Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Россия ва Хитой ички зўравонликни оқлаш учун АҚШдаги сайлов можароларини бошқача талқин қилмоқда

Карвонсарой ва AFP

image

1 июл кунги референдум натижаларига қарши намойиш иштирокчиларидан бирини ҳибсга олаётган россиялик полициячилар, 15 июл. Овоз бериш жараёнида Россия конституциясига киритилажак ўзгартишлар маъқулланди – улар президент Владимир Путинга 2036 йилгача ўз лавозимида қолишга имкон яратган. [Димитар Дилкофф/AFP]

Россия ва Хитой расмийлари чоршанба (6 январ) куни Қўшма Штатларда сайловга оид зўравонлик келиб чиққанидан мамнун эканлигини изҳор этиб, ўз мамлакатларида давом этаётган репрессив кампанияларини оқлаш мақсадида бу хабарларни ўз фойдасига шарҳлашга уринди.

Кремл расмий баёнот билан чиқмаган, аммо давлат телевидениеси тунги дастурларда АҚШ Капитолийсига қарши ҳужум акс этган видеони таъсирли оркестр мусиқаси билан батафсил ёритган.

«АҚШдаги демократия байрами тугади. У энг тубан даражага етиб келди, буни ичиқоралик билан айтаётганим йўқ», деб ёзган Россия парламенти юқори палатасининг ташқи ишлар қўмитаси раиси Константин Косачев ўзининг Facebook саҳифасида.

АҚШ капитолийсига қилинган ҳужумга АҚШдаги тизимнинг ўзи айбдор, деди ташқи ишлар матбуот котиби Мария Захарова.

image

Хитой полицияси ҳукуматнинг қонунчилик кенгаши сайловларини кейинга қолдиргани ва ички мухолифатни бўғишга қаратилган миллий хавфсизликка оид қонунига қарши чиққан намойишчиларни ҳибсга олмоқда, Гонконг, 6 сентябр. [Дейл де ла Рей/AFP]

Россиянинг аксилдемократик меъёрлари

Россия президенти Владимир Путин ҳар қандай демократик меъёрларга зид равишда «умрбод» президент бўлиш имкониятига эга бўлди, янги қонунчилик эса Путин ва унинг оила аъзоларини ҳаётлари давомида содир этган ҳар қандай жиноят учун жавобгарликдан, шунингдек, тинтувлар, ҳибс ва сўроқдан озод қилади.

Россияда ҳар қандай мухолифат ҳаракати зудлик билан ва ҳалокатли тарзда йўқ қилинади, бунга яқинда Алексей Навалнийга қарши муваффақиятсиз суиқасд ҳаракати мисол бўла олади.

Россиялик шарҳловчилар Қўшма Штатлардаги низоларга анчадан бери мамнуният билан ишора қилиб келадилар, Кремл эса бу ихтилофларни аралашув ва дезинформация кампанияси, жумладан 2016 йил сайловларга қаршилик ҳаракатлари билан авж олдирган.

Кремл қўлловидаги хакерлар АҚШ ҳукумат идораларига қилинган бир қатор киберҳужумлар ортида туради, бу ҳаракатлар қисман мамлакатдаги беқарорликни кучайтиришга қаратилган.

Россиядаги бошқа арбоблар эса АҚШ Капитолийсидаги воқеани Москванинг маҳаллий сиёсатини оқлаш учун қўлламоқда.

Бу воқеа ижтимоий тармоқлар назоратини кучайтириш кераклигини кўрсатмоқда, деди Россия парламенти қуйи палатасининг телекоммуникация қўмитаси аъзоси Антон Горелкин.

«Ижтимоий тармоқлар қонун чегарасида қатъий қоидаларга мувофиқ ишлаши керак. Чунки мутлоқ ахборот эркинлиги экстремистлар учун қурол бўлиб хизмат қиляпти», деб ёзган у ўзининг Telegram каналида.

Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб мамлакатлари Россия режимининг ижтимоий тармоқлар назоратини кучайтираётганини бир неча бор танқид остига олган эди.

