Карвонсарой
Хавфсизлик

АҚШ ва Ўзбекистон Россиянинг аралашувига қарамай Афғонистон бўйича ҳамкорликни жадаллаштирмоқдалар

Рустам Темиров

Ўзбек чегарачилари Мозори Шарифдан 82 км шимолда жойлашган Афғонистон-Ўзбекистон дўстлик кўпригида юк машинасини текшираётган пайт Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳрида турган толиблар чегара қўриқчиси (чапда). [Вакил Коҳсар/AFP]

Ўзбек чегарачилари Мозори Шарифдан 82 км шимолда жойлашган Афғонистон-Ўзбекистон дўстлик кўпригида юк машинасини текшираётган пайт Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳрида турган толиблар чегара қўриқчиси (чапда). [Вакил Коҳсар/AFP]

ТОШКЕНТ – Россия минтақа давлатларининг ташқи сиёсатга оид муҳим қарорларни қабул қилишда уларнинг мустақиллигига путур етказишга ҳарчанд уринмасин, Қўшма Штатлар Афғонистон бўйича Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда.

Минтақадаги анъанавий таъсирини йўқотишдан чўчиётган Кремл Афғонистонга қўшни давлатларни ўз ҳудудига АҚШ ёки НАТО кучларини киритмасликка чақирмоқда.

Ўтган чоршанба (27 октябр) куни Афғонистон билан чегарадош давлатлар вазирларининг онлайн анжумани чоғида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Кремл хавотирини изҳор қилган ҳолда Қўшма Штатлар ва Ғарб Афғонистон ҳақида қайғурмаётгани, улар учун бу мамлакат фақат ўзларининг ғаразли геосиёсий мақсадларига эришиш учун қулай бир восита эканлигини таъкидлаган.

Анжуманда Россиядан ташқари Эрон, Хитой, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳам қатнашган.

КХШТ «иттифоқи» билан боғлиқ воқеликни акс эттирувчи сурат.

КХШТ «иттифоқи» билан боғлиқ воқеликни акс эттирувчи сурат.

Лавровнинг баёноти америкалик дипломатлар ва ҳарбий мутасаддилар Афғонистондаги воқеалар муносабати билан Тошкентда чегара хавфсизлиги масаласи юзасидан музокаралар ўтказиши ортидан янграган.

«Ўзбекистон Вашингтон ва Тошкент ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатиш умидида АҚШ расмийлари билан жадал ахборот кампаниясини олиб бормоқда ва бу иш бераётган кўринади», деб ёзган эди АҚШнинг Politico нашри октябр ойида.

Октябр ойида Пентагон расмийлари хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди, деб ёзади Politico АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийси ва Конгресс аъзосига таяниб.

Учрашувда америкалик ҳарбийларга минтақада қолиш, вазиятни кузатиш ва керак бўлганда Афғонистондаги нишонларга зарба бериш имконини берадиган «уфқ ортидаги» аксилтеррор кучларини жойлаштириш эҳтимоли асосий мавзуга айланди.

Байден маъмурияти бир неча ойдан бери Ўзбекистон ва Афғонистон билан чегарадош бошқа давлатлар билан музокаралар олиб бормоқда, аммо аниқ натижалар ҳақида ҳозирча ҳеч нарса маълум эмас.

Ўзбекистон ҳам бу каби мунозаралар юзасидан сукут сақлаб келмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 6 октябр куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг тўрт аъзосидан иборат делегацияни қабул қилгани айтилган Ўзбекистон ҳукуматининг расмий баёнотида фақат инсонпарварлик операциялари ҳақида сўз юритилгани ҳисобга олинмаса, Афғонистон деярли зикр қилинмаган.

ОАВда ўзбеклар ва ташриф буюрган делегатлар Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий кучларини жойлаштириш масаласини муҳокама қилган-қилмагани ҳақида хабар берилмаган.

Бироқ, айрим америкалик конгрессменлар Ўзбекистонни АҚШга минтақавий манфаатларни ҳимоя қилишда ёрдам бера оладиган ўзига хос позицияга эга давлат деб биладилар, деб ёзади Politico.

Ўзбекистонга ташриф буюрган тўрт америкалик делегатдан бири, Конгресс аъзоси Август Пфлюгер Politico нашрига берган интервюсида «Минтақадаги террорчи унсурларнинг эҳтимолий бошпанасига географик жиҳатдан яқин дўстга эга бўлиш тактик ва стратегик жиҳатдан муҳим» деб таъкидлаган.

Марказий Осиёда Россиянинг Қирғизистон ва Тожикистонда ҳарбий базалари бор. Қозоғистон Афғонистон билан чегарадош эмас, Туркманистон эса ўзининг бетарафлик тамойилига амал қилади.

«Россиянинг 201-ҳарбий базаси ва «Окно» ҳарбий космик мажмуаси жойлашган Тожикистонда АҚШ қўшинларининг жойлаштирилиши эҳтимолдан йироқ», дейди хавфсизлик бўйича тошкентлик эксперт Равшан Назаров Карвонсарой билан суҳбатда.

«Абадий нейтралитет» тамойилига эга Туркманистон ҳам АҚШ қўшинлари ва базаларини жойлаштиришга розилик бермаяпти. Фақат Ўзбекистон қолмоқда», дейди Назаров.

Қўшма Штатлар 2001-2005 йилларда Афғонистондаги операциялар учун Ўзбекистоннинг Қарши-Хонобод ҳаво базасидан фойдаланган.

