Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Кремл қўлловидаги ОАВ Ўзбекистондаги сўз эркинлигига босим ўтказмоқда

Рустам Темиров

Тошкентдаги Kun.uz янгиликлар агентлиги идораси, 10 ноябр. Шу ой бошида Кремл қўлловидаги ОАВ Kun.uz нашрини Латвияда жойлашган, Россияда хорижий агент деб аталувчи мустақил Meduza нашри чоп этган материалларни тарқатишда «айблаган». [Рустам Темиров/Карвонсарой]

Тошкентдаги Kun.uz янгиликлар агентлиги идораси, 10 ноябр. Шу ой бошида Кремл қўлловидаги ОАВ Kun.uz нашрини Латвияда жойлашган, Россияда хорижий агент деб аталувчи мустақил Meduza нашри чоп этган материалларни тарқатишда «айблаган». [Рустам Темиров/Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари Украина босқини масаласида Москванинг талқинига амал қилмагач, Кремл қўлловидаги ОАВ Ўзбекистондаги сўз эркинлигини нишонга олди.

24 феврал кунги босқиндан бери Россия ОАВ Украинадаги уруш аҳамиятини паст баҳолаб, Россияни тажовузкор сифатида эмас, балки Ғарбнинг қурбони сифатида тасвирлаб келди.

Шу ойда Россия ўз ҳарбий кучларини обрўзсизлантиришга қаратилган сохта маълумот тарқатганлик учун 15 йил қамоқ жазоси, шунингдек Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватлаш учун уч йилгача қамоқ жазоси белгиланиши тўғрисида қонун қабул қилган.

6 март куни «Россия-24» давлат телеканалида эфирга узатилган «Роберт Францев билан Марказий Осиёда» номли дастурда бир қатор ўзбек нашрлари танқидга учради.

Ўзбекистондаги асосий босма ва онлайн ОАВ офислари, Тошкент, 10 март. 6 март куни «Россия-24» давлат телеканали Ўзбекистондаги бир қатор оммавий ахборот воситаларини танқид қилиб чиққан. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

Ўзбекистондаги асосий босма ва онлайн ОАВ офислари, Тошкент, 10 март. 6 март куни «Россия-24» давлат телеканали Ўзбекистондаги бир қатор оммавий ахборот воситаларини танқид қилиб чиққан. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

Gazeta.uz веб-сайтидан олинган скриншотда унинг «Россия-24» канали танқидига жавоби акс этган.

Gazeta.uz веб-сайтидан олинган скриншотда унинг «Россия-24» канали танқидига жавоби акс этган.

Дастур Gazeta.uz ва Kun.uz янгиликлар сайтлари, шунингдек ўзбекистонлик журналист ва блогер Никита Макаренкони танқид қилган.

Макаренко Facebook саҳифасида Россия қўлловидаги ОАВ уруш қўзғагани учун судга тортилишини орзу қилишини ёзгач, бошловчи уни «заҳар сочишда» айблаган.

«Улар мен яхши кўрадиган, буюк инсонпарварлар сўзлаган ва ижод қилган, севги ва дўстлик ҳақидаги гўзал асарлар ёзилган тилда гаплашишларидан уяламан», деб ёзган Макаренко 1 март куни.

Ўз навбатида Gazeta.uz ҳужумнинг илк кунида уни босқин деб атаган.

Шунингдек «Россия-24» дастури Kun.uz сайтини Латвияда жойлашган, мустақил ОАВ, Россия хорижий агент деб номлаган Meduza сайтининг материалларини қайта чоп этганликда «айблаган».

2 март куни Kun.uz Meduza сайтининг 2016-2018 йилларда Украинада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти миссияси доирасида хизмат қилган, инсон ҳуқуқлари курашчиси ва инсонпарварлик бўйича ҳуқуқшунос Варвара Пахоменкодан олинган интервьюсини чоп этган.

У Россия ишғол қилган Донбассда кўрганларини тасвирлар экан, Кремлни Донбассдаги жангларга чек қўйишга қаратилган Минск келишуви шартларини бажармаганликда айблаган.

Францев нашр муаллифларини «ўрмалаб чиққан блогерлар» ва «сохта журналистлар» деб атаган ва уларнинг ҳаммасини «Ғарб грантларини олганликда» айблаган.

Шунингдек, у Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги 25 феврал кунги телефон суҳбатини тилга олган. Унда гўёки Мирзиёев «Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини тушунишини билдирган».

