КИЕВ – Киевда холаси билан яшайдиган уруш етими Каринанинг ота-онаси рус қўшинлари босқинидан қочаётиб ҳалок бўлишидан аввалги ҳаётидан ёрқин хотиралар қолган.
«Онам ва дадамни эслайман. Дадам билан колбаса ердик», дейди 7 ёшли бола ҳиринглаб. «Онамга идишларни ювиш ва уйни тозалашга ёрдамлашардим.»
Украинада етим болалар сонининг кўпайиши ўтган йил феврал ойидаги Россия босқинидан аввалроқ ҳам ислоҳотга муҳтож бўлган парвариш тизимига юкламани кучайтирган.
Бу можаро туфайли болаларга етказилган азоб-уқубатларнинг бир жиҳати, холос.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) статистик маълумотларига кўра, босқин бошланганидан бери 500 дан ортиқ бола ҳалок бўлган.
Украина ижтимоий хизматлари маълумотларига кўра, яна 9000 дан ортиқ киши, кўрган-кечирганларидан жароҳатланганларнинг кўпи уруш туфайли ота-онасини йўқотган.
Жароҳатлар, Россиянинг ракета зарбалари, бомбапаноҳлардаги машқлар, ота-она ва қариндошлардан ажралиш болаларнинг психологик ҳолатига таъсир қилади, дейди таҳлилчилар.
АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштирилган тадқиқот натижаларига кўра, Москва камида 6000 нафар украиналик болани бутун Россия бўйлаб, жумладан Сибирдаги «қайта тарбиялаш» лагерларида сақламоқда.
Каринанинг ота-онаси можаронинг дастлабки паллаларида қамал остида қолган шимолий Чернигов вилоятидаги қишлоғидан қочишга уринган пайтда вафот этган.
Катта эҳтимол билан фугас ёки снаряд туфайли содир бўлган портлаш унинг ота-онасини ҳалок қилган, Каринани эса улар ўтирган машинадан ташқарига чиқариб юборган.
«У деразадан учиб чиқиб кетгани учун мияси чайқалган», деди Каринанинг холаси 22 ёшли Руслана Носенко.
«Белидаги... куйиш жароҳатлари тўқ рангда, тўқ кўк эди. Улар тўлиқ битмаган», дейди Черниговдаги касалхонада даволанганидан сўнг Каринани қабул қилган Носенко.
«Жисмоний жиҳатдан, фикримча, унинг омади келган, лекин психологик жиҳатдан у жуда кўп азоб чекди.»
«Психологик оқибатлар»
Урушдан олдин Украинадаги меҳрибонлик уйларида 100мингдан ортиқ бола яшар эди – бу Европада Россиядан кейинги энг юқори кўрсаткич.
Эндиликда ҳукумат болаларни кўпроқ тутинган оилаларга жойлаштиришга, васийларни эса моддий рағбатлантиришга ҳаракат қилмоқда.
Фарзанд асраб олишни осонлаштиришга қаратилган чораларга қарамай, бу жараёнда Носенко учун ҳали ҳам жуда кўп тўсиқлар бор.
«Мендан фарқли ўлароқ, сиз расмий даромадга эга бўлишингиз керак», дейди Киевда таҳсил олаётган ва ўз фарзанди бор Носенко.
«Мен фарзанд асраб олишни расмийлаштира олмадим, бу босқичда бундай қила олмайман ҳам, чунки талабаман».
Каринани асраб олиш ўрнига унга васийлик қилаётган Носенконинг Киевдаги квартирасида қизча мусиқа чалишни машқ қилмоқда.
Машъум воқеадан бир ой ўтиб холаси билан кўришган Карина ота-онасининг ўлими ҳақида хабар топган.
«У жуда асабийлашди. Кўп йиғлади», деди Носенко Каринанинг тунда йиғлаб уйғонганини эслаб.
Носенко Каринани психологга олиб борган, у руҳий жароҳатни енгиб ўтиш учун қизчани ота-онасига хат ёзишга ундаган.
Бу йўналишда кампания олиб борган Украинанинг биринчи хоними Елена Зеленскаянинг фикрича, болаларни урушнинг «психологик оқибатларидан» ҳимоя қилиш жиддий муаммога айланган.
Уруш даҳшатлари сабаб «худди катталарда бўлгани каби, кўплаб ёш болаларда хавотирга тушиш» ҳолатларини пайдо қилган, дейди Зеленская.
Зўравонлик мероси
Украина қуролли кучлари босқинчи Россия армиясидан Бучани қайтариб олишганида Назар Гаврилюк отасини бошқа фуқароларнинг мурдалари қаторида топишган.
«Акамнинг дўсти ҳовлига чиқиб, учта мурдани кўрган», дейди 18 яшар йигит Киев яқинида жойлашган Россия қуролли кучлари ҳарбий жиноятлар содир этишда айбланган шаҳарчадаги уйидан.
Худди Карина каби Гаврилюк отасининг ўлимидан кейин бувисининг уйидан бошпана топган.
«Бу ерга қайтганимда, бутун кўчада бомбардимон қилинган эди», деб эслайди Гаврилюк Бучани Россия эгаллаган пайт Украина ғарбидан бошпана излаб қайтгач.
«Кўчада юриб кетар эканман, йўл бўйида ўликлар ётарди, иккитаси чуқурда, бошқа бири сал нарироқда эди.»
Унинг отаси Гаврилюкнинг амакиси ва қўшни ирпенлик бошқа «нотаниш одам» ёнида ётган ҳолда топилган.
«Унинг тишлари тўкилиб тушган эди. Балки уриб туширишгандир. Биз ҳеч нимани билмаймиз», деб айтган унинг бувиси Олга Гаврилюк ўғлининг мурдаси суратини телефонда кўрсатиб.
Бучадаги россиялик аскарлар бир неча кунда Киевни қўлга киритиш ва Украинани мағлуб этишдан умидини узди, дейди Назар Гаврилюк.
«Шу тариқа улар тинч аҳолининг пайига тушишди.»