МОСКВА – Сиёсий таҳлилчиларга кўра, Россия парлементида тасдиқдан ўтаётган қонун лойиҳаси президент Владимир Путиннинг 20 йиллик ҳукмронлик даврида ўз мамлакати ва хорижда амалга оширган жиноятлари учун жавобгарликка тортилишининг олдини олувчи навбатдаги чорадир.
Истеъфога чиққан собиқ президентларга дахлсизлик ҳуқуқини берувчи қонун 17 ноябр куни Россия парламентининг қуйи палатаси – Думада биринчи ўқишдан ўтди.
Россияда қонунлар тасдиқланиши ёки рад этилишидан аввал учта ўқишдан ўтади.
Бу қонун шу йил ёзда умумхалқ сайловлари билан тасдиқланган конституциявий ислоҳотлар сирасига киради. Бу ўзгартишлар Путинга 2024 йилда президентлик муддати тугаганидан кейин қайта сайланиш имконини беради.
Лойиҳа қонун ўлароқ қабул қилиниши учун парламентнинг юқори палатаси – Федерал кенгаш тасдиғидан ўтиши ва Путин томонидан имзоланиши керак.
Ҳужжатга кўра, собиқ президент давлатга хиёнат ёки бошқа оғир жиноятлар содир этса ёки Олий ва Конституциявий суд унга нисбатан айбловларни тасдиқласагина дахлсизликдан маҳрум этилиши мумкин.
Шундан сўнг, иккала парламент палатаси овозларнинг учдан икки қисми билан бу таклифни қўллаб-қувватлаши керак.
Айни дамда Путин президент экан, 2008-2012 йилларда мамлакатга раҳбарлик қилган Дмитрий Медведев Россиянинг ҳаёт бўлган ягона собиқ президенти бўлиб қолмоқда.
Шу куннинг ўзида Дума яна бир ҳужжатни биринчи ўқишдан ўтказди. Унга кўра, собиқ президентлар Федерация кенгашининг умрбод аъзоси бўлиб қолади, бу эса уларга жавобгарликдан дахлсизлик мақомини беради.
Бу қонун лойиҳалари ортидан 68 яшар Путин раҳбарликдан кетиш ниятида, деган миш-мишлар пайдо бўлган. Кремл бу гап-сўзларни рад этган.
Ҳар қандай жиноятга нисбатан умрбод дахлсизлик
Қонун тасдиқланган тақдирда собиқ президент ва унинг оила аъзоларига ҳаётлари давомида содир этилган ҳар қандай жиноятлари учун жавобгарликка тортилмаслик дахлсизлигини беради. Шунингдек, улар ҳибсга олинмайди, тинтув ва сўроқ қилинмайди.
Ҳозирда президентлар фақат иқтидорда бўлганида содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортилмаслик ҳуқуқига эга.
«Россия конституциясида собиқ президентларнинг дахлсизлик мақоми аввалдан бор эди, янги қонун эса бу механизмни янада кенгайтириб, уни бекор қилишни янада мураккаблаштиради», дейди «Уйғон Қозоғистон» фуқаролик ҳаракати фаоли ва сиёсий таҳлилчи олмаоталик Димаш Алжанов.
Бу каби ҳужжатнинг ишлаб чиқилишига постсовет ҳудуд: Украина, Беларус, Қирғизистонда юз берган воқелар сабаб бўлган – улар ҳокимиятни ҳар қандай йўл билан ушлаб қолишга интилувчи авторитар лидерларга нисбатан хавф даражасини кўрсатади, деди у.
«Бу қонуннинг моҳияти конституцияга киритилган ўзгартишлар, Путиннинг аввалги муддатларини нолга тенглаш ва унинг яна саккиз йил давомида ҳукумат тепасида қолиши нуқтаи назаридан кўриб чиқилиши лозим», дейди у.
Шунингдек, қонун лойиҳаси Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийнинг август ойида Сибирда асабни фалажловчи модда билан заҳарланиши билан ҳам боғлиқ, дейди Алжанов. Навалний айни дамда Германияда даволанмоқда.
Аммо бундай механизмнинг Россия каби қонун устуворлиги бўлмаган ёки авторитар давлатлардаги самарадорлиги «ўта шубҳали», деди у.
«Сиёсий режимлар алмашуви ёки давлат тўнтаришлари вақтида одатда ҳеч ким қонунга, жумладан конституцияга бўйсунмайди», дейди Алжанов.
«Жиноятчи эканлигини тан олиш»
«Бундай қонунни қабул қилиш ўзини жиноятчи деб тан олишга тенг», дейди «ASIA-Plus» ва «Deutsche Welle» нашрларида ишлаган, ҳозирда Европада яшаётган тожикистонлик журналист Хайрулло Мирсаидов.
«Путин жуда кўп жиноятлар содир этган, сиёсий қонунбузарликлар тилга олинмаган тақдирда ҳам, бу мисли кўрилмаган миқёсдаги коррупциядир», деди у. «Эртами-кечми, у қонун олдида жавоб бериши керак. Шу сабабли ҳам у шундай қонун ишлаб чиқди.»
Аммо авторитар етакчилар «бир нарсани ҳисобга олишмайди, уларни жавобгарликка тортиш учун бу қонунлар келажакда худди шундай осонлик билан бекор қилиниши мумкин», деди Мирсаидов.
