Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

«Новая газета»нинг ёпилиши – Россияда мустақил журналистиканинг ўлимидан даракдир

Карвонсарой ва AFP

2021 йилда Москвадаги «Новая газета» таҳририяти биноси эшиги олдида турган қўриқчи. [Димитар Дилкофф/AFP]

2021 йилда Москвадаги «Новая газета» таҳририяти биноси эшиги олдида турган қўриқчи. [Димитар Дилкофф/AFP]

МОСКВА – Жорий ҳафтада Россиянинг етакчи мустақил газетаси – «Новая газета»нинг ёпилгани Кремлнинг ўз халқига қарши ахборот урушида ва умуман Россия ОАВ маконида жиддий воқеа бўлди, дейди таҳлилчилар.

Душанба (28 март) куни «Новая газета» Москванинг Украинадаги ҳарбий амалиётлари тугагунига қадар ўз фаолиятини тўхтатишини маълум қилди.

«Биз учун, биламан, сиз учун ҳам бу даҳшатли ва қийин қарор», деб баёнот берди бош муҳаррир Дмитрий Муратов.

«Аммо биз бир-биримизни қутқаришимиз керак», деди у газетанинг бутунлай ёпилиб кетмаслиги учун шундай қилишга тўғри келганини тушунтириб.

«Новая газета»нинг 9 март кунги сонида қўзиқоринсимон булут фонидаги балет раққосларининг силуэтлари акс этган – бу 1991 йилда КГБнинг давлат тўнтаришига уриниши вақтида Россия давлат телевидениесида узлуксиз эфирга узатилган «Оққуш кўли» спектакли ва кучайиб бораётган ядровий тангликка ишорадир. «Россиянинг ўзгартирилган Жиноят кодексининг барча қоидаларига мувофиқ яратилган «Новая» сони» сарлавҳасида Украинадаги урушга оид «сохта хабарлар» учун қатъий жазоларни кўзда тутувчи янги таҳрирдаги ОАВ қонунига ишора қилинган. [Файл]

«Новая газета»нинг 9 март кунги сонида қўзиқоринсимон булут фонидаги балет раққосларининг силуэтлари акс этган – бу 1991 йилда КГБнинг давлат тўнтаришига уриниши вақтида Россия давлат телевидениесида узлуксиз эфирга узатилган «Оққуш кўли» спектакли ва кучайиб бораётган ядровий тангликка ишорадир. «Россиянинг ўзгартирилган Жиноят кодексининг барча қоидаларига мувофиқ яратилган «Новая» сони» сарлавҳасида Украинадаги урушга оид «сохта хабарлар» учун қатъий жазоларни кўзда тутувчи янги таҳрирдаги ОАВ қонунига ишора қилинган. [Файл]

22 март куни «Чегара билмас мухбирлар» (RSF) ташкилотининг Париждаги бош қароргоҳида бош котиб Кристоф Делуарнинг нутқини тинглаётган россиялик журналист Жанна Агалакова (чапда). У Кремлнинг Украинага қарши урушига норозилик сифатида ишдан кетгунига қадар Россиянинг давлатга қарашли «Биринчи канал» телерадиокомпаниясида журналист бўлиб ишлаган. [Кристоф Аршамбо/AFP]

22 март куни «Чегара билмас мухбирлар» (RSF) ташкилотининг Париждаги бош қароргоҳида бош котиб Кристоф Делуарнинг нутқини тинглаётган россиялик журналист Жанна Агалакова (чапда). У Кремлнинг Украинага қарши урушига норозилик сифатида ишдан кетгунига қадар Россиянинг давлатга қарашли «Биринчи канал» телерадиокомпаниясида журналист бўлиб ишлаган. [Кристоф Аршамбо/AFP]

1993 йили собиқ Совет Иттифоқи раҳбари Михаил Горбачёв ҳаммуассислигида очилган «Новая газета» президент Владимир Путин ҳамда унинг мамлакат ичи ва ташқарисидаги сиёсатини танқид қилган ягона йирик газета эди.

