Карвонсарой
Дипломатия

Совет Иттифоқидан кейинги 30 йил: Марказий Осиё мамлакатлари янги йўлдан бормоқда

Канат Алтинбаев

image

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров 6 август куни Туркманистоннинг Овоза шаҳрида бўлиб ўтган саммитда ўз мамлакатлари маҳсулотлари кўргазмасига ташриф буюришди. [Ўзбекистон президенти матбуот хизмати]

ОЛМАОТА – Марказий Осиёнинг беш собиқ республикаси ўз мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлар экан, Россия таъсирининг пасайиши фонида умумий муаммоларни ҳал қилиш ва ўз қадриятларини ҳимоялаш йўлида янада яқинроқ ҳамкорлик қилмоқда.

Қирғизистон 31 августда, Ўзбекистон 1 сентябрда, Тожикистон эса 9 сентябрда ўз мустақиллигининг юбилейини нишонлади.

Туркманистонда бу кунни 27 сентябрда, Қозоғистон эса 16 декабрда нишонлайди.

Марказий Осиёдаги барча давлатлар ўз мустақиллигини Совет Иттифоқининг парчаланиши арафасида, 1991 йил 26 декабрда эълон қилишган.

image

2020 йил 2 сентябр куни Тошкентда очиқ ҳавода олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини топшираётган ўзбекистонлик талабалар. Ўзбекистон 2023 йил 1 январга қадар кирилл алифбосидан лотин алифбосига ўтиш жараёнини якунламоқчи. [Юрий Корсунцев/AFP]

image

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой ўз мамлакатида ишлаб чиқарилган COVID-19га қарши QazVac вакцинасининг илк дозасини олмоқда, 26 апрел, Нур-Султон. Июл ойида Нур-Султон Бишкекка 25000 доза вакцинани юборган. [Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги]

Ўшандан бери бу минтақа иқтисодий қийинчиликлар, ҳарбий низолар ва сиёсий инқирозларга дуч келди – уларнинг айримлари ҳали ҳам давом этмоқда. Аммо сўнгги бир неча йилдан бери Марказий Осиё республикалари ўзаро ҳамкорликка мойиллик билдирмоқдалар.

Минтақа давлатлари мустақилликнинг 30 йиллигини нишонлар экан, биргаликда умумий муаммоларни ҳал қилиш устида ишламоқда. Ҳозирда уларнинг чегаралари «20 йил ичида ҳар қачонгидан кўра очиқроқ», деб ёзган эди Озод Европа/Озодлик радиоси август ойида.

«Ажабланарлиси, бу йил Марказий Осиёнинг беш собиқ совет республикасида мустақиллик куни билан боғлиқ энг яхши жиҳатлардан бири – бу уларнинг ҳамкорлик қобилияти ва бир-бирига аввалгидан кўра кўпроқ боғлиқлиги бўлиши мумкин», дейилади хабарда.

Айирмачилик кайфиятларини енгиш

Марказий Осиёлик таҳлилчилар Қозоғистонни минтақадаги барқарорлик ва иқтисодий фаровонлик маёғи деб биладилар.

1993 йилдан бери Қозоғистон 365 миллиард доллардан зиёд инвестиция жалб қилди – бу минтақадаги энг катта рақам. Бу маблағларнинг ярмидан кўпи Европа Иттифоқи мамлакатлари, 15 фоизи эса АҚШдан кириб келган.

Аммо 90-йилларда, мамлакат шимолий ҳудудларнинг русийзабон аҳолиси Россияга қўшилишни истаган пайтда, унинг ҳудудий яхлитлиги хавф остида қолган эди.

Айирмачилик кайфиятлари тўлқини намойишлар ва исён кўтариш уринишларига олиб келди.

Мамлакатни бирлаштириш учун Қозоғистон ҳукумати вилоятлар тузилмасини ислоҳ қилиб, пойтахтни Олмаотадан шимолдаги шаҳарга кўчирди – бу шаҳарга 2019 йилда Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев шарафига Нур-Султон номи берилди.

Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш

Совет Иттифоқидан кейинги даврда Марказий Осиё мамлакатлари кўп жиҳатдан мустақил ривожланиб, кўп томонлама эмас, икки томонлама алоқалар ўрнатди ва муайян масалаларда келишувларга эришди.