Вашингтон Путиннинг ўзгача фикрловчиларни таъқиб қилишини шиддат билан танқид қилиб, ўтган ойда хорижий агент ҳисобланган нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларига қарши қоидаларни қатъийлаштирган Россияни «фуқаролик жамияти репрессиясини кучайтираётганликда» айблаган.

«Гўзал манзара»

Бу орада Хитой интернети АҚШдаги сайлов можароси сабабли хурсандчиликдан ларзага келган.

Пайшанба куни эрталаб «Global Times» давлат таблоид газетаси ўзининг Twitter саҳифасида 2019 йилда Гонконгда шаҳар қонунчилик кенгаши биносини қўлга олаётган омма билан 6 январ кунги Вашингтондаги норозилик намойишлари суратларини солиштирган.

Хитой коммунист партиясининг ёшлар лигаси Twitter тармоғига ўхшаш Weibo платформасида намойишларни «гўзал манзара» дея тасвирлаган.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги бу қарашларни қўллаб-қувватлар экан, Хитойнинг Гонконгдаги демократик ўзгача фикрни бостириш кампаниясига нисбатан «АҚШдаги айрим одамларнинг, жумладан айрим ОАВ қараши умуман бошқача» эканига эътибор қаратган.

Пайшанба куни ахборот брифингида сўзга чиқар экан, вазирлик матбуот котиби Хуа Чунин «муносабатлардаги кескин тафовут одамни ўйлантиради, жиддий ва чуқур мулоҳазага ундайди», деб айтган.

7 январ куни Хитойнинг Weibo тармоғида АҚШ капитолийсига ҳужум мавзусидаги хештеглар кўрсаткичи юқорилаб, 570 миллион марта томоша қилинган, фойдаланувчилар Гонконгдаги намойишчиларнинг глобал қувватловини оломонни қоралаш билан солиштирганлар.

«Ҳозирда барча Европа давлатлари раҳбарлари қўш стандартларни намойиш этиб, бу воқеаларни (Вашингтондаги ғалаёнларни) қоралади», дейилади Weibo сайтида 5000 дан ортиқ лайк тўплаган изоҳда.

«Ўтган йили Гонконг қонунчилик кенгашида содир бўлган воқеа АҚШ Капитолийсида такрорланди», деб ёзган яна бир фойдаланувчи 4500 дан кўпроқ «лайк» босилган изоҳда.

Кескин контраст

Тактикалар ўхшаш бўлса-да, қонунчилик органига қарши бу икки ҳужумнинг сабаблари ва мотивлари бир-биридан кескин фарқ қилади.

Гонконгдаги намойишчилар тўлақонли демократия талаб қилиш ва шаҳарнинг сайланмаган раҳбарияти томонидан илгари сурилаётган ноўрин қонун лойиҳасини тўхтатиш учун Қонунчилик кенгаши биносига бостириб киришган.

Хитойдаги ярим мухтор шаҳар фуқароларининг тўлақонли демократик ҳуқуқларга эга эмаслиги узоқ йиллар давомида оммавий норозиликларга сабаб бўлиб келган.

Пекин 2019 йилги тартибсизликларни шафқатсиз тарзда бостириб, нотинч шаҳарда қаттиқ қонунни жорий қилди, ўнлаб танқидчиларни ҳибсга олиб, ўзгача фикрни бўғишга уринди.

Хитойнинг Ҳонгконгдаги зўравонликлари 6 январ куни кескинлашди – полиция нақ 53 нафар мухолифат арбобини ҳибсга олган. Кузатувчилар буни «Гонгконгдаги демократияга қарши энг йирик ҳужум» деб баҳолаганлар.

Аксинча, АҚШдаги Капитолийга ҳужум қилганлар эркин ва адолатли президент сайловлари натижаларини бекор қилишга уринганлар.

Пекин, шунингдек Шинжонда миллионлаб мусулмонларни ҳибсга сақлаш ва қайта тарбиялаш каби кўпчилик «геноцид» деб атайдиган ишларнинг муаллифи ҳисобланади.

Хитойнинг мусулмон озчиликларга қарши зўравонлик кампанияси яна бир карра ўз тасдиғини топган – BuzzFeed News нашрининг текширувига кўра, коммунистик давлат Шинжонда 100 дан ортиқ янги ҳибсхоналар қургани маълум бўлган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500