Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Ўзбекистон инқироздан жабр кўрган Афғонистонга ёрдам беришда давом этмоқда

Рустам Темиров

23 декабр куни Афғонистонга гуманитар ёрдам етказган Ўзбекистон поезди. [Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги]

23 декабр куни Афғонистонга гуманитар ёрдам етказган Ўзбекистон поезди. [Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги]

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон қаҳратон қишда гуманитар инқирозга юз тутиб, оғир аҳволда қолган Афғонистонга турли йўллар билан ёрдам беришда давом этмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) бир неча ойдан бери Афғонистонда аҳолининг ярмидан кўпи – 23 миллион инсон очарчиликка юз тутаётгани ҳақида огоҳлантириб келади.

40 миллионлик АФғонистон аҳолисининг ярми озиқ-овқат танқислигидан азият чекмоқда, деб айтган 17 декабр куни Тошкентдаги брифингда БМТнинг қочқинлар бўйича бош комиссарининг алоқа йўналишидаги катта ходими Фрэнк Ремус.

Айниқса, мамлакат ичида ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган 3,5 миллион афғонистонлик фавқулодда ёрдамга муҳтож, деб қўшимча қилган у.

Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрида Афғонистон учун мўлжалланган гуманитар юкларни ташиётган ишчи, 22 октябр. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрида Афғонистон учун мўлжалланган гуманитар юкларни ташиётган ишчи, 22 октябр. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

Ўз навбатида Ўзбекистон 31 декабр куни Афғонистонга электр қуввати етказиб беришга оид шартномани яна бир йилга узайтирди, деб хабар берган Афғонистоннинг «Da Afghanistan Breshna Sherkat» коммунал хизматлар компанияси.

Томонлар уч кунлик музокаралардан кейин бу ҳақда келишув имзоладилар, дейилади баёнотда.

Келишувга кўра, Ўзбекистон 100 миллион АҚШ доллари эвазига икки миллиард кВт/с электр қуввати етказиб беради.

Шартнома Тожикистон ҳам Афғонистонга электр қуввати етказиб беришга оид келишув муддатини яна бир йилга узайтириши ортидан имзоланган.

Аввалроқ, 23 декабр куни Ўзбекистондан Мозори Шарифга ун, гуруч, шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек кийим-кечак ва кўмирдан иборат жами 4000 тонна гуманитар юк темир йўл орқали етказиб берилган эди.

Ўзбекларнинг ёрдами

Ўзбекистон ўтган йил август ойида ҳокимият алмашинуви туфайли юз берган гуманитар инқироз бошланганидан бери Афғонистонга зарурий маҳсулотларни юбориб турди.

Ёрдам авто ва темирйўл орқали етказилмоқда.

Сентябр ойида илк поезд билан 1300 тонна озиқ-овқат, дори-дармон ва кийим-кечак маҳсулотлари юборилган.

1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон жанубидаги чегара шаҳар – Термиздаги БМТ гуманитар марказидан ортилган гуманитар юклар Мозори Шарифга йўналтирилган.

2016 йилда барпо этилган логистика терминали афғонистонлик тадбиркорларга Ўзбекистонга ўтиб, шу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиб олиш бўйича шартномалар имзолаш орқали Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида савдони кучайтириши мўлжалланган эди.

Ҳозирда бу марказ ёрдам етказиш учун қўлланилмоқда.

Термиз карго маркази раҳбари Нодир Жалиловнинг Карвонсаройга маълум қилишича, сентябр ойидан буён Ўзбекистондан 64 та вагонда турли ёрдам юклари, асосан озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилган.

Марказнинг сиғими жуда катта: у бир вақтнинг ўзида 80 минг тонна юкни сиғдира олади, деб қўшимча қилди у.

Ўзбекистон Афғонистонга урушдан кейинги инфратузилмани тиклашга ҳам кўмаклашмоқда.

Масалан, 30 нафар ўзбекистонлик мутахассис Мозори Шариф аэропортини реконструкция қилишда қатнашяпти.

17 декабр куни Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев журналистларга ушбу техник ходимлар келаси йил бошида ўз ишини якунлашини айтган.

Бундан ташқари, Афғонистон Транспорт ва фуқаро авиацияси вазирлигининг 83 нафар ходими Ўзбекистонда малака оширади, деб хабар берган «Газета.уз».

Мувофиқлаштирилган ёндашув

Тарихчи, совет-афғон уруши фахрийси нукуслик Максим Матназаровга кўра, гуманитар ёрдам етказиб берилмаса, Ўзбекистонда афғон қочқинлари оқими юзага келиши мумкин.

«Афғонистонда оилалар кўп болали, шунинг учун очликдан энг аввало болалар азият чекади. Уларни жойларда озиқ-овқат билан таъминлаш чоралари кўрилиши лозим», дейди у.

«Бошқа томондан, мамлакат аҳолисининг аксарияти деҳқонлар. Уларни экин-тикин учун дон ва уруғлар билан таъминлаш зарур».

«Расмий Тошкент Афғонистон билан аввалги президент Ҳамид Карзай давридан бери фаол ҳамкорлик қилиб келган», дейди тошкентлик сиёсий таҳлилчи Нурбек Алимов Афғонистоннинг 2002–2014-йиллардаги маъмуриятини назарда тутиб.

«У Афғонистон иқтисодиётига сармоя киритган», деб қўшимча қилди у. «Шу тариқа бугунги кунда Ўзбекистон Афғонистонда ўз таъсирини сақлаб қолиш учун унга ҳар томонлама ёрдам бермоқда».

Ўз навбатида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев халқаро ҳамжамиятни Афғонистондаги вазиятни диққат билан кузатиб боришга чақирган.

«Афғонистондаги вазият бўйича мувофиқлашган ёндашувларни ишлаб чиқиш ва мамлакатнинг янги раҳбарияти билан мулоқотни ривожлантириш зарур», деди у 17 сентябр куни Душанбеда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат раҳбарлари кенгаши саммитида.

У йирик гуманитар инқироз ва қочқинлар оқимининг олдини олиш, кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун Афғонистоннинг хорижий банклардаги музлатилган активларини ечишни таклиф қилди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500