Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Қозоғистонда жангариликка ёллашнинг олдини олиш учун ҳукуматдан Россия ОАВни тақиқлаш талаб қилинмоқда

Канат Алтинбаев

Россия ташқи ишлар вазирлиги биноси олдида «Бизнинг ҳимоячиларимиз! Ташаккур, қадрли россияликлар!» деб ёзилган баннер, 15 июн, Москва. [Александр Неменов/AFP]

Россия ташқи ишлар вазирлиги биноси олдида «Бизнинг ҳимоячиларимиз! Ташаккур, қадрли россияликлар!» деб ёзилган баннер, 15 июн, Москва. [Александр Неменов/AFP]

ОЛМАОТА – Ижтимоий тармоқларда қозоқларни Украинада жанг қилишга чорловчи постлар тарқатилаётгани маълум бўлгач, қозоғистонликлар ўз ҳукуматидан Россия ташвиқотига қарши кескин чоралар кўришни талаб қилмоқда.

Қозоғистоннинг Россия билан чегарадош шимолий вилояти – Қустанай прокуратурасининг 29 июн кунги баёнотида ижтимоий тармоқларда Россиянинг Украинага босқини юзасидан ташвиқот кучайиб бораётгани айтилади.

Россия ўз қўшнисига 2022 йилнинг февралида ҳужум қилган эди.

Материалларда «миллатлараро адоват қўзғатувчи, фуқароларнинг миллий шаъни ва қадр-қимматини таҳқирловчи қасддан берилган иғволи баёнотлар ва ёлғон ахборот», шунингдек, «мамлакатимиз ҳудудий яхлитлигига нисбатан бўлгинчилик руҳидаги даъватлар мавжуд», дейилади хабарда.

Кремл Украинага босқинда Россия учун жанг қилиб, жон берадиган Марказий осиёликларни қидирмоқда. [Карвонсарой]

Кремл Украинага босқинда Россия учун жанг қилиб, жон берадиган Марказий осиёликларни қидирмоқда. [Карвонсарой]

«Бундан ташқари, бизнинг минтақамизда Украинадаги қуролли можарода қатнашиш учун маҳаллий аҳолини Россия Федерациясига ёллашга уриниш ҳаракатлари қайд этилган», дейилади прокуратура хабарида.

Прокуратура аҳолини провокацияга берилмасликка чақирган.

Прокуратура бошқа давлатлардаги жанговар ҳаракатларда иштирок этиш, миллатлараро адоват қўзғаш ва «Қозоғистоннинг яхлитлиги, ҳудудий дахлсизлигини бузишга чақириш» 10 йилгача қамоқ билан жазоланадиган жиноят эканлигини таъкидлаган.

Жамоат тартибига таҳдид солувчи, жамоат ёки давлат манфаатларига жиддий зарар етказувчи ёлғон маълумотларни ёйинлаш етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, деб қўшимча қилди у.

Россия ҳарбийлари ҳам, «Вагнер» ёлланма гуруҳи ҳам анчадан бери Москва манфаатлари учун жанг қиладиган ва жон берадиган Марказий осиёликларни қидириб келади.

Марказий Осиё давлатларидан ҳарбий хизматга яроқли ва рус тилини яхши биладиган ёшлар Россия қуролли кучлари билан шартнома имзолашга жалб қилинмоқда.

Шунингдек, Россия фуқаролигини олган Марказий Осиёлик мигрантлар ҳам ҳарбий хизматга чақирилаётгани айтилади.

Қозоғистонда хориждаги қуролли тўқнашувларда қатнашиш (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) тинчликпарвар кучлари таркибида бўлиши бундан мустасно) тўққиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

ОАВ хабарларига кўра, Вагнер гуруҳи ўзининг ёллаш ишларини Қозоғистоннинг Россия билан чегарадош шимолий вилоятларида фаоллаштирган.

Google қидирув статистикаси шуни кўрсатадики, Қозоғистонда «Вагнер»га Шимолий Қозоғистон, Қарағанда, Қустанай, Оқмола ва Шарқий Қозоғистон вилоятларидаги интернет фойдаланувчилари кўпроқ қизиқиш билдирмоқда, деб хабар берган Озодлик радиоси (Озодлик радиоси) апрел ойида.

«Зомби каналлар»

Кузатувчиларга кўра, аҳоли орасида ўз таъсирини ёйиш мақсадида Кремл Шимолий Қозоғистонда ташвиқотни кучайтирган.

«Москва шу тариқа битта ўқ билан иккита қуённи ўлдирмоқда», дейди собиқ қозоғистонлик ҳарбий офицер Даурен Оспанов Карвонсаройга.

