчилар талофат кўрди», дейди Ҳелманд вилояти кенгаши аъзоси Отауллоҳ Афғон AFP нашрига.

Сешанба куни берган баёнотида мамлакат мудофаа вазирлиги сўнгги сутка давомида Лағмон, Нангарҳор, Пактико, Қандаҳор, Забул, Бодғис, Балх, Жузжон, Ҳелманд, Бадахшон, Қундуз ва Каписо вилоятларида 261 та толибон аъзоси ўлдирилгани ва яна 206 таси жароҳатланганини айтган.

Шунингдек, вазирликнинг душанба кунги хабарига кўра, Афғонистон ҳарбий ҳаво кучлари душанба куни мамлакатнинг жануби-ғарбий вилоятларидаги худкушлик ҳужумлари учун масъул бўлган толибон аъзоси Меърожни ва у билан бирга беш нафар худкушни нишонга олган ва йўқ қилган.

«Меърож Толибонларнинг жанубий вилоятлар бўйича ҳарбий қўмондони Содир Иброҳимнинг жияни бўлган», дейилади баёнотда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500