Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Хитойнинг мафкуравий кампаниясида қатнашган уйғур жосуси Истанбулда отиб кетилди

Карвонсарой ва AFP

1 октябр куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Хитойнинг Шинжон минтақасидаги мафкуравий лагерларда ҳибсда сақланаётган мусулмон озчиликларни қўллаб-қувватлаб ўтказилган намойишида «Биз келяпмиз» деб ёзилган плакатни ушлаб турган эркак. [Ozan KOSE /AFP]

1 октябр куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Хитойнинг Шинжон минтақасидаги мафкуравий лагерларда ҳибсда сақланаётган мусулмон озчиликларни қўллаб-қувватлаб ўтказилган намойишида «Биз келяпмиз» деб ёзилган плакатни ушлаб турган эркак. [Ozan KOSE /AFP]

ИСТАНБУЛ – Истанбулда Хитой ҳукумати тарафидан ўзининг миллатдош биродарлари ортидан жосуслик қилишга мажбурланганини айтган уйғур эркак отиб кетилди, деб хабар қилган Туркия ОАВ сешанба (3 ноябр) куни.

Душанба (2 ноябрь) куни кечки пайт сигарета сотиб олиш учун ташқарига чиққан Юсуфужранг Аймайитижанга қарата икки марта ўқ узилган, деб хабар беради DHA янгиликлар агентлиги. Аймайитижаннинг қўли ва елкаси жароҳат олган, ҳужум қилган шахс эса қочиб кетган.

Туркиядаги уйғурлар ҳамжамиятига кўра, Аймайитижан Юсупжан Емет ва Юсуф Амат исми билан ҳам танилган.

2019 йил февраль ойида у Амат исми остида «Ал-Жазийра» телеканалига ўзининг уйғур миллатдошлари ҳақида Хитой ҳукуматига маълумот етказиб туришга мажбур қилинганини айтган эди.

«Менинг вазифам расмийларга маълумот етказиб туришдан иборат бўлган. Одамлар нима қилаётгани – нима еб-ичаётгани, уйида нималар билан шуғулланаётгани, уларнинг қариндош ёки дўст бўлишидан қатъий назар ҳаммасини етказиб турганман», деб айтган эди Амат.

У онаси гаровга олиниб, қийноққа солинганидан сўнг, ҳамкорлик қилишдан бош тортса, уни қўйиб юбормасликларини айтишганидан сўнг, 2012 йилдан жосуслик қила бошлаган.

У 2012-2018 йиллар оралиғида ичида Афғонистон, Покистон ва Туркия каби мамлакатларда жосуслик қилиб келганини айтган, деб хабар беради «Ал-Жазийра».

Дунёда Пекиннинг бундай жосуслари «саноқсиз», уларнинг айримлари уйғурларни ўғирлаб, Хитойнинг Шинжонидаги лагерга олиб борган, деган эди у.

Хитойнинг Шинжон вилоятидаги лагерларида бир миллиондан ортиқ мусулмонлар азоб чекмоқда, Пекин уларни ўз жамиятига мажбуран мослаштириш ва исломий меросни таг-туги билан йўқотишга уринмоқда.

27 октябр куни АҚШ сенаторлари Хитой режимининг уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонларга қарши геноцид сиёсатини қўллаётгани ҳақидаги резолюцияни эълон қилганлар.

Глобал зўравон

Туркиядан келган бу хабар яқинда АҚШда Хитой режими мухолифларини қўрқитишга қаратилган халқаро операцияга алоқадорликда айбланган саккиз нафар хитойлик жосуснинг ҳибсга олиниши ортидан тарқалган.

Пекиннинг кўрсатмаси ва назорати остида ҳаракат қилган жосуслар кузатув олиб боришган ва «Тулки ови» деб номланган операция доирасида АҚШнинг муайян фуқароларини таъқиб қилиб, уларга тазйиқ ва босим ўтказган, дейилади АҚШ Адлия вазирлигининг 28 октябр кунги баёнотида.

Юз берган ҳолатларнинг бирида хитойлик жосус ва унинг бир нечта шериги интернет орқали кузатув ва таъқиб қилиш учун бир шахснинг вояга етган қизини нишонга олишган. Хусусан, жосус босим ўтказиш кампанияси доирасида суратга ва видеога олиш учун қизни топиш мақсадида хусусий изқувар ёллашга уринган.

Бу орада ХХР раиси Си Цзинпин ўз чиқишларида тобора кўпроқ шовинистик риторикага урғу берар экан, борган сари тажовузкор бўлиб бораётган хитойлик ҳарбийлар бошқа суверен давлатлар ҳудудига дахл қилмоқдалар – қўшни давлатлар, кузатувчилар ва халқаро ҳамжамият бу тенденциядан жиддий хавотирда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500