Оммавий ахборот воситалари

Россия ОАВ Қирғизистондаги сиёсий тартибсизликларни нохолис ёритмоқда

Канат Алтинбаев

image

Россиянинг НТВ телеканалидаги «Ҳафта якунлари» дастурининг бошловчиси Ирода Зейналова 11 октябр куни Бишкекдан репортаж олиб бормоқда. Зейналова намойишчиларнинг хавотирларини эътиборга олмай, тартибсизликларнинг келиб чиқишига қирғизларнинг икки тарафга – шимол ва жанубликларга бўлинганини сабаб қилиб кўрсатган.

БИШКЕК – Россиялик журналистлар яқинда Қирғизистонда бўлиб ўтган норозилик намойишларини Кремлнинг фуқаролар орасида низо келтириб чиқариб, шимолни жанубга қарши қилиб кўрсатиш истагига мос ҳолда ёритдилар ва ўз мақсадларига эришиш учун ҳатто камералар олдида воқеаларни саҳналаштирдилар.

Бишкекдаги оммавий норозилик намойишлари 5 октябр куни россияпараст президент Сооронбай Жеенбековга яқин партиялар парламент сайловда ғолиб чиққани ва овозларни сотиб олишда айблангани ортидан бошланиб кетган.

Пайшанба (15 октябр) куни Жеенбеков инқирозга барҳам бериш учун истеъфога чиқди. У бир неча кун давом этган тартибсизликлардан сўнг кетишга қарор қилган.

Тартибсизликлар чоғида намойишчилар ҳукумат идораларини эгаллаб олишди ва қамоқдаги сиёсатчилар, жумладан, Жеенбековдан аввалги президент Алмазбек Атамбоевни озод қилишган. 10 октябр куни Атамбоев қайтадан ҳибсга олинган.

image

Россиянинг «Биринчи» канали ходими Дмитрий Кульконинг 7 октябрь куни Бишкекдан тайёрлаган репортажи, «Current Time TV» лавҳасидан олинган кадр. Кейинчалик «Current Time» телеканали тарқатган видеолавҳада Кулько намойишчиларга ўзи учун «керакли» муҳитни яратиш бўйича кўрсатма бераётгани акс этган.

6 октябрь куни баёнот берган Марказий сайлов комиссияси «сайлов натижаларини ҳақиқий эмас» деб топган.

Қирғизистондаги воқеалар кўплаб хорижий оммавий ахборот воситаларида ёритилди. Кремл назорати остидаги Россия каналлари саҳналаштирилган кадрларни суратга олиб, намойишларни келтириб чиқарган «омилларни» ўйлаб топганлар.

Шулардан бири Россиянинг «Биринчи» каналида фаолият олиб борувчи Дмитрий Кульконинг 7 октябрь куни Бишкек майдонидан тайёрлаган репортажи бўлди.

«Current Time» телеканали томонидан тарқатилган видеолавҳада Кульконинг намойишчиларга камера олдида ўзини қандай тутишни ўргатаётгани акс этган.

«Имкони бўлса, одамларнинг кайфиятини кўрсатиш учун (шиорларни) баланд овозда ҳайқиринг» деди у дирижёр каби қўлларини силкитганча. Камералар ёқилганида эса намойишчилар унинг айтганини қилиб, ўз сиёсий етакчиларининг исмини айтиб бақиришган ва муштларини кўтаришган.

«Ҳақиқий комедия. Филм суратга олишяпти», дейди камера ортидаги, афтидан Кулько ва намойишчиларни видеога олаётган одам кулиб.

Бошқа бир лавҳада, НТВ телеканалида «Ҳафта якунлари» дастурини олиб борадиган тажрибали тележурналист Ирода Зейналова 11 октябр кунги репортажида Қирғизистон учун нозик ҳисобланган, лекин ҳозир долзарблигини йўқотган муаммо – мамлакат аҳолисининг шимол ва жанубликларга бўлинганини тилга олган.

«Бу қарама-қаршилик шимол ва жанублик кланлар урушига бориб тақалмоқда. 90-йилларда шимол ва жануб ўртасидаги уруш (ҳокимият учун кураш) туфайли Қирғизистоннинг қулашига бир баҳя қолган эди», дейди у.

Зейналова Қирғизистондаги сиёсий инқирозни ўтган ой охирида Арманистон ва Озарбайжон ўртасида сўнгги йиллардаги энг оғир жангларга гувоҳ бўлган баҳсли ҳудуд – Тоғли Қорабоғдаги можарога қиёслаган. Этник арман вилояти 1990-йилларда Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг Озарбайжондан ажралиб чиққан эди.

