Карвонсарой
Иқтисодиёт

Хитойнинг харидлари Россия келтириб чиқарган озиқ-овқат инқирозини оғирлаштирмоқда

Карвонсарой

Ем солинган қоплар, Хитой шимолидаги Хебей провинцияси. [Грег Бейкер/AFP]

Ем солинган қоплар, Хитой шимолидаги Хебей провинцияси. [Грег Бейкер/AFP]

Хитой бир қатор йирик озиқ-овқат харидларини амалга оширмоқда – кузатувчиларнинг таъкидлашича, Пекин Россиянинг Украинага қарши асоссиз уруши туфайли юзага келган дон тақчиллиги шароитида ўзи учун захира ҳозирлаяпти.

АҚШ Қишлоқ хўжалиги департаменти (USDA) апрел ойида Хитойга бир миллион тонна маккажўхори сотилганини тасдиқлади, унинг учдан икки қисми эски ҳосилдан, қолгани эса 2022-2023 маркетинг йилида етказиб берилади, деб ёзади Farm Journal.

Бу воқеадан бир ҳафта аввал Хитой 2021 йил май ойидан бери энг йирик ҳажмдаги маккажўхори харидини амалга оширган – у 1,084 миллион тоннани ташкил этди, деб қўшимча қилади нашр.

Хитой дон заҳирасини яратмоқда

«Айни пайтда Хитой заҳиралаш режимида», дейди Pro Farmer муҳаррири Браян Грете.

Петропавловка қишлоғи яқинидаги далада маккажўхори ушлаб турган украиналик аёл, 2015 йилнинг 6 апрели. [Димитар Дилкофф/AFP]

Петропавловка қишлоғи яқинидаги далада маккажўхори ушлаб турган украиналик аёл, 2015 йилнинг 6 апрели. [Димитар Дилкофф/AFP]

«Озиқ-овқат хавфсизлиги улар учун агар устувор йўналиш бўлмаса, шундай йўналишлардан бири. Сиз Украина билан бирга ўз улушингизга эга бўлдингиз. Украина Хитойга йирик маккажўхори етказиб берувчига айланди. Ўйлайманки, Хитой кўпроқ маккажўхори сотиб олади», деди у.

Россия ҳарбий-денгиз кучлари Қора денгизда Украинани қамал қилиб, ғалла кони бўлган мамлакатнинг асосий озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишга имкон бермаяпти.

AFP маълумотларига кўра, 24 февралда бошланган Россия босқинига қадар Украина ўз портлари орқали ойига тахминан 4,5 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, жумладан жаҳондаги буғдойнинг 12 фоизини, маккажўхорининг 15 фоизини ва кунгабоқар ёғининг ярмини экспорт қилган.

Уруш ва давомли қамал савдони сезиларли даражада тўхтатиб қўйган, зеро муқобил темирйўл ва юк машиналарининг маршрутлари бундай ҳажмдаги маҳсулотни халқаро бозорларга олиб чиқиш учун зарур бўлган улкан логистика ва молиявий тўсиқларни бартараф этишга қодир эмас.

Ўтган ҳафтада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш бу борада қатъий фикр билдириб, уруш «ўн миллионлаб одамларнинг озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солаётганини» айтди.

Бунинг натижасида «бир неча йилларга чўзилиши мумкин бўлган инқироз шароитида тўйиб овқатланмаслик ва оммавий очарчилик» юзага келиши мумкин, деб огоҳлантирган у.

Украина расмийларига кўра, бугунги кунда қадар мамлакатда 20 миллион тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари қолиб кетмоқда.

«Эҳтимол, биз Хитойнинг бошқа маҳсулотларни ҳам сотиб олишига гувоҳ бўламиз», деб қўшимча қилди Грете.

«Улар ўзидаги маҳсулотларни, жумладан, дунёдаги буғдойнинг қарийб ярмига тенг буғдойни жаҳон бозорига чиқармоқчи эмас. Ўзига олиб қўймоқчи», деди у.

«Хитой аввал-бошдан тўпловчи бўлган. Дунё бўйлаб нархларнинг ошиши, таъминотнинг камайиши шароитида ҳозир улар янада кўпроқ йиғиш билан банд.»

Хитойнинг захира жамлаши туфайли маккажўхори нархи сўнгги ўн йилликдаги энг юқори даражага етган.

Россиянинг шантажи

Бу орада Кремл ўзи келтириб чиқарган инқироздан фойда кўришга уринмоқда.

Агар Ғарб Россияга Украина туфайли жорий этилган санкцияларни бекор қилса, Москва яқинлашиб келаётган озиқ-овқат инқирозининг олдини олиш учун «сезиларли ҳисса» қўшишга тайёр, деб айтган президент Владимир Путин 25 май куни Италия бош вазири Марио Драги билан телефон орқали суҳбатида.

«Владимир Путиннинг таъкидлашича, Россия Федерацияси Ғарб томонидан сиёсий сабаблар билан жорий этилган чекловлар олиб ташланиши шарти билан дон ва ўғит экспорти орқали озиқ-овқат инқирозини бартараф этиш учун салмоқли ҳисса қўшишга тайёр», дейилади телефон суҳбати ортидан эълон қилинган Кремл баёнотида.

Путин, шунингдек, жаҳон бозоридаги озиқ-овқат таъминоти муаммолари Россия билан боғлиқ, деган айбловларнинг «асоссиз» эканини таъкидлади.

Қўшма Штатлар Путиннинг таклифини жиддий қабул қилмаган.