«Шунинг учун ҳам бу қонун тергов бошлаш, унинг истеъфосини талаб қилиш ва жавобгарликка тортиш учун етарли», деди у.
Қирғизистон ислоҳотлар партияси аъзоси, бишкеклик Осмон Кангелдиев Путиннинг ўтмишда халқаро ҳуқуқ нормаларини бузганини қайд этди.
«Россия президенти ўз ҳукмронлиги йилларида сиёсий рақибларини таъқиб қилди, бошқа мамлакатларнинг (хусусан, Грузия ва Украина) ҳудудий яхлитлигини бузди ва Яқин Шарқда қонли жанговар операциялар ўтказди», деди у. «Путин қонун олдида жавоб бериши керак ва у буни яхши билади.»
Можаролар ва жиноятлар тарихи
Путиннинг йигирма йиллик ҳукмронлиги гибрид ва анъанавий урушлар, Кремл танқидчиларининг сирли ўлими ҳамда у ва шерикларининг мисли кўрилмаган даражада бойиши билан аҳамиятли бўлди.
2008 йилда Грузияга қарши жанг қилган Россия қўшинлари ҳали ҳам Грузия ҳудудининг бешдан бир қисмини эгаллаб турибди. 2014 йилда Россия кучлари Қримни ноқонуний равишда аннексия қилди. Шарқий Украинада бошланган уруш шу кунга қадар давом этиб келмоқда.
Россия ёки хорижда сирли равишда ўлган Путин танқидчиларининг сони йил сайин ортиб бормоқда.
Улар орасида 2006 йилда Англияда полоний билан заҳарланиш туфайли вафот этган Александр Литвиненко ва 2015 йилда Кремл яқинида отиб кетилган собиқ бош вазир ўринбосари Борис Немцов ҳам бор. Бу ҳолатларнинг барчасида Кремл гумондорларни топширишдан бош тортган ёки суиқасд ташкилотчиларини ошкор қилмай ҳибсга олган.
Бундан ташқари, ўтган 20 йил Путиннинг ўзи уёқда турсин, унинг энг яқин одамлари учун бойлик тўплаш даври бўлди. Унинг энг яқин дўстлари ва сафдошлари қарийб 24 миллиард доллар йиғишди, дейилади Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси ҳамда «Новая газета» нашрининг 2017 йилги қўшма ҳисоботида.
Қонун ҳақида
Шу йил бошида Путин ўзининг умрбод ҳукмронлигини мустаҳкамлаш томон яна бир қадам ташлади.
16 март куни Россия конституциявий суди бир қатор ҳужжатлар, жумладан Путиннинг аввалги президентлик муддатларини «нолга тенглаштиришга» оид тузатишларни тасдиқлади, бу унга 2036 йилга қадар ҳокимият тепасида қолиш имконини беради.
Конституцияга кўра, Путиннинг президентлик муддати 2024 йилда тугаши керак эди. Унинг илк президентлик муддати 2000 йилда бошланган, шу билан бирга, у 1999-2000 ва 2008-2012 йилларда бош вазирлик ҳам қилган.
Ислоҳотлар Путиннинг тегишли қарорни имзолаганидан икки кун ўтиб маъқулланган. Мухолифат бу воқеани Россия раҳбарига «умрбод президент» бўлиб қолиш учун имкон яратади, дея кескин танқид қилган.
Путин ҳукумат тепасида қолиш нияти йўқлигини бир неча бор айтган бўлса-да, 10 март куни биринчи фазогир аёл ва депутат Валентина Терешкова Дума мажлисининг сўнгги дақиқаларида ўзгартиш масаласини муҳокамага киритиб, президентлик муддатини «нолга тенглаштиришни» таклиф қилган эди.
[Бу мақолани тайёрлашга Олмаотадан Канат Алтинбаев кўмаклашди]
Путинни Россия халқи учун РФ президенти этиб сайладилар. Давлат думаси (Россия парламенти) депутатлари эса Путинни умрбод Россия президенти этиб сайламоқдалар. Россия Конституциясига киритилган барча қонунлар ва тузатишларни европаликлар ёки бошқа мамлакатлар фуқаролари эмас, балки Россиянинг барча фахрий фуқаролари биргаликда ва виждонан қабул қиладилар.
Жавоб беришФикрлар 5
Ҳурматли Канат Олтинбоев, аввал ўз мамлакатингизда тартиб ўрнатинг. Чунки у ерда одамлар тириклигида уларнинг исми билан номланган шаҳарлар бор...
Жавоб беришСизларнинг юртингизда эса Путиннинг муддатларини ноллаш учун Конституцияни оёқости қилишади.
Жавоб беришФикрлар 5
Россиянинг куни битмоқда. Дўқ-пўписалар унинг бошини еди.
Жавоб беришФикрлар 5
Бундан Путин яқинда ўз лавозимидан кетмоқчи эканлигини ва шу қонун билан ўзини ҳимоя қилмоқчи эканлиги ҳам англашилади. Тўғри, янги «пахан» буларнинг ҳаммасини бекор қилиши, ҳамма муаммоларда Путинни айбдор қилиб, уни суд қилиши мумкин. Россияда доим шундай бўлган. Ҳатто Сталинни ҳам ўлимидан сўнг бадном қилишди. Бу АҚШ эмас. Бу Россия номли ўргимчаклар солинган банка )))
Жавоб беришФикрлар 5