Карвонсарой
Иқтисодиёт

Урушга қарамай, Ўзбекистон ва Украина савдо-сотиқни кучайтирмоқда

Рустам Темиров

«Агар уруш бўлмаганида» деб номланган графикда Украина ва Ўзбекистон ўртасида 2017–2022 йилларга оид савдо статистикаси келтирилган. Йиллик суммалар миллионлаб долларларда кўрсатилган. 2023 йил устунида январдан майгача бўлган ялпи маълумотлар акс этган. [Карвонсарой]

«Агар уруш бўлмаганида» деб номланган графикда Украина ва Ўзбекистон ўртасида 2017–2022 йилларга оид савдо статистикаси келтирилган. Йиллик суммалар миллионлаб долларларда кўрсатилган. 2023 йил устунида январдан майгача бўлган ялпи маълумотлар акс этган. [Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Уруш туфайли мураккаб шароитлар ва транспорт муаммоларига дуч келган Украина компаниялари инқироздан чиқиш йўлларини изламоқда – улардан айримлари Ўзбекистонга юзланган.

Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо 2022 йилнинг февралида Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг ўсишдан тўхтаган эди. Шунга қарамай, икки мамлакат иқтисодий ҳамкорликни давом эттирмоқда, бу муносабатларни янада мустаҳкамлаш учун потенциал ҳам бор, дейди таҳлилчилар.

Ўзбекистон ҳукумати маълумотларига кўра, 2023 йилнинг январ-май ойлари давомида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 92,9 миллион долларни ташкил этди – Ўзбекистондан экспорт 29,1 миллион долларга, Украинадан импорт эса 63,7 миллион долларга тенг бўлди.

Ўзбекистон бозорига кириш

Ўз маҳсулотларини экспорт қилиш ва ташишда муаммога дуч келган айрим Украина компаниялари импортчи мамлакатларнинг ўзида, шу жумладан Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

Ўзбекистон Украинага мева ва сабзавотлар экспорт қилади. Бухорода экспорт учун ҳозирланган қовунлар, ўтган йил 20 августда олинган сурат. [Санжар Назаров]

Ўзбекистон Украинага мева ва сабзавотлар экспорт қилади. Бухорода экспорт учун ҳозирланган қовунлар, ўтган йил 20 августда олинган сурат. [Санжар Назаров]

Украинанинг энг йирик онлайн такси ва етказиб бериш хизмати – Uklon 22 июндан Ўзбекистон бозорида иш бошлаган.

Компания ўз мобил иловасини, жумладан, ўзбек тилида ҳам ишга туширган, ҳайдовчилар ва хизмат кўрсатувчи ходимларни ишга қабул қилмоқда ва ўзбекистонлик интернет фойдаланувчиларига қаратилган реклама кампаниясини бошлаган.

Uklon маҳаллий ташувчилар, жумладан, Россиянинг «Яндекс Такси» хизмати билан рақобатлаша олади.

Март ойида Украинанинг «Юрия-Фарм» компанияси Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) 10 миллион евролик (10,9 миллион доллар) кредити эвазига Ўзбекистондаги маҳаллий фармацевтика корхоналаридан бирини сотиб олган эди.

Шу тариқа «Юрия-фарм» Ўзбекистон бозори учун маҳаллий фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш имконига эга бўлди.

2022 йилнинг ёзида, уруш давом этаётган бир пайтда Украинанинг Reikartz меҳмонхоналар тармоғи Бухоро ва Қўқонда меҳмонхона очди. Компания 2023 йил охиригача Ўзбекистонда 10 дан ортиқ янги меҳмонхона очиш ниятида эканини маълум қилган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси

Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамлигича қолмоқда, дейди тошкентлик иқтисодчи Азиз Мелибоев.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, Украина олмаси ва мол гўшти импорти бунга мисолдир.

Январ ойида Украина Эрон, Молдова ва Туркияни ортда қолдириб, Ўзбекистонга энг кўп олма етказиб берувчи мамлакатга айланди. Экспорт 360 тоннага етди, бу ўтган йилгига нисбатан 24 фоизга кўп.

2023 йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистон Украинадан 1040 тонна мол гўшти харид қилиб, Украина гўштининг дунёдаги иккинчи энг йирик импортчисига айланди.

Ўзбекистон мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилади.

Украина шарқи ва жанубидаги жанглар туфайли транспорт масаласи энг заиф соҳа бўлиб қолаётгани ажабланарли эмас.