Зейналованинг лавҳасида кўриниш берган Бишкекдаги намойишчилар парламент сайловлари натижаларига қарши намойишларнинг шимол ва жануб ўртасидаги келишмовчиликларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини тушунтиришга ҳаракат қилганлар.

«Бу ёлғон. Халқ бирлашган», деди Ўшдан Бишкекка келган намойишчилардан бири Зейналовага. «Бу ерда [Қирғизистоннинг] барча минтақаларидан одамлар тўпланган. Биз [ҳукуматда] бирдамликни ва янги чеҳраларни хоҳлаймиз.»

Ўзини таништирмаган қиз шимолий вилоятлардан келган маслакдошлари билан бир сафда эканини таъкидлади.

Шунга қарамай, россиялик журналист вазиятга нисбатан ўз хулосаларини асосли дея тақдим этган.

«Мутлақо ёлғон»

Facebook тармоғидаги фикр-мулоҳазаларга кўра, лавҳаларни томоша қилганлар (улар орасида Россияда яшовчилар ҳам бор) россиялик журналистларнинг хатти-ҳаракатларидан ҳайратда эмас.

«Россиялик ОАВ арбоблари одамларнинг ёлғонга ва ҳокимиятни ноқонуний тортиб олишга нисбатан норозилигидан Кремлнинг қанчалик қўрқишини кўрсатиб қўйишди», деб ёзади Россиянинг Новгород шаҳрида яшовчи Ксения Сергеева.

«Россия оммавий ахборот воситаларининг турган-битгани ёлғон», дейди минсклик Елена Орлова. «Улар Беларус ҳақида ҳам худди шундай ёлғон хабарлар тарқатадилар. Биз бунга кўникиб қолганмиз, аҳамият ҳам бермаймиз.»

Қирғизистон фуқаролик жамияти вакиллари ҳам Россия каналларининг Бишкекдаги воқеаларни нохолис ёритаётганидан ғазабда.

«Ирада Зейналова доим ўз чиқишларида собиқ президент Алмазбек Атамбоев шимоллик, ҳозиргиси – Сооронбай Жеенбеков жанублик эканини таъкидлаб келган», деган эди Бишкекнинг «Янги чеҳралар» нашри бош муҳаррири Лейла Саралаева Жеенбековнинг истеъфосидан бир неча кун аввал. «Аммо шимол ва жануб ўртасида ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ!»

Россия оммавий ахборот воситалари Қирғизистонда фуқаролар урушини келтириб чиқариш учун шимол ва жанубдаги аҳолини бир-бирига қарши гиж-гижлашлашга уринмоқда, деди у.

Кремл тартибсизликларни авж олдирса, Бишкек вазиятни ҳал қилиш учун Кремлдан ёрдам сўрашга мажбур бўлади, деб умид қилмоқда. Бу эса, шубҳасиз, Россия режимининг Марказий Осиё республикасидаги таъсирини кучайтиради, дейди у.

Кремл Қирғизистондаги вазиятга ҳарбий аралашувига аниқ ишора қилмаган бўлса-да, айрим кузатувчилар Россия телеканалларининг провокацион хабарлари Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) томонидан мувофиқлаштирилишини истисно этмайдилар.

ФСБ жамият ҳаётининг кўплаб соҳаларини, шу жумладан Россиянинг ташвиқотчи оммавий ахборот воситалари фаолиятини назорат қилади, дейди Бишкеклик сиёсатшунос Аскат Дукенбаев.

Дезинформация – (Россия президенти Владимир) Путиннинг собиқ мустамлакачи таъсиридан қутулмоқчи бўлаётган постсовет давлатларга қарши янги «гибрид» ҳарбий доктринасининг бир қисмидир», дейди у.

4 октябр кунги парламент сайловларидан аввал – 27 сентябр куни ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Россиянинг таъсирига қарши тинч намойиш уюштирган эдилар, деб хабар беради 24.kg.

Юзлаб қирғизлар ўз давлатлари суверенитетини ҳимоя қилиш ва Қирғизистонни Россияга қўшилишга чақирган айрим сиёсатчиларнинг баёнотларини қоралаш учун Бишкекка тўпланганлар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1
Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

У ҳолда мамлакат учун хавф бўлган Россия ҳарбий базасини ҳам Қирғизистондан чиқариб юбориш керак.

Жавоб бериш