Карвонсарой
Энергия

Туркманистон Хитойнинг газ соҳасидаги маккорликлари билан боғлиқ нохуш воқеликни англаб етмоқда

Жумагули Аннаев

Туркманистоннинг Сомонтепа нефтни қайта ишлаш заводининг очилиш маросими олдидан Хитой ва Ўрта Осиё байроқларини кўтариб турган ишчилар, 2009 йил. Бу воқеа Пекиннинг Марказий Осиёдаги ресурсларни қўлга киритиш йўлидаги ғалабасидан даракдир. [STR/AFP]

Туркманистоннинг Сомонтепа нефтни қайта ишлаш заводининг очилиш маросими олдидан Хитой ва Ўрта Осиё байроқларини кўтариб турган ишчилар, 2009 йил. Бу воқеа Пекиннинг Марказий Осиёдаги ресурсларни қўлга киритиш йўлидаги ғалабасидан даракдир. [STR/AFP]

АШХОБОД – Ашхобод расмийларига кўра, Туркманистон ҳукумати Хитойга фойда келтирадиган иқтисодий корхоналар учун кўринишидан жозибали кредитлар таклиф қилиб, Туркманистон бўйнига ниҳоятда оғир қарзларни юклаётган «хитойлик ўртоқлар»нинг найрангларини англаб етмоқда.

Туркманистонликлар орасида норозилик кучаймоқда, зеро «Хитойга сотилаётган миллиардлаб куб метр туркман газининг фойдаси умуман сезилмаяпти», дейди Карвонсаройга Туркманистоннинг нефт-газ ва молия соҳасидаги манбалари.

«Ҳозир газимиздан тушган пул бизга кўринмаяпти, лекин Хитой ўз кредитлари ёрдамида Туркманистон саноатининг бошқа соҳалари, хусусан тўқимачилик ва нефт-кимё саноати, транспорт, қурилиш ва телекоммуникациялар соҳасига кириб бораётганини кўриб турибмиз», дейди Молия вазирлигида аудитор бўлиб ишлайдиган Майса Ҳ.

Туркманистон углеводород ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш бўйича давлат агентлигининг расмийси Довран И. жазодан қўрқишини айтиб, Туркманистоннинг Хитойдан олган аввалги кредитларининг умумий қиймати тўғрисида махфий маълумотларни ошкор қилишни истамади. Икки мамлакат ўртасидаги келишувга биноан, Туркманистон қарзни газ билан тўлаши керак.

2014 йил 3 май куни олинган сурат: Туркманистоннинг Қорақум чўли марказидаги «Жаҳаннам дарвозаси» номини олган улкан газ кратерига ташриф буюрган сайёҳлар. Чуқурдаги аланга 40 йилдирки ўчмайди – бу Туркманистоннинг улкан газ захираларига эга эканлигидан далолат беради. [Игор Сасин/AFP]

2014 йил 3 май куни олинган сурат: Туркманистоннинг Қорақум чўли марказидаги «Жаҳаннам дарвозаси» номини олган улкан газ кратерига ташриф буюрган сайёҳлар. Чуқурдаги аланга 40 йилдирки ўчмайди – бу Туркманистоннинг улкан газ захираларига эга эканлигидан далолат беради. [Игор Сасин/AFP]

Галкиниш газ кони умумий газ захиралари бўйича Эрон ва Қатарга тегишли Шимолий гумбаз/Жанубий Парс конидан кейин дунёда иккинчи ўринда туради. [Туркманистон ҳукумати]

Галкиниш газ кони умумий газ захиралари бўйича Эрон ва Қатарга тегишли Шимолий гумбаз/Жанубий Парс конидан кейин дунёда иккинчи ўринда туради. [Туркманистон ҳукумати]

Унинг айтишича, кредит миқдори ҳатто молиявий ва иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатлар учун ҳам катталик қилади.

