Карвонсарой
Хавфсизлик

2019 йилда Марказий Осиёдаги хавфсизлик соҳасига оид муҳим воқеалар

Канат Алтинбаев

Июль ойида Олмаота вилоятидаги «Илиский» полигонида «Дашт бургути-2019» тинчликпарварлик тактик ўқув машқлари ўтказилди. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

Июль ойида Олмаота вилоятидаги «Илиский» полигонида «Дашт бургути-2019» тинчликпарварлик тактик ўқув машқлари ўтказилди. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

ОЛМАОТА – Минтақа мамлакатлари хавфсизлик таҳдидларига қарши чораларни кучайтириб, қатор ташаббусларни амалга оширмоқда.

ИД етакчисининг ўлими

Октябрь ойида Сурия шимоли-ғарбида АҚШ кучлари ўтказган тунги рейд давомида ИДнинг қўлга тушмас етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий кўп сонли жангарилар билан бирга ўлдирилган.

27 октябрь куни ерости йўлидаги бурчакка қадалган ал-Бағдодий худкушлик белбоғини портлатиб, ўзи ҳамда уч нафар фарзандининг ҳаётига зомин бўлди.

Дунё етакчилари ва таҳлилчилар ал-Бағдодийнинг ўлдирилганини ИДга қарши курашдаги муҳим босқич сифатида баҳоладилар.

Ливандаги миссиясини якунлаган қозоқ тинчликпарварлари Нур-Султондаги полигонда ҳарбийча қадам ташлаб бормоқда, май ойи. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

Ливандаги миссиясини якунлаган қозоқ тинчликпарварлари Нур-Султондаги полигонда ҳарбийча қадам ташлаб бормоқда, май ойи. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

Шундай бўлса-да, бу ҳодиса Марказий Осиёдаги вазиятга таъсир этмасдан қолмайди. Минтақада асосий террорчилик таҳдиди манбаининг йўқ қилинганига қарамай, янги хавфлар юзага келиши мумкин.

Жангарилар янги жанг майдонларини изламоқдалар ва ўзлари учун «кўп тарафдан қулай бўлган» Марказий Осиёга эътибор қаратишлари мумкин, дейди Олмаоталик диний ва жамоат арбоби Мурат Телибеков.

Суриядан мажбурий репатриация

Бу орада Марказий Осиё мамлакатлари расмийлари тугаётган йилда ўз фуқароларини Сурия ва Ироқдан қайтариш бўйича операция ўтказдилар.

Қайтарилганларнинг аксарияти у ерда иложсиз қолган аёллар ва болалар эди, аммо маҳаллий хавфсизлик хизматларининг текшируви улар орасида ИД сафида курашган жангарилар ҳам борлигини аниқланган.

Қозоғистон ҳукуматининг «Жусан» (Аччиқ шувоқ) операцияси доирасида жорий йилда 600 га яқин фуқаро, жумладан 400 нафар бола бир нечта авиарейс билан Суриядан ватанига олиб келинди.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг (КНБ) захирадаги полковниги, «Аксилтеррор қўмита» жамоатчилик бирлашмаси раиси Аманжол Уразбаевнинг сўзларига кўра, Қозоғистон учун энг аввало жажжи фуқароларни қутқариш, шундан кейингина ватанига қайтарилган одамларнинг айбдорлик даражасини аниқлаш муҳим эди.

Октябрь ойида Ўзбекистон 64 нафар бола Ироқдан ватанига қайтарганини эълон қилди, уларнинг оналари бу мамлакатда «террорчи ташкилотлар аъзоси» сифатида қамоқ жазосини ўтаётган эди.

Аввалроқ, май ойи охирида расмий Тошкент 156 нафар ўзбекистонлик Яқин Шарқдан қайтарилганини эълон қилган эди. Ўз навбатида, Тожикистон апрел ойида Ироқдан 84 болани эвакуация қилган.

