ОЛМАОТА – Марказий Осиёлик журналистлар ва ҳуқуқбонлар Россиядаги сўз эркинлигини чекловчи ўзгаришларни Совет даврига қайтиш, дея танқид қилмоқдалар.
Чоршанба (23 декабр) куни Россия парламенти аъзолари учинчи ва охирги ўқишда баҳсли қонун лойиҳасини қабул қилдилар. AFP хабарига кўра, унда кейинчалик ўзгача фикрловчиларни таъқиб қилиш учун «хорижий агент» деб аташ мумкин бўлганлар рўйхати кенгайтирилган.
2012 йилда «хорижий агентларга» (жисмоний шахслар ва ташкилотларга нисбатан қўлланиши мумкин бўлган атама) қарши қаратилган қонун кучга кирганидан бери уларга нисбатан оғир чекловлар жорий қилинган.
Ушбу лойиҳалар қонунга айланиши учун Думада учта ўқишдан ўтиши, Федерация кенгаши (юқори палата) томонидан тасдиқланиши ва Россия президенти Владимир Путин томонидан имзоланиши керак.
Қонун лойиҳасида «хорижий агент» сифатида «чет элдан маблағ олаётган шахслар» белгиланган бўлиб, уларга давлат ишида ишлаш ёки маҳаллий ҳокимликларда бирор лавозимни эгаллаш тақиқланади, шунингдек, ҳукумат идораларига ёзган хатлари ва бошқа материалларини «хорижий агент» ёрлиғи билан белгилаш мажбуриятини юклайди», деб огоҳлантиради Amnesty International ташкилоти ноябр ойидаги баёнотида.
Ноябр ойи охирида Россия давлат думасининг асосан, «Ягона Россия» ҳукмрон партиясига оид бир гуруҳ депутат ва сенаторлари қонун чиқарувчиларга мурожаат қилиб, «миллий хавфсизликка таҳдидларга қарши қўшимча чораларни» ўз ичига олувчи янги қонун лойиҳасини кўриб чиқишни сўраган эди.
Россия ҳукумати «чет элдан ҳомийлик маблағлари оладиган ва Россия ҳудудида сиёсий фаолият билан шуғулланадиганларни» назорат қилиш учун зарур дастакларга эга эмас, дейди қонун лойиҳаси муаллифлари.
Фуқаролик жамиятига қарши репрессиялар
Нодавлат нотижорат ташкилотлар яна бир қонун лойиҳаси билан жорий қилинадиган навбатдаги чекловга дуч келмоқдалар.
Декабр ойи ўрталарида қонун чиқарувчилар хорижий агент деб топилган нодавлат нотижорат ташкилотларга нисбатан талабларни кучайтирувчи яна бир қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаган эдилар.
Бундай мақом хорижда қароргоҳи бўлган ва чет элдан маблаг оладиган ННТларга нисбатан тааллуқли бўлади.
Қонун лойиҳаси қонун ҳужжатига айланган тақдирда уларга ўз фаолиятлари ҳақида Адлия вазирлигига ҳисобот бериш мажбуриятини юклайди. Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот идоралари бу каби ННТларни танлаб текшириш учун янада кўпроқ қонуний асосга эга бўлиши мумкин эди.
Россия расмийлари мамлакатда 2021 йил сентябрга белгиланган парламент сайловлари олдидан мухолифат ва фуқаролик жамиятига қарши босимни кучайтириш учун қонуний замин ҳозирламоқда, дейди кузатувчилар.
Бу қонун лойиҳалари Кремлнинг мухолиф ва тараққийпарвар кучларни рус тилида камситувчи маънога эга «хорижий агент» атамаси билан ёмонотлиқ қилиш кампаниясининг янги босқичини бошлаб беради.
Баъзи мустақил ННТ ва ОАВни «хорижий агент» деб топган илк қонун 2012 йилда кучга кирган эди.
Бу қонун билан Путин «мамлакатдаги фуқаролик жамиятига қарши постсовет тарихида мисли кўрилмаган тазйиқларни» бошлади, дейилади 2013 йилги Human Rights Watch (HRW) ҳисоботида.
«Россия ҳукумати 2012 йилдан бери хориждан маблағ оладиган ва жамоатчилик орасида тарғибот олиб борадиган мустақил гуруҳларни ёмонотлиқ қилиш учун «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонундан фойдаланмоқда, дейилади HRWнинг ноябр ойидаги баёнотида. Бу қонун кейинчалик хорижий манбалардан томонидан молиялаштириладиган ОАВ ва ҳатто муайян блогерларни қамраб олган ҳолда кенгайтирилди.»
«Халқ душманлари»
Марказий Осиёдаги фуқаролик жамиятида Россиянинг «хорижий агентларга» қарши қаратилган қонун лойиҳалари хавотир билан қарши олинган.
Мамлакатда мустақил мухолифат бўлмас экан, нодавлат ташкилотлар сиёсий масалалар билан шуғулланаверади, дейди «Liberty» нодавлат ташкилоти раҳбари, олмаоталик Галим Агелеуов.
«Хориждан келувчи молиявий кўмак нодавлат ташкилотлар мустақиллигини таъминлайди, натижада ҳукумат молиялаштирадиган ва назорат қиладиган ташкилотлардан фарқли ўлароқ, улар ҳукумат фаолиятини объектив баҳолай оладилар», деди Агелеуов.
Журналистлар Россиянинг «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунларини сўз эркинлигини чеклаш чораси ўлароқ баҳоламоқда.