Нашрнинг ёпилиши ҳақида минглаб одамларни ҳалок қилган, миллионлаб одамларни қочоққа айлантирган Россиянинг Украинага босқинидан бир ой ўтиб эълон қилинган.

Ўтган йили Муратов филиппинлик Мария Ресса билан биргаликда «сўз эркинлигини ҳимоя қилиш» йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун Тинчлик бўйича Нобел мукофотини олган эди.

Муратовнинг айтишича, ўтган ҳафта газета унинг олтин медалини украиналик қочқинларга ёрдам жамғармасига хайрия қилган.

«Цензура ва тизимли қўрқитиш»

Аввалроқ, душанба куни «Новая газета» коммуникациялар бўйича давлат назорати органи – «Роскомнадзор»дан ўтган ҳафтадан бери иккинчи марта расмий огоҳлантириш олган.

ОАВ бир йил ичида оммавий ахборот воситаларини тартибга солувчи органдан икки марта огоҳлантириш олса, суд уни ёпиши мумкин.

«Роскомнадзордан яна бир огоҳлантириш олдик», деб хабар беради газета.

«Биз газетанинг сайтда, ижтимоий тармоқларда ва қоғозда чоп этилишини «Украинадаги махсус операция» тугагунига қадар тўхтатиб турамиз», дейилади хабарда.

Россияда журналистларга расмий баёнотлардан фойдаланиш буйруғи берилган бўлиб, Украинага нисбатан «уруш» ва «босқин» сўзларини ишлатиш тақиқланган. Журналистлар йирик жарималар ёки қамоқ жазосидан қочиш учун Кремлга маъқул бўлган «махсус операция» иборасидан фойдаланиши керак.

«Фаолиятимизни тўхтамасак, суд бизни лицензиямиздан маҳрум қилади», деди «Новая газета» матбуот котиби Надежда Прусенкова AFPга.

«Новая газета» можарони ёритгани, шунингдек, ҳам Россия, ҳам Украинадаги «йўқотишлар ва вайронагарчиликларни» баҳолашга урингани учун расмий огоҳлантириш олди, деди Муратов душанба куни.

Европа Иттифоқининг (ЕИ) бош дипломати Хосеп Боррел бу қарорни қоралар экан, «Новая газета» ўз фаолиятини «цензура ва йиллар давомида Россия расмийларининг тизимли қўрқитуви натижасида» тўхтатишга мажбур бўлганини айтди.

«Европа Иттифоқи Кремлнинг дезинформация кампанияларига қарши курашни ҳамда Россиянинг мустақил ОАВ ва журналистларини муҳим ишларида қўллаб-қувватлашни давом эттиради», деб баёнот берди у.

Газета «ҳарбий цензура шароитида» ишлашга мажбур бўлишини айтганидан кейин ҳам Россия ҳукуматининг босими остида қолган.

«Журналистика мағлубиятга учради»

Март ойи бошида Россия армияси ҳақидаги «сохта хабарларни» чоп этганлик учун 15 йилгача қамоқ жазоси белгилангач, нашр янги қабул қилинган қонунга риоя қилишга мажбур эканлигини айтган.

Бироқ, шундай кейин ҳам газетада Украинанинг Киев, Николай ва Одесса шаҳарларидан репортажлар чиқиб турди.

Газетанинг 9 март кунги босма сонида 1991 йилда КГБнинг давлат тўнтаришига уриниши вақтида Россия давлат телевидениесида узлуксиз эфирга узатилган «Оққуш кўли» спектакли ва кучайиб бораётган ядровий тангликка ишора сифатида қўзиқоринсимон булут фонидаги балет раққосларининг силуэтлари акс этган.

«Россиянинг ўзгартирилган Жиноят кодексининг барча қоидаларига мувофиқ яратилган «Новая» сони» сарлавҳасида Кремлнинг «сохта хабарларга» оид янги таҳрирдаги қонунига ишора қилинади.

«Сохта хабарлар тўғрисидаги қонун кучга киргач, 30 га яқин оммавий ахборот воситалари блокланди, ёпилди ёки йўқотилди», деб айтган Прусенкова «Америка Овози» (VOA) рус хизматига 11 март кунги интервьюсида.

