Карвонсарой
Терроризм

Экстремизмга ёлловчилар Қозоғистонда янада фаолроқ тактика қўлламоқда

Ксения Бондал

6 декабр куни Олмаота Марказий масжидида хуфтон намозининг бошланишини кутаётган қизлар. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

6 декабр куни Олмаота Марказий масжидида хуфтон намозининг бошланишини кутаётган қизлар. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

ОЛМАОТА – Қозоғистон расмийлари ва таҳлилчиларининг огоҳлантиришича, радикал мафкурачиларнинг Интернет орқали олиб бораётган даъвати тобора шиддатли тус олиб бормоқда.

«Экстремистик ғоялар тажовузкор ва жанговар эканлигида шубҳа йўқ», дейди Қустанай вилояти диний бирлашмалар билан ишлаш департаменти директори Лаззат Компишова 28 ноябр куни «Костанайские новости» сайтига берган интервюсида.

«Бугунги кунда интернет ҳар қандай назарий ёки амалий тадбирлар учун қулай платформа ҳисобланади. Шунингдек, у ёшлар онги ва хулқ-атворига таъсир қила оладиган кучли восита бўлиб, мамлакат ичида ва хорижда жамоатчилик фикрини ўзгартириши мумкин», деди Компишова.

Компишовага кўра, Қозоғистонда қонунга хилоф материаллар чоп этилган сайтларни аниқлаш ва блоклаш учун фойдаланиладиган «Киберназорат» тизими ёрдамида жорий йилда 8700 дан ортиқ бузғунчи аккаунтларни аниқлашга муваффақ бўлинган.

6 декабр куни Олмаотада ёш мусулмонлардан бирига китобдаги исломий қадриятларни тушунтираётган имом. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

6 декабр куни Олмаотада ёш мусулмонлардан бирига китобдаги исломий қадриятларни тушунтираётган имом. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

Олмаотадаги марказий масжиддан чиқаётган мусулмонлар, 6 декабр. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

Олмаотадаги марказий масжиддан чиқаётган мусулмонлар, 6 декабр. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

Қозоғистон Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан ўтказилган экспертиза жараёнида тасдиқланган бу рақам «ўтган йилдагидан бир неча мингга кўп», деди у ва мазкур аккаунтларнинг ярмидан кўпи экстремистик эканлигини қўшимча қилди.

«Биз ушбу бузғунчи аккаунтларга обуна бўлган ҳар бир кишига билдиришнома юборамиз ва улардан обунани бекор қилишни сўраймиз. Бу йили 3627 та билдиришнома юборилди, 2000 га яқин одам обунадан воз кечди», деди Компишова.

Даъватни тезлаштиришдаги шиддат

Даъватдаги шиддат Қозоғистонда экстремистик веб-сайтларни ёпиш ва ноқонуний адабиётларни мусодара қилиш каби турли тақиқлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Эҳтимол, террорчилар ўз ғояларини тезроқ етказмоқчи, дейди экстремизмнинг олдини олиш бўйича мутахассис Асилбек Избаиров Карвонсаройга.

Аввалроқ уларда ёллаш учун чекланмаган вақт бор эди, аммо энди улар ўз даъватини қисқа муддатга етказишга ҳаракат қилмоқда.

Диншунослик факултети аспиранти, олмаоталик Елнар Берикбаевга кўра, аввал экстремистлар гапни узоқдан бошлаб даъват қилар эди.

Улар диндорларга Исломнинг асосий қадриятлари ва ҳар бир мусулмон қабул қиладиган тамойиллари, масалан, тавҳид (яккахудолик) ҳақида гапириб сўз бошлар эдилар. Улар Пайғамбар алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобалари ҳаётидан ҳикоя қиладилар, деди у.

Кейин улар аста-секин ўз сомеъларини дунёвий давлат тузуми ва бошқа дин вакилларига қарши қайрашни бошлайдилар, деди Берикбаев Карвонсаройга.

«Бошқача қилиб айтганда, илгари бузғунчи оқимлар ёлловчилари ҳеч қачон ўз даъватини диний адоват, душманлик, қотиллик ёки террорчилик ҳаракатларини тарғиб қилиш билан бошламаган», деди у.

Молиявий танг аҳволи ва Сурия ва Ироқдаги мағлубияти сабаб «Ислом давлати»га (ИД) «энди фақат ҳамдард одамларни топишнинг ўзи кифоя қилмайди, балки уларга буйруқ берилганда терактларни амалга оширадиган фаол издошлар керак», дейди Берикбаев.

«Агар улар ҳар бир давлатда радикалларни жалб қила олса, ўз шартларини илгари суриб, сиёсий мақсадларига эришиши мумкин», деди Берикбаев.

Терроризм устидан ғалаба қозонилгани ҳақида гапиришга ҳали эрта, чунки ИД келажакда нималар қилишини ҳеч ким билмайди, деб огоҳлантирди Избаиров.

Шундай бўлса-да, ҳозир ИДнинг муаммолари йўқ эмас: унинг «ўзаги парчаланган ва маблағи йўқ», дейди Избаиров.

Ёшлар билан боғлиқ хавф

Собиқ экстремистлар билан ишлаш ва уларни реабилитация қилишга ихтисослашган «Акниет» нодавлат ташкилотининг Кўкчатовдаги идораси раҳбари Рустам Садуевга кўра, ёшлар экстремистлар сафига қўшилиб кетиш хавфи остида қолмоқда.

Илмий даражада, яъни диний мутахассислар ва имомлар каби илмли кишилар ўртасида кечадиган дин ва эътиқод борасидаги тортишувлар исломга янги кирган одамларни ўзига тортади, дейди у.

Улар бундай ҳолатга тушгач, ўзларида пайдо бўлган янги саволларга, зиддиятлар ва шубҳаларга жавоб излашни бошлайдилар, дейди Садуев.

Пандемия вазиятни янада оғирлаштирди. Диндорлар бошқалар каби, COVID-19 билан боғлиқ чекловлар ва ОАВдаги ёмон хабарлардан чарчадилар. Бундай шароитда радикалларнинг жанговар руҳдаги тарғиботи кучлироқ таъсирга эга бўлиши мумкин, деб қўшимча қилди Садуев.

«Тахминан 25-30 ёшлардаги бўйдоқ ёшлар бу босим таъсирига тушиши мумкин. Биламизки, ўтмишда ИДнинг Сурияга бориш ҳақидаги чақириқларига асосан у ерга бориб, жойлашиш умидида бўлган турмушдаги, болали жуфтликлар ижобат қилишган», деди у.

«Аммо ИД қулаганидан сўнг, одамлар ўз аёллари ва болаларини хавф остига қўймоқчи эмас, шунинг учун улар Қозоғистонда қолишга ҳаракат қилмоқда», деди Садуев.

Шу тариқа радикалларнинг ҳозирги агрессив стратегияси эҳтимолий қурбонларни чўчитиши мумкин, дейди Берикбаев.

«Улар фаол жанговар ҳаракатлар ҳақида гапириб, одамларни ўзларидан узоқлаштирадилар», деб тахмин қилади Берикбаев. «ИД бутунлай яксон қилинган ва ҳалокатли вазиятда эканлиги сабабли, улар шу йўлдан боришмоқда.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500