Карвонсарой
Дипломатия

АҚШ-Ўзбекистон алоқалари стратегик шериклик мулоқоти доирасида кенгайиб бормоқда

Рустам Темиров

«Silverleafe » АҚШ-Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги қўшма корхонаси расмийлари ўзбекистонлик фермер билан, санасиз сурат. «Silverleafe» 2018 йилдан бери фаолият кўрсатади. [Silverleafe]

«Silverleafe » АҚШ-Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги қўшма корхонаси расмийлари ўзбекистонлик фермер билан, санасиз сурат. «Silverleafe» 2018 йилдан бери фаолият кўрсатади. [Silverleafe]

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон ва АҚШ расмийларининг шу ойда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашуви икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётганидан дарак беради, дейди Ўзбекистон Ғарбда ишончли ҳамкорлар излаётганини айтаётган таҳлилчилар.

13 декабр куни Тошкентда АҚШ-Ўзбекистон стратегик шериклик мулоқотининг таъсис йиғилиши ўтказилди.

Ўзбекистон делегациясига мамлакат ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, АҚШ тарафига Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Доналд Лу раҳбарлик қилди.

Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон 2020 йил ноябр ойида ҳар йилги муҳокамаларини Стратегик шериклик мулоқоти даражасига кўтаришди.

Бош вазир ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов (ўнгда) ва АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Доналд Лу (чапда) АҚШ-Ўзбекистон стратегик шериклик мулоқотининг 13 декабр куни Тошкент шаҳрида ўтган илк учрашувидан сўнг қўл сиқишмоқдалар. [АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси/Facebook]

Бош вазир ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов (ўнгда) ва АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Доналд Лу (чапда) АҚШ-Ўзбекистон стратегик шериклик мулоқотининг 13 декабр куни Тошкент шаҳрида ўтган илк учрашувидан сўнг қўл сиқишмоқдалар. [АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси/Facebook]

13 декабр куни Тошкентда АҚШ-Ўзбекистон стратегик шериклик мулоқотининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. Бу АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик бўйича илк мулоқот бўлди. [АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси/Facebook]

13 декабр куни Тошкентда АҚШ-Ўзбекистон стратегик шериклик мулоқотининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. Бу АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик бўйича илк мулоқот бўлди. [АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси/Facebook]

Тошкентдаги KFC ресторани, 22 декабр. [Рустам Темиров]

Тошкентдаги KFC ресторани, 22 декабр. [Рустам Темиров]

Томонлар америкалик инвесторлар ва йирик компанияларни Ўзбекистондаги қўшма ташаббуслар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон, тўқимачилик ва кимё саноатидаги лойиҳаларга жалб этишдан манфаатдор эканини билдирди, деб ёзади Kun.uz нашри.

Учрашувда АҚШ халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) ва Ўзбекистоннинг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси ўртасида инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашув иштирокчилари 2022 йилнинг биринчи ярмида АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси билан ҳамкорликда Америка ва Ўзбекистон ишбилармон доиралари учун қўшма бизнес-форум ўтказишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Ўз навбатида АҚШ делегацияси қўшма баёнотда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Томонлар қўшни Афғонистонда осойишталикни тиклаш ва бу давлатга гуманитар ёрдам етказилишини таъминлаш учун C5+1 платформаси бўйича ҳамкорликни жадаллаштиришга келишиб олдилар.

«C5+1 – бу умумий муаммоларни муҳокама қилиш ва улар устида ишлаш учун Марказий Осиёнинг беш давлати ва АҚШни бирлаштирувчи платформадир», дейилади АҚШ Давлат департаменти баёнотида.

«Қўшма Штатлар Термиз Карго марказида инсонпарварлик ташкилотларига кўрсатилаётган хизматлар учун миннатдорчилик билдирар экан, Ўзбекистоннинг Афғонистон халқига шошилинч инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш мақсадида БМТ шафелигида Термиз шаҳрида минтақавий логистика марказини ташкил этиш ташаббусини олқишлади», дейилади қўшма баёнотда.

Ўзбекистон ўз маданий меросини асраш ва АҚШ билан маданий бойликларни муҳофаза қилиш бўйича битим тузишдан ҳам манфаатдор эканлигини билдирди.

Шунингдек, Комилов COVAX глобал дастури доирасида Ўзбекистонга 6 миллион дозадан ортиқ COVID-19 вакцинасини тақдим этгани учун АҚШга миннатдорчилик изҳор этган.

Яқинда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистоннинг COVID-19га қарши чораларига кўмаклашишдаги ютуқларига бағишланган онлайн тадбир ўтказди, дейилади АҚШ элчихонасининг душанба (20 декабр) кунги баёнотида.

USAID Ўзбекистон ҳукуматига 4,46 миллион доллардан (48,3 миллиард сўм) кўпроқ ёрдам кўрсатди, жумладан, COVID-19ни аниқловчи экспресс-тест қурилмаларини ҳадя қилди.

АҚШ билан янада яқинроқ ҳамкорлик

«АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги мулоқот жуда позитив», дейди сиёсатшунос ва иқтисодчи Анвар Назиров Карвонсарой нашри билан суҳбатда.

«Ўзбекистон Россиянинг босими шароитида Ғарбда таянч нуқтасини топишга уриниб, мувозанатни сақлашга ҳаракат қилмоқда», дейди Назиров.

Бу босим янада кучаяди, дейди Назиров. У сўнгги пайтларда Украинадаги вазиятнинг кескинлашуви, Россиянинг АҚШ ва умуман Европа билан муносабатларининг ёмонлашуви Ўзбекистон расмийларини хавотирга солаётганини қўшимча қилди.

Қўшма Штатлар минтақага кўпроқ эътибор қаратаётган Европа Иттифоқидан ўрнак олиб, Марказий Осиё билан ҳамкорлик дастурини янгилаши керак, дейди у.

Марказий Осиёда муаммолар кўп, экстремизмнинг ўсиши эса асосий таҳдидлари бири, деб қўшимча қилди у.

«Ислом давлати» (ИД) ва «Ал-Қоида» Афғонистонда, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари чегаралари яқинида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда, деди Назиров.

Тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Мирзабоевнинг айтишича, АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини тезлаштиришга алоҳида аҳамият қаратиши керак.

Унинг сўзларига кўра, бундай қадам бизнесни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш учун қулай муҳит яратишга хизмат қилади.

АҚШ ва Марказий Осиё ўртасида мунтазам равишда икки тарафлама ташрифлар уюштириш ва АҚШ-Ўзбекистон муносабатларини турли соҳалар бўйича кенгайтириш зарур, деб қўшимча қилди у.

«Агар Америка инвестициясини жалб қила олмасак, ҳеч бўлмаганда маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришимиз, Америка университетларининг филиалларини очишимиз, инглиз тилини ўрганишни тарғиб қилишимиз, илғор тажриба ва технологиялар билан бўлишишимиз керак», деди Мирзабоев.

«Ўйлайманки, Ўзбекистон ва АҚШ таълим соҳасида самарали ҳамкорлик қила олади», дейди ўзбекистонлик журналист Анора Содиқова.

«Ўзбекистонлик ёшларга Америка университетларида кўпроқ жой ажратилиши керак. Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига Америка технологиялари ва инвестицияларини жалб қилиш жуда истиқболли кўринади», дейди Содиқова Карвонсарой билан суҳбатда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500