Россия билан боғлиқ хавотирлар

Ўзбекистон ҳали якуний қарорга келгани йўқ, бироқ АҚШ билан эҳтимолий ҳамкорлик ҳозирданоқ экспертлар ҳамжамиятида қизғин муҳокамага сабаб бўлмоқда.

Афғонистонда толиблар иқтидорда экан, Ўзбекистон АҚШ ва Россия учун муҳим бўлиб қолади, дейди тошкентлик таҳлилчи ва журналист Анора Содиқова.

Унинг айтишича, иккала давлат ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликка муҳтож.

«Аммо, мен Россия бизни ҳозирги Толибон режимидан ҳимоя қилади, деган гап-сўзларга қаршиман. Аслида биз Россиянинг ўзидан ҳимояланишимиз керак», деди Содиқова Карвонсаройга.

«Қўшма Штатлар Афғонистон бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилади, чунки вазиятнинг ўзи шуни тақозо этмоқда», деди у.

«Ўзбекистонда ҳарбий базалар жойлаштириладими-йўқми, буни айтиш қийин, бироқ АҚШда ўзбекистонлик ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик зарур».

«Марказий Осиёда, жумладан Ўзбекистонда хавфсизлик ва экстремизмнинг олдини олиш нуқтаи назаридан бу давлатлар кўплаб мамлакатлар, жумладан АҚШ билан ҳам ҳамкорлик қилишга мажбур бўладилар», дейди тошкентлик сиёсатшунос Анвар Назиров.

«АҚШ ҳарбий қудрати ва кўмагисиз Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш мушкул бўлади», деди у Карвонсаройга.

«Афғонистон масаласига келсак, бу борада Россиядан кўра АҚШ билан ҳамкорлик қилиш манфаатлироқ бўларди», деб қўшимча қилди у.

АҚШ билан ҳамкорлик «Россия билан ҳамкорликдан манфаатлироқ», чунки Ўзбекистон иқтисодиёти Ғарб давлатларининг ижобий муносабати ва инвестициялар шаклида қўшимча сиёсий, савдо ва иқтисодий афзалликларга эга бўлади, деди Швецияда яшайдиган ўзбекистонлик собиқ сиёсатчи Пўлат Охунов.

«Марказий Осиёда осойишталикни таъминлаш борасида эса... АҚШ ва Россия билан ҳамкорлик қилиш энг тўғри йўл бўлади», деди у Карвонсаройга.

«Ўзбекистон осойишталикни таъминлаш йўлида бу давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик учун майдон вазифасини бажариши мумкин».

Россия бошчилигидаги блокларни рад этиш

Ўз навбатида Марказий Осиёда чор мустамлакачилиги, совет ва постсовет даврини ўз ичига олган кўп асрлик тажрибага эга Кремл Ўзбекистонни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (ОДКБ) қайта аъзо бўлишга чақириб келмоқда.

2012 йилда КХШТдан чиққан Ўзбекистон ўшандан бери ўз учун АҚШ ва Россия ўртасида йўл солишга уриниб келади.

«Биз Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан Ўзбекистон ва Россия ўртасида янги хавфсизлик келишувлари тузишни муҳокама қилмаяпмиз», деган эди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов октябр ойида «Газета.уз» нашрида.

Унинг айтишича, мамлакатнинг КХШТга қайта аъзо бўлишига ҳожат йўқ, чунки у ҳарбий ҳужум кутмаяпти. Ўзбекистоннинг хавфсизлик соҳасидаги асосий мақсади терроризмга қарши курашдир.

Айрим ўзбек кузатувчилари Кремлнинг бўғувчи «қучоғини» олқишлашга ҳожат йўқ, деб ҳисоблайдилар.

«КХШТ ва Евроосиё иқтисодий иттифоқига келсак, Ўзбекистон бу ташкилотларга қўшилмайди», дейди АҚШда яшаётган ўзбекистонлик собиқ сиёсатчи Нигора Ҳидоятова.

«Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги сўнгги низолар КХШТнинг лаёқатсизлигини кўрсатди, иқтисодий жиҳатдан банкрот бўлган ЕОИИ эса, иқтисодий эмас, балки кўпроқ сиёсий иттифоқдир», деди у.

«Шунга қарамай, Кремл Тошкентни КХШТга аъзо бўлишга ундаб келмоқда», дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Карвонсарой нашрига.

«Ўзбекистон расмийлари бу блокка қўшилиш мамлакатнинг стратегик манфаатларига мос эмаслигини тушунгани боис, КХШТга аъзо бўлишга ҳеч қачон қизиқиш билдирмаган», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ўзбекистон ҳеч қандай сабоқ олмаяпти. Украина ва бошқа мамлакатларга боқинг; сиз билан ҳам худди шундай бўлади, сизни олдиндан огоҳлантиришган.

Жавоб бериш

Хўш, Украинада урушни ким бошлади? Рашка эмасми? Агар ёқмаса нарсаларингни йиғиштириб қишлоғингга сур бу ердан.

Жавоб бериш

Биз Афғонистонга 20 йилдан бери ёрдам бериб келяпмиз

Жавоб бериш

BIZ MUSTAQIL DAVLATMIZ!!!! HECH KIMGA QARAM BO'LMAYMIZ

Жавоб бериш

Ватанфуруш казёллар ёзган макола

Жавоб бериш