Карвонсарой
Хавфсизлик

«Рашкчи одам»: Украинадаги уруш жабҳаси яқинида Путинга нисбатан нафрат ва итоатсизлик кучаймоқда

Карвонсарой ва AFP

Россиянинг Украинадаги тинч аҳоли яшайдиган Миколаив шаҳрига берган зарбасидан кейин қутқарувчилар жабрланган аёлга ёрдам беришмоқда, аҳоли вайроналарни тозаламоқда. «Ухлаётган эдим, ойналар синиб тушганидан уйғониб кетдим», дейди жароҳатланган Наталья. Ойналари синган ошхонаси деразасидан қараб турган муҳандис Геннадий Геруло Путинни «шоқол» деб атаган ва вайронагарчилик учун уни жавобгар деб билади, «уни инсон деб бўлмайди». [AFP]

МИКОЛАИВ, Украина – Ошхонадаги дарз кетган соат миллари Украина жанубига қараган Совет даврига оид кўп қаватли бинога Россия ракетаси келиб тушган вақтда қотиб қолган.

24 феврал куни Украинага ҳужум бошлаган Россия кичик қўшниси армиясини мағлуб қила олмагач, тез-тез фуқаролик иншоотларига бомба ташлаб, уларни ўққа тута бошлаган.

Кечаси соат 1:44 да S-300 ракетаси портлаганида каравотидан йиқилиб тушган Геннадий Герулло ўзи кўниккан ҳаёт тарзи тугаганини тушуниб етган.

Аммо у ва яна бошқа миллионлаб украиналиклар бомба ҳужумларидан даҳшатга тушаётгани йўқ.

Россиянинг Украинага ҳужуми фонида 23 октябр куни Миколаивга берилган ракета зарбасидан сўнг қолган вайроналар орасида турган аёл. [Булент Қилич/AFP]

Россиянинг Украинага ҳужуми фонида 23 октябр куни Миколаивга берилган ракета зарбасидан сўнг қолган вайроналар орасида турган аёл. [Булент Қилич/AFP]

Россиянинг Украинага ҳужуми фонида 23 октябр куни Миколаивга берилган ракета зарбасидан кейин қолган вайроналар. [Булент Қилич/AFP]

Россиянинг Украинага ҳужуми фонида 23 октябр куни Миколаивга берилган ракета зарбасидан кейин қолган вайроналар. [Булент Қилич/AFP]

Бир неча соатдан кейин ойналари синиб кетган деразасидан қарар экан, ғалаба яқин эканининг белгиси сифатида Миколаив порт шаҳрига зарбалар берилганини кўрди.

«У худди рашкчи одамга ўхшайди», дейди 50 яшар эркак Россия президенти Владимир Путин ҳақида.

«Украина уники бўлмас экан, ҳеч кимники бўлмаслиги керак деб билади.»

Миколаив каби Украинанинг жанубий шаҳарлари Путин саккиз ой аввал бошлаган қақшатқич урушнинг кейинги босқичларида муҳим рол ўйнайди.

Украинанинг шиддатли қарши ҳужуми русларни саноат шимолида эгаллаб олган ерларидан ҳайдаб чиқаришга мажбур қилди ва қишлоқ хўжалиги жанубига олиб келди.

Жануби-шарқдан уч соатлик масофадаги Миколаив ва Кривой Рог каби шаҳарлар навбатдаги ҳужумни бошлаш учун украиналиклар учун плацдарм вазифасини ўтайди.

«Яраланган ҳайвон»

Тўрт кишини жароҳатлаган сўнгги ракета зарбаси Светлана Тишевсканинг Украина тўғри йўлда эканига ишончини кучайтирган.

Кремл тайинлаган раҳбарлар россияликлар бутун уруш мобайнида қўлга кирита олган ягона минтақавий пойтахт Херсон шаҳрини аллақачон тарк этишмоқда.

Украинанинг бу ердаги ғалабаси билан Кремлнинг 2014 йилда қўлга олган Қрим яриморолидан Россияга қадар қуруқликдан очган йўли тўсилади.

Шунингдек, у Азов денгизига чиқиш йўлини очиб, Путиннинг халқаро миқёсда яккаланиб қолишига сабабчи бўлган кампаниясида деярли ҳеч қандай имконият қолдирмайди.

Бир неча қават пастда харобаларни тозалаётган Тишевска ҳам худди Геруллодек фикрда.

«У худди яраланган ҳайвонга ўхшайди», дейди у Путин ҳақида.

«У ўзини ўлдиряпти ва ўзи билан бошқаларни ҳам олиб кетмоқчи

Тишевска яшовчи кўп қаватли бинонинг таянч девори ёрилган, ҳовлининг қарама-қарши томонидаги пастроқ бино эса қисман қулаб тушган.

Яшовчилардан деярли ҳеч бири бу икки бинога қайтишдан умидвор эмаслар.

«Мен ғалаба яқинлашаётганини англаяпман», дейди 50 яшар фуқаро умидсизликка қарамай.

Вайронагарчилик изи

Путиннинг чекинаётган армияси қолдирган вайронагарчиликлар рус тилида сўзлашишни ва чегаранинг у томонидагилар билан оила қуришни афзал кўрадиганларнинг аксарида Москвага нисбатан нафрат пайдо қилмоқда.

Русийзабон Герулонинг сўзига кўра, унда «ўзларини биродарлармиз деб айтувчи бу одамларга нисбатан нафратдан бошқа нарса йўқ».

Миколаив ва унинг атрофидаги шаҳарларга берилган зарбаларнинг аксарияти кечаси ёки эрталаб ҳамма иш билан чиқиб кетаётган пайтга тўғри келган.

Ҳужум учун айнан шундай вақт танлангани ҳаммани ўйлантириб қўйган. Айримлар Россия украиналикларнинг уйқусини бузиб, тушкунликка туширмоқчи деган фикрда.

«Россияликлар бизни ҳолдан тойдириб, норозилик келтириб чиқаришмоқчи. Ҳукуматимизни таслим бўлишга ундашимизни хоҳлаяпти», деб айтган Геруло.

«Улар бошқа йўлни билишмайди

Ҳужумнинг илк ҳафталарида Миколаив Путиннинг нишонида бўлган.

Россияликлар жадал тарзда муваффақиятга эришиб, Қора денгиздаги қўшни Одесса порт шаҳрини нишонга олишаётган эди. Уруш эндигина бошлаганида бу шаҳарни Путин маданий пойтахт деб атаган.

Путиннинг хўрланган аскарлари ортга чекинар экан, Миколаив иккинчи марта қийин аҳволда қолмоқда.

Қуруқ мақтаниш ва қўрқув

Академик, бўш вақтида хайрия билан шуғулланувчи Людмила Фалко қизининг вайрон бўлган хонадонида қолган нарсаларни излар экан, деярли қувноқ ҳолатда сўзлаган.

«Бу худкуш дронлар ва ракеталар унинг сўнгги ҳаракати», дейди 60 яшар аёл бош силкиб.

«Унинг талвасаси сабабли ёш болалар ва қариялар ҳалок бўлишмоқда.»

Украиналиклар қатъиятли, аммо ракета зарбаларининг муқаррар жароҳатини тан олади.

«Урушнинг илк кунидан бери қўрқувдаман», дейди Геруло ошхонасининг деразасидан қараб.

«Ростини айтсам, нималар бўлаётганини ҳали ҳам тўлиқ англаб етмаяпман.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500