Карвонсарой
Хавфсизлик

Шимолий Корея Россияга «яширинча» артиллерия снарядлари етказиб бермоқда

AFP

Шимолий Корея механизациялашган ходимлари артиллерия машғулотлари чоғида. [Шимолий Корея давлат ОАВ]

Шимолий Корея механизациялашган ходимлари артиллерия машғулотлари чоғида. [Шимолий Корея давлат ОАВ]

Чоршанба (2 ноябр) куни Қўшма Штатларнинг маълум қилишича, Шимолий Корея Яқин Шарқ ёки Африкага жўнатиш ниқоби остида Россияга Украинадаги уруш учун катта миқдорда артиллерия ўқ-дориларини етказиб бермоқда.

Оқ Уйнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича вакили Жон Кирбининг айтишича, ўқ-дорилар Россияга етиб боргани-бормагани АҚШ расмийларига маълум эмас, аммо улар юкларни кузатишга ҳаракат қилмоқдалар.

АҚШ маълумотларига кўра, Шимолий Корея «Россиянинг Украинадаги уруши учун яширинча катта миқдорда артиллерия снарядлари етказиб берар экан, қуролларни Яқин Шарқ ёки Шимолий Африка мамлакатларига юбораётгандек қилиб кўрсатишга уринмоқда», деди Кирби журналистларга.

«Биз жўнатилган юклар қабул қилинган-қилинмаганини кузатамиз», деб қўшимча қилди у.

Сентябр ойида Пхеньян саккиз ойдан бери давом этаётган уруш туфайли захираси бўшаб қолган Россия армиясини ўқ-дори билан таъминлашга ёрдам бермоқчи экани ҳақидаги Оқ уй даъвосини рад этган.

«Биз Россияга ҳеч қачон қурол ёки ўқ-дори экспорт қилмаганмиз ва буни режалаштираётганимиз йўқ», дейилади 21 сентябр куни Шимолий Корея мудофаа вазирлиги ускуналар бўйича бош идорасининг давлат Марказий ахборот агентлигида эълон қилинган баёнотида.

Вашингтоннинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирга қадар Россияга катта миқдорда артиллерия снарядлари жўнатилган – улар Россияга урушни чўзишга ёрдам берса-да, Украина кучлари билан жангларда устунликни қўлга киритиш учун етарли эмас, деди Кирби.

«Етказиб берилган снарядлар сони анча катта. Бу нафақат Шимолий Кореянинг Россияни қай даражада қўллаб-қувватлашга тайёрлиги, балки Россияга мудофаа ашёлари етишмаётгани ва унинг муҳтожлигидан далолат беради», деди у.

Шимолий Корея ва Эрон ёрдамига эҳтиёж

Унинг сўзларига кўра, Москва Шимолий Корея ва Эрондан қурол сотиб олишга мажбур бўлмоқда, чунки глобал санкциялар Россиянинг ўз қурол омборларини тўлдириш имконини чеклаб қўйган.

Эрон Россияга ўзининг худкуш дронларини юборди, улар Украина инфратузилма объектларига ҳужум қилиш ва уларни ишдан чиқаришда қўлланилган.

Кремл Эрондан қисқа масофали баллистик ракеталар сотиб олишга ҳаракат қилгани ҳам айтилади, бироқ Кирбининг сўзларига кўра, бу уринишлар ўз тасдиғини топмаган.

Кирби Шимолий Кореянинг ўқ-дорилари қай тарзда ва қайси йўналишлар орқали ташилаётганига ойдинлик киритмаган.

АҚШ бу ҳолат юзасидан, айниқса Бирлашган Миллатлар Ташкилотида қандай чоралар кўриш мумкинлиги борасида ўз иттифоқчилари ва ҳамкорлари билан маслаҳатлашади, деди у.

Кирби Қўшма Штатлар Эрон ва Шимолий Кореядан қурол-яроғ етказиб берилишига чек қўйиши ёки уларни мусодара қилиши борасидаги саволни жавобсиз қолдирган.

АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари ва Яқин Шарқда фаолият олиб борувчи иттифоқчилар Эрондан Яман ва Шарқий Африкадаги можаролар учун кичик миқдорда қурол-яроғ етказиб берилишини тўхтатиб қолган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия қолоқ мамлакатлардан қурол сўраб тиланчилик қилиб юрибди.

Жавоб бериш