«Шундай бўлса-да, мен қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини юқори баҳолайман», деди Мелибоев. «[Украиналик] мутахассисларни жалб қилиш орқали Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига Украинанинг илғор технологияларини татбиқ ва жорий этиш шулар жумласидан».

«Бундан ташқари, илмий-техникавий ҳамкорлик салоҳияти ҳам мавжуд.»

Уруш тугаганидан сўнг

Украина ғалла ва юқори сифатли ўсимлик мойининг йирик ишлаб чиқарувчиси бўлиб, улар эртами-кечми Ўзбекистон пештахталарида Россия маҳсулотларининг ўрнини эгаллайди, дейди иқтисодчи Анвар Назиров.

«Ўйлайманки, Россиядаги ишлаб чиқариш Ғарб санкциялари туфайли қисқаради. Россия компаниялари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати ҳам пасаяди. Шу сабабли, хусусан, Украина ўсимлик ёғи, ун ва шакар каби озиқ-овқат маҳсулотлари билан Ўзбекистон бозорини эгаллаб олади».

«Бу мутлақо реал вариант», деди Назиров.

Ҳамкорлик салоҳияти юқори, деди у. Ўзбекистон компаниялари урушдан кейин Украинани қайта тиклашда иштирок этиши ҳам мумкин.

Бироқ, Ўзбекистон ва Украина раҳбарлари фаол алоқада эмас, деди у келгуси ҳамкорлик учун янги форматларни топиш зарурлигини қўшимча қилиб.

«Украина Туркий кенгаш аъзосига айланса яхши бўларди. Бу бошидан режалаштирилган ҳам эди, лекин Россиянинг фитналари туфайли бу иш амалга ошмади.»

«Яна бир қадам – Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Туркия ва Жанубий Европа давлатлари учун умумий божхона ҳудудини яратиш», деб қўшимча қилди у. «Украина ҳам Қора денгиз ҳавзасидаги давлат сифатида у ерда ўз ўрнини эгаллаши мумкин. Ва бу Ўзбекистон учун ўз маҳсулотларини Европага олиб чиқишда катта рол ўйнайди».

Аммо буларнинг бари уруш тугагандан кейингина амалга ошиши мумкин.

Тошкентлик Шаҳноза Қурбонова дўкондан Украина сарёғи, ўсимлик мойи ва гигиена воситалари харид қилишини, болалари ширинликларни, айниқса, Украина конфетларини жуда яхши кўришини айтади.

«Дорихоналардан эса Украина дори-дармонларини сотиб оламиз», дейди у. «Асосийси, таъминот узилиб қолмаслиги керак, COVID пандемияси пайтида шундай бўлганди. Ўшанда айрим дориларни топиш амримаҳол эди.»

«Кейинчалик ҳаммаси ўз изига тушди, аммо кейинроқ ушбу даҳшатли уруш бошланди», деди Қурбонова.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ўзбекистонни ушбу оғир дамларда Украина билан савдо-сотиқни жадаллаштиришга оид доно ва оқилона қарори билан табриклаймиз! Бу нафақат Ўзбекистоннинг мустақил экани ва стратегик тафаккурлашидан далолат беради, балки қишлоқ хўжалигидан тортиб технологияларгача бўлган турли соҳаларда ҳар икки мамлакат учун янги имкониятлар эшигини очади. Бундай ҳамкорлик халқаро майдондаги мураккаб шароитда ҳам ҳурмат ва узоқ муддатли иқтиқболларга асосланган ўзаро манфаатли муносабатларни қандай ривожлантириш мумкинлигига мисолдир. Ўзбекистон юқори сифатли маҳсулотлар ва ишончли ҳамкорларни танлаш – иқтисодий ўсиш ва барқарорлик сари муваффақиятли қадам бўлиши мумкинлигини намойиш этмоқда. Бу ҳамкорлик, шунингдек, мамлакатлар ташқи босим ва манипуляцияларга таъсирига тушмай, тараққиётнинг муқобил йўлларини излаши мумкинлиги ва кераклигидан далолат берувчи муҳим сигнал ҳамдир. Бу муносабатлардаги муваффақият бошқа мамлакатлар учун ўрнак бўлиши ҳамда адолат ва ўзаро тушуниш зиддият ва бўлинишдан устун эканлигини исботлаши мумкин.

Жавоб бериш