Карвонсарой
Сиёсат

Россия инқироз ботқоғига ботган бир пайтда Эрон ўзини Сурияда намоён қилмоқда

Валид Абу ал-Хайр

Вагнер гуруҳи жангарилари Суриянинг Дайр Аззор шаҳри яқинида, 3 ноябр. [Ria Fan/Telegram]

Вагнер гуруҳи жангарилари Суриянинг Дайр Аззор шаҳри яқинида, 3 ноябр. [Ria Fan/Telegram]

Россия Украинадаги улкан йўқотишлардан тортиб то унинг ички барқарорлигига таҳдид солаётган Вагнер гуруҳининг муваффақиятсиз қўзғолони каби қатор инқирозлардан азият чекар экан, Эрон режими Сурияда ўз назорати остидаги ҳудудларни кенгайтириш билан бу вазиятдан фойдаланиб қолмоқда.

Сурия Россиянинг Яқин Шарқдаги муҳим нуқтаси бўлган, аммо Украинага босқин ортидан Кремлнинг ресурслари камайиб, у Суриядаги айрим кучларини Украина фронтига юборишга мажбур бўлган.

Таҳлилчиларга кўра, Россия қуролли кучларининг қисман чиқиб кетиши Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) билан ҳамкор кучларга бўшлиқни тўлдириш ва Суриядаги ҳозирлигини кучайтириш учун имконият эшикларини очиб берган.

Айни вақтда Украинага қарши урушда фойдаланиш учун Россияга доимий равишда жанговар дронлар етказиб бераётган Эрон режими Россия билан Суриядаги муносабатларида маълум таъсир воситаларига эга бўлмоқда.

24 июн кунги суратда Ростовдаги Вагнер гуруҳининг танки акс этган – шу куни гуруҳ Россия режимига қарши исён кўтарган эди. [Rosich/Telegram]

24 июн кунги суратда Ростовдаги Вагнер гуруҳининг танки акс этган – шу куни гуруҳ Россия режимига қарши исён кўтарган эди. [Rosich/Telegram]

«Менимча, Теҳрон Россияни ўзидан қарздор ва Эронга нималарнидир бериши керак деб билади», деб айтган АҚШ ҳаво кучлари генерал-лейтенанти Алексус Гринкевич 21 июн кунги брифингда.

Россия қўшинларининг Суриядан чиқиб кетиши «Хмеймим каби йирик ҳарбий базаларга тааллуқли эмас», деб айтган ИИПКга иттифоқдош жангарилар бўйича мутахассис Шейар Турко.

Аммо, бу жараён Сурия бўйлаб «хавфсизликни таъминлаш учун Россия қўшинлари жойлаштирилган Сурия ҳарбий базалари, ўқ-дори омборлари, Москвадан Сурияга етказиб берилган қуроллар жойлаштирилган иншоотларини» ўз ичига олади, дейди у.

Россия қуролли кучлари ўрнига «Дамашқ, Ҳалаб, Шарқий чўл ва Дайр Аззорда таъсир доираси Россия аскарлари билан боғлиқ ИИПКга иттифоқдош жангарилар» келган, деб айтган у.

«Суриядаги жорий вазиятни қисқача қилиб қуйидагича таърифлаш мумкин: Россия чекинмоқда, Эрон ўз таъсирини кенгайтирмоқда, 2011 йилдан бери азият чекаётган сурияликлар эса ёлғиз қолишган ва мағлубиятга маҳкум», деб айтган у.

Биринчиликка интилиш

«Эрон ва Россия ўзаро иттифоқчи бўлишига қарамай, Сурияда назорат ўрнатиш бўйича қизғин рақобатда бўлган», деб айтган Эрон муносабатлари бўйича мутахассис, Ал-Шарқ минтақавий ва стратегик тадқиқотлар маркази тадқиқотчиси Фатхи ал-Саид.

Уларнинг ҳар бири алоҳида мақсадга эга, Россия бу мамлакатни Яқин Шарқда ва Ўртаер денгизи ҳудудида стратегик таянч сифатида кўради, деб айтган.

«Эронга келсак, у нафақат сиёсий ҳарбий, балки савдо таъсири нуқтайи назаридан Левантдаги ҳозирлиги учун Сурияни муҳим коридор сифатида кўради», дейди у.

«Сурия Эрон маҳсулотлари учун катта бозор сифатида кўрилади», деб айтган суриялик иқтисодчи ва Дамашқ университети маърузачиси Маҳмуд Мустафо.

«Эрон учун яна бир муҳим нарса сўнгги бир неча йиллар давомида Сурия ҳукумати билан эришилган шартномалар орқали Сурия табиий бойликлари, жумладан фосфат ва нефт устидан назорат ўрнатишдир», деб қўшимча қилди у.

Россиянинг Сурия режимининг муҳим ҳамкори сифатида етакчиликка қилган ҳаракати Сурияда фаол бўлган Евгений Пригожин бошчилигидаги ёлланма жангарилардан иборат Вагнер гуруҳининг исёни туфайли кучсизланган.

Муваффақиятсиз қўзғолондан кейин Россия ҳарбий полицияси ва Сурия разведка идоралари Суриянинг турли вилоятларида Вагнер етакчилари, аскарлари ва ёлловчи мутасаддиларини қўлга олишган, деб хабар беради al-Arabi al-Jadid нашри 27 июн куни.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Вершинин Сурия президенти Башар Асадга Вагнер кучлари бундан буён мустақил ҳаракат қилмасликлари хақида хабар бериш учун жўнаб кетди, деб хабар берган Wall Street Journal нашри 28 июн куни.

У Асадни Вагнер жангчиларининг Сурияни Москва назоратисиз тарк этишини тўхтатишга чақирди.

Мисрлик ҳарбий таҳлилчи Абдел Карим Аҳмаднинг айтишича, «Исён янги эҳтимолий можаролар учун эшик очиб беради» ва агар Вагнер гуруҳининг Суриядаги фаолияти тўхтатилса, ҳокимият бўшлиғи пайдо бўлади.

Россия учун нохуш оқибатлар

«Вагнер инқирози натижасида Россиянинг энг катта йўқотиши Сурияда бўлади», деди Қоҳира университети халқаро алоқалар профессори Моҳиддин Ғанем.

Россия ва Вагнер гуруҳи ўртасидаги ҳар қандай кескинлик иккала тарафни ҳам заифлаштиради, деди у.

Ҳарбий таҳлилчи Воил Абдул Мутталибнинг айтишича, Россия ҳарбий ва разведка қўмондонларини алмаштиради, бу унинг Сурия, Африка ва Украинадаги фаолияти самарадорлигига таъсир қилади.

«Россия армияси Вагнер каби камтарона кучлар олдида, шунингдек, Украина кучларига қарши самарасиз эканлигини кўрсатди», деди у.

Худди шу нарса қўзғолонга уриниш олдидан Пригожиннинг ниятларини аниқламаган Россия разведкасига ҳам тегишли, деди у.

Сурия, Ливия ва Марказий Африка Республикаси (МАР) каби можаролар давом этаётган мамлакатларда етакчиларга сиёсий, ҳарбий ва молиявий томондан кучли дастакчи керак, дейди Абдул Мутталиб.

Сўнгги ҳодисалар Россия режимининг бу давлатлар учун кучли ҳамкор бўлиб қолиш салоҳиятини шубҳа остида қолдирди, дейди у.

«Агар бу учбурчакнинг бир тарафи ғимирлаб қолса, ишончга путур етади ва бу давлатлар кучлироқ қўлловчига ўтади», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500