Карвонсарой
Сиёсат

Хитойнинг иқтисодий жазо чоралари туфайли Қозоғистон компаниялари катта зиён кўрмоқда

Ксения Бондал

image

Хитойга юк олиб кетишга тайёрланаётган темирйўл вагонлари, сурат санаси номаълум. [Қозоғистон темир йўллари]

ОЛМАОТА – Хитой ҳукумати икки мамлакат ўртасидаги асосий йўналиш бўйлаб савдони тақиқлаши ортидан қозоғистонлик компаниялар катта зиён кўрмоқда – айрим кузатувчиларга кўра, бу Қозоғистоннинг Шинжондаги Пекин сиёсатини танқид қилиши билан боғлиқ.

Шу йил август ойи бошларида қозоғистонлик импортчилар Алашанкоудан Қозоғистонга юк ташиш тўхтатилгани ҳақида Шинжон вилояти ҳокимиятидан телеграмма олганлар. Бу ҳақда Шарқий Қозоғистон вилояти тадбиркорлар палатаси директорининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Аскар Якупбаев маълум қилган.

Бу чора гўё COVID-19 тарқалишига қарши кураш доирасида қабул қилингани айтилмоқда. Чегарадаги муаммолар ўтган йилнинг ноябр ойи ўрталарида, Шинжон расмийлари товарлар устидан божхона назоратини кучайтирган вақтдан бошланган эди.

Хитой маъмурлари тақиқни қачон бекор қилиши аниқ эмас, тадбиркорлар аллақачон катта зиён кўра бошлаган, дейди Якупбаев.

image

Темирйўл орқали ташиш учун кранлар ёрдамида юкланаётган контейнерлар, санасиз сурат. [Қозоғистон темир йўллари]

image

Дўконда Хитойнинг тезпишар уграсини сотиб олаётган харидор, 29 сентябр, Олмаота. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

Унинг айтишича, Қозоғистон компаниялари шартнома бўйича мажбуриятларни ўз вақтида бажара олмаётгани ва товарларни омборларда қиммат нархларда сақлашга мажбур бўлаётган сабабли зарар кўрмоқда.

Савдодаги бу узилиш Қозоғистонда маҳсулотлар нархининг ошиши фонида рўй берди, деб қўшимча қилди у.

Икки йил давомида Қозоғистон ва Хитойда ҳар икки йўналишда ҳам таъминот узилиб турган. Шу сабабли кийим-кечак, пойабзал, маиший техника ва уй учун мўлжалланган тўқимачилик маҳсулотлари – Хитойдан олиб келинадиган нарсаларнинг бари қимматлашмоқда, деди Якупбаев.

Ҳозирги вақтда Қозоғистонга кетаётган юзлаб юк машиналари Қозоғистон ва Хитой чегарасида жойлашган «Достик-Алашанкоу» станциясида туриб қолган.

Хитой чекловидан жабрланган қозоқ компанияларидан бири – Уст-Каменогорск конденсатор заводи (УККЗ) чегарадаги вазият бўйича ёрдам сўраб, Шарқий Қозоғистон вилояти тадбиркорлар палатасига мурожаат қилган.

Завод раҳбарияти 17 июндан бери чегарадаги «Хоргос» трансчегаравий ҳамкорлик халқаро марказидаги омбордан керакли эҳтиёт қисмларни ололмаяпти.

Натижада, у шартномалар бўйича мажбуриятларини бажара олмай қолган.

«Саноат конденсаторларини тўлиқ циклда ишлаб чиқариш заводимиз бор... Бозорда ишлаётганимизга 60 йилдан ошди», дейди УККЗ матбуот котиби Вячеслав Шахов.

«Тахминан беш йил олдин фаолиятимиз учун Хитойдан бутловчи қисмлар сотиб олишни йўлга қўйган эдик. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан алоқа ўрнатиб, яқин ҳамкорлик бошлаганмиз.»

Аммо июн ойидан бери завод 130 миллионга (305 минг доллар) сотиб олган эҳтиёт қисмлар Хитойдан чиқа олгани йўқ, деди у.

Шаховнинг сўзларига кўра, дастлаб хитойлик таъминотчилар кечикишни вилоятда оммавий коронавирус инфекцияси туфайли карантин эълон қилингани билан изоҳлаганлар.

Аммо кейинроқ, эҳтиёт қисмлар Хоргоснинг Хитой тарафидаги омборида туриб қолган, чунки хитойликларнинг айтишича, бўш контейнерлар топилмаган.