2016 йил сентябрда эса узоқ вақт ҳокимият тепасида бўлган Ислом Каримов вафотидан кейин Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти бўлди.

Мирзиёев Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегиясини ўзгартириб, минтақавий ҳамкорлик ва қўшничилик алоқаларини ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши қилиб белгилади.

Президентлигининг илк йилида у расмий ташрифлар билан Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида бўлди ва ечимини кутаётган муаммоларни ҳал қилди. Ҳудудий баҳслар ва Ўзбекистонни сув танқислиги остида қолдириш эҳтимоли бўлган энергетик лойиҳалар шулар жумласидандир.

2018 йилда Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери илк марта Бишкекда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши – Туркий кенгаш мажлисида иштирок этди ва 2019 йилда унинг тўлақонли аъзоси бўлди.

Мирзиёев, шунингдек, 2019 йил март ойида илк марта Қозоғистон пойтахтида йиғилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат кенгашини тузиш ташаббуси билан чиқди.

Биргаликда Россиясиз

«Марказий Осиё ҳар доим ягона организм бўлган ва шундайлигича қолмоқда», дейди Тошкентдаги «Билимлар карвони» таҳлилий маркази раҳбари Фарҳод Толипов. «Ўзбекистон ўз-ўзини яккалаш режимидан чиқар экан, минтақамизнинг ўзгариб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз».

«Бу – Марказий Осиё 2.0», деди у.

«Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Россиясиз учраша бошлагани ижобий белги, дейди бишкеклик сиёсатшунос Марс Сариев.

«Илгари Марказий Осиё давлатлари ташқи ўйинчилар учун шунчаки пиёда эди, энди эса улар минтақавий миқёсда ташқи назоратсиз, мустақил тарзда ўз сиёсатини юритмоқда», дейди у. «Республикаларимизнинг ҳамжиҳатлиги янги босқичга кўтарилмоқда».

Минтақадаги яна бир муҳим тенденция – жаҳон ҳамжамиятига яқин бўлиш учун кирилл алифбосидан лотин алифбосига ўтиш.

Туркманистон тўлиқ лотин алифбосига ўтиб бўлган, Ўзбекистон айни вақтда иккала алифбодан ҳам фойдаланмоқда, Қозоғистон ҳам лотин ёзувига асосланган ўз алифбосини ишлаб чиқмоқда.

Кирилл ёзувидан воз кечиш қозоқ қадриятлари устун бўлган жамиятни яратиш йўлидаги табиий ҳаракатдир, дейди Қозоғистон парламентнинг қуйи палатаси депутати, Нур-Султонлик Айдос Сарим.

«Қозоғистонликларнинг янги авлоди қозоқ тилида сўзлашаётганига гувоҳ бўляпмиз. Унинг миллий ўзликни англаш даражаси Совет даврида улғайган катта авлодга нисбатан юқори», деди у.

Бу Россиянинг ғашига тегади, чунки унинг Қозоғистон, шунингдек, минтақанинг бошқа мамлакатларидаги маданий таъсири камайиб бормоқда, дейди у.

Пандемия давридаги қўшма чоралар

Марказий Осиё давлатлари пандемия даврида бирдамликни намойиш этиб, COVID-19 билан кураш йўлида кучларни бирлаштирдилар.

Масалан, 2020 йил апрел ойида Ўзбекистон Қирғизистонга гуманитар ёрдам ортилган поезд жўнатди – улар ичида ун, озиқ-овқат, шахсий ҳимоя воситалари ва иситмани кўрсатадиган юқори тана ҳароратини аниқловчи инфрақизил камералар бор эди.

Ўша ойнинг ўзида Қозоғистондан Қирғизистон ва Тожикистонга 6 миллион долларлик гуманитар ёрдам юборилди.

2020 йил июн ойида Ўзбекистон Қозоғистонга тиббий ниқоб ва қўлқоплар, ҳимоя халатлари, термометр ва ётоқлар тақдим этган.

Июл ойида Нур-Султон Бишкекка COVID-19га қарши 25 минг доза маҳаллий QazVac вакцинасини юборди.

Қозоғистоннинг ташаббуси Марказий Осиё республикаларини хиёнатда айблаган россиялик сиёсатчилар ва Россия оммавий ахборот воситаларида кескин танқидларга сабаб бўлди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500