Карвонсарой
Терроризм

Россия Украинада жосуслик ва қотиллик учун ИД жангариларини ёлламоқда

Олга Чепил

ИДнинг 2022 йил 18 апрелида Ўзбекистонга қилинган ҳужум даъвоси далили сифатида гуруҳ аъзоси артиллерия снарядлари ёнида суратга тушмоқда. [Файл]

ИДнинг 2022 йил 18 апрелида Ўзбекистонга қилинган ҳужум даъвоси далили сифатида гуруҳ аъзоси артиллерия снарядлари ёнида суратга тушмоқда. [Файл]

КИЕВ – Россия Украина қуролли кучлари томонида жанг қилаётган чечен ва қрим-татар батальонлари сафига кириб бориши учун собиқ «Ислом давлати» (ИД) жангариларидан фойдаланмоқда, дейди мухбирлар ва таҳлилчилар.

Украинанинг Россияга қарши уруши йиллар давомида Совет Иттифоқи ёки Россия зулми остида бўлган этник гуруҳлар жангчиларининг хайрихоҳлигига сабаб бўлди.

Россия мухолифат нашри Медуза олиб борган тергов хабарига кўра, Россия федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) Украина кучлари ортидан жосуслик қилиш учун собиқ ИД аъзосини ёллашга уринган.

Россиялик Бауржан Култанов 2014 йилда Сурияда ИД сафида жанг қилган. У «Медуза» нашрига кейинроқ жангарилардан «ҳафсаласи пир бўлгани», Туркияга қочиб кетгани ва у ерда сиёсий бошпана сўраганини айтиб берган.

Палмира яқинидаги Россия ёллаган жангарилар, Сурия, 2017 йил. [ISIS Hunters/Twitter]

Палмира яқинидаги Россия ёллаган жангарилар, Сурия, 2017 йил. [ISIS Hunters/Twitter]

Туркия расмийлари унинг террорчилик ўтмишини инобатга олиб, унинг аризасини рад этган ва Россияга депортация қилган. Култанов у ерда қамоқхонада сақланмоқда.

Аммо, Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳукм чиқариш арафасида уни ФСБ учун ишлашга таклиф қилган ва 2019 йилда озодликка чиққанидан сўнг, Култанов Украинадаги биринчи топшириғини олган.

Култанов ФСБ томонидан берилган кўрсатмаларни «Медуза» билан бўлишган: «Ҳеч нарсани ўйлаб топишинг шарт эмас: тарихинг ва жангарилигинг ҳаммасини айтиб турибди. Сен ҳақиқатан ҳам террорчи, мусулмон, собиқ маҳбуссан».

«Уларга [украиналикларга] Россия ва ФСБдан нафратланишингни ва ёрдам беришни хоҳлаётганингни айтишинг кифоя. Қучоқ очиб қабул қилишади.»

«Бизнинг у ердаги кўзларимиз ва қулоқларимиз бўласан,», деб айтган у ФСБ мутасаддиларини тилга олиб. «Аммо, сен ёлғиз эмассан.»

Култановнинг нашрга айтишича, у ўзига тайинланган қурбонларнинг суратлари, исмлари ёки манзиллари кўрсатилган ҳолда икки марта қотиллик буйруғини олган.

У бу вазифаларни рад этгани ва ҳеч қачон Украина ҳудудига кирмагани, бунинг ўрнига яна бошпана сўраб Туркияга қочганини айтган.

«Мен Туркия полициясига бориб барчасини айтиб бердим. Мен жосус бўлишни ёки жосуслик учун қамоққа тушишни хоҳламайман. Муҳими, улардан мени Россияга депортация қилмасликларини сўрадим», деб айтган Култанов 15 май куни Gulagu.net билан бўлиб ўтган YouTube интервьюсида.

Агар яна депортация қилинса, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинишидан ёки ўлдириб юборилишдан қўрқишини айтган.

Россиянинг жосусларни сингдириш амалиёти

Култановнинг ҳикояси ФСБнинг хорижий хавфсизлик кучлари сафига жосусларни сингдириш ҳаракатига мисол бўла олади.