«Хитойда контейнер етказиб берадиган компанияни ташкил этганмиз, лекин биз улар билан боғлана олмадик ва товарларни қачон қабул қилишимизни билмаймиз».

«Ҳозирги вақтда Хоргос ва Алашанкоу станцияларида жуда кўп юк машиналари тўпланиб қолган», деди Шахов. «Агар улар яқин орада биз томонга юкларни ўтказишга рухсат беришса ҳам, барибир декабр ойига қолиб кетамиз, бу пайтда Қозоғистонда ҳам байрамлар кўп бўлади, Хитойда эса Янги йил, шу боис товарларни февралдан аввал олишимизга кўзимиз етмаяпти.»

Айни пайтда завод кўрган зарар юз миллионлаб тенгени ташкил қилган.

УККЗ 2021 йил охирига қадар эҳтиёт қисмларни ололмаса ва мижозларга конденсаторлар етказиб беролмаса, деярли 70 миллион тенге (164 минг доллар) йўқотиши мумкин, деди у.

Шинжон билан боғлиқлик

2021 йил бошидан бери қозоқлар Олмаота шаҳридаги Хитой консуллиги олдида ҳар куни норозилик намойиши ўтказиб, Хитойдан Шинжондаги мусулмонларга нисбатан репрессия доирасида ҳибсга олинган қариндошлари ёки дўстларини қўйиб юборишни талаб қилганлар.

Сўнгги ойларда Қозоғистон ҳукумати Хитойдан келган этник қозоқларга қочқинлик мақомини бериш билан Пекиннинг Шинжонда инсон ҳуқуқларини бузаётганини тан олган.

Қозоғистон Хитойнинг Шинжон минтақасидаги этник қозоқларга нисбатан сиёсатини қоралагани учун Пекин Қозоғистон импорти ва экспортини чекламоқда, дейди олмаоталик иқтисодчи Арман Бейсембаев.

«Хитой юмшоқ куч сиёсатини қўлламоқда. Бу нима дегани? Хитой бизга қурол билан ҳужум қилмайди, балки иқтисодий чоралар билан бизни бўйсундиради», дейди у.

Пекин заиф ва ночор мамлакатларга қарз беради, улар эса қарзни қайтара олмайдилар ва Хитойнинг минтақадаги қоидаларини қабул қилишга мажбур бўладилар, дейди Бейсембаев.

«Масалан, Қирғизистон тўлиқ Хитойнинг измида. Агар хитойликлар хоҳласа, уни ичак-чавоқлари билан сотиб олишлари мумкин», дейди у.

«Хитой Қозоғистонда синофобия билан анчадан бери ўйнашаётганимиз кўрсатиб қўймоқчи. Афтидан, у ҳозир биз билан музокаралар олиб бориши мумкинлигига ишора қиляпти... у биз учун чегарани очади, бунинг эвазига эса Қозоғистонга ўз шартлари рўйхатини ҳам тақдим этади», деди Бейсембаев.

Қозоғистон ҳукумати мураккаб вазиятда қолган, деб эътироф этди чимкентлик фаоллардан бири Куаныш Сатаев.

«Тарозининг бир палласида – Қозоғистон ташқи сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири – чет элдаги фуқаролар ҳақида ғамхўрлик қилиш. Бунинг тасдиғи – биз Сурия ва Ироқдан жуда кўп фуқароларимизни олиб чиқдик, дунёдаги ҳеч бир мамлакат бунчалик қила олгани йўқ.»

Шу тариқа ҳукумат этник қозоқларнинг Хитойдаги қайта тарбиялаш лагерларида бошдан кечирганлари ҳақидаги судда айтган ҳикояларини эътиборсиз қолдира олмайди.

Тарозининг иккинчи палласида эса – Қозоғистоннинг Хитой инвестициялари ва маҳсулотларига қарамлиги, дейди Сатаев.

«Содир бўлаётган воқеаларга қараб, шуни хулоса қилиш мумкинки, Хитой чегарадаги санкциялар ёрдамида тарозини ўзи тарафга оғдиришга ва ҳукуматимизни Хитой сиёсатига янада мойилроқ қилишга интилмоқда».

Пекин Шинжондаги мусулмонларга қарши тазйиқлар доирасида бир миллиондан ортиқ уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонлар, жумладан этник қозоқларни «сиёсий қайта тарбиялаш» лагерлари, тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарни ўз ичига олган 400 га яқин муассасаларда сақлаб келмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500