Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Жаҳон озиқ-овқат дастури Тожикистондан Афғонистонга ёрдам етказиб беришни бошлади

Карвонсарой ва AFP

Ишчилар Жаҳон озиқ-овқат дастурининг юк машинасига буғдой уни, нўхат, ёғ ва туздан иборат озиқ-овқат маҳсулотларини ортмоқда. [WFP/Марко Ди Лауро]

Ишчилар Жаҳон озиқ-овқат дастурининг юк машинасига буғдой уни, нўхат, ёғ ва туздан иборат озиқ-овқат маҳсулотларини ортмоқда. [WFP/Марко Ди Лауро]

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) бу йил қишки мавсумда очарчилик хавфи билан тўқнаш келган афғон оилаларини қўллаб-қувватлашга оид фавқулодда чоралар доирасида Тожикистондан Афғонистонга озиқ-овқат етказиб беришни бошлади.

Жума (26 ноябр) куни еттита юк машинасидан иборат илк карвон Душанбедаги Жаҳон озиқ-овқат дастури омборларидан Афғонистоннинг Бадахшон вилоятига йўл олди, дейилади Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Тожикистон идораси баёнотида.

Яқин кунларда бу юк машиналари минтақадан сотиб олинган 2500 тонна буғдой унини WFPнинг Афғонистондаги ёрдам дастурлари учун етказиб беради.

«Бу каби тиғиз вақтда Жаҳон озиқ-овқат дастуридаги афғонистонлик ҳамкасбларимиз, айниқса Бадахшондаги каби чекка туманлар йўллари қор билан тўсиб қолмасидан озиқ-овқат ғамлаб олиши учун ҳар қандай ёрдамимизга муҳтож», деди Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Тожикистондаги ваколатхонаси раҳбари Адҳам Мусаллам.

Ҳирот яқинидаги тақсимот пунктида WFP тарафидан берилган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб уйига кетаётган афғонистонлик оила. [WFP/Марко Ди Лауро]

Ҳирот яқинидаги тақсимот пунктида WFP тарафидан берилган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб уйига кетаётган афғонистонлик оила. [WFP/Марко Ди Лауро]

29 ноябр куни Кобулда Жаҳон озиқ-овқат дастури доирасида маблағ тарқатилаётган пайт пул олаётган аёл. [Гектор РЕТАМАЛ / AFP]

29 ноябр куни Кобулда Жаҳон озиқ-овқат дастури доирасида маблағ тарқатилаётган пайт пул олаётган аёл. [Гектор РЕТАМАЛ / AFP]

Бу ҳақда у Тожикистон расмийлари иштирокида ёрдамнинг юборилишига бағишлаб ўтказилган тадбир чоғида маълум қилди.

«Биз шундай оғир паллада афғон халқини қўллаб-қувватлаётган Тожикистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирамиз. Чегара пунктлари орқали Афғонистонга озиқ-овқат олиб киришимизда бу йўлак айни муддао бўлди», деди Мусаллам.

Мусаллам, шунингдек, инсонпарварлик ташкилотларига Душанбедан Кобулга ва Афғонистондаги бошқа йўналишларга мунтазам парвозларни амалга ошириш имконини берувчи Жаҳон озиқ-овқат дастури томонидан бошқариладиган БМТнинг Гуманитар авиация хизматини (UNHAS) қўллаб-қувватлагани учун Тожикистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирди.

Афғонистон жадаллик билан дунёнинг энг йирик гуманитар инқирозига айланиб бормоқда.

Жаҳон озиқ-овқат дастури жорий йил бошидан бери 14,8 миллион кишига озиқ-овқат маҳсулотлари билан кўмаклашган бўлиб, ушбу ҳаётий муҳим ёрдам ҳажмини оширмоқда.

Улкан эҳтиёж

Бироқ, эҳтиёжлар жуда катта.

«Афғон халқини ёрдамсиз ташлаб қўйиш – аввал ҳам аянчли оқибатларга олиб келган тарихий хато бўларди», деди 17 ноябр куни Бош котибнинг махсус вакили ва БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссиясининг (UNAMA) раҳбари Дебора Лайонс.

Қиш яқинлашиб келар экан, 23 миллионга яқин афғон озиқ-овқат таъминотидан маҳрум ҳолда инқирозли ёки фавқулодда шароитда қолмоқда, деди у.

Бундан ташқари, бир пайтлар очарчилик хавфи фақат қишлоқ жойлар билан чекланган бўлса, эндиликда Афғонистоннинг аҳоли энг зич жойлашган 11 шаҳридан 10 тасида озиқ-овқат хавфсизлиги фавқулодда даражага етиши кутилмоқда, деб қўшимча қилди у.

23 ноябр куни БМТ Афғонистонда йил охиригача гуманитар ёрдамни қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион доллардан кўпроқ маблағ ажратиш ҳақидаги фавқулодда мурожаати тўлиқ молиялаштирилганини айтди.

Асосий донорлар АҚШ, Европа давлатлари ва Япония бўлиб, улар жами 606 миллион долларлик молиялаштириш мақсадига эришишга ёрдам бердилар.

Маблағлар Афғонистондаги энг кам таъминланган 11 миллион кишига ёрдам учун йўналтирилади.

Кобулдаги нақд пул тарқатмалари

Бу орада Жаҳон озиқ-овқат дастури душанба куни Афғонистон пойтахтида мамлакатда кучайиб бораётган гуманитар инқироздан қаттиқ жабр кўрган 3000 га яқин оилага нақд пул тарқатган.

«Кун келиб, бу ерда ёрдам сўраб навбатда ўтиришимни хаёлимга ҳам келтирмаган эдим», дейди 10 кишилик оиласи билан яшовчи 20 яшар Бассана.

«Очликдан ўлмаслик учун бу пулга энг аввало озиқ-овқат сотиб оламиз», деб қўшимча қилди у.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти идораси ҳар бир оилага 7000 афғонийдан (74 доллар) пул тарқатган.

Пул тарқатишга ёрдамлашган Азимуллоҳ Фазлиёрнинг айтишича, Кобулда 50-60 мингга яқин оила ёрдамга муҳтож бўлиб, дастур доирасида энг кўп жабрланган 3000 та оила белгиланган.

«Улар бу пулга қиш учун ўтин ёки бошқа керакли нарсаларни сотиб олишлари мумкин.

Ёрдам олганларнинг кўпчилиги аввалги ҳукумат қулаши ортидан ягона боқувчиси ишсиз қолган оилалар аъзолари бўлишган.

Афғонистонда инфляция ва ишсизлик даражаси кескин ошган, аввалги ҳукумат бюджетининг 75 фоизини ташкил этган халқаро ёрдам эса бутунлай тўхтаб қолган.

Ёрдам сўраб навбатда турганлар орасида талаба ва инглиз тили ўқитувчиси Санаулло Ҳамидий ҳам бор.

У ўзи ва давлат хизматчиси бўлган отаси билан ишсиз қолгани сабабли ўқишни давом эттира олмаслигини айтди.

«Мен (тўловларимни) тўлаб, университетимга қайтган бўлар эдим», деди Ҳамидий.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500