Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Москвадаги ҳуқуқ фаоллари русларни Суриядаги ҳуқуқбузарликларни тан олишга чақирмоқда

Карвонсарой ва AFP

Суриянинг Туркия билан чегарадош Деруна Арха туманида ҳаракатланаётган россиялик аскарларни кузатиб турган суриялик болакайлар. [Делил Сулаймон/AFP]

Суриянинг Туркия билан чегарадош Деруна Арха туманида ҳаракатланаётган россиялик аскарларни кузатиб турган суриялик болакайлар. [Делил Сулаймон/AFP]

МОСКВА – Москвадаги ҳуқуқбон гуруҳлар Россияни Суриядаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни тан олишга чақирар экан, жума (2 апрел) куни мамлакатнинг ўн йиллик можарода тутган ўрни тўғрисидаги қораловчи ҳисобот эълон қилинган.

Сурия уруши бошланганига 10 йил тўлиши муносабати билан эълон қилинган ушбу ҳисобот Россия аралашган можаро тарихидаги биринчиси бўлиб, мамлакатнинг Суриядаги ҳарбий ҳаракатлари қурбонларига ойдинлик киритишга қаратилган.

«Аксарият россияликлар учун давлат ОАВ Сурия ҳақидаги янгиликларнинг асосий манбаи ҳисобланади. Уларда асосан тинч аҳолининг террорчилар ва ҳукуматга қарши қуролли мухолифат гуруҳларидан азият чекаётгани ҳақида гапирилади, Сурия ҳукуматининг ҳарбий жиноятлари, инсон ҳуқуқларини қўпол ва мунтазам равишда бузаётгани борасида эса сукут сақланади», дейилади ҳисоботда.

«Россия давлат оммавий ахборот воситалари ҳаммага маълум сабабларга кўра, бомба ҳужумларининг қурбонлари ҳақида ёки Россиянинг Суриядаги ҳарбий ҳаракатлари туфайли тинч аҳолининг мажбуран кўчирилаётганини ёритмайдилар», деб қўшимча қилинади унда.

Суриянинг Идлиб вилояти, Ал-Фуа шаҳридаги Россия ҳаво зарбаларидан сўнг қурбонлар ва тирик қолганларни излаётган «Оқ дубулғалилар», 2 март, 2020 йил. [Умар Ҳаж Кадур/AFP]

Суриянинг Идлиб вилояти, Ал-Фуа шаҳридаги Россия ҳаво зарбаларидан сўнг қурбонлар ва тирик қолганларни излаётган «Оқ дубулғалилар», 2 март, 2020 йил. [Умар Ҳаж Кадур/AFP]

«Натижада, Россия жамоатчилиги Сурияда кимни ва нимани қўллаб-қувватлаётганимизни, бу уруш бизга қанчага тушаётгани ва уруш умрида қўлига қурол олмаган тинч фуқароларга қанча азоб-уқубатлар олиб келганини тўғри баҳолаш учун етарли маълумотга эга эмас.»

Ҳисобот хулосалари Москванинг расмий баёнотидан ҳамда «террорчиларни» йўқ қилиш ва Башар Асад ҳукуматини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2015 йилдаги аралашув учун президент Владимир Путин тарафидан Россия ҳарбийларига билдирилган мақтовлардан кескин фарқ қилади.

Россиянинг энг таниқли ҳуқуқбон ташкилоти – «Мемориал» ва бошқа бир қатор ташкилотлар томонидан тайёрланган 200 саҳифалик ҳисобот Суриядаги воқеаларнинг 150 дан ортиқ гувоҳлари билан суҳбатларни ўз ичига олган.

«Суҳбатдошларимизнинг аксарияти Россияни нажоткор деб эмас, балки ўз ҳарбий ва сиёсий аралашуви билан мамлакатни бошқараётган ҳарбий жиноятчини кучайтиришга кўмаклашган бузғунчи хорижий куч деб билади», дейди ҳуқуқ ташкилотлари.

«Сўралганлардан айримлари ўзи ёки яқинларининг Россия бомбардимонларидан жабр кўрганлигини айтган.»

Ҳисоботда Россия Суриядаги қатор жиноятларда, жумладан тинч аҳолини омматан бомбардимон қилишда ва тинч аҳолига ҳужум қилган, кимёвий қурол қўллаган ва шаҳарларни қамал қилиб, одамларни очлик билан қийнаш каби кенг миқёсли ваҳшийликлар содир этган Сурия режимини қўллаб-қувватлашда айбланган.

Хавфли режимни дастаклаш

Ҳисоботда Москва Россия армиясининг Суриядаги бомбардимонлари бўйича мустақил тергов ўтказишга ва қурбонларга компенсация тўлашга чақирилган.

Икки йил давомида ушбу ҳисоботни тайёрлаш билан шуғулланган муаллифлар Сурияга кира олмаганлар ва урушдан қочиб, Ливан, Туркия, Германия, Россия ва бошқа мамлакатларга борган сурияликлар билан суҳбатлашганлар.

Россиянинг аралашуви Сурия режимини янада тетиклантирди, дейди 2013 йилдан 2016 йилгача қамалда бўлган Хомс шаҳрининг Ал-Вайр туманида яшаган аёл.

«Олти ой ичида Россия бомба ҳужумлари туфайли икки йилдан ортиқ давом этган Суриядаги бомбардимонларга қараганда кўпроқ қурбонлар берилди», дейди бир вақтлар атиги 33 кг тош босган аёл.

Кампания ташаббускорлари бу тадқиқотни имкон қадар кўпроқ россияликлар ўқишини ва «уларнинг номидан Сурияда содир этилаётган ишлар учун жавобгарликни англаши» кераклигини айтганлар.

«Суриялик суҳбатдошларимизнинг русларга нисбатан қандай муносабатда эканлигини билиш биз учун оғриқли ва уятли бўлди», дейди улар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия Сурия халқи учун муҳим рол ўйнаши керак, режим учун эмас.

Жавоб бериш