Карвонсарой
Фан ва технология

Айғоқчи ҳаво шари ҳодисаси Хитойнинг кузатув воситаси бўлмиш Huawei компаниясига эътиборни кучайтирди

Карвонсарой

Ўтган йилнинг 12 октябр куни Шанхайда дўконлар ва савдо марказлари билан ўралган пиёдалар кўчаси бўйлаб Huawei дўкони ёнидан ўтиб кетаётган одамлар. [Гектор Ретамал/AFP]

Ўтган йилнинг 12 октябр куни Шанхайда дўконлар ва савдо марказлари билан ўралган пиёдалар кўчаси бўйлаб Huawei дўкони ёнидан ўтиб кетаётган одамлар. [Гектор Ретамал/AFP]

Феврал ойи бошида АҚШ осмонидан учиб ўтган Хитойнинг кузатув шари дипломатик можарога сабаб бўлди ва яна бир бор Пекиннинг разведка маълумотларини, жумладан Huawei гиганти орқали қандай қилиб тўплаши борасидаги хавотирларни қўзғади.

Пекин АҚШ ва бошқа мамлакатларда жосуслик қилиш учун юқори баландликда учадиган, аниқлаш қийин бўлган ҳаво шарлардан фойдаланиш бўйича «яхши молиялаштирилган ва пухта ўйланган дастурни» амалга оширмоқда, деб баёнот берган АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби 14 феврал куни.

АҚШ ҳарбийларининг бир кун аввалги хабарига кўра, 4 феврал куни уриб туширилган Хитойнинг кузатув шаридан муҳим сенсорлар ва электроника қисмлари чиқариб олинган.

Ҳаво шари бир неча кун мобайнида Шимолий Америка осмони, жумладан, ядровий қуроллар сақланадиган бир қатор махфий объектлар устидан учиб ўтган.

3 феврал куни АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари учувчиси Америка Қўшма Штатларининг марказий қисмида парвоз қилаётган Хитойники деб гумон қилинган кузатув шарига қарамоқда. [АҚШ мудофаа вазирлиги]

3 феврал куни АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари учувчиси Америка Қўшма Штатларининг марказий қисмида парвоз қилаётган Хитойники деб гумон қилинган кузатув шарига қарамоқда. [АҚШ мудофаа вазирлиги]

Пекинда кузатув камералари ўрнатаётган ишчи. Huawei Пекиннинг Шинжонда жорий қилинган юзни таниш технологиясида марказий ўринни эгаллайди, у ерда миллионлаб мусулмонлар мажбуран «қайта тарбия лагерларига» жойлаштирилиб, қийноқлар, зўрлашлар ва бошқа зўравонликларга учраган. [Ноэл Селис/AFP]

Пекинда кузатув камералари ўрнатаётган ишчи. Huawei Пекиннинг Шинжонда жорий қилинган юзни таниш технологиясида марказий ўринни эгаллайди, у ерда миллионлаб мусулмонлар мажбуран «қайта тарбия лагерларига» жойлаштирилиб, қийноқлар, зўрлашлар ва бошқа зўравонликларга учраган. [Ноэл Селис/AFP]

Виржиния штатининг Квантико шаҳридаги АҚШ ҳукумати лабораториясида АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) муҳандислари ҳаво шарининг қолдиқларини кўздан кечириб, унинг техник имкониятларини чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилмоқда, деб хабар беради CNN.

Жумладан, ҳаво шари қандай маълумотларни қўлга киритиши ва тўплаши, қандай сунъий йўлдошлар билан боғлангани ва унинг Қўшма Штатлар фойдаланиши мумкин бўлган заиф томонлари бор-йўқлиги текширилмоқда.

Бир неча йиллар давомида Хитойнинг жанубий соҳилларидаги Хайнан провинциясидан иш олиб борган айғоқчи ҳаво шари Хитойнинг стратегик манфаатлари доирасидаги мамлакатлар ва ҳудудлардаги ҳарбий активлар тўғрисида маълумот тўплаган, деб ёзади Washington Post 7 феврал куни.

АҚШ расмийлари Пекин нишонидаги мамлакатлар расмийлари билан кўп сонли текширувларнинг тафсилотлари билан ўртоқлаша бошлаган.