Шунингдек, Қирғизистон ҳам Сурия ва Ироқдан ўз фуқароларини қайтаришга қарор қилганини билдирган, расмий маълумотларга кўра, бу икки мамлакатда тахминан 850 Қирғизистон фуқароси, жумладан аёллар ва ёш болалар бор.

Тожикистон чегарасидаги қонли ҳодиса

Ноябр ойида Тожикистон хавфсизлик кучлари 15 нафар ИД жангариси ўлдирилгани ва тўрт гумондор ҳибсга олинганини маълум қилганлар. Расмийларнинг сўзларига кўра, улар Афғонистон ҳудудидан ўтиб, Ўзбекистон билан чегарада жойлашган Ишкобод чегара постига ҳужум қилган ва бир чегарачи билан милиция ходимини ўлдирган. Аммо тўқнашув тафсилотлари борасида турли маълумотлар тарқатилган.

Бу Тожикистонда жангарилар томонидан амалга оширилган навбатдаги қонли ҳужум бўлди. Мамлакат дунё бўйича афюн ва героин ишлаб чиқаришда етакчи бўлган Афғонистон билан 1344 км узунликдаги умумий чегарага эга. Чегара ҳудудларида афғон контрабандачилари томонидан тожикистонликларнинг отиб ўлдирилиши, уларни ҳибсдаги наркофурушларга алмаштириш мақсадида ўғирлаш каби ҳодисалар тез-тез юз бериб туради.

Бу воқеа яна бир бор Афғонистоннинг минтақа учун таҳдиди жиддийлигича қолаётганини кўрсатган.

Марказий Осиё ва Афғонистон: хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлидаги ҳамкорлик

Марказий Осиё мамлакатлари (учтаси Афғонистон билан чегарадош) қўшни давлат муаммоси бутун минтақага ёйилишининг олдини олиш мақсадида Афғонистондаги барқарорликни таъминлашга оид чораларни кучайтирдилар.

Улар асосий эътиборни иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратганлар.

Август ойида Олмаотада «Афғонистон: савдонинг янги уфқлари» бизнес-форуми бўлиб ўтди. Тадбир доирасида зираворлар, ёнғоқлар, қуритилган мевалар, гиламлар, кийим-кечак, қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчи 72 та афғон компанияси ўз маҳсулотларини намойиш этди.

«Қозоғистон Афғонистонни барқарорлаштиришда фаол иштирок этмоқда ва сўнгги йиллар давомида гуманитар ёрдам тариқасида 70 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратган. Афғонистонлик ёшларнинг Қозоғистон университетларида таълим олиши, озиқ-овқат, кийим-кечак ва зарур маҳсулотларни етказиб бериш, шунингдек Афғонистонда инфратузилма объектларининг қурилиши шулар жумласидандир», деган эди Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигининг Олмаотадаги идораси раҳбари Эрлан Искаков август ойида.

2018 йилда Қозоғистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо ҳажми 795 миллион АҚШ долларини ташкил қилган.

«Марказий Осиё афғон корхоналарига ўз маҳсулотлари учун янги бозорларни кашф қилишга имкон беради», бу ўз навбатида «афғон халқининг фаровонлигини оширишга кўмаклашади», деган эди август ойида АҚШ халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси раҳбари Кристофер Эдвардс.

Афғонистон масаласи 2019 йилда бўлиб ўтган қатор юқори даражадаги минтақавий учрашувларнинг кун тартибидан ўрин олди.

Минтақавий хавфсизлик ва савдо-сотиқни кучайтириш Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Тошкентда ўтган учрашувида устувор масалалардан бири сифатида белгиланган.

29 ноябр куни бўлиб ўтган олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон президенти Сооронбай Жеенбеков, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов ва Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Афғонистонни минтақавий савдо битимларига жалб қилиш ва тинчлик жараёнини жадаллаштириш учун иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Киберхавфсизлик мақсадларини кўзлаб

Бу йил минтақада Интернетда кучайиб бораётган таҳдидларга қарши кураш фаоллашган.