Галкиниш газ кони

«Хитойдан келган маблағларнинг катта қисми Мери вилоятидаги Галкиниш газ конини ўзлаштиришга сарфланди», деди Довран И.

Галкиниш газ кони умумий газ захиралари бўйича Эрон ва Қатарга тегишли Шимолий гумбаз/Жанубий Парс конидан кейин дунёда иккинчи ўринда туради.

Галкиниш конида 21,2 триллион куб метр газ захираси бор, буни 2011 йилда Англиянинг нефт соҳасидаги «Gaffney, Cline & Associates» консалтинг компанияси ҳисоблаб чиққан.

Улкан газ захираларининг тасдиқланиши ортидан Туркманистон газни барча йўналишлар: Россия, Европанинг қолган қисми, Хитой, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонга сотиши мумкинлигини эълон қилганди.

Лекин, ҳозирда Туркманистоннинг фақат икки мижози бор: Хитой ва Россия. Хитой Россиядан кўра кўпроқ газ сотиб олади.

Айнан шу аудиторлик текширувидан сўнг, анчадан бери Марказий Осиёда иқтисодий жиҳатдан ҳукмронлик қилишни кўзлаб юрган Хитой Галкиниш газ конида дастлабки ўзлаштиришни амалга ошириш ҳамда газ қазиб олиш, қайта ишлаш ва ташиш инфратузилмасини яратиш учун Туркманистонга 8 миллиард доллар кредит таклиф қилди.

«2010 йилда президент [Гурбангули] Бердимуҳамедов қўл остидагиларига Хитой тараққиёт банки билан яна 4,1 миллиард доллар миқдорида кредит олиш тўғрисида музокара олиб бориш вазифасини топширди», деди Довран И. «Хитойнинг кўрсатмаси билан ҳукумат кейинги кредитлар ҳажмини ошкор қилмай қўйди».

Хитой ўн йилдан ошибдики, аввал берилган кредитлар учун туркман газини чегирмали нархларда қабул қилмоқда, аммо Туркманистоннинг қарзи камаймаяпти, деди у.

Хитой ва Туркманистон ўртасидаги газ битимларининг шаффоф эмаслиги туркманларни Хитойга экспорт қилинаётган газ нима сабабдан Туркманистон ғазнасига даромад келтирмаётгани ҳақида фикр юритишга ундамоқда, дейди таҳлилчилар.

Қаттиқ қўриқланадиган сир

Хитой билан газ битимларининг шартлари нафақат кенг жамоатчилик, балки Туркманистон молия ва нефт-газ муассасалари раҳбарларидан ҳам сир тутилади, деди Майса Ҳ.

«Хитой ҳам тўлов шартларини белгилаган, ҳам шартномалар махфийлигини таъминлашни талаб қилган», деди у.

Шу сабабли, Туркманистон оммавий ахборот воситалари Хитойга етказиб бериладиган газ ҳажми, Хитой тўлайдиган ставкалар ёки айирбошлаш орқали олинган Хитой товарлари ёки технологиялари ҳақида хабар бермайдилар, деб қўшимча қилди у.

Аниқ маълумотларнинг етишмаслиги туфайли, хитойликлар Туркманистондан Хитойгача чўзилган қувур харажатларини қопламагунича ёки Туркманистон Хитой олдидаги қарзларини тўлиқ узмагунича, улар туркман газини текинга олиб туради, деган миш-мишлар пайдо бўлган.

Туркманистон раҳбарияти хитойликларга газ конларига кириш ҳуқуқини бериб хато қилди, дейди Мари вилоятининг Йўл-отан туманилик Исмоил Ресулов.

«Биз миллиардлаб куб метр газ етказиб беряпмиз, аммо оддий одамлар ҳаёти яхшиланмаяпти – ҳали ҳам ун, нон, пахта ёғи ва шакар учун навбатларда туриб умримиз ўтмоқда», деди у.

