Карвонсарой
Саломатлик

Ухандаги коронавирус лабораториясида ўтказилган хавфли тажрибалар пандемия манбаини сўроқ остида қолдирмоқда

Карвонсарой

Феврал ойида Хитойнинг Ухань шаҳридаги касалхонада COVID-19 билан оғриган беморларни даволаш учун интенсив терапия бўлимидаги жиҳозларни тайёрлаётган ҳамшира. [STR/AFP]

Феврал ойида Хитойнинг Ухань шаҳридаги касалхонада COVID-19 билан оғриган беморларни даволаш учун интенсив терапия бўлимидаги жиҳозларни тайёрлаётган ҳамшира. [STR/AFP]

АҚШ расмийлари 2018 йилда Хитойнинг Ухань шаҳридаги тадқиқот лабораторияси ҳақида бир неча бор огоҳлантириш билан чиқиб, 2020 йилда дунёни ларзага келтирган вирус тури – кўршапалаклардаги коронавируслар устида хавфли тадқиқотлар ўтказишда етарли хавфсизлик чоралари кўрмагани ҳақида огоҳлантирган, деб ёзади сешанба (14 апрел) куни «Washington Post» нашри.

Бундай очиқламалар COVID-19 коронавируси Хитой ҳукумати таъкидлаганидек, ёввойи ҳайвонлар бозоридан эмас, балки давлат томонидан молиялаштирилувчи лабораториядан келиб чиққан, деган миш-мишлар кучайтирган.

2018 йилда АҚШнинг Пекиндаги элчихонаси ноодатий ишга қўл уриб, бир неча бор Ухань вирусология институтига (WIV) етакчи дипломат-олимларни юборди. Ўшанда WIV ўз сайтида бу делегациялар ташрифи ҳақида инглиз тилида маълумот берди, лекин ўтган ҳафтада уларни сайтдан олиб ташлади, дейилади ҳисоботда.

АҚШ Давлат департаменти расмийлари WIV лабораториясидаги хавфсизлик ва бошқарувга оид камчиликлар тўғрисида огоҳлантирган ва «лабораториянинг кўршапалак коронавируси ва уларнинг одамга юқиши мумкинлиги борасидаги тадқиқотлари» ва унинг «SARSга ўхшаш янги пандемия» келтириб чиқариш хавфи борлигидан хавотир билдириб, унга кўпроқ эътибор қаратиш кераклигини айтганлар.

Ниқоб таққан хавфсизлик хизмати ходимлари Ухандаги «Лейшеншань» касалхонаси олдида турибди, Хитой, 2020 йил 11 апрел. (Ноэль Селис/AFP)

Ниқоб таққан хавфсизлик хизмати ходимлари Ухандаги «Лейшеншань» касалхонаси олдида турибди, Хитой, 2020 йил 11 апрел. (Ноэль Селис/AFP)

Оғир ўткир респиратор синдроми (SARS) пандемияси 2002 йил охирида Хитойда пайдо бўлган ва 2003 йилда бутун дунё бўйлаб 8000 дан ортиқ одамни касаллантирган эди.

2018 йилги огоҳлантиришлардан бирида «WIV лабораторияси олимлари билан ўзаро мулоқот чоғида юқори даражали изоляцияга эга ушбу янги лабораториянинг хавфсиз фаолият кўрсатиши учун талаб даражасидаги малакали мутахассислар ва тадқиқотчилар етишмаслиги эътироф этилган.»

Айрим конспирологлар таъкидлаганидек, вирус сунъий яратилганини исботловчи ишончли далиллар мавжуд эмас; олимлар кўп жиҳатдан вирус ҳайвонлардан келиб чиққан, деган фикрга қўшиладилар.

Аммо, бу вируснинг ҳайвонлардан келиб чиққани – кўп йиллар давомида кўршапалак коронавирусини ҳайвонларда синаш бўйича тажрибалар ўтказган WIV лабораториясида чиқарилган бўлиши мумкинлигини инкор этмайди, дейди Берклидаги Калифорния университетининг Ахборот мактабининг илмий ходими Сяо Цян.

Коронавируснинг Ухань лабораториясида пайдо бўлган-бўлмагани номаълум, аммо лаборатория билан боғлиқ хавотирлар ҳақиқатга яқин, деди у Washington Post нашри билан суҳбатда.

«Менимча, бу фитна назарияси эмас. Менимча, бу қонуний тергов қилиниши ва жавоби изланиши керак бўлган савол», деди у. «Унинг қандай пайдо бўлганини аниқлаш – келажакда шу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун зарур.»

Тарихни «ўзгартириш»

Пекин бир неча ойдан бери турли фитна назарияларини тарқатиб, коронавирус пандемияси билан боғлиқ айбни ўзидан соқит қилишга уринмоқда.

Расмийлар Хитойда пайдо бўлган вирус дунё бўйлаб мислсиз тартибсизликларни келтириб чиқараётганини англаб етганларидан сўнг, Хитойда дезинформация машинаси ишлай бошлаган.

Европа Иттифоқи, НАТО ва Катта еттилик давлатлари Хитой режимига қарши баёнот билан чиқиб, унинг бутун дунёда инсонлар ҳаётини хавф остида қолдираётгани, демократик жамиятларга путур етказиб, коронавирус пандемияси ҳақида ёмон маълумот тарқатишда давом этаётгани қораладилар.

Вируснинг ватани бўлган Уханда янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмаганини иддао қилаётган Хитой расмийларининг нақадар ишончли маълумот бераётгани халқаро ҳамжамиятни ташвишга солмоқда.

Агар Хитой расмийлари аввал-бошдан янги коронавирус ҳақида очиқ маълумот беришганида, дунё ҳозирда COVID-19га кураш учун анча яхши ҳолатда бўлар эди, деган эди вирусга қарши курашдаги етакчи фигуралардан бири Энтони Фаучи.

Эндиликда бутун дунёга, жумладан, Афғонистон, Покистон, Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Европага тиббий жиҳозлар экспорт қилаётган Хитой инқироз шароитида ўзини олижаноб қудратли давлат қилиб кўрсатишга уринмоқда.

Бироқ, Пекин ниқоблар ва бошқа ҳимоя воситаларини сотишдан миллиардлаб доллар даромад қилаётган бир пайтда, унинг сифатсиз ёки носоз тиббий маҳсулотларидан шикоят қилаётган мамлакатлар кўпайган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500