ПЕКИН - Чоршанба (6 январ) куни Хитойнинг Ҳонконгдаги зўравонликлари шиддатли тус олди. 50 га яқин мухолифатчининг полиция тарафидан ҳибсга олиниши Ҳонгконгдек йирик молия марказида хавфсизликка оид жуда қаттиқ қонун жорий этилганидан бери ўтказилган энг йирик операция бўлган.
Бу «тозалаш» 2019 йилда миллионлаб одамлар демократия ҳимояси учун норозилик намойишларига чиққанидан бери, Пекиннинг мухолифатни бостиришга қаратилган сўнгги юришларидан биридир.
«Бу ҳақиқий маънодаги «узун пичоқлар туни», Ҳонгконгдаги демократияга нисбатан энг йирик ҳужум бўлди», деб ёзади шаҳардаги норозилик ҳаракати ҳақида китоблар ёзган ҳуқуқшунос Энтони Дапиран ўз Твиттерида.
Ўтган йили чет элга қочиб кетган таниқли демократик лидер Натан Лоу Хитой расмийларини сўнгги ҳибсга билан «қаршилик алангасини ўчиришга» уринишда айблади.
Гонконг полицияси қанча одам ва нима сабабдан ҳибсга олингани тўғрисида изоҳ бермаган.
Хитой мамлакат ичи ва ташқарисида ўз авторитар cиёсатини юритишда давом этар экан, Пекиннинг ўзгача фикрни бўғиши билан боғлиқ анчли ҳодисалар сони кўпайиб бормоқда.
Ҳонконгнинг демократик хатти-ҳаракатларидан тобора кўпроқ хавфсираётган Пекин ярим мухтор шаҳардаги ўзгача фикрлашни бўғиб, ўзининг сиёсий, иқтисодий ва маданий таъсирини кучайтиришга уринаётган Осиёдаги бошқа мамлакатларга огоҳлантириш йўлламоқда.
Аввалроқ, 30 декабр куни Хитой суди тезюрар қайиқда шаҳардан Тайванга қочиб кетишга уринган 10 нафар ҳонконглик демократпараст фаолни уч йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилган.
23 август куни Хитой соҳил қўриқлаш хизмати ўз-ўзини бошқарувчи Тайванга кетаётган «Ҳонконг ўн иккилигини» ҳибсга олган. Пекин сиёсий бошпана изловчи ҳонконгликлар учун ўз эшикларини очган Тайванни хоин вилоят деб билади.
Шенчжен суди Танг Кай-Инни уч йилга, қочишни ташкиллаштирган Куинн Мунни эса икки йилга озодликдан маҳрум қилди. Яна саккиз киши етти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Шунингдек, бу 10 шахс 20 минг юан (3060 доллар) жаримага тортилган.
Гуруҳдаги икки вояга етмаган шахс Ҳонгконгга қайтарилган.
АҚШ давлат котиби Майк Помпео суд қарорини танқиб қилиб, 10 кишини «зудлик билан ва сўзсиз озод қилишга» чақирди.
«Ўз халқининг юртни тарк этишига тўсқинлик қиладиган режим буюклик ёки глобал етакчиликка даъво қила олмайди», деб айтган у 31 декабр кунги баёнотида. «Бу ўз халқидан қўрқадиган заиф диктатура, холос».
«Сохта мактублар»
«Ҳонконг ўн иккилиги»даги етти киши ҳибсга олинганидан кейин ва суд олдидан ўз яқинларига мактуб ёзиб, уларни тинчлантирган ва ОАВ билан гаплашмасликка чақирган.
Аммо 20 ноябр куни уларнинг оила аъзолари бир хил қолипдаги бу мактублар босим остида ёзилган бўлиши мумкинлигини айтганлар.
«Ташқи дунёнинг Хитой ҳақидаги шубҳаларига тўғридан-тўғри «жавоб берувчи» мактублар ҳам кўп эди», дейилади хабарда. «Улар хатни ўз ихтиёри билан ёзгани даргумон.»
«Бу ерда аҳволим жуда яхши. Мендан хавотир олманглар. Соғ-саломатман, қорним тўқ, бир кунда уч маҳал овқатланяпман», дейилган Ченг Тзо-Хонинг 21 октябр кунги хатида.
«Бу ерда яхши ухлаб, яхши овқатланяпман, дам олишим ҳам яхши», деб ёзилган 24 октябрдаги Танг Кай-Йиннинг яна бир хатида. «Ҳибсхона ходимлари жуда мулойим.»
Мажбурий иқрорномалар, қийноқлар ва ташқи дунёдан узган ҳолда узоқ муддат ҳибсда сақлаш ҳолатлари континентал Хитой ҳуқуқ тизимида жуда кўп кузатилади.
Ғайриинсоний муносабат ҳақидаги хабарлар Пекиннинг Хитой ғарбида, мусулмон озчиликка қарши чораларни кучайтираётган Шинжондаги фаолиятини эслатмоқда. Янги ҳисоботга кўра, коммунистик давлат Шинжонда 100 дан ортиқ янги ҳибсхоналар қургани маълум бўлган.