«Бунга бизнинг иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз томонидан катта қизиқиш билдирилди», деди исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган юқори мартабали расмий, деб хабар беради Washington Post.

«Уларнинг кўпчилиги ўзлари ҳам бунга ёки ХХРнинг қизиқиш объектининг таъсирига тушиб қолиши мумкинлигини тан олади», деди у Хитой Халқ Республикасини назарда тутиб.

«Номақбул хавф»

Ижтимоий тармоқларда хитойликлар орасидаги ихтилофларни фош қилган ва Хитой ҳукумати ичида бўлиниш борлиги ҳақидаги тахминларни келтириб чиқарган ҳаво шари ҳодисаси ортидан Хитойнинг энг йирик технологик компанияси «Huawei» яна эътибор марказига чиққан.

Зоҳиридан мобил телефонлар ва маиший товарларнинг беозор ишлаб чиқарувчиси бўлиб кўринадиган Huawei аслида Хитой ҳукумати томонидан жиддий қўллаб-қувватланади ва Халқ озодлик армияси билан чуқур алоқаларга эга.

2019 йилда АҚШ Адлия вазирлиги Huawei компаниясини АҚШнинг тижорат сирларини ўғирлашда ва Эронга нисбатан жорий қилинган санкцияларни четлаб ўтишда, шунингдек, бошқа қонунбузарликларда айблаган эди.

Вашингтон ушбу компанияга АҚШ ҳукумат идоралари учун коммуникация тизимлари етказиб беришни тақиқлади ва Хитой ҳукумати разведка маълумотларини қўлга киритиши мумкинлигидан қўрқиб, хусусий секторда унинг ускуналаридан фойдаланмасликни тавсия қилди.

«Бу янги қоидалар Америка халқини телекоммуникациялар билан боғлиқ миллий хавфсизлик таҳдидларидан ҳимоя қилиш бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатларимизнинг муҳим қисмидир», деди АҚШ Федерал алоқа комиссияси раиси Жессика Розенворсел ноябр ойида Huawei ва ZTE компанияларидан янги телекоммуникация ускуналарини маъқуллаш тақиқланганидан кейин берган баёнотида.

Компания АҚШ ҳукуматининг эътибор марказида қолмоқда.

Январ ойида Байден маъмурияти Huawei компаниясининг кўпгина маҳсулотлари экспорти учун АҚШ компанияларига лицензия беришни тўхтатди, деб хабар берди Reuters мавзудан хабардор манбаларга таяниб.

Huawei анчадан бери 5G ва бошқа технологияли маҳсулотлар бўйича АҚШнинг экспорт чекловларига дуч келмоқда, бироқ АҚШ савдо вазирлиги расмийлари айрим Америка фирмаларига компаниянинг маълум товарлари ва технологияларини сотиш учун лицензиялар берган.

Хабардор манбанинг айтишича, АҚШ расмийлари «Huawei»нинг 5G даражасидан пастроқ, жумладан, 4G, Wi-Fi 6 ва 7, сунъий интеллект, юқори унумдорликдаги ҳисоблашлар ва булутли қурилмаларни ўз ичига олган маҳсулотларни етказиб беришни тақиқлаш бўйича янги расмий қоидаларни ишлаб чиқмоқда.

Аввалроқ тасдиқланиши мумкин бўлган 5G учун ишлатиб бўлмайдиган 4G чиплари учун лицензиялар рад этилмоқда, деб хабар беради Reuters бошқа бир шахсдан иқтибос келтириб.

Бошқа Ғарб давлатлари ҳам хавфсизлик важидан 5G мобил тармоқларида Huawei телефонларини блоклаган.

Масалан, Литва хавфсизлик хизматлари Huawei телефонлари бўйича текширув ўтказиб, айрим моделларда хавфсизлик учун катта хатарлар борлигини аниқлади.

«Биз айтаётган хавфлар ҳақиқий», деган эди Литва мудофаа вазири ўринбосари Маргирис Абукявичюс 2021 йилда «Америка овози» билан суҳбатда. «Бу хавфни камайтиришнинг энг яхши чораси.»

Бошқа давлатлар ҳам ушбу тадқиқотга эътибор қаратиши ва худди шундай қилиш ҳақида ўйлаб кўришлари керак, деди у.