«Улар одамлар онгини заҳарлаш билан машғул, натижада Шимолий Қозоғистонда уларнинг тарафдорлари ва «махсус ҳарбий операцияни» қўллаб-қувватловчи одамлар кўпаяди», деди у Кремлнинг Украинага босқинини назарда тутиб.

«Шу билан бирга, улар нацистларга қарши жанг қилишига ишонадиган кўнгилли аскарларни ёлламоқда.»

«Ўз ҳаёти ва келажагини барбод қилаётган қозоқ ёшлари ҳам кам эмас», деб қўшимча қилди у.

«Қолаверса, Москва учун бу ёлланма аскарлар, айниқса постсовет давлатлар фуқаролари, Украинага ўзининг элита аскарлари ўрнига юбориладиган тўп емидан бошқа нарса эмас».

Қозоғистон хавфсизлик хизматлари Россия ташвиқотига ва ёшларни аскарликка ёллашига қарши курашни кучайтириши керак, деди Оспанов «Қозоғистон миллий хавфсизлигига таҳдид ортиб бораётганини» қўшимча қилиб.

«Энг аввало, Қозоғистонда Россиянинг зомби каналлари намойишини тақиқлаш вақти келди», деди у.

Биринчи навбатда, Россияни Қозоғистонда таъсир ўтказиш учун қўллаётган ташвиқот воситаларидан маҳрум қилиш зарур, дейди Олмаотадаги Drakkar нашриёти матбуот котиби Санжар Искандеров.

«Россиядан келаётган ва (Россия) давлат телеканаллари ва ахборот сайтлари орқали Кремлнинг нуқтайи назарини тарғиб қилувчи ва қозоқларнинг онгини заҳарловчи кундалик ахборот оқими ёллаш ҳаракатлари учун йўл очди», деди у Карвонсаройга. Бу ёлланма аскарлар аслида Россия ташвиқотининг қурбонларидир».

Кремл ташвиқоти Қозоғистон суверенитетига жиддий таҳдид солади ва унинг таъсири фақат ёллаш билан чекланмайди, деди Искандеров.

Унинг таъкидлашича, жорий йил бошида мамлакат шимолида юз берган айирмачилик ҳодисалари ҳам Кремлнинг мафкуравий тарғиботи билан боғлиқ.

«Қозоғистон расмийлари бу муаммони жуда яхши тушунса-да, Москва билан муносабатлар бузилишидан қўрқиб, ташвиқот оқимини тўсмаяпти», дейди Искандеров.

Ўз навбатида Қозоғистон ОАВ анчадан бери Россиянинг ноқонуний ёллаш ҳаракатларига омма эътиборини қаратиб келмоқда.

Май ойида журналистлар Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) раиси ўринбосари Марат Колкобаевни бурчакка тақаган эди.

«Қозоғистонлик эркаклар жангариликка ёлланмоқда. Лекин Қозоғистон ўз фуқароларини ҳимоя қила олмаяпти. КНБ буни назорат қиляптими? Сизнинг Россия жазони ижро этиш тизими билан алоқаларингиз борми?» деб савол беришган улар Кўлкобоевга.

КНБ Россиянинг жазони ижро этиш тизими билан ҳамкорлик қилмайди, аскарликка ёлланганлар эса жиноий жавобгарликка тортилади, деб жавоб берган Колкобаев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Оҳ, «Россия ташвиқоти: ҳақиқатни топиб бўлмаяпти» номли охири йўқ сериалидаги янги бурилиш. «Ҳақиқатгўй» Россия медиаси Украинада урушда иштирок этиши учун қозогистонликларни ёллашини ким билибди дейсиз? Ўзлари келтириб чиқарган даҳшатли урушда қатнашиш учун ўзларининг одамлари етмайди. Аммо, қўшниларини ҳам бунга тортишга қарор қилишди, чунки сенинг муаммонгда қанчалар кўп давлат ботиб қолса, шунчалар яхши, тўғрими? Фактларни бузиб кўрсатиш, низо келтириб чиқариш ва бошқа мамлакатларнинг тинчлигини бузишда барча имкониятдан фойдаланиш қобилиятларига тан бераман,. Россия медиаси журналистикада янги чўққиларни забт этди, улар ҳар бир жонли эфир кўрсатувда, ҳар саҳифа, ҳар бир мақолада ёлғон тарқатиш йўлини топишган. Баракалла Кремл, сен сохта хабарлар устаси, омма фикрини бошқариш бўйича тарихда қолдинг!

Жавоб бериш

Руслар ароққа тўла томоқларини томоқларини йиртиб, Россия армиясининг қудрати ҳақида бақиришарди, энди эса осиёликларнинг ортига яширинмоқчи.

Жавоб бериш