Сентябрь ойида Туркманистон киберхавфсизликка доир янги қонунни қабул қилди. У маҳаллий ахборот ресурслари маълумотларини қайта ишлайдиган, давлат ҳокимияти ва маҳаллий бошқарув органлари фойдаланувидаги барча давлат ва хусусий сектор алоқа тизимларининг киберҳимоясини таъминлашни кўзда тутади.

Ўз навбатида, Қозоғистон интернетни диққат билан кузатиб, террорчилик ташвиқотига барҳам беришга уринмоқда.

Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги хабарига кўра, 2019 йилнинг биринчи ярмида интернетнинг қозоқ тилидаги сегментида 45 мингга яқин материаллар аниқланган бўлиб, уларнинг 90 фоизи терроризм ташвиқоти билан алоқадор бўлган. Ўтган уч йил ичида 167 нафар қозоғистонлик интернет орқали терроризм ва экстремизмни тарғиб қилишда айбланиб, судланган.

Бу орада, август ойида Тожикистонда интернетдан террорчилик мақсадларида фойдаланишнинг олдини олиш бўйича машқлар ўтказилди.

Тожикистон Давлат алоқа хизмати директори ўринбосари Илҳомиддин Атоев август ойида «жангарилар янги технологиялардан фаол фойдаланиб бораётгани сабабли терроризмга қарши курашни жадаллаштириш муҳим эканини» таъкидлаганди.

«Дашт бургути-2019» машқлари

Июнь ойида Марказий Осиё давлатлари ва Қўшма Штатлар Қозоғистонда «Дашт бургути-2019» ҳарбий машқларини ўтказдилар. Бу машқларда Қўшма Штатлар билан бирга Буюк Британия, Тожикистон ва Қирғизистон ҳам иштирок этди. Туркия ва Ўзбекистон кузатувчи сифатида қатнашган.

«Бу машғулотлар ҳарбийларга «тинчликпарварлик операциялари ва ҳарбий отрядларнинг тегишли тактика, техника ва амалиётлари» самарадорлигини таъминлашга ёрдам беради ҳамда АҚШ ва Қозоғистоннинг қуруқликдаги кучлари тайёргарлигини оширишга мўлжалланган», дейилади АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) баёнотида.

2003 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинадиган «Дашт бургути» машқлари тинчликпарвар десантчилар кўникмаларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган. 2012 йилдан бошлаб, бу машғулотлар НАТОнинг «Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик» дастурига киритилган.

Ғарб давлатлари Қозоғистон ва унинг қуролли кучларига ишонади, шу сабабли улар дунёда хавфсизлик ва барқарорлик ўрнатишга оид халқаро миссияларда Нур-Султоннинг фаол иштирокини қўллаб-қувватлайдилар, дейди Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигида 18 йиллик иш тажрибасига эга сиёсий таҳлилчи Кабек Бейсебаев.

Қозоғистоннинг тинчликпарварлик салоҳияти

Жорий йилда Қозоғистон тинчликпарварлик лойиҳаларидаги иштирокини ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирди.

Январь ойида Қозоғистоннинг «Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик» (KAZCENT) ўқув маркази бутун дунёдан келган тинчликпарварларни тайёрлаш учун БМТ сертификатини олган эди, деб хабар берган Қозоғистон ТИВ.

БМТ муваққат кучлари таркибида Ливандаги тинчликпарварлик миссиясини якунлаб қайтган қозоғистонлик ҳарбий хизматчилар БМТ томонидан «Тинчликпарварлик хизматлари учун» нишонлари билан тақдирландилар.

2018 йилгача Қозоғистон БМТ тинчликпарварлик миссияларига фақат кузатувчиларни юбора олар эди, дейди Нур-султонлик ҳарбий таҳлилчи ва Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институтининг бош тадқиқотчиси Георгий Дубовцев.

Энди мамлакат уларда бевосита иштирок этмоқда.

«Умид қиламизки, яқин келажакда мамлакатимиз аскарлари, оддий фуқаролар ва полиция ходимлари низо ҳудудларида фаолият олиб борадилар. Бу Қозоғистоннинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади», деган эди Дубовцев июл ойида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500