«Ўлганим яхши эди»
2018 йилда президент Си Цзинпиннинг суратини таҳқирлаётганини тасвирга туширган хитойлик фаоллардан бири яқинда олган видеосида бу воқеадан сўнг ҳукуматнинг кузатувига тушганини йиғлаб гапириб берган.
Шанхайлик 31 яшар Дун Яоцюн жонли эфирда Сининг портретига сиёҳ чаплаган. Twitter тармоғига жойлаштирилган бу видео ўн минглаб марта кўрилган.
Дўстларининг AFPга айтишича, қиз 2018 йилдаги воқеадан бери руҳий ҳолати «нормал» эканлигига қарамай, икки марта мажбуран руҳий касаллар шифохонасига ётқизилган.
Донг воқеа содир бўлганидан кейинги илк видеосида ҳукумат унинг ҳаракатланиши ва одамлар билан мулоқотини ҳам чеклаётганини айтиб ўтган.
«Ўлганим яхши эди», деб айтган у. «Тобора кучайиб бораётган бу кузатувга чидай олмайман, ўзимни йўқотиш ёқасида турибман. Ҳеч қандай эркинлик йўқ, ҳамма нарса чекланган.»
Дун билан мунтазам алоқада бўлиб турган Хунан вилоятилик фаоллардан бири Оу Бяофэннинг сўзларига кўра, эртаси куни унинг олдига ҳуқуқ-тартибот ходимлари келганидан кейин бу видеоёзув ўчирилган.
Twitter Хитойда бошқа ижтимоий тармоқлар қатори блокланган, аммо кўпчилик интернетдаги тақиқларни четлаб ўтувчи воситалардан фойдаланади.
ОАВ ҳужум остида
73 яшар ҳонконглик демократпараст Жимми Лай 31 декабр куни шаҳар олий суди унинг гаров эвазига озод қилинишига қарши апелляция шикоятини қондирганидан сўнг, қамоққа қайтишга мажбур бўлган.
Лай фирибгарлик билан боғлиқ шубҳали айбловларга қарши курашиб келмоқда – бу Пекинни танқид қилаётган демократпарастларга қарши олиб борилаётган энг сўнгги суд таъқибларидан биридир.
У Ҳонконгнинг энг кўп сотиладиган, ҳукуматни очиқдан-очиқ танқид қилувчи ва демократияни қўлловчи машҳур «Apple Daily» таблоидига эгалик қилади.
У ва компаниянинг бошқа икки раҳбари нашр офисларини ижара шартномасида рухсат этилмаган мақсадлар учун қўллашда айбланган.
23 декабрда Лай 10 миллион Ҳонконг долларига (1,3 миллион АҚШ доллари) тенг гаров эвазига озодликка чиқарилиб, унинг барча хорижга чиқиш ҳужжатлари олиб қўйилган.
У уй қамоғига олиниб, омма олдида нутқ сўзлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Лай хорижий мамлакатларни шаҳардаги демократик фаолликни бостириш ҳаракатларига жавобан Гонгконг ва Хитойга нисбатан санкциялар қўллашга чақириш орқали улар билан тил бириктиришда айбланмоқда.
Айблов томони унинг мингдан ортиқ твитлари ва қатор интервьюларини ўрганиб чиққан.
Шунингдек, Лай фирибгарликда ва 2019 йилда демократияни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган шиддатли намойишлар чоғида ноқонуний йиғилишларга қўшилишда ҳам айбланган.
Хитой компартиясининг энг асосий жарчиси бўлган «People's Daily» газетаси гаров эвазига озод этиш ҳақидаги қарорни танқид қилар экан, Лайнинг Хитойга экстрадиция қилиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Ҳудудий даъволар
Пекиннинг ўз ҳукмронлиги остидагиларни бостиришга уриниши, унинг ҳарбий қудратини кўз-кўз қилиш ва қўшниларининг суверен ҳудудига тажовуз қилиш истакларига мос келади.
Масалан, Ўтган йили Хитой самолётлари Тайван ҳаво ҳудудини рекорд даражада кўп – 380 марта бузиб кирган. Бу ҳақда сешанба (5 январ) куни Тайван мудофаа вазирлиги расмийси маълум қилди.
Демократик ва ўзини ўзи бошқарувчи мамлакат – Тайван оролни ўз ҳудуди деб биладиган ва уни қачондир (керак бўлса, куч билан) тортиб олишга тайёр бўлган авторитар Хитойнинг доимий тажовузи остида яшамоқда.
Тайван 1949 йилдан бери ўз ҳукуматига эга.
Хитойнинг тажовузи қўшни Ҳиндистонга ҳам етиб борган.
Июн ойи ўрталарида Ладах вилоятида Хитой ва Ҳиндистон ҳарбийлари ўртасида шиддатли тўқнашувлар юз берган, натижада 20 нафар ҳинд аскари ҳалок бўлди. Хитой режими қурбонлар берилганини тан олган бўлса-да, рақамларни очиқламаган.
Пекин Марказий Осиё мамлакатларининг муносабатини баҳолаш учун «ўз» ҳудудларини қайтариш ғоясини илгари суриб келмоқда. Кузатувчиларга кўра, бу минтақа суверенитетига тўғридан-тўғри таҳдиддир.