«Ўйлайманки, бу тадқиқотимиз телекоммуникация соҳасидаги мунозара доирасидан чиқиб, бошқа соҳаларни ҳам ўйлашимиз кераклигини кўрсатади», деди у «Америка овози» билан суҳбатда.

Ҳисоботга кўра, Huawei телефони фойдаланувчиларни вирусли дастурлар жойлаштирилиши мумкин бўлган учинчи томон иловалар дўконларига автоматик равишда қайта йўналтиргани сабаб хавф туғдириши мумкин.

Глобал кузатув

Узоқ йиллар давомида бутун дунёда аниқланган кўплаб далиллар Huawei Хитойнинг кузатув фаолиятида марказий ролни ўйнаб келаётганини кўрсатади.

The Washington Post 2021 йилда Huawei ҳақидаги муҳим янгиликни эълон қилган, унда нашр журналистлари компаниянинг аксарияти «махфий» деб белгиланган 100 дан ортиқ PowerPoint тақдимотларини кўриб чиққанлар.

«Ўтган йил охирида компания уларни ўчириб ташлашидан аввал Huawei веб-сайтида эълон қилинган ушбу маркетинг тақдимотларидан маълум бўлишича, Huawei ўз технологиялари ҳукумат органларига овоз орқали шахсларни аниқлашга, қизиқиш остидаги сиёсий арбобларни кузатишга, маҳбусларнинг мафкуравий тарбия ва меҳнат жадвалларини бошқаришга ва юзни таниш технологияси фойдаланган ҳолда ритейлерларга харидорларни кузатишга қандай ёрдам бериши мумкинлигини ҳақида сўзлаган», дейилади ҳисоботда.

Huawei шунингдек, миллионлаб мусулмонлар мажбуран «қайта тарбиялаш лагерларига» жойлаштирилган ҳамда қийноқлар, зўрлаш ва бошқа зўравонликларга дучор бўлган Хитойнинг Шинжон минтақасида юзни таниш дастурининг ишга тушилишига алоқадор.

Сўнгги йилларда Шинжонда кузатув сарф-харажатлари кескин ошган, терроризмга қарши кураш баҳонасида бутун вилоят бўйлаб юзни таниш технологиялари, кўз тўрпардаси сканерлари, ДНК маълумотларини йиғиш ва сунъий интеллект тизимлари ўрнатилган.

2020 йилда IPVM соҳавий нашри ва The Washington Post томонидан олиб борилган суриштирувга кўра, Huawei Хитой ҳукуматига алоқадор бошқа бир қатор компаниялар билан биргаликда «уйғур тревогаси» тизимини синаш ва текшириш ишларини олиб борган.

«Синовларга оид ҳисоботда айтишилишича, агар тизим асосан мусулмон озчиликка мансуб одамнинг юзини аниқласа, «уйғур тревогаси» билан улар ҳақида Хитой полициясига хабар бериши мумкин», деб ёзади Washington Post.

Alibaba техногиганти ишлаб чиққан ва Huawei синовдан ўтказган юзни таниш дастури ёрдамида сурат ва видеолар ичидан уйғурлар ва бошқа этник озчиликларнинг юзини қандай қилиб аниқлаш мумкинлиги ойдинлашган.

Huawei, шунингдек, мамлакатда юзни таниш технологиялари бўйича энг илғор компанияларидан бўлган Megvii билан ҳамкорлик қилган.

IPVM Huawei компаниясининг махфий «мувофиқлик ҳисоботини» қўлга киритган бўлиб, унда икки компания 2018 йилда оломон ичида юзларни сканерлаш ва ҳар бир одамнинг ёши, жинси ва қайси этник гуруҳга мансублигини баҳолайдиган сунъий интеллектли камера тизимини синаш учун биргаликда ишлагани қайд этилган.

Пекин кенг жамоатчиликни кузатиб бориш ҳамда озчиликлар, намойишчилар ва давлатга таҳдид деб ҳисобланганларни таъқиб қилиш учун сунъий идрокка таянувчи кузатув тизимидан тобора кўпроқ фойдаланмоқда, дейди Human Rights Watch ташкилотининг Хитой бўйича катта илмий ходими Мая Ван.

«Хитойнинг кузатувга интилиши озчиликларни таъқиб қилишдангина иборат эмас», деган эди у 2020 йилда Washington Post билан суҳбатда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500