Жиноят ва адолат

Хитой жосуслари глобал қўрқитиш кампаниясига алоқадорликда айбланмоқда

Карвонсарой

image

23 октябр куни Пекинда Хитойнинг Корея урушига кирганининг 70 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Хитой президенти Си Цзинпинни олқишлаб қарсак чалишмоқда. [Noel Celis/AFP]

ВАШИНГТОН – АҚШда Хитой режими мухолифларини қўрқитишга қаратилган халқаро операцияга алоқадорликда айбланган саккиз нафар хитойлик жосус ҳибсга олинди. Бу ҳақда чоршанба (28 октябрь) куни АҚШ расмийлари маълум қилганлар.

«Айбланувчилар ХХР (Хитой Халқ Республикаси) ҳукумат мулозимларининг кўрсатмаси ва назорати остида ҳаракат қилиб, кузатув олиб боришган ва АҚШнинг айрим фуқароларини ХХРга қайтишга ундаб, уларни таъқиб қилган, тазйиқ ва босим ўтказган. Бу дунё миқёсида мувофиқлаштирилган, «Тулки ови» операцияси номли ноқонуний репатриация чораларидир, дейилади АҚШ Адлия вазирлигининг баёнотида.

«Хитой ҳукуматининг Америка заминида доимий ва қонунан яшовчи фуқароларимизни кузатиши, таъқиб ва таҳдид қилишга уриниши – унинг мамлакатимиз ва бутун дунёдаги бузғунчилик ва зарарли таъсир кўрсатиш кампаниясининг бир қисмидир», дейди Федерал тергов бюроси (ФТБ) раҳбари Кристофер Рэй.

«Федерал тергов бюроси Хитой ҳукуматининг АҚШдаги озодлик, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги ғояларига зид келувчи бу номуносиб хатти-ҳаракатларини тергов қилиш ва тўхтатиш учун барча воситаларни ишга солади.»

Юз берган ҳолатларнинг бирида хитойлик жосус ва унинг бир нечта шериги интернет орқали кузатув ва таъқиб қилиш учун бир шахснинг вояга етган қизини нишонга олишган.

Хусусан, жосус босим ўтказиш кампанияси доирасида суратга ва видеога олиш учун қизни топиш мақсадида хусусий изқувар ёллашга уринган.

Тахминан шу вақтнинг ўзида унинг номаълум шерикларидан бири ижтимоий тармоқлар орқали қиз ва унинг дўстларига ҳақоратли хабарлар юборган.

Шунингдек, хитойлик жосуслар муайян шахсларга хатлар ва видеофайлларни ўз ичига олган жўнатмалар юбориб, уларнинг ҳали ҳам Хитойда истиқомат қилаётган оила аъзоларига зарар етказиш билан таҳдид қилганлар.

«Бугунги айбловлар Хитойнинг давомли ва кенг тарқалган ноқонуний хатти-ҳаракатларининг яна бир намунаси эканлиги ва бизнинг бундай ҳолатларга нисбатан тоқатсиз эканлигимизни кўрсатади», деди Рэй.

Пайшанба (29 октябр) куни Пекин ҳибсга олинган жосусларининг қилмишларини халқаро қонунчиликка мувофиқ келувчи ҳамда хорижий мамлакатлар юрисдиксияси ва суверенитетини ҳурмат қилувчи хатти-ҳаракатлар дея таърифлаган.

«Йиртқичлик»

Қўшма Штатларда фош этилган бу фитна Пекиннинг хорижий мамлакатларнинг ички ишларига аралашаётганини яна бир карра исботлайди.

Пекин ҳудудий баҳсларда тобора тажовузкор бўлиб бормоқда ва устунликка эришиш учун дезинформация кампаниялари, порахўрлик, шантаж, интеллектуал мулкни ўғирлаш кабиларга қўл урмоқда.

Пекиннинг асосий мажбурлов стратегияларидан бири – қарзлар ҳисобланади.

У дунёдаги заиф мамлакатлар иқтисодига кўмак бериш баҳонасида уларга йирик кредитлар таклиф қилади, аммо бу мамлакатлар қарзни тўлай олмаслиги маълум бўлганидан сўнг, Пекин уларга оғир шартлар қўяди.

Хитой манфаатларини дипломатик қўллаб-қувватлаш талаби ёки мамлакат табиий бойликларини оммавий тарзда ўзлаштириш шулар жумласидандир.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео чоршанба куни Хитойнинг кичик давлатларга қарши бундай хатти-ҳаракатларини «йиртқичлик» деб атади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0
Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500