«Россияда журналистика мағлуб этилди – у энди йўқ. Тўғрироғи, мустақил журналистика».

«Америка овози»нинг рус тилидаги сайти ҳам Роскомнадзор томонидан блокланган.

Ўзгача фикрни бўғиш

Россияда нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ва оммавий ахборот воситаларини «хорижий агент» деб тамғалаш ва ҳукумат назоратини кучайтиришни кўзда тутувчи ўзгача фикрни бўғиш ва мустақил журналистикага нисбатан мисли кўрилмаган тазйиқлар кузатилмоқда.

Ўтган ҳафта Роскомнадзор «Новая газета» ўз мақолаларидан бирида тилга олинган ноҳукумат ташкилотни Россия қонунчилигига мувофиқ «хорижий агент» деб белгиламаганини айтди.

«Новая газета»нинг ўзи «хорижий агент» деб эълон қилинмаган.

Ҳаттоки ҳозирги шароитларда ҳам газетанинг бу эълони кутилмаган бўлди.

«Бўлди, мамлакатда ортиқ мустақил матбуот йўқ», деб ёзди мухолифатчи блогер «СталинГулаг». «Мутлоқ цензура

ОАВни кузатиб борувчи «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти Россия ҳукуматини «цензура сиёсатини тўхтатишга» чақирган.

Март ойи бошида «Эхо Москвы» радиоси тарқатиб юборилди, «Дождь ТВ» мустақил телеканали эса ўз фаолиятини тўхтатишга қарор қилди.

2000 йилдан бери «Новая газета»нинг олти нафар журналисти ва ҳамкорлари, жумладан, журналист-суриштирувчи Анна Политковская касбий фаолияти туфайли ўлдирилган.

«Ёлғон-яшиқ»

Россия янгиликларининг Марказий Осиёдаги кузатувчилари Кремл ташвиқоти ва Россия режимининг цензура жорий қилишга уринишидан анчадан бери хавотирланиб келади.

Пайшанба куни Буюк Британия россиялик «ташвиқотчилар», жумладан, телебошловчи Сергей Брилёв ва Украинага босқин мавзуида «ёлғон-яшиқ» хабарлар тарқатишда айбланган, Кремл томонидан молиялаштириладиган икки оммавий ахборот воситасига (ТВ-Новости ва «Россия Сегодня») нисбатан янги санкциялар эълон қилди.

Охирги 14 та санкция Россия ва Беларуснинг 1000 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларига нисбатан аввалги бир нечта жазо чоралари ортидан жорий қилинган.

Ўтган ой Ўзбекистон матбуоти Украинага босқин масаласида Москва чизган чизиқдан юрмагач, Кремл қўлловидаги ОАВ Ўзбекистонда сўз эркинлигини танқид остига олган эди.

Тошкентлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга кўра, Россия ташвиқотга бой ахборот уруши ва психологик урушнинг янги босқичига қадам қўйган.

Унинг жамоа сифатидаги асосий душмани – Ғарб билан Украина, деди у. Айни пайтда Кремл постсовет ҳудуди, жумладан, Марказий Осиёда босқин ҳақидаги фикрларни кузатиб бормоқда.

Россия оммавий ахборот воситалари, жумладан, минтақага ихтисослашган журналистлар Ўзбекистон расмийларига, шунингдек, блогер ва журналистларга «танқид қилишда давом этсангиз, жиддий муаммоларга дуч келасиз», деб ишора қилмоқда», деган эди Раббимов март ойида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россияда фашизм тобора кучайиб бормоқда.

Жавоб бериш

Фашистлар режимида сўз эркинлиги ҳам, демократия ҳам йўқ.

Жавоб бериш

Россия етакчиларини ёқтирмаганларни кўп ҳолларда «Русофобияда» айблаб келишади. Ҳатто доим ҳам улар (етакчилар) билан рози бўлмаганларни ҳам.

Жавоб бериш

Ниҳоят ҳамма Россияда ҳеч қандай демократия умуман қолмаганини тушуниб етди. У ер классик тоталитар ахлатхона.

Жавоб бериш