Украина хавфсизлик хизматлари (СБУ) 2022 йил февралида бошланган ҳужумдан бери 600 дан ортиқ россиялик агентлар ва жосусларни фош қилган, деб хабар берган «Украинска Правда» нашри январ ойида.

Қуролли низоларга эътибор қаратган америкалик рус олимаси Вера Миронова ФСБ томонидан Хусайн Жамбетовнинг ёлланишига эътибор қаратган.

Россиялик собиқ чечен аскари Жамбетов Белгияда қочқин сифатида яшаб келган. У ерда ҳалол гўшт сотиш билан шуғулланган, деди Миронова Карвонсаройга.

Россиянинг Украинага кенг қамровли уруши бошланганидан сўнг ўз аёли ва етти фарзандини ташлаб, Украина сафида жанг қилишга жўнаб кетган.

У ерда Чечен батальонининг иккинчи қўмондонига айланган. У кўпинча Украина телевидениеси, Ғарб ОАВида чиқиб турган, деб айтган Миронова.

Шу йил май ойида Жамбетов тўсатдан Россиянинг Грозний шаҳрида пайдо бўлиб қолган. У украиналик сафдошларини ўлдирганини тан олган ва путинпараст чечен диктатор Рамзан Қодировга содиқлигини эълон қилган.

«У нафақат ҳамма нарсани Россияга етказган, балки Россияга қайтиб келиб, Қодиров билан парадни томоша қилган. Ҳозир эса «Z» рамзи туширилган соат тақиб юради», деб айтган Миронова Россиянинг Украинадаги урушини қўллаб-қувватловчи белгини назарда тутиб.

ФСБ агентлари нафақат Украина, балки Америка хавфсизлик хизматларига жосусларни сингдиришга уринмоқда, деди Миронова.

«Россия Украина ва дунё бўйлаб ўзининг жуда кўп жосусларини жойлаштирганига аминман», деб айтган Украина кучларига маслаҳат бераётган Миронова.

Аввал Чеченистон, Доғистон, Сурия ва Ироқда ҳарбий соҳани ўрганган Мироновага кўра, ФСБ Суриядаги жангариларни ёллаш устида ишламоқда.

«СБУга қаранг... Ҳар бир ҳибсга олинган битта одамга, 20 та қўлга олинмагани тўғри келиши ҳақида ўйлаб кўринг», дейди Миронова.

Нима учун жангарилар ёлланмоқда?

Россия аввал ФСБ ва ИД жангарилари ҳамкорлигидан манфаат кўрган, дейди кузатувчилар.

«Аслида, аввалроқ ФСБ Россия қишлоқларидан ИДга радикал мусулмонларни юбориш бўйича каналлар тақдим этган», дейди Стратегик тадқиқотлар бўйича Украина миллий институтининг хорижий сиёсат маркази раҳбари Максим Паламарчук Карвонсарой нашрига.

«Шундай қилиб, улар бу ташкилотга ўз агентларини сингдиришган ва Россия режимидан норози одамларни олиб чиқишган», деди у.

«Кўряпмизки, Россиянинг бу схемалар фош қилинмоқда, уларнинг очиқланиши эса самарадорликка таъсир қилмоқда», деб айтган Паламарчук.

«ФСБ учун энг муҳими ҳамманинг ўз «тарихи» бўлишидир», дейди СБУ зобити ва Украина келажак институти таҳлилчиси Иван Ступак Карвонсарой нашрига.

«Россияликлар Украина махсус кучлари кимларга кўпроқ ишонишини, кимни ўз сафларига тезроқ қабул қилишини билиб олишган. Россияда ҳукумат идоралари билан муаммоси борларни албатта», деб айтган Ступак.

Россиялик психологлар собиқ жангари ёлловчилар билан ишлашади, улар билан босимли вазиятларни машқ қилишади ва камида икки-учта тарихни ўйлаб топишади, деб айтган у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россиянинг ўзи терроризм ҳомийси деб топилгани ҳисобга олинса, ажабланарли эмас.

Жавоб бериш