«Энди улар иқтисодий воситалардан қурол сифатида фойдаланишмоқда. Улар озиқ-овқат маҳсулотларини қурол сифатида қўлламоқда. Улар иқтисодий ёрдамни қуролга айлантирмоқда», дейди Пентагон сўзчиси Жон Кирби.

«Менимча, бундан ҳайрон бўлмаслик керак, чунки улар ҳамма нарсани, жумладан, ёлғонлар ва ахборотни ҳам қуролга айлантиришган», деди Кирби.

27 май куни Россия шунингдек, келгуси мавсумда экспорт учун дон ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтирмоқчи эканини айтган.

«Жорий (2021-2022 йилги) мавсумда биз аллақачон 35 миллион тоннадан ортиқ ғалла, жумладан 28,5 миллион тонна буғдой экспорт қилдик», деди Қишлоқ хўжалиги вазири Дмитрий Патрушев Россия дон форумида. У мавсум охиригача 30 июнга қадар экспорт ҳажми 37 миллион тоннадан ошишини айтган.

«(2022 йил 1 июлдан бошланадиган) келгуси мавсумдаги дон экспорти салоҳиятимизни 50 миллион тоннага баҳолаяпмиз», деди у.

«Икки давлат ўртасидаги дўстлик»

Россия президенти Владимир Путин ва Хитой президенти Си Цзиньпин 4 феврал куни Пекинда учрашиб, глобал ва ҳарбий тартибнинг «янги даврида» ўзаро ҳамкорлик қилишга ваъдалашган эдилар.

«Бу икки мамлакат ўртасидаги дўстлик чегара билмайди», деган эди икки етакчи учрашувдан кейин эълон қилинган қўшма баёнотда. «Ҳамкорликда тақиқланган соҳалар йўқ.»

Маълумотларга кўра, Хитой режими Россиянинг Украинага босқини режасидан хабардор бўлган, аммо унинг Пекиндаги Қишки олимпиада вақтида юз бермаслиги ҳақида қайғурган холос.

Хитой оммавий ахборот воситалари Кремл ташвиқотига Ғарбдаги тақиқларни четлаб ўтишга имкон берган бир пайтда Хитой фуқароларига аксилғарб ва советпараст мафкуравий кампания сингдирилмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, бугунги кунда Хитой оммавий ахборот воситалари Россия ташвиқотининг энг йирик тарқатувчилари бўлиб қолмоқда.

Хитой нашрлари томонидан тарқатилган бошқа ёлғон нарративлар орасида можарода НАТОнинг «шарқ томон кенгайиши»ни айбловчи неонацистларнинг лавҳалари ва Россиянинг Украинага босқинини АҚШнинг Ироқ, Сурия ва Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларига тенглаштиришга уриниш ҳам бор.

Бу орада 24 май куни Хитой ва Россия Кремл Украинага ҳужум бошлаганидан бери илк марта биргаликда ҳарбий машғулотлар ўтказди ва Осиё шимоли-шарқида хорижий етакчилар муҳим учрашув ўтказаётган ҳудудга бомбардимончи самолётларни йўллади.

Машғулотлар Хитойнинг тобора кучайиб бораётган ҳарбий таҳдидини муҳокама қилган Quad тўртлиги – Қўшма Штатлар, Ҳиндистон, Австралия ва Япония учрашуви вақтида ўтказилган.

23 май куни Токиодаги нутқи чоғида АҚШ президенти Жо Байден Хитойнинг мустақил Тайванга қарши таҳдидини Россиянинг Украинага қарши ҳужуми билан солиштириб, Пекиннинг ўсиб бораётган иқтисодий ва ҳарбий қудрати билан боғлиқ кескинлик ортиб бораётган бир пайтда бу масала бўйича ўзининг энг дадил фикрларини баён қилди.

Байден Тайвандаги вазиятни бевосита Украина билан таққослаган. Украина 24 феврал кунги Россия босқини ортидан Қўшма Штатлардан бир неча миллиард долларлик ёрдам олган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Афтидан, Хитой Россия билан нима қилишни дарров келишиб олган. Бу уларнинг анча олдин ҳал қилинган яширин режалари ва энди улар ўзларининг айрим ғоялари ва ўз мамлакатлари ва бутун дунёни ривожлантиришга оид қарашларини амалга оширмоқдалар.

Жавоб бериш

Бу янгиликдан чиққан хулоса шуки, озиқ-овқатни жамлаш фикри бемаъни эмас. Умримиз давомида бир неча марта очарчилик кўрганимиз сабабли ундан қўрқиш паникани пайдо қилади, афсуски бозордаги катта ўйинчиларнинг фаолияти туфайли очарчилик яна бошланиши мумкин ва катта давлатлар бунга атайин ҳаракат қилишмоқда.

Жавоб бериш

Демократик давлатлар Украинага кўрсатаётгани ёрдамини кўриш дунё миқёсида инқироз юз бермаслигига умид беради. Хитой ва Россия ўртасидаги келишувлар оқибатлари эса қўрқинчли.

Жавоб бериш

Агар Ғарб Украинага ёрдам бермаса, Хитой ва Россия қўшни давлатларга куч билан бостириб киришни бошлайди ва бутун дунёда кучлилар ҳуқуқи ҳукмронлик қилади. Уйғурлар тақдири, Россияда этник озчиликларнинг ассимиляцияси ва аралашиб кетиши ҳаммамиз учун сабоқ бўлиши керак.

Жавоб бериш