«Бу ерда учта вариант бор: ёки Хитой бизга газ учун пул тўламаяпти, ёки кам тўламаяпти ёки тўлаётган пули талон-тарож қилиняпти», деб қўшимча қилди Ресулов.

Хитой миллий нефт корпорацияси маълумотларига кўра, 2019 йил октябр ойига қадар Туркманистон Хитойга ўн йил ичида 252,1 миллиард кубометр газ етказиб берган.

Газнинг халқаро бозордаги минимал нархи минг куб метр учун 150 доллар бўлган тақдирда ҳам, сўнгги 10 йил ичида Туркманистон Хитойдан олган кредитларини аллақачон сўндирган бўлиши керак эди, деди Майса Ҳ.

Хитой божхона хизмати маълумотларига кўра, 2020 йил апрел ойида Хитой минг куб метр газ учун 227 доллар тўлаган.

Туркманистон ҳақиқатан ҳам шунча пул олганида, Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон газ қувури қурилишига мустақил равишда сармоя киритиши ва газ экспортининг диверсификациясига тўсқинлик қилаётган бошқа муаммоларни ҳал қилиши мумкин эди, деди Майса Ҳ.

«Аммо... негадир давлат ғазнасида пул йўқ, газ эса гўёки машъум кредитларни қоплаш учун Хитойга кетишда давом этяпти», дейди у.

«Биз иқтисодий тарафдан Хитойга мутлақо қарам бўлиб қолдик», деб қўшимча қилди у.

Хитой эксплуатацияси

Аслида ҳаммаси тескари бўлиши ва Хитой Туркманистонга қарам бўлиши керак, дейди Майса Ҳ.

Гарчи Хитойга газ етказиб берадиган энг йирик экспортчи – Туркманистон газидан 500 миллиондан ортиқ хитойликлар фойдаланаётган бўлса-да, Хитой икки мамлакат ўртасидаги савдо шартларини суиистеъмол қилмоқда.

Хитойнинг эксплуатацияси амалдаги газ битими шартларининг ўзгартирилиши, коронавирус пандемияси сабаб газ сотиб олиш ҳажмининг камайиши тўғрисидаги кутилмаган баёнотлар, газ нархини янада пасайтириш талаблари ёки пул ўрнига Хитойнинг сифатсиз ва нокерак товарларини таклиф қилиш, янги кредитларни олишга мажбурлаш ва Туркманистонни қарздорлик ҳолатида ушлаб туришга уринишларда намоён бўлмоқда деди Майса Ҳ.

Довран И. Пекиннинг такаббурлигидан ажабланмаслигини айтади.

«Хитойликлар айёр. Ҳозирги пайтда улар туркман газининг асосий харидори бўлганидан фойдаланиб, ўз шартларини белгилаяпти, бу шартлар ҳар доим ҳам Туркманистон учун манфаатли эмас», деди у.

«Аммо Хитойнинг ҳукмронлиги абадий бўлмайди», дея қўшимча қилди у.

Туркманистон газ захиралари бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллайди ва ҳар кимга истаганича газ етказиб бериши мумкин, деди у.

«Туркманистонни Хитойга иқтисодий ва молиявий қарамликдан халос қилишнинг ягона йўли – газ йўналишларини диверсификация қилиш», деб хулоса қилди у келажакда Жанубий Осиё ва Европа бозорларига кирувчи газ қувурлари барпо этиш муҳимлигига ишора қилиб.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Туркманлар, тожиклар, қозоқлар, сотқин президентлар

Жавоб бериш

Туркменистан Хитойдан олган карзларидан тезро кутулиш йулларини ахтариш кере. Акс холда бу Ифлос Хитойла Туркманистонни ямлами ютиб юборади. Ану Ахмок Кучукка хайкал куйгунча Халкини фаровонлигини Хитойдан узоклашиш чора тадбирларини курса яхше буларди

Жавоб бериш