«Афсуски, Ўзбекистонда ҳамма ҳам ўз етакчиларининг вазмин ва доно сиёсатини маъқулламайди», деб айтган Францев.

Мирзиёев матбуот хизматининг 26 феврал кунги баёнотида Ўзбекистон бу масалада мувозанатлашган, бетараф позицияни тутгани ва Тошкент «Россия ва Украина билан яқин дўстона муносабатда» эканлиги айтилади.

Шантажга тайёрлик

Францевнинг даъволарига жавобан, Gazeta.uz «Россия-24 ўзбек оммавий ахборот воситаларини танқид қилмоқда» сарлавҳаси остидаги стенограммани жойлаштирган, холос.

Ҳеч қандай изоҳга ҳожат йўқ, деб айтган нашр журналистлари.

Kun.uz эса Россия ва Украина масаласида ўзбек ОАВ холис хабар бераётгани ва рус, украин ва хорижий манбалардан фойдаланаётгани ҳақида мақола чоп этган.

Россия ташвиқотга тўла ахборот ва психологик урушнинг янги босқичига қадам қўйди, дейди тошкентлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Унинг асосий душмани – Ғарб билан биргаликда Украина, деб айтган у. Кремл бир вақтнинг ўзида постcовет минтақа, жумладан Марказий Осиёда босқин ҳақидаги фикр-мулоҳазаларни кузатиб бормоқда.

Минтақага ихтисослашган Россия ОАВ, жумладан журналистлари ўзбек ҳукумати, блогерлари ва журналистларига «агар яна танқид қилсангиз, жиддий муаммога дуч келасиз» деган муждани йўлламоқда, деб айтган Раббимов.

«Россия шантаж қилишга тайёр эканлигини яшираётгани йўқ. Бундан ташқари, унинг йўқотадиган нарсаси йўқ, шундай экан, ижтимоий фикрни истаганича шакллантириши мумкин», деб айтган Раббимов.

Кремл янги форматда бўлса ҳам, Совет Иттифоқини қайта яратишга оид геосиёсий мақсади билан минтақадаги вазиятни кузатиб боряпти, дейди у.

«Россия, Кремл ва Путин босқичма-босқич ўзининг геосиёсий қутбини яратишни истайди. Беларус, худди шунингдек, Қозоғистон ҳам аллақачон уларнинг назорати остида», деб айтган у.

«Украинадан кейин бир қатор нишондаги давлатлар рўйхати бор. Бу рўйхат минтақадаги давлатларни ҳам ўз ичига олади», деб айтган Раббимов.

Ахборот уруши

Аммо, Кремл айрим қўшни ҳукуматларни қўрқитган бўлса-да, бу давлатларнинг аҳолиси Украинадаги уруш вақтида Москвага қарши фикр билдиришган.

Масалан, қозоғистонликлар 6 март куни Олмаотада Украинани қўллаб-қувватловчи намойишда иштирок этганлар ва Украинага ёрдам учун катта миқдорда пул хайрия қилганлар.

Россиянинг ахборот урушидаги яққол мағлубиятини Ўзбекистон борасидаги жазавасида кўриш мумкин, деб айтган Швецияда яшовчи ўзбек сиёсатчиси Пўлат Охунов.

Россияликлар Ўзбекистонда яшовчи зиёлиларнинг катта қисми ҳам Россияга қарши экани ва ўша позицияни дадил билдириб келишини англадилар, деб айтган Охунов.

Россия ташвиқоти эски вазифаларга асосланиб механик тарзда фаолият олиб бормоқда, деб айтган у. Унинг ташвиқотчилари эса дунёнинг Россия ҳақидаги фикри умуман тескари йўналиш олганини тушуниб етмаяптилар, деб қўшимча қилган у.

Агар нимадир Кремлни норози қилган бўлса, Россия доим Ўзбекистонга нисбатан агрессив муносабатда бўлиб келган, деб айтган Rost24.uz муҳаррири Анора Содиқова.

Кабел компанияларининг барчасида Россия телеканаллари бор ва томошабинлар доим Россия янгиликларини томоша қилишади, бу маҳаллий аҳолининг «миясини заҳарлайди», деб айтган у.

«Аммо ҳозир ўзбек оммавий ахборот воситалари кучайиб, Украинадаги воқеаларни холисона ёритмоқда ва Россия ҳукумати бундан мамнун эмас», деб айтган Содиқова Карвонсарой нашрига.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Украина! Ўзбекистон сизлар билан! Украинага шон-шарафлар!!!

Жавоб бериш

Россия – босқинчи ва фашист.

Жавоб бериш