Россия ҳукумати мустақил ОАВ ва ўзгача фикрловчиларни бадном қилиш учун барча воситаларни ишга солмоқда, дейди Олмаотанинг «Деловая неделя» газетаси мухбири Жилдиз Алиева.
2021 йилда ўтадиган парламент сайлови натижалари «аввалдан аниқ» бўлишига қарамай, Россия расмийлари «мустақил институтларга қарши очиқ агрессив чоралар қўллашдан» ҳазар қилмаяпти, деди у.
«Кремль сиёсий ҳодисаларни холис ёритувчи ОАВни «халқ душманлари» деб атамоқда, буларнинг бари Совет йилларидаги тоталитаризмни эслатиб юборяпти», деди у.
Аммо, замонавий Россия жамияти оқни қорадан ажрата олади, деди Алиева.
Унинг айтишича, «Совет даврида яшаган катта ёшдагилар ҳамон Путинга ишонадилар, замонавий дунёқарашга эга ёш авлод эса уни диктатор деб билади ва сиёсатини қўллаб-қувватламайди».
Марказий Осиёда ҳам шундай қонунларни жорий қилиш ҳаракатлари
Хорижий агентларни нишонга олувчи худди шундай ҳужжатлар Қирғизистонда ҳам деярли қабул қилинаёзган.
2014 йилда Жўқорғу Кенеш (Қирғизистон парламенти) шунга ўхшаш қонун лойиҳасини тақдим этган, аммо қонун чиқарувчилар фуқаролик жамияти босими остида икки йилдан сўнг уни рад этганлар.
Kloop.kg сайтининг ёзишича, 2020 йилда Жўқорғу Кенеш аъзоси Бактибек Райимкулов яна шундай ҳужжатни таклиф қилган, унда Россия қонунидаги кўп моддалардан нусха олинган. Аммо ҳужжат бу сафар ҳам тасдиқдан ўтмаган.
Қирғизистонда хорижий агентларга оид қонун лойиҳасини Кремл илгари сурган бўлиши мумкин, дейди айрим кузатувчилар.
«Кичик мамлакатдаги эркинлик даражаси бутун минтақага таъсир қилиши мумкин», дейди бишкеклик «Давлат сиёсати таҳлили маркази» нодавлат ташкилоти раҳбари Алмаз Тожибой.
«Шу сабабли авторитар Россиянинг Қирғиз жамиятидаги нодавлат ташкилот ролидан нега бунчалик хавотирланаётгани тушунарли», деб айтган Тожибой феврал ойида Cabar.Asia веб-сайтига.
Россиядан қанча узоқ бўлсак, шунча яхши.
Жавоб беришФикрлар 6
Хўш, агар Россия «Шимолий Корея» бўлса, у ҳолда АҚШ Хитой бўлади. Кўп етакчи мамлакатлар ўхшаш қонунларни қабул қилишган; Россиядаги қонунлар билан сенинг нима ишинг бор? Ўз мамлакатингдаги қонунларни тасдиқла; сенларга қайси қонунга асосан яшашингни ўргатмасак. Сенинг ҳам, мамлакатингни ҳам иши эмас...
Жавоб беришФикрлар 6
Россиянинг ўзини интернетдан узиб қўйиш керак
Жавоб беришФикрлар 6
Қонун тарафдорларининг таъкидлашича, у Американинг FARA қонунида кўзда тутилган ҳолатларни такрорлайди ва уларнинг фикрича, бундан Россия қонунчилиги халқаро демократик меъёрларга мос келиши англашилади. АҚШда бу каби қонун 1938 йилда «Чет эл агентларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қонун» номи остида қабул қилинган (Foreign Agents Registration Act, FARA). Қонунга кўра, Америка сиёсатида хорижий давлатлар манфаатларини ҳимоя қилувчи чет эл агентлари ҳамда хорижлик жисмоний ва юридик шахслардан ўз фаолияти ва молиявий манбаларини ошкор қилиши талаб этилади. (2013 йил ҳолатига кўра) «Хорижий раҳбарнинг буйруғи, илтимоси ёки кўрсатмаси ёки назорати остида» иш олиб борадиган ва бунда «хорижий раҳбар ёки унинг манфаатлари йўлида сиёсий фаолият билан шуғулланадиган жисмоний ёки юридик шахс чет эл агенти деб ҳисобланади. Қонуннинг мақсади «ҳукумат ва Америка халқи томонидан бундай шахсларнинг баёнотлари ва фаолиятини баҳолаш»га кўмаклашишдир. АҚШ ҳукуматининг қарорларига ёки «аҳолининг исталган қисмига» АҚШнинг ички ёки ташқи сиёсати, ёки чет эл ҳукумати ёхуд сиёсий партияси борасида таъсир ўтказишга қаратилган ҳаракатлар сиёсий фаолият сифатида тавсифланади. Қонун «чет эллик раҳбарнинг манфаатлари йўлида» ҳар қандай ахборот материалларини «чет эллик раҳбар номидан агент томонидан тарқатилаётгани» ҳақидаги маълумотни очиқ зикр этмасдан тарқатишни тақиқлайди.
Жавоб беришФикрлар 6
Америкаликларнинг томи кетганми? Бу ахир АҚШнинг шу каби қонунлари нусхаси-ку )))
Жавоб беришФикрлар 6
Россия бу Шимолий Корея
Жавоб беришФикрлар 6